Мирзо Улуғбек меросини ўрганамиз

Мирзо Улуғбек (1394 — 1449)

4

Соҳибқирон Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли — Улуғбек Мирзо 1394 йил 22 март (ҳижрий 796 йил 19 жумодул аввал ойининг 19-якшанба) куни Ироқи Ажамнинг Султония шаҳрида дунёга келди.

 Улуғбек туғилгач, Шоҳрух Мирзонинг фарзанд кўргани ҳақидаги хушхабарни Амир Темурга етказиш учун чопар юборадилар. Шарофуддин Али Яздийнинг ёзишига қараганда, бу хабар Соҳибқироннинг Мордин шаҳрини забт этган пайтига тўғри келган. Амир Темур мазкур хушхабардан бағоят хушнуд бўлиб, янги меҳмон пойи қадамини шарафлаб, шаҳар халқига омонлик бериб, хирожидан воз кечган ва шаҳарнинг ҳокимлик мансабини собиқ ҳоким, амир Султон Исонинг укаси амир Султон Солиҳга инъом қилиб, ўзи орқага қайтган.
 Янги меҳмонга Муҳаммад Тарағай деб ном берадилар. Бу ном Темурнинг марҳум отасининг номи бўлиб, ҳали Темурий шаҳзодалардан ҳеч бирига берилмаган эди. Лекин уни бобоси алоҳида меҳр билан «Улуғбек» деб атайвергани учун унинг асосий исми Улуғбек бўлиб қолади.
 Улуғбек Мирзо ёшлигиданоқ бобоси Амир Темур саройида тарбияланиб, саройга йиғилган олиму фузалолар таъсирида илм-фанга қизиқади.
 1404 йил август ойида Амир Темур ўзининг машҳур етти йиллик юришидан музаффарона Самарқандга қайтиб келади ва ғалабаси шарафига «Боғи дилкушо»да катта анжуман ўтказади. Анжуман тўйга уланиб, қирқ кун давом этади. 11 ёшли Улуғбек Мирзога марҳум Муҳаммад Султон Мирзонинг қизи — Ўғи Бегини унаштирадилар. 1411 йил октябридан, яъни ҳаётининг ўн еттинчи йилининг ўртасидан Улуғбек Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг биргина ва мустақил султони бўлади.
 Улуғбек Мирзо Мовароуннаҳр ҳукмдори этиб тайинлангач, кўп вақтини Самарқандда ўтказар, ҳатто отаси Шоҳрух Мирзонинг ҳарбий юришларида ҳам камдан-кам қатнашар ва айрим ҳолларда қўшин юбориш билан чекланарди.
 Улуғбек шу қадар кичик  ёшида улкан бир мамлакатнинг султони бўлиб, то умрининг охиригача, яъни ўттиз тўққиз йил давомида мамлакатнинг султони бўлиб турди.
 Улуғбек ҳаётининг бобоси тириклик даврида  ўтган йилларини афсонавий қаҳрамонлик йиллари деса бўлади. Чунки бу йиллар Амир Темурнинг ғалабалари ва  буюклик йиллари эди. Ана шу давр Улуғбекни вояга етказди ва тарбиялади. Худди шунинг учун ҳам уни  отаси ва бобоси салтанат ва тахт учун  тарбиялаганлар дейишга ҳақлимиз. Темур вафотидан кейин ўтган илк олти йил давомида, ташқаридан қараганда аҳвол худди шунингдек эди ҳам.  Улуғбек салтанатининг аввалги 10-15 йили умуман олганда беташвиш ўтди ва Улуғбек султон сифатида деярли баркамол бўлди дейиш ҳам мумкин эди.
 Улуғбек аслида улуғ олим ва бунёдкор киши бўлиб бобоси Амир Темур каби жангчи эмас, балки илм-маърифат шайдоси эди. Бинобарин, у мамлакатда илм-фан равнақига жон-жаҳди билан киришар ва бу йўлда хазинани аямасди. Унинг даврида Самарқанд Шарқнинг энг гуллаган маданият ўчоғига айланган эди.
 Улуғбек Мирзонинг биринчи устози «Замона Афлотуни» Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий эди. Улуғбек Мирзо Қозизода Румийдан фалакиётга оид сир-синоатларни ўрганиб, кейинчалик мазкур алломанинг маслаҳати билан Кошонлик Ғиёсиддин Жамшид ибн Маъсудни Самарқандга таклиф қилади. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Улуғбек яна бир Кошонлик фалакиёт илми алломаси — Муъниддинни ҳам Самарқандга чақириб келтирган.
 Дунё астрономияси тараққиётини Мирзо Улуғбекнинг хизматларисиз тасаввур этиш қийин. Мовароуннаҳрда қирқ йил ҳукмронлик қилган султоннинг илм-фан учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатиши, мадрасалар барпо этиши, Самарқандда йирик астрономия мактабига асос солишининг ўзи тарих олдидаги катта хизматидир. Улуғбек ташаббуси билан  1424-1428 йиллар мобайнида Самарқанд шимолида Обираҳмат ариғи бўйидаги Кўҳак тепалиги бағрига бунёд этилган  жаҳонга машҳур расадхона ўз даврида осмон жисмларини ўрганувчи энг йирик иншоот ҳисобланган.
 Ушбу тарихий обида орқали кузатишлар асосида 1437 йилда дунёга машҳур «Зижи жадиди Кўрагоний» асари яратилди. Европада бу асарни биринчи бўлиб тадқиқ этган олим Оксфорд университети профессори Жон Гривс ҳисобланади. У 1650 йилда мазкур асардаги жадвалларни қисман нашр эттиради. Кейинчалик инглиз олими Томас Хайд «Зиж»нинг тўла каталогини лотин ва форс тилларида босмадан чиқаради. Г.Кер, Ж.Делиль, Г.Бигурди,  Л.Седийо, Я.Гевелий каби европалик олимлар ҳам Улуғбек меросини атрофлича тадқиқ этганлар. Ўша даврда Европада бу жадвалларга эҳтиёж жуда катта эди. Айтиш жоизки, Европа ренессансида Улуғбек жадвалларининг ҳам муносиб ўрни бор. Улуғбек «Зижи»да юлдузлар жадвали ўта аниқлик билан тузилган. Улуғбек асарида Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши давомида рўй берадиган нозик четланиш ҳодисасини аниқлади. Осмон жисмларининг ҳаракат назариясини ўрганди. 247  шаҳар ва аҳоли пунктининг жуғрофий координатларини белгилаб берди. Бу эса ўрта асрлар геодезияси учун катта янгилик эди.  Бу расадхона бош телескопининг диаметри қарийб 48 метр бўлган.
 1417 — 1430 йиллар орасида Улуғбек Самарқанд маркази Регистон майдонида улкан мадраса, хонақоҳ, муқаттаъ масжиди ва ҳаммом қурдиради. Шунингдек, 1417 йилда Бухорода ва 1433 йилда Ғиждувонда ҳам мадраса қурдирган. Мазкур мадрасаларда диний илмларга нисбатан математика, геометрия, фалакиёт, табиёт, жуғрофия ва тарих каби дунёвий илмлар кўпроқ ўқитилган. Улуғбек бундан ташқари кўпгина жамоат бинолари — карвонсаройлар, тимлар, чорсулар ва ҳаммомлар ҳам қурдирган. Карвонсаройларидан энг каттаси Регистонда, ҳозирги Тиллакори мадрасаси ўрнида жойлашган бўлиб, Мирзойи номи билан шуҳрат топган. Бундай карвонсаройлар, ҳаммомлар фақат Самарқанддагина эмас, бошқа йирик шаҳарларда ва савдо йўлларида ҳам қурилган.
 Улуғбек Амир Темур мақбарасига ҳам айрим қурилишлар билан ўзгача файз тароват бағишлайди. Самарқанддаги Афросиёбнинг жанубида улкан қабристон марказида жойлашган Шоҳи Зинда обидаси меъморчилик санъатининг камёб дурдоналаридан ҳисобланади. Мазкур ёдгорлик асосан XI асрдан бошлаб қурилиб келинаётган бўлса-да, Амир Темур ва Улуғбек замонасида ниҳоясига етказилган. Улуғбекнинг саъй-ҳаракати билан бу ерда ҳам меъморчилик ишлари олиб борилади. 1434-1435 йиллар мобайнида Шоҳи Зинданинг асосий дарвозаси ранг-баранг кошинлар билан зийнатланиб, қайтадан қурилганлиги ҳам Улуғбек замонасининг меъморчилик санъатидан нишонадур.
 Улуғбек аниқ фанлардан ташқари тарих ва мусиқа илмида ҳам қалам тебратган. «Муҳит ут-таворих» номли асарда ёзилишича, Улуғбек зўр шинаванда мусиқашунос ҳам бўлган. У катта ва кичик нақораларда ижро этиладиган булужий, шодиёна, ахлоқий, улусий ва усули равон каби мусиқа асарларини яратган.
 Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд эди. «Тарихи арбаъ улус» асари Мирзо Улуғбекнинг туркий халқлар тарихини қанчалик чуқур билганидан далолат. Ундаги назмий парчалар эса, улуғ аждодимизнинг шеъриятдан етарлича хабардор бўлганини кўрсатади. Алишер Навоий ҳам «Мажолис ун-нафоис» асарида Улуғбекнинг шеърий истеъдодига юқори баҳо берган.
 Улуғбек атрофига ўз даврининг энг йирик ва истеъдодли олимлари тўпланган эди. Самарқанд ўша пайтда Шарқнинг энг йирик илм-фан ўчоқларидан бирига айланганди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларидан келган ўнлаб олимлар Улуғбекнинг бевосита ҳомийлиги остида фаолият кўрсатган. Улар орасида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи, Низомиддин ал-Биржандий, Мирам Чалабий каби олимларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Тарихда Мирзо Улуғбек каби юксак истеъдод ва салоҳиятга эга ҳукмдорлар камдан-кам ўтган.  Дарҳақиқат, буюк бобомиз жаҳон ичра янги бир осмон яратиб кетди. Унинг биргина астрономия фани ривожига қўшган ҳиссаси инсоният тамаддунидаги улуғ хизматидир. Яна, Навоий таъбири билан айтганда, дунё бор экан, унинг мероси ҳам боқий қолаверади.

http://ferlibrary.uz/mirzo-ulubek

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *