Мактабда ижодий-маънавий сарчашмалар бўлажак
Икки минг нафарга яқин ёзувчи ва шоир, минг нафарга яқин журналист
ҳамда маънавият, маданият ходимлари мактабларга бириктирилди
АОКАда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорларининг Ёзувчилар уюшмасига, ижодкорларга дахлдор жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси салкам тўқсон йиллик тарихга эга бўлган оқсоқол ижодий ташкилотларимиздан бири ҳисобланади. Очиғи, бу йиллар давомида Уюшма кўп мураккаб даврларни бошдан кечирган. Сўнгги уч-тўрт йил ичида давлатимиз рабҳари томонидан адабиётга, ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли Ёзувчилар уюшмасининг қадди тикланиб, қадри ошди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу борада, шубҳасиз, Президентимиз томонидан имзоланган қатор фармон ва қарорлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, шу йилнинг 26 март куни имзоланган иккита муҳим ҳужжат, яъни “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорларида ҳам Ёзувчилар уюшмаси фаолиятига, ижод аҳлига дахлдор масалалар алоҳида акс этган.
Аввало, айтиш лозимки, “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори асосида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг янги тизими яратилди. Бу масъулиятли ва кенг қамровли ишда Ёзувчилар уюшмасининг фаол иштирок этиши табиий ҳол, албатта. Зеро, Қарорнинг 1-бандида белгиланган асосий йўналишлар сирасида адабиёт, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш масаласи алоҳида қайд этилган.
Республика Маънавият ва маърифат кенгаши таркибига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ҳам киритилгани бежиз эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси фармойиши асосида шу йил 4 март куни тузилган Маънавий-маърифий соҳада янги тизим яратиш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини оширишга кўмаклашиш бўйича Республика экспертлар гуруҳи таркибидан ҳам Ёзувчилар уюшмаси жамоаси вакиллари, Уюшма аъзолари ўрин олган. Шунингдек, кўплаб шоир-ёзувчиларимиз, адабиётшуносларимиз “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси сифатида ҳам фаол иш юритиб бормоқда.
Мазкур қарорнинг 7-бандида ижод аҳлига доир муҳим масала қайд этилган. Яъни, ушба банднинг учинчи хатбошисида “Ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилади ҳамда унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади” деб ёзилган. Хўш, бу нима дегани? Маълумки, Президентимиз томонидан мамлакатимиздаги мактабларга таниқли адиб ва журналистларни ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи этиб бириктириш бўйича топшириқ берилган эди. Ушбу бандда мазкур вазифани амалга оширишнинг ҳуқуқий-молиявий асослари кўрсатиб берилган.
Бу вазифани бажариш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси, Халқ таълими вазирлигининг Қўшма қарори имзоланди.
Ушбу вазифани тўлиқ ва пухта бажариш йўлида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда режали иш олиб бормоқда. Хусусан, ўзаро ҳамкорликда республикамиздаги мактабларда Ижодий-маданий тарғиботчи лавозимида ишлаш истагида бўлган шоирлар, ёзувчилар, публицистлар, адабиётшунослар, журналистлар, ёш ижодкорларнинг рўйхати шакллантирилди. Бу жараёнга Уюшма аъзолари билан биргаликда ҳудудлардаги адабий муҳитда фаол қатнашаётган қаламкашлар, шунингдек, истеъдодли ёш ижодкорлар ҳам жалб этилди.
Айни пайтда 2 мингга яқин ёзувчи ва шоир, минг нафарга яқин журналист ҳамда кўплаб малакали маънавият, маданият ходимлари республика бўйлаб мактабларга бириктирилди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан ижодкорлик салоҳиятига эга бўлган тажрибали она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ҳам ижодий-маданий тарғиботчи вазифасига тавсия этилди.
Ёзувчилар уюшмасидан тақдим этган номзодларга тавсия хати берилди. Тарғиботчиларнинг мактаб жамоаси, бу ердаги муҳит билан танишиши, бу ердаги фаолиятни асосий иш ўрнидаги талаблар билан мувофиқлаштириши, лавозим йўриқномаларини ўзлаштириши ва бошқа ташкилий омиллар сабабли меҳнат шартномалари босқичма-босқич имзоланди. Айни пайтда ижодий-маданий тарғиботчилар мактабларда қизғин иш олиб боришмоқда. Очиғи, Президентимизнинг ушбу ташаббуси жамиятимиз учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Биринчидан, жуда кўплаб ижодкорларимиз иш ўрнига ёки қўшимча фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлди. Яъни, мактабларга бириктирилган қаламкашларимизнинг моддий манфаатдорлиги ошди. Иккинчидан, ўзини педагоглик соҳасида синаб кўришни кўпдан бери орзу қилиб юрган ижодкорларга ўзини намойиш қилиш, ўқувчилар билан ишлаш имкони берилди. Бугун улар ўз фаолияти орқали нафақат моддий, балки маънавий эҳтиёжларини ҳам қондираётганларини айтишмоқда. Энг муҳими эса, ёзувчи-шоирлар, қаламкашлар орқали мактабларга ижодий кайфият кириб келмоқда.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда 9 та атоқли адиблар номи билан аталадиган ижод мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Табиийки, улар орқали юртимиздаги ижодга, адабиётга қизиққан барча ёшларни қамраб олиш имконсиз. Кимдир ўз истеъдодини англаб етмагани учун, кимдир манзил олислиги боис, кимдир шароити йўқлиги сабабли, кимдир ўрнатилган тартиблардан бехабарлиги туфайли Ижод мактабларига ҳужжат топширмаслиги мумкин. Бугунги кунда мактабларда Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи бўлиб ишлаётган ижодкорларимиз айнан ана шу бўшлиқни тўлдиради: яъни, улар ўрта мактабларда таълим олаётган истеъдодли ёшлар билан алоҳида ишлашни йўлга қўйишмоқда. Шубҳасиз, яқин келажакда бу тажриба ўзининг ижобий самарасини беради.
Албатта, бу ҳеч бир мамлакатда кузатилмаган ўзига хос тажриба бўлгани учун ҳали такомиллаштиришимиз зарур бўлган жиҳатлар иш жараёнида кўзга ташланмоқда. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкор вазирлик ва идоралар билан баҳамжиҳат иш олиб бормоқда. Шунингдек, кун тартибидаги кўплаб масалалар ижтимой тармоқлар орқали онлайн тарзда, жумладан, телеграм тармоғидаги “Тарғиботчилар фаолияти” номли гуруҳда ўзаро кенгашиб ҳал этилмоқда.
Иккинчи муҳим ҳужжат – “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорида ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тааллуқли бўлган муҳим масалалар акс этган. Маълумки, ушбу Қарорга биноан «Ижод» жамоат фонди негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида юридик шахс мақомисиз Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Шу муносабат билан илгари «Ижод» жамоат фонди тасарруфида бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси, «Дўрмон» ижод уйидан фойдаланиш дирекцияси» унитар корхонаси ва «Оққум файз барака» шўъба корхонаси ҳамда уларга тегишли бўлган барча мол-мулк, бино ва иншоотлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўтказилди. “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси”га Молия вазирлиги томонидан 120 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шундан 20 миллиард сўм маблағ, Қарорга кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўтказиб берилди. Ушбу маблағни мақсадли сарфлаш учун Ёзувчилар уюшмаси тузилмасида Иқтисод бўлими ташкил этилди. Зеро, Қарорнинг ўзида ушбу маблағ сарфланадиган асосий йўналишлар белгилаб берилган. Жумладан:
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган адибларнинг ижод намуналарини, жумладан, ёш муаллифларнинг биринчи китобларини нашр этиш;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ижодий кечаларини ўтказиш, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган Уюшма аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш;
халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг муносиб намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этиш;
миллий адабиётни ривожлантириш, адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳамда мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бадиий асарлар муаллифларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг таниқли аъзолари ижодий фаолиятига бағишланган веб-сайтларни яратиш ва уларни янгилаб бориш;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш сингари вазифалар Ёзувчилар уюшмасига ажратилган маблағ доирасида амалга оширилади. Умуман олганда, ушбу моддий қўллаб-қувватлов туфайли Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз фаолиятини эмин-эркин йўлга қўйиш имкониятига эга бўлди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштиришга қаратилган ушбу иккита қарор Ёзувчилар уюшмаси аъзоларини ҳам ижодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан фаол бўлишга ундайдиган, бунинг учун зарур шарт-шароит яратадиган муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Давлатимиз томонидан адабиётга, ижод аҳлига мунтазам равишда берилаётган юксак эътибордан руҳланган адибларимиз бундан кейин ҳам ўз асарлари ва ижтимоий фаолияти билан она Ватанимизга, жонажон халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган.https://telegra.ph/Ikki-ming-nafarga-yaқin-yozuvchi-va-shoir-ming-nafarga-yaқin-zhurnalist-ҳamda-manaviyat-madaniyat-hodimlari-maktablarga-biriktir-05-05
Сўнгги фикрлар