«Шароф Рашидов: ҳаёт ва мамот»

Қаҳрамонлар – халқ қалбида мангу яшайди.

Элимиз ўз миллатпарвар қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди.

Атоқли адиб, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрь куни Жиззах шаҳрида деҳқон оиласида таваллуд топган. Наримонов номидаги ўрта мактабда дастлабки маълумотни олгач, Жиззахдаги педагогика техникумида ўқиган. 1941 йилда Самарқанд давлат университетини тугатгач, у муаллим ва мухбир сифатида фаолиятини бошлаган.

1 2 3

1938-1941 йилларда Самарқанд вилояти «Ленин йўли» газетасида ишлаган. 1941-1942 йилларда иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимояси учун жанг қилган. Фронтдан қайтгач, 1944-1947 йилларда Самарқанд вилоят партия ташкилотининг котиби бўлиб фаолият кўрсатади.

1947-1949 йилларда «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасига муҳаррирлик қилган. 1949-1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсати раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби бўлиб ишлаган.

Шароф Рашидовнинг ижоди 30-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган. У дастлаб шеъриятда қалам тебратиб, «Самарқанд куйлари» номи билан биринчи шеърий тўпламини эълон қилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзган шеърлари 1945 йилда «Қаҳрим» тўпламида чоп этилган. У айни чоғда адабиётшунос ва мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган.

Шароф Рашидов ижодида мақоланавислик муҳим ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам унинг бадиий ижоди намуналарида бу руҳ етакчилик қилади. Адибнинг «Ғолиблар» (1953) қиссаси 1972 йилда қайта ишланиб, «Ғолиблар» романи сифатида нашр этилади. «Бўрондан кучли» (1958), «Қудратли тўлқин» (1964) романлари мухлислари қалбидан мангу жой олган. Бу бетакрор асарларда ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги меҳнат жасорати ўз бадиий ифодасини топган.

Адибнинг «Кашмир қўшиғи» (1957), «Комде ва Мудан» (1959) каби лирик қиссалари ва «Коинот» (1960) каби киноқиссаси анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзаллик, ҳаёт нашидаси мадҳига бағишланган. «Дил амри» қиссасида уруш йилларида Белорус заминида кечган жангчиларнинг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши ҳақида ҳикоя қилади.

1981-1983 йилларда адибнинг беш жилдлик асарлари рус ва ўзбек тилларида чоп этилган.

Ўзбек элининг оташин фарзанди Шароф Рашидов 1983 йилнинг кузида вафот этган…

Ўтган асрнинг ғоят мураккаб даврида яшаб ижод қилган Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти ҳақида москвалик машҳур ёзувчи Федор Раззоқов ўзбек ва рус тилларида нашр этилган «Шароф Рашидов: ҳает ва мамот», «Шараф Рашидов: жизнь и судьба» китоблари миллий адабиётимизга муносиб туҳфа бўлди.

Миллий матбуот марказида мазкур китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда муаллиф мазкур асарнинг яратилиш жараёни ҳақида сўз юритди.

Қизиқарли ўтган тадбирда Федор Раззоқов мухлисларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бергач, 2 та энг яхши савол берган мухлислари – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти Шавкат Миралимов ва фаол ижодкор Носир Тоировга дастхати битилган китобларини ҳадя қилди.

Айтиш ўринлики, ўтган асрнинг 70-83 йилларида атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов билан бир сафда партия органлари ва матбуот соҳасида масъул лавозимларда фаолият кўрсатган таниқли тарихчи-олим Шавкат Миралимов ўша давр сиёсий, ижтимоий, маънавий, маърифий, адабий муҳити ҳақида кўрган-билганлари ҳақида ўз мулоҳазаларини ўртоқлашди.

Китоб тақдимоти барчада катта таассурот қолдирди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *