Кичик китобчадаги катта гаплар
Тўлқин Эшбекни бир гапи ҳамиша эсимда туради: “Болалигимда
мультфильмларни кўриб, ҳаётда мана шундай одам баробар гуллар, одамдай гапирадиган жонзодлар, ғаройиб ҳодисалар бор, фақат улар бошқа жойларда деб ўйлардим. Бир куни катта бўлсам, ўша сирли-сеҳрли мамлакатга бораман, ўша ерда яшайман, деб орзу қилардим…”
Тўлқин балоғатга етди ҳам, ўша ғаройиб мамлакатнинг йўқлигидан воқиф ҳам бўлди, ақл тизгинни қўлига олди, болаларча орзу ортга сурилди. Аммо, болалик барибир қай бир маҳалларда устунликни ўз қўлига олади, айниқса, ўз-ўзинг билан бўлиб, ташқаридаги шарт-шароитлардан ҳоли қолганингда ва сени илҳом аталмиш хаёлий бир сурур ўз оғшига олганида…
Тўлқиннинг анчагина китобларига муҳаррирлик қилганман. Ҳеч бўлмаса, сўзбоши ёздириб оларди. Бу галги китоби эса томдан тараша тушгандай бўлди. Шу пайтгача прозада ёзиб келган, талабаларга журналистикадан дарс берадиган фан номзоди “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” деган шеърий тўпламни икки алифбо – крилча ва лотинчада чоп қилдирибди.
Унга таниқли олимимиз Умарали ака Норматов кириш сўзи ёзибди. Тўлқин учун янги амплуа. Илгари у шеърий сатрларни, ўзгаларники ва ўзиникини гап орасида ишлатиб юрарди. Менга кўпинча Абдулла аканинг сатри билан мурожаат қиларди: “Усто-о-оз, дебди бир кун тулки тулкига…”
Абдулла Ориповнинг сатираси, енгилгина юмори Тўлқинга ҳам юқибди. Аммо, бошқа томондан. Абдулла акада юмор шоирона фалсафага йўғрилган бўлса, Тўлқиндаги юмор ва сатира асосан публицистик руҳда (барибир аслига тортади-да). Бизларга ҳозир публицистика қанчалар етишмаяпти!.. Журналистлар қаердасиз?!. Интернетга ўтиб кетдингизми? Аҳмаджон Мелибоев, Анвар Жўрабоев, Ашурали Жўраев, Маҳмуд Саъдий, Дадахон Нурий, Нурали Қобул, Аҳмад Отабоев, Қулмон Очилов, Бекқул Эгамқулов, Абдунаби Ҳайдаров, Қурбон Эшмат каби саксонинчи-тўқсонинчи йиллар публицистларининг шогирдлари бугун йўқ, борларининг ҳам товуши эшитилмайди, чиқмайди…
Тўлқин Эшбекнинг “Муаллим ва собиқ ўқувчилар ҳангомаси” (50-54 бетлар), “Меҳмон”, “Чора”, “Лаган”, “Пойинтару сойинтар”, “Замонавий оила”, “Нечун менга ишонмас” ва бошқа шу каби шеърларида мен шоир-публицистни кўрдим. Айниқса, “Сиз эрни асрангиз…” шеърини (Муаллиф бу шеърни Абдулла Ориповнинг “Қўриқхона” номли публицистик-фалсафий шеъридан илҳомланиб ёзганини эслатиб ўтади) ўқиганимда кўз олдимга ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирида кўрган бир лавҳам келди. Газета корпусига рухсатнома ёздириш учун ичкарига қўнғироқ қилаётган кексагина бир ўриссуммот кекса аёл, қўлтиқтаёғига суянганча қай бир газета ходимига нима сабабли келганини ҳафсала билан тушунтирётганди: “Мен сизларга ўтган ҳафатда “Эркакларни асранг, аёллар”, сарлавҳали мақола ташлаб кетгандим. Бошқа аёллар орасида яна қўшимча маълумот олиш учун журналистик текширув олиб бордим ва янги маълумотларни қўшдиришга келгандим. Нимага бундай дейсиз? Ахир, ҳозир эркакларга жуда ҳам қийин, уларни ҳимоямизга олмасак, тез орада уруғларинг қуриб кетади-ю!.. Кейин, биздек аёллар нима қиламиз?! Ўзи шундоғам сиздек бечора эркаклар аёлларга қараганда ўртача ўн йил кам умр кўраркансиз! Сиз бу муаммога енгил қараманг! Ахир, сиз ҳам эркаксиз-ку, тўғрими?! Овозингиздан эркак бўлсангиз керак, деяпман-да. Тўғри тахминлаган эканман… Сизга қанчалар қийинлигини тасаввур қиляпман! Мана кўряпсизми, сиз ҳатто бошингиз устида қилга осилган қилични илғамаяпсиз ҳам. Илғаган бўлсангиз ҳам, эркаклик ғурурингиз буни тан олишга қаршилик қиляпти. Эҳ, бечора эркаклар… Сизларни ўйлаб, тунлари уйқум қочиб кетади! Ҳовучлаб уйқудори ичсамам кор қилмайди. Мана бетимга келгансизлар (бўйнини арралаб кўрсатмоқчи бўлади, асуски, телефоннинг нарги томонидаги эркакча овоз ва бошқа ашқол-дашқоллар соҳибига бу кўринмайди). Бу муаммога бепарво бўлманг. Бу – аср муаммоси! Балки, ишларингиз жойидадир, аммо бошқа жинсдошларингиз тақдирига бепарволик яхшимас. Эркаклар бир-бирига хайрихоҳ бўлишади, деб ўйлардим. Биз у аёллар, бир-биримизнинг кўзини чўқишга тайёр товуқлармиз. Мана шунақа пайти аёл бўлиб туғилганимга пушаймонлар қиламан. Агар мени ҳузурингизга киритсангиз, сиздек эркакларни қандай хавф-хатар кутаётганидан огоҳлантирган бўлардим. Ўзини асраганни Худойимам асраркан. Раҳмат, ҳозир мен олдингизга беш-ўн минутларда чиқиб бораман. Сал пастроқдан жой олсанглар бўларди. Еттинчи қават-а, ё Исою Биби Марям, ўзинг мадад бергайсан…”
Хуллас, эркаклар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича “аср муаммоси”дан иборат фронтда жанг олиб бораётган бу кекса аёл қўлтиқтаёқларига суянганча (чамаси, оёқлари ана шу “жанглар” туфайли шу холга келган бўлса, эҳтимол…), газета корпусига кириб кетаркан, ҳамма эркаклар қатори менинг ҳам ғамимни (қанақалигини ўзим ҳам билмасам-да) еяётгани учун, бу мажруҳ, аммо фаол журналист аёлга нисбатан каминаларида ғаройиб бир ҳурмат уйғонгандек бўлганди…
Сиз эрни асрангиз ҳар недан ортиқ,
Кўзнинг қорачиғин асрагансимон.
Ҳаёт инъом этган бу улуғ тортиқ,
Чевара кўришга етолсин омон!
Тўлқин Эшбекнинг коса таги ним коса шаклидаги бундай шеърларини ўқиб, устоз адабиётшунос Умарали ака Норматовнинг “Жўшқин табассум мавжлари” сарлавҳали кириш сўзларидаги ушбу жумлаларга қўшилмасдан илож йўқ: “Мазкур китоб бугунги адабиётимизда нисбатан оқсаброқ турган соҳа – ҳажвчиликда умидли бир истеъдод соҳиби шаклланиб келаётганидан далолат бериб турибди. Ҳажвий шеърларидаги ютуқлар ҳам, кам-кўстлар ҳам, аввало бу истеъдод эгасининг журналистика майдонидан чиққанлиги билан изоҳланади”. Ҳақ гаплар. Тўлқиннинг иши бевосита ёшлар билан алоқадорлигини “ёшлар билан бирга юрсанг ёшарасан” ибораси ила алқагим келади-ю, аммо ёшларнинг ҳам ёшлари бор-да. Тўлқиннинг қўлига “эти сизники, суяги бизники” қабилида таълим олган ёшлардан кўра кўпроқ “оппоқ қўнғизлару”, “юмшоқ типратиканлар”, дунёқараши ҳам шунга кўра қотиб бўлган ёшлар келади-ки, бу ҳолат қанқалигини унинг “Устоз ва талаба ҳангомаси» шеърида яққол кўришимиз мумкин (54-56 бетлар). Бугунги ёшлар, не ажаб-ки, “аввалгиларга ўхшамас” (Алишер Навоий).
Устознинг панд-насиҳатин
Олмас баъзи талаба.
Тескари иш қилганини
Ўзича дер – ғалаба!..
Ҳар ким азада ўз дардини айтиб йиғлайди, деганларидай, Тўлқиннинг мана шу шеъри яқингинада сал-палгина танилиб қолган ўттиз ёшлардаги бастакор-гитарачи йигит билан бўлган муҳосабамиз, тўғрироғи унинг монологи ва менинг аҳён-аҳёнда сўз қўшишга журъат эта олганим шарҳидир. Хуллас, бу “бастакор”чи севги ҳақида олди-қочди шеъру қўшиқларни ёқтирмаслигини айтган заҳоти унга бўлган ҳурматим ачитқи қўшилган хамирдай кўпчиб кетди. Аммо, кейинги гаплари унга бўлган ихлосим пуфагида тешик ҳосил қилиб, тезда шалвирашга юз тутди. “Сиз “Қарғалар “ қўшиғини (?!) эшитган бўлишингиз керак. Кўпчилик бу қўшиқни…” / “Ҳандалак ҳақдагими?.. (қора ҳарфлилар каминаники-муал.”/ “Қанақа “Ҳандалак”? Улар қизиқчилар-ку! Мен “Қарғалар” деган қўшиқни айтяпман…“ / “Ҳандалак бўйлик…” / “Яна ҳандалак дейсиз-а! “Қарғалар учса” деган қўшиқни айтяпман. Мен умуман қизиқчиларни, ҳазил шеърларни ёмон кўраман!..” / “Ўша қўшиқда “ҳандалак бўйликкинам” деган…” / “Уффф, мунча ҳандалакка ёпишиб олдингиз! У ерда сира бунақа жойи йўқ… Хулласи, Россияга жўнатилган “қулоқ”лар мана шу қўшиққа ўтирволиб йиғлашган. Бугунги ёшлар эса унга дик-дик этиб ўйинга тушади. Аслида йиғлаш керак…” / “Аммо, улар бу қўшиқни айтиб, кўнгилларини ёзишган бўлишлари ҳам мумкин-ку..”/ “Қанақа кўнгил ёзиш. Улар уйларидан олисда, қиш, совуқ. Кимни кўнглигига кўнгилхушлик сиғади?” / “Аммо, улар бу қўшиқни айтиб, ўйин тушишган бўлишлари…” / “Йўқ, сиз билан гапимиз келишмади. Мен тоғдан келсам, сиз боғдан келяпсиз. Хайр, менинг вақтим йўқ бекорчи гапларга. Ҳар соатим фалон пул туради…”
Мана Тўлқиннинг мазкур шеърида тилга олган “талабаси”га типик мисол. Бу ўттиз ёшлардаги кибрдан шишиб кетган вужуд қаршисида қандайдир “хира доғ”мас, ўзидан беш-ўн кўйлакни кўп йиртган, икки баробар ёши улуғ, бунинг устига шоир турганини кўра олмаганидан, бировнинг фикрини охиригача эшитишга тоқати етмаслигидан, кўзлари фақат ўзига ўхшаб, пуфакдек шиширилган имижи пардаси билан тўсиб қўйилганидан кейин, унга ва шундайларга ачинишдан бошқа нимаям қила олардингиз? Бунақалар ҳақида, “порблема в себе” (муаммоси ўзи билан) дейишади. Чўнтагимдан ўн йиллар олдин тушиб қолган “шпаргалка”ни топиб олиб, ўзимга ўқиб бермоқда (худди отасига қандай севишни ўргатаётган ўғилдай). Шунчалар эринчоқ-ки, ўша “шпаргалка”ни охиригача ўқиб ҳам кўрмаган…
Агар одамлар мусофирчиликда фақат ўтириб олиб, шўҳ қўшиқларга ҳам йиғлаб ўтиришса, тирикчилик, бандачилик нима бўлади? “Бебандали тириклик шармандаликдир” (“Зиндаги бебандаги – шармандаги”) (Жалолиддин Румий).
Американи ўзлаштирган ирландлар, инглизлар, испанлар йиғлаб ўтиришганида, ўша ерларда келгиндилигича қолиб кетишарди. Хитойликлар, ҳиндистонликлар ҳозир бутун дунёни ўз диаспоралари билан эгаллаб олишаёттганида йиғи-сиғини қурол қилишганми? Ажодларимиз ўн минг йилча олдин Сибирдан Ўрта Осиёни ўзлаштиргани тушиб келганида, “совуқ ўлкалар фарзанди” бўлмишлар бу ерларнинг саратонида ўзларининг ёз кунлари искабтопарлар ғужғон ўйнайдиган тайгаларини, Энасойу Бойкўлларни эслаб, фақат йиғи-сиғи қилганмикин? Ҳозир Россия ва бошқа юртларда “Фарғона”, “Ғиждивон”, “Бухоро”, “Ўзбекистон” каби юртимизнинг юзлаб бошқа топоним номлари билан аталган ресторанлардаги овозкарнайлардан таралаётган “Ҳандалак бўйликкинам, сен унда зор-мен бунда зор”,– дея варанглатиб қўйилган қўшиқларга йиғлаб ўтиришмайди, ер тепиб ўйинга тушишади (чунки, ўзим ҳам бир неча йиллар ўша ёқларда “гестербайтерлик” қилганман ва ишниям, айшниям жойига қўйганмиз, зеро мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан. “Ўзга ер ва одамлар”нинг ўзи йўқ – ҳаммамиз Одам Атодан тарқалган наслдирмиз, бу дунёни тарк этганимизда ҳам ёт оламгамас, асл ватанимизга қайтамизким, “мусофирлик” тушунчаси жуда шартлидир. Одамнинг хамиртуруши тупроқданмас – шодлик ила муҳаббатдан иборатдир ва унинг мазмуни Аллоҳга бўлган ишқдир). Миллат руҳи ана шу кўтаринкилик-да! Ўзбекнинг кўзлари фақат ғам ёши учунгина яралмаган: “Кимдир чоҳ ичра ҳам айшини сургай, Кимдир чўққида ҳам ўтга келгай дуч…” (Абдулла Орипов). Пешонасига ғаму андуҳ битилган банда ўз уйида туриб ҳам ёғ ичида яйрамаган буйраклигича қолаверади, зеро “уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал…” (Яна Абдулла Ориповдан: умуман Абдулла ака шеър ёзмаган мавзу бормикин?!)
Мазкур манзумадан ўрин олган “Насимийнинг мангу зиёси” поэмаси ва “Сирдарё сеҳри” балладаси айнан туркигўй адабиёт билан боғлиқ. “Сирдарё сеҳри”да талабалик йиллари Мирзачўл пахтазорларидаги ҳашарчилик ойларида ўтган “мажолисун нафоис”да ёдга олинган адабиёту журналистика намоёндалари ҳамон қайси жабҳаларда жавлон уришмасин, замонавий ўзбек матбуоти ва маънавиятини тиклашдек эзгу мақсадлар йўлидаги ҳашарда камрбастадирлар:
Бул заминда қолгани рост,
Қанча шоир излари.
Сирожиддин Саййид ёзган,
Оташнафас сўзлари!
“Бир шоир ва уч миршаб”ни,
Тинглагандик далада.
Бошни силкиб деҳқонлар ҳам,
Деган: “Шоир бало-да!”
…Салим Ашур сатрлари,
Дилга малҳам бўларди.
Ошиқ қалбин кашф этганда,
Ташна кўнгил тўларди…
(46-47 бетлар)
Тўлқин Эшбекнинг “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” деб номланган бу кичкина китобида ана шундай катта гаплар, муаммолар мавжудким, уни топиб ўқинг. Китоб ҳолида уч минг ададда чиқарилган бу китобдан бебаҳра қолмай деганларга, унинг электрон вариантини муаллифнинг ижтимоий тармоқлардаги uchildiz.uz. да топиш қийинмаслигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз.
Бу китобда қандай камчиликлар мавжуд? Бу ҳақда муҳтарам олимимиз Умарали акадан орттириб бир нарса дейишимиз мушкул: “У (яъни Тўлқин Эшбек) журналистика одами сифатида даврнинг долзарб масалаларини, оғриқли нуқталарини вақтида илғаб, ҳажв қилади, аммо ҳажвий ифода, талқин бобида журналистикага хос тезкорлик, бироз шошқолоқлик айрим ҳолларда унга панд бериб қўяди. Чинакам бадиият тезкорлик, айниқса, шошқолоқликни кўтармайди. Китобдаги айрим асарларида бунинг асорати сезилиб турибди…” Бу фикрлар ҳақиқат ойинасидир. Яна бир камчилик – китобнинг ғоят ихчамлиги. Кўпроқ мана шу руҳдаги шеърлар ёзилиши керак ва буни олтмиш ёш сари одимлаб кетаётган муаллифдан кутишга ҳақлимиз. Зеро, “…фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла, безамоқ чоғидур умр дафтарин (Ғафур Ғулом).
Мавлоно Муқимийга издошлик муборак, дўстим ва укам Тўлқин Эшбек!
Оллоёр БЕГАЛИЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Усмон Носир номидаги мукофот совриндори
Сўнгги фикрлар