Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари тараққиётида муҳим босқич
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу йил
15-16 июль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференция мазмун-моҳиятини ўқиб-ўрганишга бағишланган онлайн суҳбат ўтказилди.
Қуйида ушбу суҳбатда билдирилган айрим таҳлилий фикрлар ва таклифлар билан танишасиз.
Шуҳрат Тошматов, ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича проректори:
– Мазкур халқаро конференцияни университетимиз жамоаси ойнаи жаҳон орқали катта қизиқиш билан кузатди. Анжуманда 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этгани ва унда жаҳон аҳлини ташвишга солаётган энг долзарб масалалар муҳокама этилгани минтақамиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим воқелик ҳисобланади. Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олгани ва бу борада танлаган йўлимиз нақадар эзгулигини ҳар бир инсон дилдан ҳис этади, албатта. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўзлаган нутқини барча зиёлилар, айниқса, талабаларимиз теран нигоҳ ила ўқиб-ўрганишлари мақсадга мувофиқдир. Шу мақсадда университетимизда ушбу мавзуга бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказишимиз мақсадга мувофиқдир.
Аҳмаджон Мелибоев, ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
– Президентимиз тарихи ва тақдири чамбарчас боғлиқ бўлган минтақамиз халқлари асрлар давомида бир-бирининг маданиятини бойитганлигига эътиборни қаратиб: “Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия ва меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, юксак маданий ва маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилди”, дея таъкидлаб ўтар экан, тарихий вазият тақозоси билан икки минтақа алоқаларининг узилиб қолганлиги салбий оқибатларни келтириб чиқарганлигини Президентимиз афсус билан эътироф этди. Бу масала кўпдан буён тинчликсевар, маърифатпарвар хилмизни ўйлантириб келаётгани бор гап. Бугун дунё катта ўзгаришларни бошидан кечираяпти. Янги замоннинг талаблари ҳам янгича. Президентимиз янги глобал геосиёсий ўзгаришлар даврида қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш, ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш ҳаётий заруриятга айланганини, ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларни рўёбга чиқариш барча учун манфаатли эканлигига алоҳида эътибор қаратди.
Анжуманда мен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатини, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хонларнинг сўзларини ҳам эътибор билан тингладим. Улардан ҳам кўп хулосалар чиқариш мумкин. Проректоримиз Шуҳрат Тошматов айтган илмий-амалий анжуманда бу ҳақдаги таҳлилий фикрларимни батафсилроқ баён этмоқчиман.
Раима Ширинова, ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори:
– Халқаро илмий алоқалар халқларимиз маърифати юксалишига хизмат қилади. Шу кунга қадар Миллий университетимиз кўплаб ривожланган давлатлар университетлари билан ана шундай илмий ҳамкорликни ривожлантириб келмоқда. Мазкур халқаро анжуман минтақамизда ҳам илмий, маърифий, маданий алоқалар ривожида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилишига умид қилсак бўлади.
Фазлиддин Ҳикматов, ЎзМУ География ва табиий ресурслар факультети профессори:
– Зиёлиларимизга яхши маълумки, мамлакатимизда кўп йиллардан буён Ўзбекистон География жамияти самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Қўшни мамлакатларда тинчлик-осойишталик ҳукмрон бўлиши, улар билан билан ҳам илмий ҳамкорликлар йўлга қўйилиши мазкур жамиятимиз ривожида муҳим ўрин тутади Анжуман давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу мақсадларнинг рўёбга чиқиши учун дастуриламал бўлган муҳим ташаббусларни илгари сургани айни муддао бўлди. Яъни, давлатимиз раҳбарининг илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка қаратилган ташаббуслари барча олимларни янада илҳомлантирди. Президентимизнинг илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш мақсадида Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиё тарихий мероси” мавзуида халқаро форум ўтказиш таклифини биз билан бир қаторда қўшни мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз ҳам қизғин қўллаб-қувватлашларига ишонамиз.
Лазиза Ғофурова, ЎзМУ Биология факультети профессори:
– Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ва бошқа йўллар орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк ҳоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир. Тарихдан маълумки, 19-асрда бу дўстлик ришталарига путур етган эди. Чегаралар пайдо бўлиб, ҳамкорлик ўрнини турли қарама-қаршилик, ишончсизлик эгаллади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тарихий алоқаларни тиклаш муҳимлигини, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келганини таъкидлади. Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференцияда нутқини катта қизиқиш билан тингладим. Университетимизда бу мавзуга бағишланган илмий-амалий анжуманда айтадиган таҳлилий фикрларимиз бор, албатта. Конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилгани айни муддао бўлди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчилардан иборат Экспертлар кенгашини тузиш таклифи илгари сурилди. Бу, албатта, келгусида минтақамизда илм-маърифат ривожига улкан ҳисса қўшишига ишонамиз.
Маҳлиё Мирсоатова, ЎзМУ Журналистика факультети декани:
– Мазкур халқаро анжуманда давлатимиз раҳбарининг нутқи бизни чуқур мушоҳада ундади. Дарҳақиқат, бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий ва маънавий-маданий меросидан, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришидан, интеллектуал салоҳият борлигидан келиб чиқиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келди. Бундай маънавий бирлашиш журналистларни жуда қизиқтиради. Ўйлайманки, Президентимиз нутқида илгари сурилган таклифлар амалга ошиши минтақадаги ягона ахборот маконимиз такомилида ҳам муҳим босқич ҳисобланади.
Онлайн суҳбатда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари мазкур халқаро анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференцияда сўзлаган нутқини ва бошқа муҳим маълумотларни теран нигоҳ билан ўқиб-ўрганиш, талабаларга бу борада тегишли сабоқлар бериш ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати
Сўнгги фикрлар