Улар “босмачи” эмас, бошчи эдилар

Сўнгги йилларда қулоқларимиз остида жаранглаётган «Янги Ўзбекистон»,

«Учинчи Ренессанс» каби жумлаларни эшитганда барчамизда, айниқса, ёшларимизда кечаги Ўзбекистон тарихи, биринчи ва иккинчи ренессанс даври тўғрисидаги тасаввурларга эҳтиёж туғилади.

ЖамиятТанлаш

08:58 / 30.08.2021

Кечаги Ўзбекистоннинг бугунга юз тутиши, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан юксалиш босқичига кўтарилиши осон бўлмади. Ўтиш давридаги мураккаб ва таҳликали даврларни ёдга олар эканмиз, яқин тарихимизда содир бўлган, Туркистон ўлкасини васаллик уйқусидан “уйғотиб” юбора олган миллий-озодлик ҳаракатлари тўлқини хусусида алоҳида тўхталмоқ жоиздир.

Мустабид тузум ичида туриб, истиқлол байроғини дадил тута олган, эрксизликка муросасиз бўлган миллий озодлик кураши бошчиларининг асл мақсади халқимиздан яширилди. Уларнинг юрт озодлиги, миллат эрки йўлида олиб борган миллий кураши, истиқлолчилик ҳаракатларига “босмачилик ҳаракати” дея ном берилиб, элимизнинг шерюрак қаҳрамонларига “босмачи” тамғаси босилди. Мазкур тарихий давр 1918—1934 йилларни ўз ичига олсада,16 йил давом этган кураш — миллатга озодлик, ҳурлик, мустақилликка муносиб эканлигини намоён қилди ва бутун Туркистон эли онгига узоқ йиллар кучли таъсир этди.

Тарихнинг аччиқ ҳақиқати сифатида миллатнинг етакчилари мағлуб бўлгани барчага аён. Лекин ушбу миллий-озодлик кураши асосчилари, жасур лашкарбошилар, мард қўрбошилар жангларини, мустамлакачиларнинг қандай ваҳимага тушганликларини, Ватан тупроғи учун мардонавор курашиш ибратини тарих унутмайди. Зеро, “Ойни этак билан ёпиб бўлмас дейди” — доно халқимиз. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари қаърига яширинган ҳақиқат бугун авлодлар кўз ўнгида очилмоқда.

Тарихий ҳужжатларда акс этган, қатағон қурбонига айланган шахсларнинг аянчли қисмати, уларга ва оилаларига нисбатан қилинган зўравонлик ҳолатлари истиқлол туфайли кенг ўрганилди. Улар ҳақида кўплаб маълумот ва далиллар кенг оммага тақдим этилди. Хусусан, ҳукумат қарорлари, Президент фармони асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида ана шундай фидойи кишилар шахси аниқланди. Айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган, ҳозирги кунга қадар оқланмаган қатағон қурбонлари номлари рўйхати 2021 йил 7 январь куни Олий судга тақдим қилиниб, оқлаш юзасидан таклиф киритилган эди.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий судида қатағон даврида турли айбловлар билан қамалган, отувга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари апелляция судида кўриб чиқилаётгани, 115 нафар шахснинг оқланганлиги бу – буюк бир тарихий воқеликдир. Тўғри, ушбу адолат суд қарорларига расман кўчгунча йиллар ўтди, лекин қатағон қурбонларининг мамлакат озодлиги йўлида тўғри йўлдан борганликларини, улар миллатнинг фахри эканликларини халқимиз ўша пайтнинг ўзидаёқ чуқур англаган ва курашчилар ортидан эргашган. Шу боис, халқ оғзаки ижодида ҳаракат етакчиларига аталган эртаклар, достонлар, шеър ва қўшиқлар мавжуд. Миллий-озодлик ҳаракати намоёндалари ўз жасоратлари билан биргина бизнинг халқимизда эмас, балки бошқа элларда ҳам ардоқланади. Масалан, ўз пайтида Душанбеда уларга атаб ҳайкал ўрнатилган.

Бизнинг “босмачи” дея қораланган озодлик саркардалари, мард ўғлонларимиз аслида миллатнинг бошчилари эканлигини, юртимизда ҳукмрон бўлиб олган босқинчиларга Ватан эгаси ким эканлигини ўз жасоратлари билан қандай намоён этганликларини энди ёшлар яхши билади.

Айниқса, Фарғона водийси миллий-озодлик курашининг илк ўчоғи сифатида дастлабки етакчиларга макон бўлгани, водийдаги қуролли ҳаракатнинг Олий бош кўмондони Шермуҳаммадбек бошчилигидаги енгилмас лашкарбоши ўғлонларнинг шу заминдан етишиб чиққани фарғоналикларга ўзгача ғурур бағишлайди. «Туркистон – туркистонликлар юртидир. Бошка ҳеч ким унга эгалик килишга ҳаққи йўқ!» деган сўзларни шиор қилиб,мустақиллик сари олға қадам босган кичик ва катта Эргашлар, Муҳаммад Аминбек, Омон Паҳловон, Жонибек Қози, Маҳкам Хожи, Исроилбек, Аҳмад Полвон, Раҳмонқули, Ислом Паҳлавон сингари истиқлолчиларимиз ўша даврнинг ўзида “Янги Ўзбекистон”нинг пойдеворига асос солганлар.

Шунингдек, истиқлолчилар ҳақида сўз борар экан, совет ҳокимиятига қарши олиб борилган ҳаракат бошчиси, Туркистон мухторияти ҳукумати маориф вазирилавозимида фаолият юритган йирик уламо — Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўра ўғлининг ҳаракатлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўра — Туркистондаги миллий-озодлик курашларининг ғоявий раҳбарларидан бири бўлган. У маърифатпарварлиги, ватанпарварлиги ҳамда адолатлилиги билан ўз атрофида кўплаб зиёлиларни бирлаштира олган. У умрининг охирига қадар миллат ва ёшлар тақдири, Ватан истиқболи учун интилишдан тўхтамади. Босқинчиларнинг турли таъзийқлари, таъқиқлари, таҳдидларию сургунлари Носирхон Тўранинг ғурури ва эркини синдира олмади. “Туркистоннинг Россиядан ажралувини тездан эълон қилув керак”деган қатъий қарор унинг ҳаётий шиорига айланиб, мамлакатда бутун маориф соҳасини ўзгартириш, тизимда янги ислоҳотларини амалга оширишдай эзгу ишларни режалаштирган.

Бугун Президентимиз бошчилигида истиқлол курашчилари шаъни, номини оқлашга қаратилган эзгу ишларнинг амалга оширилаётгани ҳамда бунинг ижроси миллий қонунчилигимизда қарор топаётгани қувонарлидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида Фарғона давлат университетида ҳам ишлар жадал олиб борилмоқда.

Мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини тарихийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ёшларга ўргатиш, Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз эркинлиги йўлида мардонавор кураш олиб борган миллат қаҳрамонлари тарихини кенг жамоатчиликка етказиш ишлари учун университетда тарихчи олимлар, профессорлар бошчилигида алоҳида тарғиботчилар гуруҳи шакллантирилган. Қатағон қурбонлари номини абадийлаштириш, уларнинг жасоратли тарихи мисолида ёшларни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, қатағон даврига оид тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мақсадида ташкил этилган Фарғона давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари” хотира музейи фаолияти йилдан-йилга кенгайтириб борилмоқда. Қувонарлиси шундаки, эндиликда музейга фақатгина талаба-ёшлар эмас, вилоятдаги туманлар аҳолиси, уюшмаган ёшлар ташриф буюрмоқда. Ушбу музейга мустамлакачилик давридан тортиб, мустақиллик даврига оид бўлган икки ярим мингга яқин ноёб тарихий ҳужжатлар келтирилган бўлиб, ҳозирда Туркистондаги жадидчилик ҳаракати, миллий-озодлик учун курашган намоёндалар, ушбу курашларда аҳамиятга эга бўлган шахслар номлари аниқланиб, бойитиб борилмоқда. Кўплаб тарихчи ёш олимларимиз қатағон қурбонлари тарихи тўғрисида илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Университетнинг матбуот хизмати ва медиа гуруҳи томонидан қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ёритиб берувчи мақолалар, ижтимоий видео-роликлар тайёрланиб, расмий сайтда, канллар ва гуруҳларда, ижтимоий тармоқларда ёшларга ҳавола этилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки,биз эришган бугунги фаровон ҳаёт, мустақил Ватан, бирдам бўлган халқ, осуда кунлар қурбонларсиз бунёдга келмаган. Фикримча, бу борада жадидчиларимизнинг буюк намоёндаси — Абдулла Қодирийнинг “мозийға қараб иш кўрмак хайрлидир”, — деган ибратли жумлаларини эслаш кифоя.Жаҳолатга қарши курашиш, миллат шаънини ҳимоя қилиш орқали мустамлака бўлган Туркистонни дунёнинг тараққий этган мамлакатлари сафида кўришни орзулаган ажодларимиз бугун ўз мақсадларига эришдилар. Эндиликда бизнинг — бугунги кун эгаларининг зиммасида аждоларимиз асрий орзуларини рўёбга чиқариш, тинчлик ҳукмрон бўлган заминни асрай олиш, ўз интилишлари, ислоҳотлардаги иштироки, ташаббуслари орқали ёшларга кимларнинг авлоди эканлигини англатишдай кучли вазифа борлигини унутмаслигимиз даркор!

Зеро, эндиликда “Янги Ўзбекистон” келажагига жангларсиз, қурбонларсиз ҳалол меҳнат ва кучли салоҳият билан ҳисса қўшиш учун бизда куч ҳам, заковат ҳам, имконият ҳам етарли!

 

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори

ЎзА 

https://uza.uz/uz/posts/ular-bosmachi-emas-boshchi-edilar_297390

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *