Жон бериш — хамирдан қил суғургандек бўлса бас…
(Ёшлар, болакайлар, асаби чатоқлар, инжиқлар ўқимасин….)
Ҳаёт сир-у синоатларга ва синовларга бой-да.
Ўтган ҳафта жуда ғалати гап эшитиб қолдим. Қандайдир мутахассислар фикрича, тез-тез, ҳовлиқиб юрадиган одамнинг ҳаёти алал-оқибат фожеа билан тугаркан…
— Эҳтимол, ундоқ кишилар ҳам узоқ умр кўриши, қариб-мингиб юриши мумкин, бироқ, паймонаси тўлганда фожеали ўларкан…- Ётиғи билан тушунтирди суҳбатдошим гапининг исботи учун мисол келтиришга ҳаракат қилиб.- Шунақалардан биттасининг жасадини бир ҳафта деганда қайсидир кўлмакдан жуда аянчли ҳолда топиб келишганини кўрганман…
Бу совуқ гапдан этим жунжикиб кетди…
Бор-е, бу гапга ишонмайман, деб кетаверишим мумкин эди. Бироқ, гаплари рост бўлса-чи?.. Чиндан ҳам шошқалоқларнинг ҳаёти шундоқ аянчли тугаса-чи?! Ахир, у шу тариқа фожеали кетган кимсани мисол келтирди-ку… Унинг гапини мутлоқ инкор этишга ҳам асосим йўқ-ку…
Хуллас, энди ўзимизни ўққа-чўққа урадиган ёшдан ўтиб қолдик. Ҳар бир қадамимизни ўйлаб босмасак бўлмайди…
Ўзимга разм солиб кўрсам, суҳбатдошим айтганидан ҳам зиёдроқ «тез-тез, ҳовлиқиб юрадиган»лардан эканман…
Ҳалиги гаплар таъсирида шу ондан эътиборан юришни 4-«скорост»дан 1-«скорост»га тушурдим. Энди «мала газ»да қадам ташлаяпман… Ҳеч бир ишга шошмайдиган бўлиб қолдим. Гапиришда ҳам, овқатланишда ҳам, бирор юмушни бажаришда ҳам асло шошмайман… Ҳатто жўшқин туйғуларни ҳам жиловладим, учқур хаёл соҳиби бўлишга чек қўйдим…
Оллоҳимнинг марҳамати билан узоқ умр кўришдан умидвормиз, албатта. 84 ёшимизда минг ойни кўриб, кейинги йили фарзандлар, невара-чеваралар даврасида 85 ёшни нишонлаб, кейин яна Яратган эгам берган умрини нуронийлик гашти дея суриб-суриб, паймонамиз тўлган кезда омонатини топшириш бамисоли хамирдан қил суғургандек бўлса бас… Яъни, ёшингни яшаб, ошингни ошаб бўлгач, ҳеч кимга муҳтож қилмасдан, жонинг оғримасдан, айтайлик, муборак Жума тонггида бомдод намозини ўқиётиб, жойнамоз устида сўнгги нафасинг: «Ассалому алайкум вараҳматиллоҳ!» дея чиқиб кетса, тириклик дунёсининг сўнгги неъмати шу эканини ҳис этиб кетишинг шубҳасиздир… Сўнгги манзилга муборак жума намозидан кейин эл-улус дуолари ила кетишнинг савобига не етсин… Валлоҳи аълам…
Дониш домла
Сўнгги фикрлар