Ўзбек тили байрами куни корхонада муносиб нишонланди

“Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика

маркази” давлат унитар корхонасида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» мавзуида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек она тилимизнинг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритди.

IMG_20221020_150719 IMG_20221020_153622

Маърузада таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг она тилимизнинг тарихи, бугунги кундаги мавқеини янада ошириш борасида белгилаб берган вазифаларини амалга ошириш ҳар биримиздан улкан масъулият талаб қилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин. Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Дарҳақиқат, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Она тилимиз давлат тили сифатида халқимиз, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этади.

2019 йил 21 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Мазкур фармонда она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида алоҳида тузилма – Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.

Бу тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида, раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Эндиликда мазкур лавозимдаги шахслар зиммасига ташкилот ва муассасаларда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари, дастурлар, “йўл хариталари”нинг ижросини таъминлаш, бу борадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ходимларнинг давлат тилини чуқур ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратиш сингари вазифалар юклатилган. Яна бир муҳим қадам шуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 73-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Ушбу жамғарма ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, тилимизни ривожлантириш лойиҳаларига грантлар ажратиш, китоб ва қўлланмалар чоп этиш, медиа-маҳсулотлар, компьютер дастурлари, мобил иловалар тайёрлаш, бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш сингари эзгу мақсадларга хизмат қилиши кўзда тутилгани яхши маълум. Бу вазифаларнинг тўлақонли бажарилиши ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимизга боғлиқдир. Зотан, туманимиздаги турли таълим муассасалари, ташкилотлар ва маҳаллаларда она тилимиз мавзусига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларимиздан кутилган натижа ҳам шу.

Жамоат жойларида ҳар бир ёзма кўрсаткич, эълон ва рекламаларни давлат тилида юксак савияда ёзишга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Пойтахт шаҳримиз жамолига яраша она тилимиздаги ёзувлар ва битиклардан айниқса ёшлар сабоқ оладиган даражада бўлмоғи зарур.

Она тилимиз жилоларини теран англамоқ учун атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиаси, улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китоби ҳамда дурдона сўзларимизнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушуниш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни мудом қўлдан қўймай мутолаа қилишларини тавсия этган бўлур эдик.

 

Жасур Шораҳмедов,

“Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш

республика маркази” давлат унитар корхонаси директорининг ўринбосари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *