Пичоқлашишгача бориш шарт…ми?

Турмуш чорраҳаларида

262
4
Сўнгги пайтларда баъзи ижтимоий тармоқларда пичоқлашишдек нақадар совуқ ва аянчли хабарлар тарқалмоқда…
Бузғунчилик, ваҳшийликнинг чегараси ҳам, “ватани” ҳам бўлмайди.
Бундай хунрезликлар дунёнинг турли минтақаларида, ҳатто ривожланган мамлакатларида ҳам бот-бот юз бераётгани ташвишли ҳол. Кўпчилик ҳавас билан қарайдиган АҚШдек қудратли давлатда ҳам бундай машъум ҳодисаларга батамом барҳам берилмаётганини ижтимоий тармоқлар орқали тинчликсевар инсонлар ғоят таассуф ила кузатмоқда.
Ўлат, вабо каби гоҳо шунақа “касаллик”лар тарқалиб кетади. Ақлиноқислик ортидан ўзига ўт қўйишлар, ўзини осиш, ўз жонига қасд қилишлар авж олиб кетган ҳолларни ҳам кузатганмиз…
Бу мудҳиш ҳодисаларнинг сабаблари кўп. Баъзи руҳшунослар фикрича, бу – эпидемияга ўхшаб тарқаладиган руҳий касалликлардан бири ва энг хавфлиси ҳисобланар экан.
Кейинги пайтларда бир-бирини пичоқлаш қандайдир хуружга айланаётгани ҳам руҳий касалликлар билан боғлиқ ҳодисадир эҳтимол?..
Тушлик пайти хиёбонда айланиб юрсам, бир асабий кишининг совуқ гаплари қулоғимга чалинди:
“Мен тинчгина ишлаб юрибман. Ишим бошим бошимдан ошиб ётибди. Бирор кимсага халал бермайман. Ҳеч ким билан ишим йўқ. Бироқ, кимдир менга зимдан чоҳ қазиётганини сезиб қолдим. Унинг шотирлари йўқ жойдан кир ахтариб, мени айбдор қилишга, ҳайфсан беришга чиранишди. Буни қайси илон қилаётганини сезиб турибман. Чиркин мақсадини биламан. Сабаби маълум: асли ота-буваси буюк инсонларнинг бошига етган, қонини ичган қонхўрларнинг авлоди шунақа бўлади. Ўша лаънати манфурнинг нағорасига ўйнаб, дилимни ранжитганларга дангал айтдим: бир-иккитангни пичоқлаб ташлашга мени мажбур қилма… Керак бўлса, шартта пичоқлайману ўзимни ҳам бўғизлаб, ҳаммасидан қутуламан…”
Шериги юпатишга ҳарчанд уринмасин, асабийлашган киши ўзига келолмасди.
Яхшими, ёмонми, бировнинг гапига аралашиш одобдан эмас. Бироқ, бунақа гапларга бепарво кетавериш ҳам виждонга тўғри келмайди. Жиноятчиликка қарши кескин кураш кетаётган бир пайтда бунақа гапларни эшитмаганга олиб кетишга ғурур йўл қўймади.
– Бир нарса сўрасам майлими,– дедим ўзимни таништириб.– Фарзандлар, набиралар борми?
– Худога шукр, бири-биридан ширин набираларни эркалаб юрадиган даврга келдик!– Суҳбатдошимнинг бироз чеҳраси ёришди.– Энди шулар учун яшагимиз келади-да…
– Барака топинг,– дедим мақсадга ўтиб.– Бировнинг дилини ранжитганлар бирор марта жазосиз қолганини кўрмаганман. Ёши улуғ инсонни ранжитганлар – унинг ёшига етолмай фожиали ўлим топади. Фарзандли инсонни ранжитганлар – фарзанд доғида адойи тамом бўлади. Набирали инсонни ранжитганлар – набира кўрмайди, кўрса ҳам соғ кўриши амримаҳол… Ишхонада, кўча-кўйда қилган гуноҳ-у бузғунчилиги негадир уйидагиларини уриб кетади… Бу яратган эгамнинг амрими ё ҳаётнинг ёзилмаган қонуними, ишқилиб, шунақа қайғули қисматларни кўрганда ачинишингни ҳам, нафратланишингни ҳам билмай қоласан киши… Энди сиздек беозор инсонни ранжитганларнинг жазосини яратганнинг ўзи беради! Мабодо, сиз жаҳл устида пичоқлаб ташласангиз, махлуқдан баттар ўша бандалар осонгина ўлим топиб кетишаверади. Ўшанда бахтли ҳаётни бой бериб, жирканч кимсалар учун сиз ҳам жазога тортилиб кетишингиз ҳеч гапмас… Ўзингизни ўлдирсангиз ҳам – фожеа ҳисобланади. Негаки, ўша махлуқлар сиздек инсоннинг бир лаҳзалик ҳаётига, тирноғининг кирига арзийдими?! Падарига лаънат ўша ҳайфсан бераман, деганларнинг! Уларнинг ўзига ҳайф! Садқаи одамийлик кетсин! Улар одам бўлиб яралганидан кўра феълига яраша илонми, чаёнми бўлиб яралса бўлмасмиди!! Энди сиздек фариштали инсон кеп-кеп ўшаларга тенг бўлмоқчимисиз? Қўйинг-е! Маслаҳатим, ҳаммасини худога солинг! Газандалар ҳали шу қилмишлари учун ҳам жазосини олганини томоша қиласиз. Кимки бировни ноҳақ ранжитса, яхшиликнинг юзини кўрмай, хор-зор бўлганини, фожеалар гирдобида ўлиб кетганини кўрдик… Бахтга интилган инсонларга яратганнинг ўзи ато этадиган бахту саодатнинг қиёси бўлмайди! Иллат излаганлар учун иллатдир дунё, сиздек ҳикмат излаганлар учун ҳикматдир дунё! Бахт-саодатга интилганларга бахтга кон дунё бу!– Бир шоирнинг машҳур шеърини шу тариқа суҳбатга улаб юбордим.
Суҳбатдошим бир лаҳза қотиб қолди. Унсиз тикилиб тураверди. Сўнг, кўзидан ёшлар думалади.
– Сиз инсон қиёфасидаги фаришта экансиз,– деди беихтиёр қучоғини очиб.– Келинг, сиз билан оға-ини киришайлик! Мени тамомила ҳаётга қайтардингиз!!
Тушлик танаффус поёнига етиб, ишхонамга қайтар эканман, қандайдир енгил тортдим. Эҳтимол, шу тариқа бир аянчли фожеанинг олдини олгандирман? Бу билан янги танишимнинг ҳам, ўша қитмирларнинг ҳам оилаларини, ҳаётларини, бола-чақаларининг (агар бўлса!) бахтларини сақлаб қолгандирман?
Жаҳолатга қарши маърифат ила курашишнинг самараси шу эканини яна бир бора дилдан ҳис этдим.
“Профилактика куни” каминанинг ҳаётбахш профилактикаси ўз самарасини кўрсатди: қайсидир оилалардаги осуда ҳаёт янада нурафшон бўлиб давом этади!
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *