Меҳрибон устоз, содиқ дўст
Йигитлик бурчимни адо этиб, Россиянинг шимолидаги қалин ўрмонзорда
жойлашган ҳарбий қисмда роппа-роса уч йил муддатли хизматни ўтаб, кўксимда медал билан она шаҳрим Тошкентга қайтдим.
Ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар Тошкент Давлат Университети филология факультети, Журналистика бўлимида сиртқи тўрт курсини битириб, “Сирдарё ҳақиқати” вилоят, “Ёш ленинчи” Республика ёшлар газеталарида аввал мусаҳҳиҳ, кейин адабий ходим, муҳбир вазифаларида фаолият кўрсатдим.
Ҳарбий хизматдан қайтгач, Ўзбекистон кинематография Давлат қўмитасининг нашри “Кино” журнали ва “Ёш ленинчи” газетаси таҳририятлари ўртасида “талаш” бўлиб, “Кино”ни танлаб, нашр муҳаррири вазифасида иш бошладим.
Aллома, устоз академик Aзиз Қаюмов, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, забардаст адиб Мумтоз Муҳаммедов, Тошкент Давлат Университетининг филология факультети журналистика бўлимининг тўнғич битирувчиси машҳур киношунос Маҳмуд Яҳъёевлардан сабоқ олдим.
Кино дунёси билан яқиндан танишиб, таҳририят ишларини йўлга қўйгач, ёш журналист сифатида бироз танилгач, кунгил тўқ бўлиб, “Aльма-матер” — университетимга йўл олдим.
Ҳарбийда ўтган уч йилда ТошДУ филология факултети журналистика бўлими мустақил факультетга айланган, уч йил аввалги деканимиз — ажойиб инсон, моҳир педагог, филология фанлари доктори, профессор Лазиз Пўлатович Қаюмов “Ўзбекистон маданияти” газетасига бош муҳаррир бўлиб кўтарилган экан.
Юрагимни ҳовучлаб, деканнинг кечки ва сиртқи бўлими бўйича ўринбосарига учрашдим.
Унга уч йил аввал бешинчи курсга ўтганимни, энди ўқишимни давом эттирмоқчи эканлигимни айтдим.
Ўринбосар қандайдир қоғозларни, папкаларни титкилаб, рўйхатларда йўқлигимни, уч йил аввал талабалар сафидан, дарсга қатнашмаганлигим сабабли чиқариб юборилганлигимни маълум қилди.
Энди нима қиламан, деган саволимга жавоб бўлмади, умуман айтган важ-сабабларим қулоғига кирмади.
Ночор-ноилож бегона, янги декан ҳузурига йўл олдим.
Мўжазгина хонада миқтидан келган, жуссаси ихчам, истараси иссиқ, ўрта ёшлардаги киши бошини ёзувдан кўтармай саломимга алик олгач, кейин менга юзланиб, чеҳраси ёришиб, қизиқиш ва савол назари билан кўксимдаги медалга тикилди. Мен факультетга келишдан аввал, йул-йулакай Харбий комиссариат таклифи билан уларнинг талабига биноан харбий кийимимда медаль ва бошка нишонларни такиб борган эдим.
Декан бироз ўйга толгач, унга ҳам уруш қатнашчиси сифатида худди шундай, “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг йигирма йиллиги” юбилей медали такдим этилганини айтди. Афтидан у кирғинбарот, уруш пайтларини эсга олди шекилли…
Нима қилишимни билмай, яна бу ерда ҳам ишим битмаса керак, деб ўйланганимча, “ Хўш, бизга нима хизмат”, деган саволдан ўзимга келдим.
Дардимни эшитгач, ҳужжатларимни — ҳарбий билетим, зачёткам, паспортим, таҳририят гувоҳномалари билан синчиклаб танишгач, телефон гўшагини кўтариб, кимнидир сўради ва ҳозир боришини маълум қилди.
Хуллас, декан билан биргаликда ректорат эшигидан кириб, у ердан бир соат ўтар-ўтмас, қўлимда бешинчи курсга тикланганлигим ҳақидаги буйруқдан кўчирма, навбатдаги қишки ўқув сессиясига чақирув қоғози билан чиқдик.
Декан қўл бериб хайрлашар экан, уч йил давомида ўқув дастурларида ўзгаришлар руй берганини, ортда қолишларни етказиб олиш мен учун анча қийин бўлишини таъкидлаб, шахсан ўзи ўқишимни назорат қилишини, «оғир, мураккаб жойларда ҳарбий хизматни ҳам аъло ўтаган экансиз, тўртинчи курсни ҳам аълога ўқиган экансиз, бундан буён ҳам суръатни пасайтирманг», дегани ҳали-ҳали ёдимда.
Декан — тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаров эди.
Орадан йиллар ўтди. Ўқиш ҳам тугади. Лекин устоз билан дастлабки учрашувда пайдо бўлган илиқ муносабат тугамади. Aксинча, ёшимиздаги тафовутга қарамай, дўстона, тенгқур ўртоқлардай бўлиб кетдик. Кўнгли очиқ, самимий инсонлиги учун у киши билан суҳбатлашиб, ҳузур қилардим.
Ҳамон эсимда, Тошкент вилояти партия қўмитаси аппаратида матбуот, телевидение ва радио шуъбаси мудири лавозимига ишга тайинланганлигимда, ҳужжатлар, хизмат доирасига кирадиган вазифалар билан танишиб, бу ердаги мураккабликлар, муаммолар ечими юзасидан Тўғон акага маслаҳат солдим, режаларимни очиқладим.
Узоқ суҳбатлашдик, дунёнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқдик.
Суҳбатимиз ҳосиласи — Тошкент вилояти “Журналист маҳорати мактаби” ташкил қилиш гояси тугилди.
Салкам ярим аср аввал, 1974-йили ташкил топган, ўқув жараёни бир йил давомида ҳар ойда тўлиқ бир кун давомида назарий ва амалий машғулотлар ўтказиладиган махорат мактаби 10 йил узлуксиз фаолият кўрсатди. Унда пойтахт вилоятидаги ўнлаб вилоят, шаҳар, туман ва кўпнусхали газеталар таҳририятларининг юзлаб ижодий ходимлари, жойлардаги туман радиоэшиттиришлар таҳририятлари муҳаррирлари ўз касбий малакаларини оширдилар, қаламларини чархладилар. Мактаб тингловчилари таниқли олимлар, публицист ва санъаткорлар, халқ хўжалигининг номдор вакилу ташкилотчилари, замонанинг энг илғор ва машҳур кишилари маърузаларидан баҳраманд бўлишди, Республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари таҳририятларида касб сир-синоатларини янада чукуррок урганишди.
Мана, қўлимда бундан қирқ йил аввал, 1982-йил 22-апрель кунги машғулотлар режасидаги маърузачилари: вилоят раҳбарлари Aъло Хужаев, Мажид Қодиров, «Тошкент хакикати» газетаси бош мухаррири, Узбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят булими раиси Нўмонхон Насимов, тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаров …
Ўқишнинг дастлабки куниёқ улар вилоятнинг истиқболли режалари қатори профессор Тўғон Эрназаровнинг публицистика қонун-қоидаларига бағишланган маърузасини мароқ билан тинглаб, кетидан мамлакатнинг кекса, отахон нашрларидан бири “Тошкент ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррири Нўмонхон Насимовнинг махорат мактаби билан ошно бўлдилар.
Ўша куниёқ “Оҳангарон”, “Пахтакорлар овози” туман газеталари, Бўстонлиқ ва Чиноз туманлари радиоэшиттиришлар таҳририятлари фаолияти таҳлили билан уртоклашдилар.
Маҳорат мактаби фаолиятини ташкил этиш, унинг режаларини тузиш, машғулотларни сифатли ўтқазиш каби барча юмушларга катта тажриба соҳиблари, таниқли журналистлар Саъдулла Караматов, Борис Шатуновский, Рубен Сафаров, Соат Мусаев, Ефим Овруцкий, Холхужа Умаров, Ибрат Юсупов, Aкрам Тошкенбоев, журналистика назариётчи олимлари Воҳид Aбдуллаев, Феликс Нестеренко, Aнвар Шомақсудов, Aбдулла Сайфуддинов, Aлексей Петроченколар билан биргаликда Тўгон ака Эрназаров бош-қош бўлдилар.
Хуллас, Тўғон ака билан ҳамкорликда қилинган ишларимизнинг довруғи бутун мамлакатга ёйилди.
Эътиборлиси, ўша пайтдаги йирик давлат арбоби, буюк инсон Шароф Рашидов билан елкадошлик қилган Мирзамаҳмуд Мирзараҳмонович Мусахонов мактаб фаолиятига юксак баҳо бергани, унда соханинг таникли олими профессор Тўгон Эрназаровнинг улуши муносиб эканлигини эътироф этгани эди.
…Ҳаётим давомида орзу қилган кунларга ҳам етиб келдим. Раҳбарият мени ниҳоятда нуфузли ўқув юртига, Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясига ўқишга тавсия қилди. Москвада яшаш, сабоқ олишимни раҳматлик Падарибузрукворим ҳам жуда-жуда қаттиқ орзу қилгандилар…
Қувончимни Тўғон ака билан баҳамлашдим. У киши ёш болалардек суюниб у ерда фақат ўқиш эмас, илмий изланишлар олиб бориш учун хам имкониятлар бисёрлигини уқтирдилар….
Худди шундай бўлди ҳам. Ўқишни аъло баҳолар билан битириб, қизил диплом олишга, Москвада тарих фанлари номзоди илмий даражасини химоя килишга ҳам муваффақ бўлдим.
Меҳрибон устоз, комил инсон, содиқ дўст тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаров билан дастлабки учрашувимиздан буён 55 йил ўтибди. Устоз хаёт булганларида шу кунларда узларининг 100 ёшликларини нишонлаган булардилар…
У кишининг ёрқин хотираси ҳамиша ёдимда. Бугунги улуғ ёшимда ҳам устознинг саъй-ҳаракати билан ташкил топган Ўзбекистон Миллий Университетининг Журналистика факультетида бўлажак ижодкорларга сабоқ беришда, у кишининг панд-насиҳатлари, ўгитлари, яратган дарсликлари, китобларидан ханузгача унумли фойдаланиб келаман.
Шавкат МИРАЛИМОВ,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон Миллий Университети
Журналистика факультетининг доценти,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Сўнгги фикрлар