Шўх шогирдларнинг шодон ҳазил-ўйини
2013 йилда анча ёш эдик.
ЎзМУ Журналистика факультети кўп йиллар декан бўлиб, бу лавозимни ўша кезларда эндигина топширган Қудрат Эрназаров 63, унинг ўринбосари Рамзиддин Абдусатторов 55, доцент Шавкат Ибрагимов 56, камина 50, кафедра мудири Шерзодхон Қудратхўжа 38, Равшан Райимжонов 30, Раҳматилла Норбеков 41 ёшда эдик.
Кўз очиб-юмгунча роппа-роса ўн йил ўтиб кетибди.
Бу давр мобайнида ҳар биримиз қобилиятимиз, истеъдодимиз, саъй-ҳаракатларимизга ва энг муҳими – омадимизга яраша анча-мунча ютуқларга эришганимизга яраша шукр қиламиз.
Қудрат Эрназаров, Рамзиддин Абдусатторов, Шавкат Ибрагимов ва камина қадрдон Журфакда фаолиятимизни давом эттираяпмиз.
Тақдир тақозоси ила Шерзодхон Қудратхўжа ЖОКУ ректори, Равшан Райимжонов ўша даргоҳда декан лавозимларида, Раҳматилла Норбеков Чирчиқдаги пединститутда ишлаяпти.
Шу орада ҳам қанча шогирдларни камолга етказдик.
Буни қарангки, 2013 йили ўқишни тамомлаётган шогирдларимиз бизга бир ҳазил қилишган экан. Яъни, кўксиларига устозларининг исм-фамилияларини ёзиб олишиб, майдонда футбол ўйнашибди. (Андиша қилишиб, шу кунгача уни бизга кўрсатмай қўя қолишибди…)
Ниҳоят, бу юморга бой “фильм”ни ҳаяжон билан томоша қилдик.
Ҳақиқатан жуда самимий, беғубор ва жуда кулгили ҳазил…
Энг зўр образ – Шерзодхон Қудратхўжа роли бўлган назаримда. Уни ижро этган йигитга ўша устознинг шарафли йўлини тилаб қоламиз.
Иккинчи ўринга – Рамзиддин аканинг ролини қўйдик. Зарур хабар ва фавқулодда ҳолатларни телефон орқали ҳозиржавоблик билан ҳал этиши жуда жонли чиққан.
Бор-йўқлиги билинмай юрадиган Ибрагимов домланинг жиддий юриш-туриши-ю вазмин ҳаракатларини саҳналаштирган йигит тўртинчи ўринга муносиб, дегимиз келади.
Равшанжоннинг бўйи-бастига яраша ҳаракатлари, чекиб туришини ўхшатган йигит бешинчи ўринни эгаллади.
Декан ва Раҳматилла образларини олтинчи-еттинчи ўринларга қўйсак бўлади.
Сулаймонов ва Ҳикмат қоровул саккизинчи-тўққизинчи ўринларга муносиб.
Доим қора сумкача қўлтиқлаб юрган каминанинг образини мимикаларигача қойилмақом қилиб ижро этган йигитга эса тан бермай иложи йўқ. (У нечанчи ўринга лойиқлигини мухлислар айтгани маъқул). Ҳарқалай, ўн йил аввалги ўзимни катта кўзгуда кўргандек роса мириқиб кулдим.
Наздимда, ўн ёшга ёшариб қолгандекман.
Бу “фильм”ни яна 10-20-30 йиллардан кейин ҳам томоша қилиш қанчалик мароқли бўлишини тасаввур этиш қийинмас!.. Демак, ўлмас образлар яратган шогирдларга тасанно айтсак арзийди.
Биз шогирдлар ҳазилини шундоқ самимий қабул қилдик.
Бироқ, шогирд зоти устозларига бошқа ҳеч қачон ҳазил-ҳузул қилмаса, ундан яхшироқ бўлур эди…
Дониш домла
2023 йил 20 апрель
Сўнгги фикрлар