ЗОМИН ШАРШАРАСИ
Шеърият шайдоларига шеър завқи
Зомин шаршараси тоғдан азал-абад қуйиларму?
Зомин деган – кўм-кўк денгиз, тоғлар – соҳил бўйиларму?
Бир пайт Ҳамид Олимжону Зулфияни мафтун этган,
Ҳозир ёшлар тарафидан яна шундоқ суюларму?
“Соч эмас – бу шаршара!”,– деб ёзган Нурали Қобул ҳам,
Худди уни кўрган каби – ё бир менга туюларму?
“Баланд жар сол!” – деган каби тоғ ҳам зумда очқотади,
Дўмбиранинг қорни, ахир, айтинг, бежиз ўйиларму?
Камалак ҳар лаҳза меҳмон эмиш сувнинг тўзонида:
Тоғ бошидан отилган сув тош кувида туйиларму?
Ҳар кимга ёр ўзига хос омад ила сарафрозлик:
Дунёда ким бахтли кўпроқ – юксакларми, қуйиларму?
Тоғлар омон бўлсин доим, чўққисидан аримай оқ:
Тоғ бошида турмаса қор, ердан хирмон уюларму?
Юртим, ўзинг илҳомбахшим, ҳар фарзандинг шоир, бахшинг:
Йўқса, Тўлқин қаламидан шеъру ғазал қуйиларму?!.
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар