УЗЛАТ

Шеърият шайдоларига шеър завқи

photo_2023-07-16_23-30-24

УЗЛАТ

 

Болалигимда баъзи авлиёсифат шоирлар “Узлатга чекингани”, “Таркидунё қилгани” ҳақида ўқиб, бу саъй-ҳаракатлар туб моҳиятига ета олмасдим. Буни қарангки, олтмиш ёшнинг олтин онларида ўша туйғулар қалбимда жўш ураётир…

Мен ҳам “Узлатга чекингим” келгани ҳамоно қандайдир ҳузурбахш сатрлар ўзи қуйилиб кела бошлади…

 

Дунё кездим, дунё кезди мени ҳам,

Гоҳи терлаб-пишиб, гоҳида музлаб.

Бугун эшигимни биров чертгандай,

Очсам остонада турарди – Узлат…

 

Адашиб келдими, дедим ҳайрона,

Қўшни эшикларга мўлтираб боқдим.

“Довдираб нетасан! Ахир кўрмасман,

Эшигингни, узр, анча кеч қоқдим…”

 

Ичкарига кирди ижозатсиз у:

“Асл кимлигингни билмоқчи эдим.

Аммо сенда қандай ният борлигин,

Зоҳиран, ботинан кўрмоқчи эдим.

 

Узлат не, билолмас айрим бандалар,

Тўқсонда ҳам кўзи бежодан бежо.

Териси суякдан ажрай деса ҳам

Ичига шайтонни қилгандирлар жо…

 

Сен эса пайтида этакни йиғдинг,

Иғво гап-сўзларни тез айладинг тарк.

Биламан, сал бурун ҳаёт шохида

Жонинг эди мисли омонат бир барг.

 

Етиб келар бир кун узлат фурсати,

Инсон ёши муҳим эмасдир бунда.

Кўрсам, садақалар қилаётирсан,

Пойингда сажжода – беш маҳал кунда.

 

Бу ҳам муҳим эмас, тили – тоатда,

Хаёли нафси-ла бисёр машғуллар.

Биров белгиламас фалон соатда,

Фақат дуо билан ечилмас ғуллар.

 

Ният бутун бўлса, Оллоҳ ўзи ёр,

Эзгу тилакларни дуонгга жойлар.

Бу ёғида қолди озгина ғубор,

Саноқли ҳафталар, саноқли ойлар…”

 

Шу жойида сўз ҳам узилиб, йитди,

Нурли сиймодан нур ариди бироз.

Кўзимни очганда, уйғотган экан,

Қишлоғимда барвақт қичқирган хўроз.

 

… Шу-шу қайда юрсам, ул зотнинг сокин,

Шарпасин илғайман – жаноби Узлат.

Ул гўё дегандай:  “Шошилма сира,

Бир зум эҳтироснинг шиддатин музлат.

 

Салом бер ўзингдан кичикларга ҳам,

Бўйнингда айтилмай қолган саломлар.

Сенинг қўллашингга зор бўлганлар, ва,

Керак пайт айтилмай қолган каломлар.

 

Нафл қарзинг бордир кўп яхшиларга,

Бир туз ичган жойга бор умринг нафл.

Кейинга суришга қолмаган муддат,

Ҳатто азройил ҳам бўлолмас кафил.

 

Сени мусофирдек қабул айлаган,

Мана шу қадим ва навқирон Шошга.

Ўлгунингча таъзим қилсанг ҳам оздир,

Халқин чорла бир кун бир чўқим ошга!

 

Қанча дўст орттирдинг, қанчадир душман,

Булар бари умринг боғига безак!

Толеъ ёр бўлди-ю, дур тердинг мудом,

Мумкин эди даштда термоғинг тезак.

 

Қанча устозларнинг қабулгоҳлари,

Сени шогирд дея қилди мукаррам.

Ҳар кунинг Наврўзу, ҳар тунинг – Қадр,

Ҳар бир ўтган ойинг бўлди Муҳаррам.

 

Булар бари сенга нафили намоз,

Булар бари сенга қиёмат қарздир.

Энди бундан баён чекиниб узлат,

Эзгуликка қуллуқ қилсанг ҳам арзир…”

 

Узлат сабаб кўзга тиниқлик инди,

Яхшилик кўринар ҳар битта саъйда.

Шунданми, кўзимга аниқ кўринар,

Кечадан бугуннинг фарқидир қайда.

 

Инсон қадри ошди, камайди шумлик,

Ер усти метродан кезаман шаҳрим.

Сайёҳлар келади Амриқо, румлик,

Кундан-кун ошмоқда юртимдан фахрим!

 

Хомуш дўстлашолмас кайфичоқ билан,

Айқирган сув олмас залворли тошни.

Дилда умид бирла иштиёқ билан,

Ҳар тонг қарши олгум Бобо Қуёшни.

 

Тошкентимдан олис юрт пучмоғи ҳам,

Янги бир даврга мослашмоққа қасд.

Аммо, дунё экан доим бири кам,

Истиқлол ёвлари келаверсин паст.

 

Дейдилар ит ҳурар, ўтади карвон,

Юртим карвонида битта теваман:

Карвон етакчиси шавкатли сарбон,

Юртим сенга хизмат қилиб севаман!

 

Янги ҳаётимда борлиғим янги,

Хонақоҳлар кунжи эмас узлатим.

Ёш авлод ёнида баҳоли қудрат,

Ёрқин келажакни мен ҳам кўзладим.

 

Ғурбат-ғийбатларни қўйдим эшитмай,

Қулоғимга тушди темирдан парда.

Кимдир ҳақоратин ёғдирганда ҳам,

Аччиқма-аччиқ ҳеч қилмасман зарда.

 

Қалъа олинмагай доим жанг билан,

Кўпинча устундир ақл ила тоқат.

Камолот зуҳурдир маза, ранг билан,

Ғўрдан – ҳалво, сабр тагидир роҳат.

 

Ўзга хос чиройи, ифори билан,

Она Ер юзидан жой олган бўстон.

Ўнлаб довон ошди кузи, баҳори,

Дунё тургунча тур, ҳур Ўзбекистон!

 

Мен эсам узлатга чекиндим аста,

Дунё ташвишларин бир четга суриб.

Жойнамоз устида қарз адо бўлгач,

У дунё-бу дунё роҳатин кўриб…

 photo_2023-07-13_15-09-52

Тўлқин ЭШБЕК Иштихоний

 Иштихон ижод мактаби,

2023 йил 13 июль

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *