“ЧАЛА” ТЎЛҚИН…
Шеърият шайдоларига шеър завқи
Раҳматли отам Усмон Эшбековнинг касби ўқитувчи бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан 1944 йилда ногирон бўлиб қайтгач, Иштихон туманидаги Таллак қишлоғида янги мактаб қурилишида бош-қош бўлиб, сўнг ёш авлодга таълим-тарбия берган. Отам узоқ йиллар Самарқандда фаолият кўрсатган таниқли адиб ва давлат арбоби Шароф Рашидов билан ҳамсуҳбат бўлганлари ҳақида сўзлаб берарди. 1963 йили Шароф Рашидовнинг навбатдаги асари номи – “Қудратли тўлқин” эканидан хабар топгач, ҳавас билан ўша йили туғилган ўғли, яъни, менга Тўлқин дея исм қўйган экан. Шунинг учун ҳам уйимиздаги катта китоб жавонида турган ўша романни қизиқиш билан ўқиб, бир олам таассурот олганман. Ўсмирлик туйғулари ҳаётда мудом қудратли Тўлқин бўлишга ундарди. Умрим бўйи ўша иштиёқ билан яшашга интилганим сир эмас.
Не ҳолки, болалигимда дангасароқ бўлганимни ҳам тан оламан…
Кўп ишларни чала-чулпа қилганим боис энам шундай койирди: “Сени чала туғмаганман-ку! Нега ҳамма ишинг чала?!”
Бу танбеҳдан кейин, эҳтимол салгина “чалароқ” туғилгандирман, деган ўй кечарди кўнглимдан…
Очиғи, ҳозиргача кўп ишларим чала-чулпа…
Ён-атрофга боқсам, бири-биридан баттар чала ишлар кўп экан…
Бу кетишда қудратли Тўлқин бўла олармикинмиз, деган ўй тинчлик бермайди…
Қалбимда жўш урган ўша туйғулар ўз-ўзидан ярми ҳазил, ярми чин шеърий сатрларга уланиб кетди.
“Сенинг асл исминг “Тўлгин”дир, болам,
Чала туғилгансан, тўлгин деганман.
Акаларинг каби сафни тўлдириб,
Оилага дастёр бўлгин, деганман!”
Албатта онамнинг гапи ҳазилдир,
Тўққиз ой кўтарган қилмай сира кам.
Аммо “чала” сўзи ёдимга тушса,
Ғалати ҳолларга тушдим дамодам.
Йиллар ўтиб бу сўз ёдимдан чиқди,
Омадни қувладим гоҳ отлиқ, яёв.
Не ишлар қилмадим, бугун ўйласам
Юрагимга ваҳм тушар – бай-баёв…
Кўп ишларим чала қолиб кетмишдир,
Дўстга оқибатим думбилдан думбил.
Ерга қараганча ўтиб кетганман,
Ортимдан боққан не сочлари сумбул.
Баъзан устозларим меҳрин унутиб,
Элтар йўлларимни босган экан чим.
Баъзи ошналардан қўлни ювганман,
Ўзимча керилиб: “Мен киму, у ким?”
Ўзимга бир таскин излаган бўлиб,
Дейман: ахир дунё доим бири кам.
Шу ҳисобга секин қўшиб қўяман
Чала асфальтланган кўчаларни ҳам…
Хевоқ марказида дардимга малҳам
Каби калтаминор турар қўр тўкиб.
Қанча китобларим чала қолгандир,
“Дунё топармидим шуларни ўқиб…”
Не чала уйларнинг зарҳал пештоқи:
Ахир ёғиб келган қолган ишга қор.
Бошим узра кўкнинг серюлдуз тоқи
Улуғбекдан қолган чала экинзор.
“Қанча қонунларнинг ижроси чала?!”–
Дакки берар юксак минбардан раҳбар.
Лойиҳада йўллар нақ олти қатор,
Ҳаётда гўзаллар белидай камбар…
Олис ўтмишларга солганда назар
Чала қолган қанча ишни кўраман.
Битмай қолган девор таги емрилиб,
Бир-бир қулаётган ғиштни кўраман.
“Чала ишлар” боқий бўлиб қолмасин:
Ўзимиз табибу ўзимиз бемор.
Бугун келажакнинг пойдеворидир,
Ўзимиз қурувчи, ўзимиз меъмор.
Омонатлик руҳи йўқолсин бадар,
Шу ўлка биз учун бўлган-ку собит.
Ҳамсоя, ҳаммактаб, ҳамжўралармиз,
Тўй – ҳамқадаҳ бўлсак, аза – ҳамтобут.
Биров келиб бермас ишни битказиб,
Фармон ила ижро доҳилларимиз.
“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” –
Тўлқинлари ювсин соҳилларимиз!
Тўлқин ЭШБЕК – Иштихоний
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 16 июль
Сўнгги фикрлар