ЮКСАК БЎЛМОҒИ ШАРТ АДИБ ХАЁЛИ
Устоз адиб Пиримқул Қодиров хотирасига
Кўп қайта ўқирдим, завқланиб гаштдан:
Наздимда отамдан улкан жуссаси!
“Юлдузли тунлар”дан руҳимга инган
Бобур салобати, ишқи, ғуссаси…
Ўнгда мутоалаа, тушларим эса
Буткул банд айлаган адиб висоли.
Тенгмўйсалар қизлар ортидан чопар,
Мен дердим устоз-ла учрашсам ҳоли…
Ҳар гал ўқиганда чиқар янги гап:
Ўзни шоҳ санардим, гоҳи фуқаро…
Ахир алам қилар, Тошкентда яшаб,
Фақат учрашмоқлик сатрлар аро.
Талабалик тугаб, Тошкентда қолдим,
Қишлоғим томонга бормасдим ойлаб.
Турмушнинг минг битта ташвиши аро
Юрардим устознинг йўлини пойлаб.
Нечов фурсатлардан бирида охир
Устоз ила келдим шундоқ бақамти.
Тақдирдан нолиган милёнта ахир…
Йўқ, дўстлар, бўлмагай тақдирдек танти!
Ахтариб топишни қилгандим монда,
Аллоҳга минг шукр, муродга етдим:
Устоз менга қўлин узатган онда,
Бўйчан эканимдан уялиб кетдим.
Тиззалар букилар, яноғим – ёлқин:
Қишлоқ боласиман камтар, ҳаёли…
Устоз сезган каби, дедилар ўйчан:
“Юксак бўлмоғи шарт адиб хаёли…”
Шу зайл устозу-шогирдлик даври
Кечди турфа синов-синоатларда.
Устоз айтмай ибрат кўрсатар эди,
Ички маданият, қаноатларда.
…Мана неча йиллар устоздан айро,
Бир қадар фаолу, нотиқ, зиёли.
Эслайман ташвишлар бошим экканда:
“Юксак бўлмоғи шарт адиб хаёли…”
Кимдир тош отади шаънимга зимдан,
Бирор андиша, юз-хотирдан холи.
Минг раҳмат, ўргатган ул устозимдан:
“Юксак бўлмоғи шарт адиб хаёли!”
Юксак бўлсин инсон хаёли, шаъни,
Бўлса ҳам неча бир синоат содир.
Умри бошдан-охир ибрат маҳзани –
Шундай яшаб ўтди Пиримқул Қодир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Маънавият фидойиси
Сўнгги фикрлар