АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ МАНГУ МАЁҒИ
Ушбу мақоламизни кенг ёритган «Ўзбекистон Матбуоти»
журнали жамоасига самимий миннатдорчилик билдираман.
Бадиий асарлар китобхонлар эҳтиёжига қараб қайта-қайта чоп этилади, вақтли матбуотда ҳам бот-бот ёритилаверади. Бу жуда яхши, албатта. Бироқ, моҳиятан бадиий асарлардан кам бўлмаган, алалхусус, ўқувчи онгига кўпроқ таъсир этувчи публицистика, фельетон ва мақолаларни шу тариқа қайта ёритиш “зарурати” йўқдек бефарқ қаралади…
Баъзи “мавсумий” мақолаларни қайта-қайта ёритишга ҳожат йўқ. Бироқ, шундай публицистика, фельетон ва мақолалар борки, уларни турли давр авлодлари ҳам қанча кўп ўқиса, шунча кўп маънавий озиқ олаверади. Улар ўқувчини фикрлашга, тафаккур қилишга ундайди.
Гап шундаки, ўлмас бадиий асарлар яратган адибнинг оддий мақолалари ҳам шунга яраша залворли бўлади. Атоқли адиб Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, роман қувват билан қисса, қисса қуввати билан ҳикоя ёзган маъқул. Бу фикрни мантиқан давом эттирсак, қисса-ю ҳикоя қуввати ила битилган публицистика ва мақолалар ижтимоий-маънавий ҳаётимизда бадиий асарлардан кўпроқ ва муҳимроқ ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат йўқ.
Буюк адиб ва публицист Абдулла Қодирийнинг мақолаларини мутолаа қилганда шууримдан шундай ўйлар кечади. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, «Обид кетмон» қиссаси, «Тошпўлат тажанг нима дейди», «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан» сатирик ҳикоялари билан машҳур адиб аввало минглаб публицистик ва адабий-танқидий мақолалари билан журналистларнинг ҳам энг олдинги сафида юрганини ҳеч ким инкор эта олмайди, албатта. Шуни эътироф этиш жоизки, Абдулла Қодирий бугун ҳам журналистларнинг энг олдинги сафида турибди! Фақат, биз шуни кўрсата олсак бас, яъни, улуғ адибнинг замонамизга мос публицистикаси ва оддий хабарларигача вақтли нашрларимизда, ижтимоий тармоқларда қайта-қайта (ўрни келса, изоҳи билан) ёритиб бораверишимиз лозим. Шунда бу буюк истеъдод соҳибига журналистика майдонида бугун ҳам бўйлаша оладиганлар чиқиши амри маҳол экани кундек равшан бўлади-қолади.
Улуғ адибга XX-аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилиги асосчиси сифатида қарашга одатланиб қолганмиз. Ваҳоланки, у 1924 йилда Москвадаги Валерий Брюсов номидаги собиқ Иттифоқ давлат Журналистлар институтида таҳсил олган. Албатта, ўша давр таомилига кўра ёш истеъдод соҳиби Москвага қандай ҳужжатлар кўтариб борганини тасаввур этиш қийин эмас. Яъни, Тошкентда 1918 йилда ташкил топган Мусулмон Халқ дорилфунуни ва кейинчалик номи Туркистон халқ университети, Туркистон давлат университети, Ўрта Осиё давлат университети, Тошкент давлат университети ва ниҳоят, ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бўлган дорилфунундан “Йўлланма” олиб боргани аён ҳақиқатдир. Шу нуқтаи назардан Абдулла Қодирийни ЎзМУ Журналистика факультетининг фахри сифатида эъзозлаш ҳар томонлама ўринлидир.
Асли касби журналист бўлган Абдулла Қодирийнинг меҳнат фаолияти асосан таҳририятларда ўтган. Яъни, «Озиқ ишлари» газетаси муҳаррири (1919), «Муштум» журнали асосчиси ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923-26) бўлган публицист-адиб журналистлар учун ҳам улкан маҳорат мактабини яратиб кетган. Унинг матбуотдаги илк чиқиши 1913-1914 йилларга тўғри келади. Манбаларга кўра, унинг биринчи мақоласи 1914 йил 1 апрелда, “Садойи Туркистон” газетасида “Янги масжид ва мактаб” сарлавҳаси билан босилиб чиқади. Ёш ёзувчи илк ижодини кичик-кичик мақола, хабарлар ёзишдан бошлаган. Мақолалари ва асарлари вақтли матбуотда Жулқунбой, Жу-бой, Думбулбой, Думбулниса, Калвак Маҳзум, Тошпўлат тажанг, Овсар каби ўнлаб махфий имзолар билан босилиб туради.
Унинг қай бир мақоласини ўқиманг, ўша давр воқеликларига беихтиёр ошно бўла бошлайсиз. Айтайлик, «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида Абдулла Қодирий имзоси билан «Янги масжид ва мактаб» сарлавҳали хабар босилган. Шундан сўнг адибнинг юзлаб долзарб мавзулардаги мақолалари ва фельетонлари ўз навбатида бадиий асарларига пойдевор бўлиб хизмат қилганини нозик дид ила англаш мушкул эмас. Бу ноёб публицистикалари орқали адиб халқнинг ночор ва забун ҳоли ҳақида куюниб сўзлайди, миллатни уйғотишга даъват этади, фикрлашга чорлайди. Адибнинг публицистик чиқишлари аввало ўша даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг солномасидир.
Оташин публицистнинг матбуотда ёритилган ҳар бир мақоласи турфа давраларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Шулардан бири – 1926 йилда “Муштум” журналида чоп этилган “Йиғинди гаплар” мақоласидир. Айнан шу мақоласидаги “юқори раҳбарларга тегадиган қалтис гаплари”дан «қийиқ» топган бир ҳамкасби ундан усталик билан фойдаланиб, фитна уюштиради. Оқибатда адиб 1926 йили 8 март куни қамоққа олинади. “Абдулла Қодирий – Жулқунбойнинг 1926 йил 15-17 июнда бўлиб ўткан судда сўзлаган нутқи”да ўша мақоланинг моҳияти, сатирик жанр табиати, кулгининг типлари таҳлил қилиниб, ундаги мулоҳазалар “Овсар” тилидан фақат ишчи-деҳқон манфаати кузатилиб айтилгани”га, “ҳукумат кишиларига бўлган гаплар, ўртоқлик ҳазили” эканига урғу берилади. Фитначилар хусусида эса у шундай ёзади: “Аммо бир неча шахслар бу мақолани ўзларининг, билмадим, қандоғдир тарозуларига солиб, зарарлик топишлари эрса ғаразгўйлик, тирноқ остидан кир излашдан бошқа нарса эмасдир”. Адиб ўз ижодини, ўзи ёзган фикрларни, ўзининг ҳақлигини жасорат билан исбот этади ва айтадики: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “эҳ” дейдирган йигит эмасман”.
Бўлғуси журналистлар адибнинг аввало ўша мақоласини тўлиғича ва шу сатрларини қайта-қайта мутолаа қилган сари сўз бойлигини ҳис этадилар. Қай бир ҳолатда қандай муносабат билдириш одобини ўрганадилар. Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳам айрим жуналистлар устидан фитна уюштирадиган ғаразгўй кимсалар топилади. Жаҳолатга қарши маърифат ила курашиш йўли қандоқ бўлади, деган саволга ҳеч иккиланмасдан Абдулла Қодирийнинг тутган йўлини ибрат қилиб кўрсатсак арзийди. Кўриниб турибдики, улуғ адиб журналистика майдонида ҳам ўзининг бетакрор маҳорат мактабини яратиб кетган.
Замондошлари хотирлашича, Абдулла Қодирий ҳар қандай нарсага танқидий назар билан қарар, эски хурофотга қарши муросасиз курашар эди. Унинг ҳар бир сўзидан ҳажвий ифода анқиб турар, бу мухлисларда катта қизиқиш уйғотарди. Ғоят жасоратли, ўз сўзида устувор ва барқарор, ўткир сатирик публицистнинг заковати ҳар бир ёритилган хабару мақолаларида акс этиб турарди. Ким тўғрисида ёзадиган бўлса, худди ўша шахснинг бутун борлиғини ўқувчи кўз ўнгида гавдалантириб қўярди. Бунинг учун заковатли журналист доим одамлар орасида юришдан, қаҳрамонлари билан юзма-юз суҳбатлашишдан сира тортинмасди. Чунончи, муллалар билан ҳам, қиморвоз, беданавоз чапанилар билан ҳам, ўғрилар билан ҳам, эшонлар, муридлар, сўфилар, дарвешлар, қаландарлар билан ҳам, кўкнори ва бангилар билан ҳам суҳбатлашгани ҳақида мунаққидларнинг қатор мақолаларида атрофлича ёритилган. Адабиётшунослар эътироф этишларича, у бир мақола ёки ҳикояни ёзишга ўтирганда, ўшани ёзиб тугатмасдан ўтирган еридан туриб кетмас эди. Халқ унинг ёзган мақола, асарларини ғоятда севиб ўқир, асарлари босилиб чиқишини тўзимсизланиб кутиб туришар эди…
Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да бу сифатлар бугунги журналистларимиз учун ҳам ғоят керакли бўлган зарурий хислатлар эканини алоҳида таъкидламоқчимиз. “Муштум”нинг 1924 йилдаги 4-сонида Абдулла Қодирий сурати “Фельетонлар қироли Жулқунбой кулдириб йиғлатади, йиғлатиб кулдиради…” изоҳи билан босилиб чиқади.
Қодирийнинг ўзи эса фельетон, умуман ҳажвий танқидга шундай таъриф беради: “Турмуш бўйлаб учқучи бургутдир… ҳаёт шароитига ярамаган заиф, қизғанчиқ манфур, музир ва шунинг сингари унсурлар унга емдир”.
“Муштум”нинг 1923 йил 2-сонида Абдулла Қодирийнинг “Саломнома” номли ноодатий ёзилган материали чоп этилади. Мана ўша материалдан бир лавҳа:
“– Отга қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек маориф шўросига сало-о-ом!
– Ўзи четга буқиниб, шахсиятга тўқиниб, аллакимга чўқиниб – ўғри ушлаганга сало-о-ом!
– Кўринган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқ-у қора ҳам мулла – Туркистон уламоларига сало-о-ом!
– Бошларига соч қўйган, отларини ёш қўйган, фаҳш девни фош қилган думсизларимизга сало-о-ом!
– Москов бориб келибон, минглаб жойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон, халқ қайғусини емайин, мактаб очай демайин, эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган – Туркистон савдогарларига сало-о-ом!
Амма-холаси ҳаводор, айланай! Келин янгаси: Думбаниса”.
Хўш, бугун шундай “келин салом”га ўхшаш луқма ёзишга жазм қилган журналистлар учун мавзу камми? Жойларда шундоқ муаммолар йўқми?
Минг афсуски, муаммо деганлари исталганча топилади. Фақат, уни мана шундай маҳорат ила ёзадиган журъатли журналистлар кам… Бори ҳам эплаб ёзолмайди, гапни нишонга уришга ожизлик қилади. Сўзи қуруқ журналист мавзуни етарли даражада ёритиши ғоят мушкул. Бунинг учун у энг аввало Абдулла Қодирий даҳосининг ана шу маҳорат мактабидан сабоқ олмоғи жоиз эканини айтмоқчимиз, холос.
Абдулла Қодирийнинг нафақат адабий мероси, шу билан бир қаторда публицистика, мақола, фельетонларини ҳам илмий тадқиқ этиб, ижодий маҳоратини теран ўрганиб бориш, пировардида, унга издош бўлиш мақсадга мувофиқдир.
Ўтмишнинг қора кунлари ҳам унутилмайди. Абдулла Қодирий 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олиниб, 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликлардан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари билан бирга қатл этилган. Энг мудҳиши, у ҳибсга олингач, асарлари «зарарли» саналиб, ўтда ёқилди, кутубхоналардан йўқотилди, уларни ўқиш тақиқланган.
2019 йилнинг декабрь ойида халқимизнинг улуғ намояндаси, бетакрор сўз санъаткори Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланди. Юбилей муносабати билан пойтахтимиз Тошкентда жойлашган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, Самарқанд дарвоза маҳалласидаги адиб яшаб ижод этган хонадонда катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, замонавий музейлар, кутубхона, ижод мактаби, муаззам ҳайкаллар бунёд этилди.
Абдулла Қодирий уй-музейининг очилиш маросимида таниқли адиб Хайриддин Султонов таъкидлаганидек, 82 йил муқаддам мустабид тузум жаллодлари буюк адибимизни жисман қатл этиб, ўз қабиҳ ниятларига етгандек хотиржам бўлдилар. Уларнинг назарида Абдулла Қодирий халқимиз хотирасидан абадий ўчирилган эди. Лекин қанчалар маккор, устамон бўлмасин, бу қора кучлар янглишган эдилар: ҳар қандай қатағонларга қарамасдан, Қодирий тирик эди – у она халқининг қалбида, юрагида яшаётган эди ва ҳануз безавол яшамоқда. Ҳурматли Президентимиз кечаги учрашувда айтганидек, Абдулла Қодирий бугун Янги йил арафасида, декабрь ойининг мана шундай сўнгги кунларида, лекин чароғон ва мунаввар бир айёмда қалбларимизни қувонч ва армонга тўлдириб, яна ўз хонадонига қайтди.
Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари бўлган жадид боболаримизнинг ягона ва муқаддас аъмоли, орзу-маслаги Ватанимизни мустақил давлат, миллатимизни эркин ва озод халқ сифатида кўришдан иборат эди. Улар мана шундай оғир ва машаққатли йўлда мардона курашиб, беқиёс матонат, маънавий жасорат намунасини кўрсатдилар. Ўзларининг онгли умрини, бутун фаолиятини ана шу буюк мақсадга бағишладилар.
Бир умр миллат қайғуси, унинг дарду ташвиши билан нафас олган бу улуғ инсонлар ўз фаолиятларини бошлар эканлар, мудом икки ўт орасида яшадилар. Бир томондан, Чор ҳукумати айғоқчилари – чор охранкаси, иккинчи томондан, маҳаллий мутаассиб кучлар уларга қанчалар зулм ва зўравонлик, тазйиқ ўтказди, азиз бошларига не-не мусибатларни солди.
Ўша мудҳиш даврларда, айниқса, мустабид шўро тузуми йилларида Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда: “Жасорат биткан эди, тил кесилган эди… Юраклардаги бир оз умидни истисно қилғанда, бошқа нарсалар юлинуб-юлқинған эди”.
Ўтган асрнинг 17-йилида юз берган ўзгаришлар жадид боболаримиз қалбида бир муддат заиф умид уйғотган бўлса-да, улар ёмғирдан қочиб дўлга тутилганларини тез орада англаб етдилар.
Абдулла Қодирийнинг: “Дард кўп – давоси йўқ, ҳасрат узоқ – кечалар қисқа, манзил узоқ – роҳила оз, осмон узоқ – ер қаттиқ”, деган фарёд тўла сўзлари айни шу давр ҳақида айтилган эмасми?
Мана шундай ўта хавфли ва қалтис, деярли имконсиз замонларда ҳам улар имкон топишга интилдилар. Китоблар, газета-журналлар нашр этиш, театр ва мактаблар, кутубхоналар очиш, ёшларни, халқни жаҳолат ва ғафлат ботқоғидан қутқариб, илм-маърифат сари бошлаш учун бу инсонларга нақадар буюк куч, сабр-бардош ва матонат зарур бўлганини, очиғи, биз баъзан ҳатто тасаввур ҳам қилолмаймиз.
Ўзингиз ўйланг, қиличнинг дамидек кескир, оғир ва таҳликали шароитда ҳам ижод қилиш, ижод қилганда ҳам буюк мумтоз асарларни яратиш учун адиб қанчалар маънавий юксакликка кўтарилган бўлиши керак.
Маълумки, Абдулла Қодирий нафақат ўзбек юрти, балки бугунги Ўрта Осиё ва Қозоғистон давлатларини ўз ичига олган, Туркистон деб аталмиш мана шу бепоён минтақа адабиётида ҳам том маънода реалистик прозанинг тамал тошини қўйган, чексиз ҳаётбахш таъсир кучига эга бўлган ёзувчидир.
Юртимизда Абдулла Қодирий номи тўлиқ оқланиб, унинг асарларини оммалаштириш ва руҳини шод қилиш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилаётганидан барчамиз яхши хабардормиз.
Мустақиллигимизнинг илк йилларида улуғ адибимиз Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти, “Мустақиллик” ордени билан мукофотланди.
Мамлакатимизда Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланмоқда. Қутлуғ сана муносабати билан амалга оширилаётган бундай эзгу ва хайрли ишлар, айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига ташрифи жамиятимизда ҳақиқий маънода маънавият байрамига айланиб кетди.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик билан учрашувларидан бирида жуда муҳим бир фикрни билдириб, жумладан, шундай деган эди: “Агар ҳар бир халқ, ҳар бир давлат мустақил бўлмаса, бошқалар унинг нафақат деҳқонини, нафақат ишчисини, ҳаттоки шоиру олимини ҳам, давлат арбобини ҳам истаганча таҳқирлаши, инсоний шаънини тупроққа қориши мумкин экан. Биз яқин тарихимизда кечган аянчли воқеалар мисолида мустақиллигимизнинг аҳамияти ва моҳиятини, қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт”.
Бизни мозийга қайтиб иш кўришга, тарихдан тўғри хулоса чиқариб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, уни кўз қорачиғидай асраш ва эъзозлаш, керак бўлса, жонимизни бериб ҳимоя қилишга ўргатади.
Буюк адибнинг набираси Хондамир Қодирий жуда хайри ишга қўл урди. Буваси ва унинг замондошлари бўлган Чўлпон, Фитрат ва бошқа ижодкорлар ўша даврда ёзган бир туркум мақолаларни тўплаб, “Туркистонда очарчилик, қаҳатчилик, ют…” деб номланган салмоқли китобни нашрга тайёрлади. Уни 2021 йили “Янги аср авлоди” чоп этган.
Мазкур тўпламдан асосан қадимги Туркистон ўлкасида узоқ давр ҳукм сурган очарчилик, қаҳатчилик ҳамда ўтмишимизнинг қора кунларидан ҳикоя қилувчи мақолалар ўрин олган. Архив маълумотлари ота-боболаримиз чеккан заҳматлардан сўйлаётгандек маҳзун таассурот қолдиради. Уларни теран нигоҳ ила ўрганиш бугунги ёш ижодкорлар учун ўзига хос ижодий маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон Матбуоти» журнали, 2023 йил 31 июль, 2-3 сон, 92-96 бетлар
Сўнгги фикрлар