АДОВАТ УРУҒЛАРИ ҚАЧОНГАЧА?

Собиқ мустабид тузум жабрини кўрганлар юрт мустақиллиги

қанчалик улуғ ва бебаҳо неъмат эканлигини ўзгача ҳис этади.

photo_2023-11-15_13-49-47

1991 йилда собиқ СССР қулаётган пайтлари бугунгидек кўз олдимизда турибди. Унга бутун иттифоқ бўйича ҳеч ким ачинмаган эди!.. Билъакс, ўзини оқламаган тузум ҳақида юксак минбарлардан айтилаётган ҳар бир танқидий гаплар гулдурос давомли қарсаклар билан олқишланиб тургани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмаса керак…

Тарих саҳнасидан СССР деган ном ўчирилганига 33 йил бўлаяпти.

Шу ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ва бир нечта мустақил давлатлар росмана тараққиётга эришаётгани баайни ҳақиқатдир!

1990-1991 йиллардаги таҳликали замонлар билан бугунги дориломон давримизни мутлақо солиштириб бўлмайди… Ўша замондаги Ўзбекистон ва бугунги янги Ўзбекистон манзаралари орасидаги фарқлар осмон билан ерча, эҳтимолки, ундан ҳам каттароқ!

Биз бу бахтли-бахтиёр ҳаётимизни ҳеч нарсага алмаштирмаймиз!

Бир қитъа, бир маконда жойлашиб, умргузаронлик қилаётган Россия ва ва бошқа қардош республикалар билан аҳил дўст бўлиб яшаш ҳаёт тақозоси эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Фақат, давлатлараро дўстлик, ҳамкорлик деганлари – тенг ҳуқуқларга асосланган бўлмоғи лозим.

Шундай бир паллада кимлардир империяпарастлик талвасасига тушгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Россиянинг НТВ каналида намойиш этилган бир “ток-шоу”да россиялик “тарихчи” Михаил Смолин 1917 йилга қадар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейингина улар СССР номи билан пайдо бўлган, деган мазмунда сафсата сотгани кўпчиликни жунбушга келтираётгани бежиз эмас…

Жаҳон тарихида энг ёрқин саҳифалари ила оламни мафтун этаётган қадим Турон давлати ҳақида Михаил Смолин наҳот ҳеч нарса билмаса?! Ўзбек миллий давлатчилиги уч ярим минг йиллик тарихга эга эканлигини билмаган одам тарих илмидан йироқлигини кўрсатмайдими?

Ваҳоланки, қадимдан Мовароуннаҳр, Турон, Туркистон номи билан донг таратган давлатимиз, қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива каби ўнлаб кўҳна шаҳарларимиз, Заҳмаҳшарий, Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад ал Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Имом Бухорий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб улуғ сиймолар билан бутун жаҳон аҳли фахрланадилар-ку!

Наҳот бу фахр туйғусидан жаноб Михаил Смолин ва у каби «сиёсатдон» кимсалар бебаҳра бўлса?! Уларнинг бундай мафкуравий таҳдидларини том маънода “ахборот хуружи” деб аташ мумкин-ку…

Қизиқ, биз уларнинг пишагини пишт деяётганимиз йўқ-ку. Нега энди шунақа кимсалар бизга таҳдид қилишади? Нечун энди ўйламай-нетмай икки давлат дўстлик ришталарига завол етказишдан истиҳола қилмайдилар?

Икки давлат, икки халқ ўртасига сочилаётган бундай адоват уруғлари келажакка завол етказмайдими? Онги эндигина шаклланаётган ёшларга бу заҳар-заққум гаплар қандоқ таъсир қилишини наҳотки ўйлашмаса?! Ҳа, бу том маънода – келажакка отилган тош-ку…

Ортимизда қолаётган ёшлар қалбида бир-бирларига нисбатан дўстлик, биродарлик, қадрдон-қардошлик ришталарини мустаҳкам боғлаш ўрнига улар ўртасига ҳам адоват уруғини сочиб кетиш инсонийлик мезонларига тўғри келармикин?

Наҳот, умри поёнига ета бошлаган, жайдаричасига айтганда – тўридан гўри яқин ҳисобланган кекса ва катта авлодга мансуб баъзи замондошлар ўз фарзандлари, невара-чеваралари, миллат ёшлари тақдирини ўйламаса?!

Донишманд боболаримизнинг, “оғзингдан чиқаётган ҳар бир сўзинг яхшиликка, эзгуликка хизмат қилсин”, деган мазмундаги ҳикматига амал қилиш ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини Михаил Смолинга ўхшаганлар наҳот билмаса ёки идрок этмаса?!

Шу лаҳзада дилда кечаётган ўйларим шеърий сатрларга уланиб кетди:

 

Айланаман кенг юртимни айланаман,

Унинг янги иқболига шайланаман.

 

Анча юкни ҳис қиларман қайтар они:

Омон бўлсин энг аввало элим жони.

 

Юртга теккан бўлса кинна – олгум ўзга,

Бўлаётир кундан-кунга яқин кўзга!

 

Қадим-қадим нақлларда шундай сўз бор:

“Бу оламда яхши кўз бор, ёмон кўз бор!”

 

Биз ҳаммамиз яхши сўзнинг гадосимиз,

Дўстлик ила яхши кўзнинг адосимиз.

 

Аммо бордир бу дунёда ёмон кўзлар,

Улар тиккай қараганда олам бўзлар.

 

Оғир кунда бирор ёрдам беролмайди,

Яхши кунинг эса сира кўролмайди.

 

Темирни ҳам тешадиган суқи бордир,

Милтиғи йўқ, аммо тўнғиз ўқи бордир.

 

Кўз-кўз қилиб юрар қилча иллатингни,

Лойга қориб ташласам дер миллатингни…

 

Байрамингда қатнашса ҳам бўлиб меҳмон,

Минғирлашдан уйиб қўяр тоғдек тахмон.

 

Не бўлса ҳам биз уларни айланамиз,

Жонни поёндоз қилгудек шайланамиз.

 

Бизга тегсин ўша темиртешар суқи,

Милтиғини тополмасин тўнғиз ўқи.

 

Ой ҳам Ерни айлангани-айлангандир,

Бир-бирига улар ипсиз бойлангандир.

 

Бизлар ватан меҳри ила бойланганмиз,

Юртнинг темир қўрғонига айланганмиз.

 

Айланайин юртим энинг-бўйларингдан,

Наврўзингдан, мустақиллик тўйларингдан.

 

Хирмондаги ҳосилингдан – тўлиб-тошган,

Донғларингдан айланайин, сарҳад ошган.

 

Биз – чечакмиз, ўзинг тенгсиз боғу бўстон,

Айланамиз сендан – Она-Ўзбекистон.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Маънавият фидойиси

2024 йил 24 январь

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *