ОИЛА

Шеърият шайдоларига

IMG_20230715_180214

Менгзасак оламни чоғроқ бир хона,

Унинг ой, қуёши отаю она!

Ҳар қандай ишқ-вафо ғараз қурбони,

Улар муҳаббати ҳеч бебаҳона!

Оналар этаги – мисли кошона,

Оталар елкаси – тахти шоҳона!

Азалдан оила борлиғи шулдир:

Фарзанд – шам, отаю она – парвона.

Ота-она – жонон, фарзанди жондир,

Қай бири шириндир – жонми, жонона?!

Бола дермиш: “Олам!”, улар дер: “Болам!”,

Азалнинг ишига бўлма ҳайрона…

Ажал водийсига йўл олса карвон,

Бўта қолиб кетса не ғам карвона?

Қалбаки бўлмоғи мумкиндир тилло,

Ота-она меҳри чиндир росмона!

Ота-она болам дея папалаб,

Ерга тенг бўлгайлар, отиб осмона.

Фарзанд учун кўкдан юлдузни узган,

Урай деса қўли етмас гаврона.

Дунёнинг базмига бўлма маҳлиё:

Ота-онанг сенга давру даврона!

Улардан айрилсанг сабр қил, илло,

Бор бўлса айтавер беҳад шукрона!

 

Тўлқин ЭШБЕК

2024 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *