ЭЗГУЛИК ВА ЁВУЗЛИК

“Дўстликсиз чегара бузилиши мумкин,

Аммо чегарасиз дўстлик бузилмас!”

Асқад Мухтор

 e77f7f1bc5d48442e5cb4

Тун ва тонг сарҳади билинмас аниқ,

Бир қушча чурқ этар – ёришгай саҳар!

Ҳаётнинг жомида, айтгил эй дўстим,

Қайси бири кўпроқ – шакарми, заҳар?

 

Илтифотга тўла юзлардан топиб,

Бўладими чину сохта изларни.

Туғилгандан токи ўлгунимизча,

Сарҳад муаммоси қийнар бизларни.

 

Ҳатто муҳаббат ҳам чеклайди бизни,

Сал кўпроқ мақтасанг лофчи бўларсан.

Кеккайиб, айбингга сўрмасанг узр,

Кейин тириклайин кўп бор ўларсан.

 

Икки қалб тил топган кўҳна очунда,

Не халқлар хусумат, гинага банди.

Икки дўст орасини бузмоқ ҳунарин,

Баъзида шайтон ҳам биздан ўрганди…

 

Яхши ила ёмон яшар ёнма-ён,

Эзгулик, ёвузлик дармиён қўшни.

«Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим»,

Алдамоқ осондир иймони бўшни.

 

Ўзингга тиласанг неки омонлик,

Ўзгага икки бор тила ортиғин.

Тош отганга ошат, қилма ёмонлик,

Яратган аямас сендан тортиғин.

 

Бировга ёмонлик тиламоқ фикри,

Ўйингдан ўн йиғоч турсин нарида.

То умр берибди сенга худойим,

Қойим тур яхшилик сарҳадларида.

 

Тўлқин ЭШБЕК

2024 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *