Худойберди Тўхтабоевга «ёқмаган» мақолам
“Сариқ девни миниб” романидаги Ҳошимжонга ўхшаганларни ҳаётда
тўғри йўлга солиш Дониш Домла учун мураббийлик бурчидир…
Суратда: (чапдан) Тўлқин Ҳайит, Тўлқин Эшбек, Худойберди Тўхтабоев, Муҳаммад Али. 2019 йил, май.
Суратда: (чапдан) Тўлқин Эшбек, Абдуғафур Расулов, Худойберди Тўхтабоев, Пиримқул Қодиров. 2010 йил, июль.
Қалби офтоб, меҳри дарё Абдуғафур домламиз хонадонига меҳмон бўлиб келишган улуғ адиблар Пиримқул Қодиров ва Худойберди Тўхтабоевга тўнлар кийгизиб, таниқли олима Суюма Ғаниева, профессор Ҳамидулла Болтабоев ва каминага кўйлаклар инъом этгандилар.
***
ХУДОЙБЕРДИ ТЎХТАБОЕВГА «ЁҚМАГАН» МАҚОЛАМ
ҲОШИМЖОННИНГ ҲАМТОВОҒИ
Ҳошимжонни танийсиз-а? Севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоев собиқ шўро даврида кифтини келтириб тасвирлаган бир хаёлпараст бола-да! “Сариқ девни миниб” китобини ўқисангиз, яна кўз олдингизда қайта жонлангандек бўлиши шубҳасиз. Ёдингизда бўлса, Ҳошимжоннинг кўп ишга қодир сеҳрли қалпоғи бўларди. Ҳатто, агроном бўлишни истайман, деса, чўнтагида тайёр диплом пайдо бўлиб қолаверади. Иннайкейин-чи? Ғўзага тушган ҳашорат кўз кўриб, қулоқ эшитмаган “усул”да йўқотилади. Яъни, у хивич билан баргларни савалашни буюради…
Асар қаҳрамони ўша давр одами. У пайтлар олий ўқув юртидан шу зайлда диплом олишнинг имкони бор эди-да. Яъни, қандайдир “сеҳрли йўл” бўлиб, номи “таниш-билишчилик” дейиларди. Баъзи “колхоз” раислари ва шунга ўхшаш амалдорларнинг арзандалари билими ҳаминқадар бўлишига қарамай мактабни “олтин медаль” билан тамомларди. Биринчи адолатсизлик шундан бошланарди. Чунки, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бунақа нишон кўп жойларда мўмайгина пулга сотиларди. Арзанданинг отаси сохта обрў учун олиб бермасди уни. Институтга битта имтиҳон билан киргизишга қулайроқ йўли шу бўлгач…
Тўғри, ўша кезларда институтга қанча билан кириш ҳақида гоҳ пинҳона, гоҳо ошкора гаплар қулоққа чалинган. Бироқ, ҳар қандай жамиятда ҳам оқ билан қора, яхши ва ёмон, эзгулик ва бахиллик ўртасида кураш давом этган. Инчунун, ўша даврда ҳамма бирдек виждонсиз, таъмагир, порахўр бўлган, дейиш ноўрин. Билъакс, шунақа унсурларга қарши беаёв курашадиган виждонли инсонлар ҳам кўп бўлган! “Сариқ девни миниб”дан анча илгари яратилган севимли ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романида ҳам бир олий ўқув юртидаги ўзаро ички курашлар ёрқин акс эттирилган. Софдил зиёлиларнинг нопок кимсаларга қарши кураши бадиий лавҳаларда ҳаққоний тасвирланган!.. Билими ҳаминқадар бола тўртта имтиҳон топширишда қийналиши, ҳақиқат учун курашаётган айрим кишилар ғазабига учраб қолиши ҳеч гап эмасди. Иш ими-жимида битиши учун энг қулай йўли – “олтин медаль” билан битта имтиҳонда ҳал этиш эди! Унақалар талабалик даврида ўқиш, илм олишни ҳам “қойиллатишар” эди. Маошига зўрға кун кечирадиган домлаларни порахўрлик гирдобига тортардилар…
Ундан ҳам даҳшатлироғини кейин кўрардингиз. Институтдан амаллаб диплом олган шоввоз тағин отасининг “кучи” билан ишга кирар, амал пиллапояларидан юқориларди. Бора-бора унинг номи – “Юқори” бўларди-қоларди. Бирор гап бўлса, “Юқорининг кўрсатмаси” деган гап рўкач қилинаверарди. Ҳатто, ғўзанинг баргини савала, деса ҳам…
Бадиий асар – мисоли кўзгу! Унда ҳаётнинг асл аксини кўрасиз! Улкан истеъдод соҳиби Худойберди Тўхтабоев яратган ўша “образ” орқали собиқ шўро даври фожеаларини яна бир бора ҳис этгандек бўламиз. Хўш, бугунги замондошларимиз учун бу янгиликми? Шунақа хомхаёллар ҳозир йўқми? Таассуфки…
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида авж олган носоғлом муҳитда онги шаклланган, ўсиб-улғайган тенгдошларимиз орасида ўша Ҳошимжонга ўхшаганлар ҳам афсуски йўқ эмасди. Алалхусус, турли нопок йўллар билан мактабдан “олтин медаль” олиб, шу йўсинда олий ўқув юртларига кирган, бир амаллаб диплом олганча “катта одам”га айланган айрим кимсалар ҳозир ҳам “фаолиятининг авжи палласида…” десам ошириворган бўлмасман-ов… Улар ёши, сумбату салобатига яраша амал талашишдан тоймайдилар. Бу йўлда турли нопок йўллардан қайтмайдилар. Қон билан киргани жон билан чиқмагунича тинчимайдилар…
Иш билгунча гап бил, деган беўхшов гап ўша кезларда пайдо бўлгандир эҳтимол. Яъни, касб-кор, мутахассисликдан кўра жамиятни зарпечак мисол қамраб олган “олди-берди” қилишга устаси фарангларнинг ошиғи олчи эди. “Ғўзанинг баргини савала…” дейдиган нодонлар қандайдир амал отининг устида бўларди.
Ундоқ кимсаларни деарли барча соҳаларда учратиш мумкин эди. Шу сабаб, ўша жамият таназзулга юз тутди. Қишлоқ хўжалиги издан чиқди, экин майдонлари – ер, тупроқ яроқсиз ҳолга тушди. Чорвачилик фермаси шўрига шўрва тўкилди. Филдан қолишмас соғин сигирлар, баҳайбат ҳўкизлар қаёққа гумдон бўлганини кўз илғамай қолди?! Собиқ иттифоқ пароканда бўлаётган кезларда “колхоз” мулкини ўша амалдорлар роса хомталаш қилдилар. Ёшини яшаб бўлаётган дарахтлар ёнида янги боғлар барпо этиш зарурлигини улар ўйламадилар. Сув исрофгарчилиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Оролнинг қуриб битишида ҳам Ҳошимжоннинг ошнолари қанчалик ҳисса қўшганини сўз билан ифода этиш қийин. Ишлаб чиқариш соҳаларидаги кўзбўямачилик, ўзибўларчиликлар ҳақида айтиб адоғига етмайсан. Тиббиёт, таълим ва ижтимоий соҳалардаги аҳвол қай даражага бориб етгани ҳақида айтишга тил ожизлик қилади… Яхшиямки, толеимизда МУСТАҚИЛЛИК бор экан!.. Ўша салбий ҳолатларнинг олдини олишга фақат ва фақат юртимиз мустақиллиги имкон яратди!
Таассуф, Ҳошимжонга ўхшаганлар ҳам яшовчан бўларкан. Усталик билан тўнини ўзгартириб оларкан. Улар собиқ шўро даврининг сўнгги йилларида “дипломли” бўлишган. Замона зайли ила шунақа “тараққиёт тўғаноқлари” керакли баҳосини ҳам олдилар. Уларнинг номи сиёсий тилда – консерватор, меҳнат жамоасида – бюрократ, илмдонлар наздида – “тўнка”, журналистлар таъбири билан айтганда – эски тузумни қўмсаб юрган бандалар…
Юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларида, ўтиш даври сермашаққат довонларида унақалар анча-мунча ҳунар кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Натижада, айрим ишбилармон деҳқонлар ўз ҳақ-ҳуқуқларига эришишда озми-кўпми қийинчиликларга дучор бўлишгани сир эмас. Баъзи тадбиркорлар учун ўзларини ўнглаб олиш осон кечмади. Бир нарсага амин бўлдикки, отинг ўчгур “шўро даври” чиндан ҳам бўлмағур экан. “Умумхалқ мулки” дейилган бойликлар нечоғли омонатлигини ҳаёт исботлади.
Истиқлол бойликларимизга ўзимиз хўжайин бўлиш ҳуқуқини берди! Буни тўғри тушунмоқ, қалбдан ҳис этмоқ ва қадрига етмоқ лозим! Ҳошимжонинг ошнолари ҳоли не кечди, дейсизми? Замон уларга боқмагач, ўзлари замонга боқишга мажбур бўладилар. Ўзга иложлари ҳам йўқ!
Ҳар кимки ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас бирор муаллим, деганлари баайни ҳақиқат. Ҳаётдан тўғри хулоса чиқариб яшаганлар ҳеч қачон ютқазмаскан. Ҳошимжонга замондош бўлиб, ғирромлик кўчасини чангитиб яшаганлар аста-секин кексаймоқда. Паймонаси тўлганлар бирин-кетин йўқлик сандиғига кириб кетмоқда. Тириклик дунёсининг қатъий қонуни шу! Ўтганлар ўрнини дунёга янги келганлар, кексалар ўрнини эса ёшлар эгаллайвераркан. Азиз авлодларига ўзларидан озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қолдириш туйғуси соғлом фикрли кишиларнинг асл мақсад-муддаоси бўлиб қоларкан. Замон чиғириғидан ўтган кўплаб ибратли ишлар бебаҳо меросга айланаркан. Фақат… ҳу бир замонлар “образи” яратилган Ҳошимжонга ўхшаб сохта билим “соҳиби” бўлиш иллати суяк сурмаса бўлгани!..
Истиқлол фарзандлари дунёвий илмларга эга бўлишаётгани кўнглимизда умид куртакларини барқ урдираётир. Бу кун таълим соҳасидаги ислоҳотлар қай даражада самара бераётганини кўриб турибмиз. Юзлаб иқтидорли ўғил-қизларимиз ривожланган давлатларга боришиб, дунёвий билимларни эгаллаб қайтишаётир. Буларнинг самарасини эса келажак кўрсатади, албатта. Ўтган ўн йилликда шунчалик тараққиётга эришган эканмиз, мустақиллик ёғдусида яна қанчадан-қанча эзгу ниятларимиз амалга ошишидан умидвормиз.
Ишқилиб, Ҳошимжонга ўхшаган хомхаёллар ҳам замонасига қараб “ўтмиш” бўлиб қолсин-да, а, лаббай?
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Туркистон” газетаси, 2004 йил 11 август.
Азиз ўқувчиларимизда: «Худойберди Тўхтабоевга бу мақоланинг нимаси ёқмади экан?» деган савол туғилиши табиий. Бу саволга кейинга суҳбатимизда батафсилроқ жавоб ёзамиз, чунки, ўша воқеанинг ўзи эсдан чиқмайдиган зўр мавзу, дейди Дониш домла.
Sayt juda qiziqarli
Ажойиб ёзувчилар Пиримкул Кодиров ва Худойберди Тўхтабоевнинг романларини ўкиб катта маънавий сабок олганман. Барча тенгдошларимни шундай китоблар ўкишга даъват этаман.