Меҳрга пайваста ижод

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировни хотирлаб…

п9

Ўтган асрнинг ўрталаридан то бугунгача ўтган давр ўзбек адабиётини севимли адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ижодисиз тасаввур этиш қийин. Ёш адибнинг “Студентлар” деган биринчи китоби 1950 йилда нашр этилганидаёқ Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия каби устозлари эътиборини қозонганди. Адабиёт ихлосмандлари шахсий кутубхоналаридан роппа-роса арим аср илгари – 1958 йилда илк бора чоп этилган “Уч илдиз” романи ўрин олганди. Шундан сўнг, “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977),“Юлдузли тунлар” (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (2000) романлари ҳам китобхонларнинг маънавий мулкига айланган. Адибнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Акромнинг саргузаштлари” каби қиссалари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Бу асарлар турли даврларда бир неча бор нашр қилиниб, ўз мухлисларининг эътиборини қозонгани баайни ҳақиқат.

Устоз асарларини қанчалик мароқ билан ўқисангиз, ўзларининг суҳбатидан ҳам шунча маънавий завқ оласиз. Меҳрга пайваста асарлари ила қалбингизни ром айлаган адиб меҳригиёсидан баҳраманд бўлишнинг ўзи катта бахт, дегим келади. Адабиёт бўстонида шундай салмоқли ўрнига эга бўлган отахон адибимиз саксонинчи баҳорини қаршилаётгани муносабати билан у кишининг ҳузурига йўл олдим.

Метронинг “Косманавтлар бекати”дан чиқиб, икки четида қалин дарахтлар саф тортиб турган йўлакдан Бўзсув томон юрдим. Кўприкка етмасдан чапга бурилиб, тўғридаги уй томон одимладим. Атрофи бежирим девор билан ўралган тўрт қаватли уй ва унинг кўм-кўк ҳовлиси Дўрмондаги Ёзувчилар боғини эслатади. Кўк рангга бўялган дарвозасидан кирганингиз ҳамоно анвойи гулларнинг муаттар бўйидан сармаст бўласиз. Қўлигул кишилар мўъжаз ҳовлини биҳиштдек қилиб қўйишган. Девор ортидаги улкан дарахтлар ва сал нарида сокин оқиб ўтадиган Бўзсув нақадар ажойиб манзара кашф этган. Гўё сержило табиат қўйнида барпо этилган бу гўшанинг тоза ва майин ҳавоси ҳам кишига ҳузур бахш этади.

Тўрт қаватли уйнинг биринчи йўлагидан иккинчи қаватга кўтарилгач, ўнг тарафдаги ёғоч эшик қўнғироғини босдим. Ичкаридан уй бекасининг “ҳозир” деган майин товуши эшитилди. Ҳаял ўтмай эшик очилиб, София опамизнинг нурли чеҳраси кўринди. Миллионлаб китобхонларни ҳаяжонга солган “Уч илдиз” романидаги Гавҳар ва Замира тимсоли бўлган бу муҳтарама онахонимиз умри бўйи устоз билан ижод машаққатларини теппа-тенг тортиб келаётгани ўзи бир тарих, дегим келади…

Шу пайт бошиларидаги дўпписи жуда ярашган отахон адиб вазмин қадамлар ила ижодхонасидан чиқиб келди. Ўзининг талабалик йилларидаги жўшқин ҳаётини ўша романдаги Маҳкам ва Очил сиймолари орқали жуда қизиқарли тасвирлаган устоз адибга ҳар гал ҳавас ва эҳтиром ила боқаман.

Тарихий романлар битилган мўъжазгина хона тўрида тарихимиздаги энг ёрқин сиймолардан бири – Бобур Мирзонинг улкан сурати гўё нур таратиб тургандек. Жавонда дунёвий адабиётлар билан билан бир қаторда хонадон соҳибининг китоблари ҳам чиройли қилиб терилган. Устоз қаламига мансуб айрим асарлар турли тилларга таржима қилиниб, қатор давлатларда нашр этилган. Жумладан, “Юлдузли тунлар” романининг Бангладеш ва Туркияда чоп этилган нусхалари бадиий безатилиши биланоқ эътиборингизни тортади. Демак, айни дамда ҳам минглаб хорижликлар ҳам ўша китобларни ўз тилларида мутолаа қилишаётганини тасаввур этишнинг ўзи мароқли!

Салом-аликдан сўнг суҳбат асносида устознинг ҳаётида юз берган муҳим воқеаларни қоғозга тушура бошладим.

– Ёшлик йилларимиз иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган,– дея суҳбатни давом эттирди Пиримқул ака.– Биз, 14-16 ёшли ўсмир болалар фронтга кетган катталар ўрнига қолиб, қийналган дамларимиз ёдимиздан чиқмайди. Ўшанда ўзим туғилган Кенгкўл қишлоғида қўш ҳайдаганман, ўроқ ўрганман, хирмон янчганман, йилқичилик қилганман, тоғларда қўй боққанман. Машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирган буғдой ҳосилларимизни тайёрлов бўлимларига олиб бориб, фронт учун топшириб юборардик, ўзимиз эса қишда ярим оч қолардик. Шу боис қишлоқда яшаш жуда қийин бўлиб кетгач, 1944 йилда Бекободга келиб, металлургия заводи қурилишининг радиоузелида мухбирлик қилганман. Мактабимиз бинолари госпиталга айлантирилган эди. Ўқитувларимиз урушга кетган. Натижада ўрта маълумот олиш муаммога айланган, бусиз олий ўқув юртига кириб бўлмасди. Шуларни ҳисобга олиб, тайёрлов бўлимлари очилганди. 10-синфни битира олмаган ёшларнинг 7-8 синф маълумоти бўлса, экстерн тарзида бир йил давомида 2-3 йиллик билимни олиб, имтиҳон топшириб, университетга киришар эди.

Уруш тугаганидан кейин ўқишга бўлган иштиёқ Тошкентга етаклади. ЎзМУ ўша даврда Ўрта Осиё давлат университети деб аталар, унинг биноси ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнида (айни пайтда Юридик институти) жойлашган эди. Мен ҳам тайёрлов бўлимини битирган пайтларимда шеърлар ёзиб, адабий машқлар қилиб юрардим. Шарқшунослик факультетига кириб, тарих бўлимида ўқишни давом эттирдим. 1945-1946 йилларда университетда ҳаёт жуда оғир эди…

Талабалик йиллари университет мен учун катта адабиёт эшигини очиб берган. Ўша дамлардан илҳомланиб ёзган “Уч илдиз” романида устозларим ва тенгдошларим ҳаётини, уларнинг орзу-умидлари ва руҳий оламини тасвирлашга интилганман. Асарнинг асосий қаҳрамонлари – бизнинг авлодга мансуб ёшлар, аниқроғи, шу университетимиз талабалари эди! Адолатпарвар, инсонпарвар руҳда ҳаётга кириб келаётган ёш зиёлиларни қўлимдан келганча ўзимизнинг авлод орқали кўрсатишга ҳаракат қилганман. «Уч илдиз» номининг замирида учта маънавий илдиз ётибди: пухта билим олиш; инсонийлик – одамийлик касб этиш; шахсий ҳаётда камолотга эришиш, муҳаббатга асосланган оила қуриш. Асардаги Маҳкам ва Очил образлари орқали ўзимнинг ҳаётга қарашларим, орзу-умидлар, интилишларим ўз ифодасини топган бўлса, Гавҳар ва Замира образларида менга бахт ато этган умр йўлдошим Софияхоннинг сиймоси акс этган…

Устознинг дил сўзларини қоғозга тушурар эканман, машҳур романдаги воқеалар яна бир бора кўз ўнгимда жонланди. Адиб уни қандой меҳр ила ёзган бўлса, ярим асрдирки, унинг мухлислари шундай ихлос билан мутолаа қилмоқдалар. Наздимда, ёзувчининг энг катта ютуғи, таъбир жоиз бўлса – бахти ҳам шу бўлса керак.

Юртимиз истиқлоли шарофати билан эл севган адибнинг қатор асарлари қайта нашр этилаётир. 2007 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан қисса, ҳикоялар, эсдаликлардан иборат “Қадрим” деб номланган тўплам нашр этилган бўлса, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти бу йил адибнинг танланган асарларини чоп эта бошлади. Яқинда шу танланган асарлар тўпламининг 1-жилди китобхонлар қўлига тегди. Ундан “Қора кўзлар” романи ва “Эрк” қиссаси ўрин олган. Навбатдаги жилдларга машҳур “Уч илдиз”, “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, “Олмос камар” романлари ва қатор қиссалари киритилиши режалаштирилган.

Булардан ташқари севимли ёзувчимиз истиқлол нашидасидан янада илҳомланиб қатор янги асарлар ҳам яратди. Жумладан, 2001 йилда адибнинг бирйўла иккита китоби нашр этилди. “Маънавият” нашриёти долзарб мавзуларга бағишланган бадиалар, ўйлар, эсдаликлардан иборат “Қалб кўзлари” тўпламини, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти “Она лочин видоси” тарихий романини китобхонларга тортиқ қилди. 2005 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида Темурийлар давридаги мумтоз адабий тилимиз муаммоларига бағишланган “Тил ва эл” илмий бадиаси дид билан безатилган чиройли муқовада чоп этилгани кўпчиликка манзур бўлди. 2007 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Амир Темур сиймоси” илмий бадиаси ҳам кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Адабиётшунос олимлар “Амир Темур сиймоси” илмий бадиасини юксак бадиий асар даражасидаги тарихий ҳужжатли роман сифатида эътироф этганлари эътиборга моликдир. Маълумки, Амир Темур сиймоси асрлар оша авлодларда катта қизиқиш уйғотиб келган. Бу улуғ сиймо ҳақида жаҳондаги қатор мамлакатларда турли даврларда юзлаб асарлар яратилган. Ушбу илмий бадиада эса Соҳибқирон сиймоси аниқ илмий манбаларга таянган ҳолда тадқиқ этилиши баробарида айрим китоблардаги чалкашликларга ҳам танқидий муносабат бидирилади.

Юртимиз шарофати билан Соҳибқирон бобомизнинг муборак номлари чинакам қадр топмоқда. Шаҳрисабзда, Самарқандда, Тошкентда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. «Амир Темур сиймоси»ни шу ҳайкаллар янглиғ маҳобатли асар деб таърифласа арзийди. Асарда юксак бадиий лавҳаларда акс этган ғаройиб воқеа-ҳодисалар илмий асосланган ҳолда талқин этилгани боис «илмий бадиа» деб номланган бу китоб асли адабиёт ишқибозлари учун чиндан ҳам ажойиб романдир. Ўқувчи уни зўр иштиёқ ва ҳаяжон билан мутолаа қиларкан, кўз ўнгида аввало буюк Амир Темурнинг улуғвор сиймоси гавдаланади. Соҳибқироннинг замондошлари, ўғиллари ва бошқа тарихий шахслар жонли образларга айланади. Не-не тақдирлар, турфа характерлар, ҳаётда учрайдиган зиддиятлар ва уларнинг ечимлари китобхонни ҳаяжонга солади.

Соҳибқироннинг 660 йиллиги нафақат унинг туғилиб ўсган диёри – Ўзбекистонда, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи бўлмиш ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида юксак эҳтиром билан нишонлангани чинакам тарихий воқеадир. Бу ҳақда тўлқинланиб сўз юритган адиб: «Амир Темурга нисбатан тарихий адолатни тиклашда бош ташаббускор ва ташкилотчи бўлган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Соҳибқироннинг фаолиятидаги устувор йўналиш фақат жаҳонгирлик ва фотиҳлик эмас, балки она ватанни мустамлака зулмидан қутқариш, истиқлол ва адолатни қарор топтириш бўлгани ҳақида» билдирган муҳим фикрларига алоҳида эътибор қаратган.

Адиб ва олим Пиримқул Қодиров мазкур илмий бадиасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид фактларга теран илмий нуқтаи назардан ёндашади. Тарих осмонида мангу нур таратиб турган улуғ сиймо ҳақида турли даврларда тарихчилар ва тадқиқотчилар томонидан жуда кўп холис фикрлар ёзилганини эҳтиром билан тилга олади. Айтайлик, Амир Темурнинг ўз ота-онасига меҳру оқибати машҳур Оқсарой тимсолида кўринишини, испан элчиси Клавихонинг китобида ёзилишича «Амир Темур Кешда қурдирган муҳташам Оқсаройни отасининг хотирасига атаб бунёд этганини» ёзгани эътиборга моликдир. Яна бир тарихий манбада эса «бу гўзал ва бетакрор бино Амир Темурнинг онаси шарафига 1404 йилда қуриб битирилган»и баён қилинган. Бу манбалардан иқтибослар келтириш асносида муаллиф ўз ўқувчиларининг ҳам тафаккурларини янада бойитишга хизмат қилгани айни муддаодир.

Беқиёс маънавий хазинамизга айланган «Темур тузуклари»ни Амир Темур умрининг охирларида ёзиб тугатгани ва унда ўз хулосаларини авлодларига васият тарзида ёзиб қолдиргани, бу китоб асрлар давомида махфий сақлангани ва бизга етиб келгунича ажойиб ҳодисаларга дуч келгани ўзи бир тарих эканини муаллиф қатор тарихий мисоллар воситасида ҳам тасвирлайди. Соҳибқирондан сўнг темурий шаҳзодаларнинг тенгсиз маънавий мулкига айланган бу китобга Мирзо Бобур чексиз эҳтиром ила қарагани борасида кўп далиллар келтирилган. «Бобур Мирзо умрининг охирида ўғли Ҳумоюнга ёзган махфий васиятномасида «Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг корномасини доим ёдингда тутгил» деганлиги унинг «Темур тузуклари»ни назарда тутганидан далолат беради,– деб ёзади муаллиф.– Истиқлол шарофати билан тарихий адолат тикланганидан сўнг Бобур Мирзонинг Амир Темурга бўлган садоқат ва ихлосига бағишлаб «Юлдузли тунлар» романининг тўлдирилган нашрига янги боблар киритдим. Бу мавзу «Она лочин видоси» романи ҳамда «Тил ва Эл» номли бадиада баҳоли қудрат давом эттирилди».

Маълумки, Амир Темур ҳаётига оид асарлар орасида қайсидир маънода «тўқиб-бичилган» гаплар, шошма-шошарлик билан «яратилган образлар», улуғ инсон шахсиятига тўғри келмайдиган «лавҳалар» ҳам кам эмас. Буюк тарихий шахс ҳаёти, зафарли юришлари ҳақида ортиқча эҳтиросга берилиб ёзиш «одати» ўтган асрларда ҳам кам бўлмаган… Бундай адабиётлар тарих ҳақиқатини бузиб кўрсатиш баробарида ўқувчини чалғитади.

Соҳибқирон ҳақидаги асарларнинг қай бири ҳаёт ҳақиқатига монанд-у қайсида англашилмовчиликлар, уйдирмалар, сохта гаплар борлиги «Амир Темур сиймоси» китобида аниқ далиллар билан исботлаб берилган. Жонкуяр адиб тарихий манбалардаги Амир Темур шахси билан боғлиқ ҳар бир деталга синчковлик билан ёндошади. «Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб изоҳлайди у.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи «нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин» деган маъноларни билдиради». Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган муаллиф шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.

«Амир Темур сиймоси» китобида буюк бобокалонимизнинг бутун фаолияти содда ва равон тилда ҳикоя қилинган. Соҳибқироннинг улуғвор ишлари, бунёдкорлиги, буюк инсоний фазилатлари, замондошларига, илм аҳлига нисбатан оқилона муносабатлари, зафарли юришлари ва қудратли давлат бунёд этиши, авлодларига қолдирган тенгсиз мерослари ҳақида юксак бадиий маҳорат билан ёзилган китобни мутолаа қиларкансиз, хаёлан ўтмиш билан юзма-юз бўлгандек ҳис этасиз ўзингизни.

Муаллиф буюк бобокалонимизнинг ўз даврида эришган тарихий ғалабаси билан бугунги тенгсиз истиқлолимизни шундай муқояса қилади: «Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик ва дил-дилдан ҳис қилдик». Илмий бадиа «Озодлик йўлидаги тик довонлар» ва «Жаҳон миқёсига чиққан фаолият» деб номланган иккита қисмдан иборат бўлиб, улар моҳиятан буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг Ватан озодлиги, юрт истиқлоли йўлидаги мардона курашлари тафсилотларини илмий асослашга хизмат қилади.

Маънавий меросимизга қатор тарихий романлари билан улкан ҳисса қўшган севимли адибимиз собиқ мустабид тузум даври ҳақида шундай деган: “Халқимиз ўз тарихий илдизларидан астойдил куч олса, мустамлакачилик занжирини узиб чиқишга қаратилган ҳаракатлар авж олиши мумкин эди”. “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” романларини мутолаа қилган ўқувчи ана шу тарихий илдизларини дилдан ҳис этиши шубҳасиз. Адибнинг тарихий мавзуда битилган навбатдаги асари – “Она лочин видоси”да ҳам шу анъана изчил давом эттирилган. Бу мавзу “Амир Темур сиймоси”да теран нигоҳ ила илмий бадиа шаклида янада қиёмига етказилгани айни муддао бўлгандир.

Устоз адибимиз ўз асарлари орқали айниқса ёш ижодкорларга тарихий мавзуда асар ёзишда аввало ишончли ва аниқ манбаларга таянган ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқ эканлигини ибрат қилиб кўрсатган, дейиш мумкин.

Ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшаётган устоз Пиримқул Қодировнинг хизматлари юксак баҳоланган. У кишининг кўксини 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2006 йилда эса “Буюк хизматлари учун” орденлари безади. Меҳрга пайваста ижоди билан эътибор қозонган атоқли адибимиз саксонинчи баҳорини муносиб равишда сарҳисоб қилаётгани у кишининг миллионлаб мухлисларини ҳам мамнун этади.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Моҳият” газетаси 2008 йил 24 октябрь.

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Тўлқин Эшбекни устозларига бўлган муносабатини кўриб у кишига хаавс билан қарайман.Хам устозларни,хам шогирдларини хурмат қиладиган Тўлқин акага ўхшаш инсонлар кўпайсин.Ўзбекистоннинг буюклиги хам буюкларга эхтиромидадир.

  2. Ibratli hayot va ijod maktabining asl sohiblari

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *