Эркатойнинг севгиси (Ҳазил)
Севгини ҳам эплолмай,
Хуноб бўлган Эркатой,
Жиғи-бийрон бўлганча,
Ўч олмоқчи ҳойна-ҳой.
Отаси не бепарво?
Ўғли билан иши йўқ?!
Шундан хуноб Эркатой,
Онасига урди дўқ:
“Қойилмасман дадамга,–
дебди сочиб заҳрини.–
Тушунмаскан севгини?
Шундан билинг қаҳрини…
Эрка ўғлим, деса-да,
Лек сўрамас дардини.
Биладими заррача,
Чин севгининг қадрини?!”
Беорларча айтилган,
Гапдан титрар онаси.
Қай тил билан айтсин у,
Гар келса-да хонаси.
Индамабди ўғлига,
Сипо тутиб ўзини.
Хотиралар жонланиб,
Ерга тикар кўзини.
. . . . . . . . . . . . . . . . . .
Мажнун эди мисоли,
Тентирарди эрта-кеч.
Ётоқхона олдидан,
Нари кетмас эди ҳеч.
Талабадек ўқийлик,
дея куюб-пишса қиз.
Қулоғи том битганча,
Юраверган изма-из.
Ўйиб ёзган исмини,
Қанча дарахт бағрига.
Дарсни бузиб устознинг,
Учрар эди қаҳрига.
Кўча-кўйда йигитлар,
Қараб қўйса ҳоли вой.
Кўкартириб кўзини,
Бермас эди ҳеч сир бой.
Ойни олиб бер, деса,
Тирмашарди кўкка ҳам.
Ишқ йўлида ўзини,
Урар эди чўққа ҳам.
Юборишдан илгари,
Совчиларга қўйган шарт:
“Гар қизини бермаса,
Ўз бошига бўлар дард!
Тезроқ рози бўлмаса,
Кейин кўрсин ўзидан!
Олиб қочиб кетаман,
Айрилади қизидан!!”
Афсонавий ошиқлар,
Қолиб кетган йўлида.
Охир ўзи асира,
Бўлган эди қўлида…
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
Ёдга тушиб барчаси,
Она бироз олди тин.
Ҳайрон боқар ўғлига,
Урди уни нима жин?!
Эркатойга қилди сўнг,
Секингина насиҳат:
– Яратганнинг ўзидан,
Сўраймиз-да сенга бахт.
Ўйламасдан гапириб,
Озор берма онангга.
Фақат севги нелигин,
Ўргатмагил отангга…
Тўлқин ЭШБЕК
2002 йил
She’r zo’r chiqibdi. Studentlik davrini eslab voqealar xuddi hozir bulayotgandek tasavvur qildim. Oradan 28 yil o’tgan bo’lsada hammasi kino lentadek ko’z o’ngimda sodir bo’layotgandek edi. O’rtog’mga vafodorsiz To’lqin aka.
Shunaqa she’rlar ko’proq yoritilsa yaxshi bulardi.
Шеърга гап йук, жудаям ажойиб чиққан!
Бу шеърдаги воқеаларни кўп оилаларда кузатиш мумкин. Яқинда ТерДУ ходимаси Наргиза Одинаеванинг ҳам шундай ҳаётий, сермазмун шеърларига ошно бўласиз, деган умиддаман.