Facebook тажовуз майдонига айланмасин!

Facebook ижтимоий тармоғини беқиёс ахборот майдони экан, деб қизиққан

эдик. Бизнингча шундай бўлиши керак ҳам эди.

Минг афсуски, ана шу катта имкониятдан нақадар бузғунчи кучлар ҳам ғаразли мақсадларида фойдаланаётгани жуда таассуфли ҳолдир. Ўтган йили ёзда менинг саҳифамни кимдир усталик билан «ўзлаштириб» олганини, ҳатто, худди шунга ўхшаш «эгизак» саҳифалар очиб олганларини пайқаб қолдим.

Саҳифада менинг номим, суратим турганидан кейин ҳамма уни «Тўлқин Эшбекники» деб ўйлаши аниқ. Ҳозирча бирор нарса ёзмаган, фақат, хориждан юртимизга қарата тош отаётганларнинг саҳифасига менинг номимдан «жуда зўр» деган маънода «юракча» белгиси босилаётган экан… Демак, пайт пойлаб туриб «фикрнома» ҳам ёзишга ўтса, бир кун шунақа қўпорувчи гапларни менинг номимдан эълон қилиб юборса нима бўлади…

Бу орада саратон касалига йўлиқиб оғир жарроҳлик операциясини бошимдан кечирдим. Рак балоси қанчалик катта зарба бўлган бўлса, Facebookдаги тажовуз ундан ошиб тушди… Беморлик бир ҳолатимда Facebook кузатувчиларини видеомурожаат йўли билан огоҳлантиришни лозим топдим. Мени таниган-билганлар мурожаатимни тўғри қабул қилишганидан енгил тортдим.

Очиғи, Facebook — жони-дилим эди. Шунча дилозорликдан кейин… ҳозир бу ижтимоий тармоқ очилмаётганига асло хафа эмасман. Билъакс, енгил тортиб яшаяпман. Қора булутлар мовий осмонни тарк этгани мисол жарроҳлик операцияси асоратлари вужудимдан, Facebook орқали етказилган жароҳат қалбимдан ариётганига шукр қилаяпман.

Анча йиллардан бери Facebook орқали қанча эзгу фикрларимни баён эта олган бўлсам, ундан ўн чандон кўп тажовузлар жабрини ҳам кўриб келаётган эдим. Қандайдир ниқоб остидаги ғаламислар менинг шаънимга бўлмағур гаплар, ҳақоратлар, иғволар ёзиб дилимни сиёҳ қилар, шаънимни топташга чиранарди.

Эътибор билан қарасам, Facebook орқали бўй кўрсатган ўнлаб зиёлиларимизнинг деарли ҳаммасига шундай тажовузлар, мафкуравий таҳдидлар амалга ошириб келинаётган экан…

kun.uz сайтида эълон қилинган “Facebook Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ шубҳали саҳифани ўчирди” сарлавҳали хабарни ўқиб ғазабим қайнаб кетди. Энди ҳатто Ватанимиз раҳбари — Президентимизга нисбатан шундай бўлмағур ҳаракатлар содир этилаётганига асло тоқат қилиб бўлмайди.

Демак, бу бузғунчиликлар ортида қандайдир майда-чуйда ахмоқлар, ақли норасолар, аламзадалар, адашган кимсалар эмас, ўзига яраша каттагина ёвуз кучлар турибди! Уларнинг мақсадлари — миллатпарвар, ватанпарвар зиёлиларни, етакчи арбобларни бирин-кетин мажруҳ қилиш, йўқотиш ва она Ватанимизни вайрон қилиш, бойликларимизни талаш, халқимизни қул қилиш…

Демак, кўзимизни янада каттароқ очишимиз, огоҳ бўлишимиз ва албатта бу жаҳолатга қарши маърифат билан курашни изчил, мардона давом эттиришимиз шарт!

Токи, озод ва обод Ватанимизга, азиз юртдошларимизга ҳеч ким тажовуз қила олмасин! Ўзбекистон аҳли билан ўйнашиб бўлмаслигини билиб қўйсинлар!

 Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти

3

Facebook Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ шубҳали саҳифани ўчирди

Facebook маъмурияти Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ бўлган шубҳали саҳифани ўчириб ташлади. Бу ҳақда Facebook матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Бугун Facebook 364та саҳифани ўчирди. Улар Россия томонидан яратилган бўлиб, Болтиқбўйи, Марказий Осиё, Кавказ, Марказий ва Шарқий Европада амал қилувчи тармоқ доирасида шубҳали ҳаракатларни амалга оширишган.

Шунингдек, АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари тавсиясига кўра, Facebook тармоғидаги 107та саҳифа, гуруҳ ва аккаунтлар, шунингдек Instagram тармоғидаги 41та аккаунт ўчирилди. Улар ҳам Россияда яратилган бўлиб, Украина ҳудуди тармоғида шубҳали ҳаракатларни амалга оширишган», — дейилади хабарда.

Хусусан, Facebook тармоғидан гўё Шавкат Мирзиёев сиёсатини қўллаб-қувватлаб келаётган, амалда эса шубҳали ҳаракатларни содир қилган саҳифа ҳам ўчирилган. У «Наш Президент Шавкат Мирзиёев» деб номланган эди.

Facebook хабарига кўра, бу саҳифалар Россиянинг Sputnik янгиликлар агентлиги ходимлари билан боғлиқ бўлган ва улар томонидан бошқарилган.

«Саҳифа ва аккаунт эгалари об-ҳаво, саёҳат, спорт, иқтисодиёт ва сиёсат тўғрисидаги материалларни чоп этишган. Улар Озарбойжон, Грузия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритишган. Бундан ташқари, уларнинг фаолияти излари Қозоғистон, Молдова, Россия ва Қирғизистон ҳудудида ҳам топилган. Саҳифа эгаларининг шахси яширилган бўлишига қарамай, биз уларни Москвадаги «Спутник» ахборот агентлиги ходимлари билан боғлиқ эканини аниқладик», — деди компания вакили.

https://kun.uz/news/2019/01/19/facebook-shavkat-mirziyoyev-nomi-bilan-bogliq-shubhali-sahifani-ochirdi

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *