Kun.uz ПЛАГИАТГА АЙЛАНДИМИ?
Бўлғуси журналистларимизга сабоқ бўлади, деган умидда www.facebook.com да ёритилган ушбу танқидий мақолани ижодий лабораториямизга айланган сайтимизга кўчириб босишни лозим деб билдик, дейди Дониш домла.
Шу кунларда мақолаларимизни ўғирлаётган, устига-устак, юзсизларча, манбанинг (яъни tafsilot.uz сайтининг) номини кўрсатмаётгани учун theDay.uz, hordiq.uz, diydoraziz.uz, faqat.uz каби сариқ нашрлар билан тортишиб, уларни гўрдан олиб гўрга тиқиб юргандим. Лекин келиб-келиб “Kun.uz”нинг ПЛАГИАТЛИК қилиши хаёлимга ҳам келмаганди. Рости.
Гарчи кейинги пайтда савияси пасайган, пойинтар-сойинтар хабарлари билан ўқувчилар (жумладан, менинг ҳам) эътирозларимга сабаб бўлаётган эса-да, мазкур сайт ҳали-ҳамон Ўзбекистондаги энг катта интернет аудиторияларидан бирининг эгаси ҳисобланади. Айни пайтдаги камчиликлари ўз йўлига, лекин бу нашрнинг ЎзНЕТга янги ҳаво олиб келгани бор гап. Бироқ сайт таҳририятидан юз бераётган кадрлар билан боғлиқ ўзгаришларми ёки мен билмаган бошқа сабабга кўрами, билмадим, ҳарқалай муаллифлик ҳуқуқига амал қилиши билан ажралиб турадиган бу нашрни бугун ЎҒРИЛИКда айблаётганимдан афсусдаман.
Гап шундаки, 2016 йилнинг 5-дан 6 декабрга ўтар кечаси ТАФСИЛОТда долзарб мавзуда онлайн сўров ташкил этган эдик. “Сўров: Ким Бош вазир бўлишини тахмин қиламиз!” деб номланган мазкур мақолада юртдошларимизнинг мамлакатимизда рўй бериши кутилаётган муҳим жараён — Ўзбекистон Бош вазири лавозимини ким эгаллашини хоҳлашини билишга қизиқдик ва кейинчалик мазкур сўров натижалари асосида таҳлилий мақола эълон қилишни режалаштиргандик. Шу боис уни ижтимоий тармоқлар орқали имкон қадар кўпроқ тарқатишнинг пайида бўлдик.
Бундан бир соат муқаддам не кўз билан кўрайки, мазкур мақола ва сўров КУН.УЗ сайтида турибди. Менинг сўзларим ва тайёрлаган матним деярли сўзма-сўз кўчирилган. Тафсилотдаги матн билан эгизак бўлиб қолмаслигининг «олдини олиш» учун кўчирмакаш мақолага 2 та банд (абзац) қўшган холос. Қолаверса, сўровдаги номзодлар ҳам мен танлаган ва саралаган номзодлар. Фарқи Кун.узнинг кўчирмакаши номзодларни 7 тагача қисқартирган (Тафсилотда 19 та номзод кўрсатилган). Яна битта фарқи сўров “Tafsilot.uz”дагидай сайтнинг ўзида эмас, балки Кун.узнинг телеграмдаги каналида ташкил этилган.
Қуруқ гап оғиз йиртар дейди халқимиз. Қуйида ҳар иккала мақола ва уларга оид скриншотларни эътиборингизга ҳавола қиламан. Улар билан танишиб, ўзингиз хулоса чиқарарсиз. Ўйлайманки, сайт раҳбарларидан бири Максуд ака Аскаровнинг бу ишлардан хабари йўқ ва журналистик этика қоидаларига амал қилиб, мазкур иш учун узр сўрай оладиган ва бу каби ҳолатлар бошқа кузатилмаслигини таъминлай оладиган даражада мардликка қодир инсондир.
Умид қиламанки, ишимиз судгача бориб етмайди. Қолаверса. бу сотувга қўйилган деб эшитганимиз сайтнинг обрўси учун ҳам яхши бўлмайди.
*** *** *** *** ***
“Tafsilot.uz”даги мақола
Сўров: Ким Бош вазир бўлишини тахмин қиламиз!
Республикамизда 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра Ўзбекистон либерал демократик партиясидан Президентликка номзоди кўрсатилган — Шавкат Мирзиёев — 88,61 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. Янги президентнинг инаугурация маросими янги йилгача бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига мувофиқ Шавкат Мирзиёев беш йил давомида республикамизга раҳбарлик қилади.
Янги Президентни сайлаб олдик. Энди юртдошларимизни қизиқтираётган яна бир ўта муҳим масала бор. У ҳам бўлса янги Бош вазир ким бўлиши!
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳал қилувчи вазифани бажарувчи Бош вазир лавозими Ўзбекистонда 1992 йил 4 январда вице-президент лавозими тугатилиши ортидан ташкил этилган эди. Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддасига кўра Бош вазир:
— Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;
— Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;
— халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради;
— Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.
Бош вазир лавозимига номзод Президент томонидан Олий Мажлис палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун тақдим этилади. Шунга асосан айтиш мумкинки, бош вазир ким бўлишини давлат раҳбари ҳал қилади. Албатта, парламент Президент илгари сурган номзодни тасдиқламаслиги ҳам мумкин. Аммо бу “де юре” норма бўлиб, Ўзбекистон шароитида ҳозирча бундай ҳолат кузатилмаган.
Хўш, Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Бош вазир лавозимига кимни мўлжаллаяпти экан?! Ўзи 13 йил давомида барқарор фаолият олиб борган масъулиятли вазифани кимга ишониб топширар экан?!
“Tafsilot.uz” ана шу саволларга жавоб қидириб, Ўзбекистоннинг янги Бош вазири бўлиши эҳтимоли мавжуд номзодлар рўйхатини тузди. Қуйидаги сўровда овоз бериб, уларнинг қай бирида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари курсисини эгаллаш учун имконият кўпроқ эканига ойдинлик киритишингиз мумкин:
Қуйидаги номзодлардан қайси бири Бош вазир бўлишини хоҳлайсиз?
Рустам Азимов — Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Молия вазири (53%, 306 та овоз)
Светлана Ортиқова — Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари (10%, 55 та овоз)
Абдулла Арипов —Бош вазир ўринбосари (9%, 53 та овоз)
Бошқа номзод (9%, 51 та овоз)
Зойир Мирзаев — Самарқанд вилояти ҳокими (5%, 28 та овоз)
Зафар Рўзиев — Қашқадарё вилояти ҳокими (2%, 12 та овоз)
Улуғбек Рўзиқулов — Бош вазир ўринбосари, “Ўзавтосаноат” АК бошқарув раиси (2%, 11 та овоз)
Ботир Зокиров — Бош вазир ўринбосари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси (2%, 9 та овоз)
Адҳам Икромов — Бош вазир ўринбосари (1%, 8 та овоз)
Ниғматилла Йўлдошев — Олий Мажлиси Сенати раиси (1%, 7 та овоз)
Абдуазиз Комилов — Ташқи ишлар вазири (1%, 6 та овоз)
Ғуломжон Иброҳимов — Бош вазир ўринбосари (1%, 5 та овоз)
Элёр Ғаниев — Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири (1%, 5 та овоз)
Рустам Қосимов — Олий ва ўрта махсус таълим вазири (1%, 4 та овоз)
Сайфиддин Исмоилов — Жиззах вилояти ҳокими (1%, 3 та овоз)
Ботир Парпиев — Давлат солиқ қўмитаси раиси (1%, 3 та овоз)
Абдуқаҳҳор Тўхтаев — Жиззах шаҳар ҳокими (1%, 3 та овоз)
Шуҳрат Тешаев — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (0%, 2 та овоз)
Даврон Ҳидоятов — Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси (0%, 1 та овоз)
Нуриддинжон Исмоилов — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери (0%, 1 та овоз)
Жами овозлар: 573 та
——————————————————
“Tafsilot.uz” маълумоти:
Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимият ҳисобланади. У Бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан таркиб топади. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Вазирлар Маҳкамасининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
1) самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;
2) фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
3) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди;
4) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;
5) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади;
6) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамаси республиканинг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради. Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис ва Президент олдида ўз фаолияти юзасидан жавобгардир.
http://tafsilot.uz/sorov-kim-bosh-vazir-bolishini-taxmin-q…/
*** *** *** *** ***
“Kun.uz”дагиси:
Сўров: Ўзбекистоннинг Янги бош вазири ким бўлади?
13 йилдан буён Ўзбекистон ҳукуматини бошқариб келган Шавкат Мирзиёев 2016 йил 4 декабридаги Президент сайловида 88,61 фоиз овоз тўплаб ғолиб чиқди. Янги сайланган президентнинг инаугурация маросими янги йилгача бўлиб ўтиши айтилган.
Айни вақтда Ўзбекистон аҳолиси ҳукуматга янги бош вазир келишини кутмоқда.
Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳал қилувчи вазифани бажарувчи Бош вазир лавозими Ўзбекистонда 1992 йил 4 январда вице-президент лавозими тугатилиши ортидан ташкил этилган эди. Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддасига кўра Бош вазир:
— Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;
— Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;— халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради;
— Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.
Ўзбекистоннинг навбатдаги бош вазири ҳам Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати − Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили бўлади.
2014 йил 21 декабрда ўтказилган парламент сайлови якунларига кўра Ўзбекистон Либерал-демократик партияси энг кўп − 52та депутатлик ўрнига эга бўлиб, Конституциянинг 98-моддасига биноан бош вазир номзодини илгари суриш ҳуқуқини қўлга киритган, партия Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган ва у кўп ўтмай президент томонидан лавозимга қайта тасдиқланганди.
Кун.uz сайти айни вақтдаги долзарб масалага ўқувчилари эътиборини тортиб, бу борада сўровнома ташкил қилди. Қуйидаги сўровномада сайт ўқувчилари келтирилган эҳтимолий номзодлар орасидан ўз танловларини амалга ошириши ва жамоатчилик фикрини ифодалашда ҳисса қўшишлари мумкин.
— Комилов Абдулазиз Ҳафизович — Ташқи ишлар вазири
— Азимов Рустам Содиқович — Молия вазири, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари
— Арипов Абдулла Ниғматович — Бош вазир ўринбосари
— Зокиров Ботир Эркинович – Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари
— Розуқулов Улуғбек Убайдуллаевич — «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси, Бош вазир ўринбосари
— Икромов Адҳам Илҳомович — Бош вазир ўринбосари
— Иброҳимов Ғуломжон Иномович — Бош вазир ўринбосари
— Бошқа номзод
http://kun.uz/…/surov-uzbekistonning-angi-bos-vaziri-kim-bu…
Donish domla gapingizdagi »maqola» sòzida »l» tushib qolibdi. Natijada bu sòz »maqoa» tarzida ketgan. Mayli bu oddiy xatolik ekan. Ammo, shu oddiy xatolik ba’zi bir siyosiy xabarlarda ketib qolmasligi kerak, deb òylayman. Shunday emasmi? Donish domla.
Баракалла, мавлоно! Ҳақиқий шогирд шу тариқа устозидан ўтади-да. Тез ёзганимда гоҳо шундоқ хатолар ўтиб кетади ва толиққан кўзга ўша ҳарфлар бордек кўринади… Устоздан ўтган хатоликни шундоқ холисона кўрсата олган шогирдга саодат калити ёр бўлғай!