Абдулла Қодирий ижодининг маънавий қирралари

Миллий ўзлигимизнинг турфа қирралари Абдулла Қодирий каби буюк адиб

ва шоирлар ижодида ўз ифодасини топган. Олмазор туманидаги “Сой бўйи” мажмуасида жойлашган Абдулла Қодирий номли кутубхонада республика “Маънавият ва маърифат” маркази Тошкент шаҳар бўлими томонидан ташкил этилган “Абдулла Қодирий ижодининг маънавий қирралари” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда “Маънавият ва маърифат” маркази Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Зоҳид Тўрақулов, бўлим масъул ходималари Дилафрўз Жуманиёзова, Нодира Неъматова, Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева, туман “Нуроний” жамғармаси раиси Мирзиёд Тошпўлатов ва бошқалар “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш” сари дастуриламали ҳақида сўз юритганда, айниқса маънавият бобида шу улуғ адибимиз ижодини теран нигоҳ билан ўқиб-ўрганиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

1 2 3 4 5

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Абдулла Қодирий ижодининг маънавий қирралари ҳақида сўз юритдилар.

Маърузаларда қайд этилганидек, улуғ адиб Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У 20-аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчисидир. Мусулмон мактабида (1904-06), рус-тузем мактабида (1908-12), Абулқосим шайх мадрасасида (1916-17) таълим олган. 1924 йилда Москвадаги Валерий Брюсов номидаги собиқ Иттифоқ Давлат Журналистлар институтида таҳсил оган. Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), «Озиқ ишлари» газетаси муҳаррири (1919), Касабалар уюшмасининг саркотиби (1920), «Муштум» журнали асосчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923-26) Ижодий фаолиятининг бошланиши 1910-йилларнинг ўрталарига тўғри келади.

«Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида Абдулла Қодирий имзоси билан «Янги масжид ва мактаб» сарлавҳали хабар босилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси чоп этилган (1914-15). Абдулла Қодирий ижодининг дастлабки намуналари бўлган бу асарлар миллатпарварлик руҳида ёзилган бўлиб, жадидчилик ғоялари билан суғорилган. Ёзувчи унда халқнинг забун ҳолидан куйиб сўзлайди, миллатни уйғотишга даъват этади, фикрлашга чорлайди. Абдулла Қодирийнинг «Улоқда» ҳикояси (1916) аввалги асарлари билан тенглаштириб бўлмайдиган даражада юқори бўлиб, 20-аср тонгидаги ўзбек реалистик адабиётининг чўққиси, реалистик ҳикоянинг энг яхши намунаси ҳисобланади.

Абдулла Қодирийнинг публицистик чиқишлари аввало ўша даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг солномасидир. Абдулла Қодирий сатирик ҳикоялар туркуми («Тошпўлат тажанг нима дейди», «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан»), романлар («Ўткан кунлар», 1926; «Меҳробдан чаён», 1929), қисса («Обид кетмон», 1935), пьеса («Бахтсиз куёв», 1915), публицистик ва адабий-танқидий мақолалар муаллифи. «Тўла русча-ўзбекча луғат» (1934)ни тузишда иштирок этган. Гоголнинг «Уйланиш», Антон Чеховнинг «Олчазор» асарларини, Fарб ёзувчиларининг сатирик ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.
1926 йил «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» ҳикоясидаги танқидий мулоҳазалари учун «аксилинқилобий ҳаракат қилганлик»да айбланиб, қамоққа олинади, турли бўҳтонлар билан судланади. Судда у мардона туриб, ўз шаънини ҳимоя қилади. «Обид кетмон» қиссаси ҳам шўро мафкурачиларига маъқул келмайди, кескин танқидга учрайди; «идеологик бузуқликлар ва хатолар»га тўла, «сиёсий тутуриқсиз» асар сифатида баҳоланади. Ёзувчининг тарихий романлари эса асосий пафоси – миллат тақдири, бирлиги, эл-юрт қайғуси, мустақиллиги, шахс эрки, ижтимоий адолат учун кураш ғоялари билан йўғрилганлиги туфайли ҳам ҳукмрон мафкурага зид асарлар бўлиб чиқди. Миллат руҳини ёрқин акс эттирган, халқнинг, ўзга миллат китобхонларининг севимли асарларига айланган бу романлар шўро даври сиёсати учун зарарли китоблар сифатида бот-бот қораланди. 30-йиллар ўрталарига келиб, бу машъум компания авжига чиқди.

Абдулла Қодирий 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олинди. 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари билан бирга қатл этилди.

Абдулла Қодирий ҳибсга олингач, асарлари «зарарли» саналиб, ўтда ёқилди, кутубхоналардан йўқотилди, уларни ўқиш тақиқланди.

1991 йилда юртимиз ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнггина Абдулла Қодирийга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатила бошланди. Китоблари қайта нашр этилди, қодирийшунослик шаклланди. Хорижлик олимлар ҳам Абдулла Қодирийга эътибор бердилар.

Абдулла Қодирий Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991), «Мустақиллик» ордени билан тақдирланди (1994). Тошкентдаги маданият ва истироҳат боғига, Тошкент метрополитени бекатига, катта кўчалардан бирига, маҳалла, республикамиздаги кўплаб маданият муассасаларига унинг номи берилган.

1994 йилда Абдулла Қодирийнинг 100 йиллиги кенг нишонланди ва ёзувчи номи билан юритиладиган маданият ва истироҳат боғида Абдулла Қодирийга ҳайкал ўрнатилди.

– Биз Абдулла Қодирий асарлари ва публицистикасини теран нигоҳ билан ўқиб-ўрганишимиз лозим,– деди Тўлқин Эшбек.– “Мен қайси йилда ва ойда туғилганимни билмайман. Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал боғбонлик билан кун кечирувчи бир оилада туғилиб, яқинларимнинг сўзларига қараганда мустабид Николайнинг тахтга ўтирган йилида туғилганман”, деб ёзади Қодирий ўз таржимаи ҳолида. Ёзувчининг ўғли Ҳабибулла Қодирий ўз хотираларида шундай эслайди: “Қай бир вақт дадамдан “Қайси ой-кунда туғилгансиз?” деб сўраганимда, у киши кулиб “Ўрик гулида туғилганман. Тахминан 10 апрелда бўлса керак” деганлари ёдимда…”

Ўша йиллари Қодирийлар оиласида иқтисодий танглик ҳукм сурарди. Бу вақтда Қодир бобо етмишдан ошиб, анча куч-қувватдан қолган, оиланинг доимий даромади йўқ эди. Тўнғич ўғли Раҳимберди энди 15 ёшга кирган, қўлидан ҳали дурустроқ иш келмасди, боғдан олинган даромад эса беш жоннинг еб-ичишига аранг етарди.

Бу ҳақида Абдулла Қодирий шундай ёзади: “Бошида бой оилада туғилдимми ёки камбағал оиладами, албатта, билмадим. Аммо ёшим 7-8 га етгач, қорним ошга тўймаганидан аниқ билдимки, беш жоннинг томоғи фақат 80 ёшли бир чол отамнинг меҳнатидан, 1300 саржин боғнинг ёзда етиштириб берадиган ҳосилидан келар экан. Агар баҳор ёмон келиб, боғ мевалари офатга учраб қолса, биз ҳам очликка дуч келиб, қиши билан жоврашиб чиқар эканмиз”.

Абдулла Қодирийнинг матбуотдаги илк чиқиши 1913-1914 йилларга тўғри келади. Манбаларга кўра, унинг биринчи мақоласи 1914 йил 1 апрелда, “Садойи Туркистон” газетасида “Янги масжид ва мактаб” сарлавҳаси билан босилиб чиқади. Ёш ёзувчи илк ижодини кичик-кичик мақола, хабарлар ёзишдан бошлаган.

Замондошлари хотирлашича, Абдулла Қодирий ҳар қандай нарсага танқидий назар билан қарар, эски хурофот нарсаларга ғоятда душман эди. Унинг ҳар бир сўзидан ҳажвий ифода анқиб турар эди. У ғоятда жасоратли, ўз сўзида устувор ва барқарор, ўткир сатирик ва ғоятда заковатли эди. Ким тўғрисида ёзадиган бўлса, худди ўша шахснинг ўзи бўлиб кетар эди. Бу хилдаги ёзишлар учун ўша типдаги кишиларнинг бутун ички сирларидан хабардор бўлиш керак, албатта. Фавқулодда заковатга эга бўлган бу ёзувчи, мазкур типдаги шахслар орасида юриб, ҳар бириси билан алоҳида суҳбатлашишдан сира тортинмагани эски муллалар билан ҳам, қиморвоз, беданавоз чапанилар билан ҳам, ўғрилар билан ҳам, эшонлар, муридлар, сўфилар, дарвешлар, қаландарлар билан ҳам, кўкнори ва бангилар билан ҳам суҳбатлашган.

У бир мақола ёки ҳикояни ёзишга ўтирганда, ўшани ёзиб тугатмасдан ўтирган еридан туриб кетмас эди. Халқ унинг ёзган мақола, асарларини ғоятда севиб ўқир, асарлари босилиб чиқишини тўзимсизланиб кутиб туришар эди…

Орадан юз йилдан кўп вақт ўтиб айтамизки, бу сифатлар бугунги журналистларимиз учун ҳам ғоят керакли бўлган зарурий хислатлардир.

“Муштум”нинг 1924 йилдаги 4-сонида Абдулла Қодирий сурати “Фельетонлар қироли Жулқунбой кулдириб йиғлатади, йиғлатиб кулдиради…” изоҳи билан босилиб чиқади. Қодирийнинг ўзи эса фельетон, умуман ҳажвий танқидга шундай таъриф беради: “Турмуш бўйлаб учқучи бургутдир… ҳаёт шароитига ярамаган заиф, қизғанчиқ манфур, музир ва шунинг сингари унсурлар унга емдир”.

“Муштум”нинг 1923 йилдаги 2-сонида Абдулла Қодирийнинг “Саломнома” номли ноодатий ёзилган материали чоп этилади. Мана ўша материалдан бир лавҳа:

“– Отга қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек маориф шўросига сало-о-ом!

– Ўзи четга буқиниб, шахсиятга тўқиниб, аллакимга чўқиниб – ўғри ушлаганга сало-о-ом!

– Кўринган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқ-у қора ҳам мулла – Туркистон уламоларига сало-о-ом!

– Бошларига соч қўйган, отларини ёш қўйган, фаҳш девни фош қилган думсизларимизга сало-о-ом!

– Москов бориб келибон, минглаб жойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон, халқ қайғусини емайин, мактаб очай демайин, эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган – Туркистон савдогарларига сало-о-ом!

Амма-холаси ҳаводор, айланай! Келин янгаси: Думбаниса”.

Абдулла Қодирийнинг адабий мероси мустақиллик йилларида яна қайтадан илмий, бадиий жиҳатдан ўрганила бошланди, асарлари минглаб нусхада дунё юзини кўрди. Қодирийнинг меҳнатларини халқимиз унутмади.

Тадбир сўнггида намойиш этилган Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Мафтуна Икромова,

Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази

Ахборот хизмати мухбири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>