Адабиёт – минтақа халқлари умумий йўлини ёритувчи куч

Бу мавзуда Аҳмаджон Мелибоевнинг сафарномаси бўлғуси

журналистлар учун ажабтовур маҳорат мактаби бўлиши аниқ! Фақат уни қунт билан ўқиш керак, дейди Дониш домла  устознинг ЎзАда ёритилган мақоласини намуна қилиб кўрсатар экан.

ахмад

ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН: Адабиёт – минтақа халқлари умумий йўлини ёритувчи куч

ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН: Адабиёт – минтақа халқлари умумий йўлини ёритувчи куч

Дунё ҳикматлар хазинасига тўла уммонга ўхшайди. Бу хазинада олис ўтмишдан, одамлар, мамлакатлар, тузумлар тарихи ва тақдиридан келиб чиқадиган ва бугун учун ҳам ғоят аҳамиятли бўлган сабоқлар жуда кўп. Гап уларни англаш, ўтмиш хатоларини такрорламасликда. Бунинг учун кўп нарса керак эмас, тарихий тажриба унутилмаса, миллий хотира заифлашмаса, олдинга қараб интилиш, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш туйғуси сусаймаса бўлди. 
Муттасил ўзгариб бораётган бугунги дунёнинг муҳим хусусияти шундаки, эндиликда жаҳоннинг ўта ривожланган, иқтисодий жиҳатдан бақувват, қўлини қайси томонга узатса етадиган давлати ҳам ўз ҳолича, бошқалардан узилган ҳолда, илмий-техникавий, маданий-маърифий ва бошқа алоқаларсиз яшай олмайди. Дунёнинг бугунги мураккаб муаммолари мазмун-моҳиятига кўра кенг қамровли бўлиб, уларни фақат биргаликда, бамаслаҳат, ҳар бир томон манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш мумкин. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дунё ва минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик, дўстлик, қардошлик, манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги сифат босқичига кўтариш, амалий натижалар билан бойитишга доир сиёсати узоқ-яқин мамлакатларда ғоят хушнудлик билан кутиб олинди. Бу сиёсат жаҳон ҳамжамиятига мамлакатимизни янги қиёфада намоён этди.
Бугун Ўзбекистонда, бизга ёндош мамлакатларда бу янги йўлнинг дастлабки натижалари жамиятнинг ижтимоий ҳаётида, одамларнинг турмуш тарзида яққол кўзга ташланиб турибди. Юртбошимиз қўшни давлатлар раҳбарлари билан имзолаган муҳим битим ва келишувлар, чегаралардаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши, мамлакатимизда ташқи инвесторлар учун ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган ишончли муҳит юзага келиши ўзаро алоқаларга янгича маъно-мазмун бахш этди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида шу йилнинг 24-27 апрель кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек ҳамда Ўш шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбек-қирғиз адабиёти – дўстлик адабиёти” мавзусидаги учрашувлар фикримизга далил бўла олади.
Т.Сотилғанов номидаги Қирғизистон Давлат филармониясининг муҳташам залида ўтказилган тадбирда ижодкор зиёлилар, миллий-маданий марказлар фаоллари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар. Делегациямиз аъзолари икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни, адабиёт ва санъат соҳасидаги ижодий ҳамкорликни кучайтириш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар, миллий-маданий марказлар фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Мамлакатимиздаги 50дан ортиқ мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади. “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида Жиззах вилоятининг Манас қишлоғи бутунлай қайта қурилди. Президентимиз қарорига биноан буюк ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолият юритмоқда. Уни келгусида адиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича илмий-ижодий марказга айлантириш кўзда тутилган. Нашриётларда улуғ адибнинг асарлари қайта-қайта нашр этилаётир. Кино ижодкорлари янги бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш устида ишлашмоқда. Театрларимиз саҳналарида ушбу йилнинг ўзида адиб асарлари асосида 10дан ортиқ спектакллар намойиш этилади. Ижодий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида адиб таваллудининг 90 йиллигига бағишланган илмий-адабий анжуманлар, мусиқий кечалар ўтказилмоқда. Таниқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов “Манас” эпосини ўзбек тилига ўгирди, Тўқтағул оқин ижодига бағишланган йирик китоб нашр этилди. “Водийнома” журналида икки халқ тарихига оид янги илмий тадқиқотлар мунтазам эълон қилинмоқда. Бу хусусидаги маълумотлар кенг жамоатчилик, олимлар, ижодкорлар ва маҳаллий матбуотда жиддий қизиқиш уйғотди.
– Ўзбекистонда менинг асарларим асосида 10дан ортиқ спектакллар намойиш этилганидан фахрланиб юраман,– деди таниқли адиб ва драматург Мар Бойжиев.– Бугун биз Ўзбекистонда бўлаётган ажойиб ўзгаришларни, мамлакат дунё кенгликларига янада дадил кириб бораётганини, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган чинакам халқчил сиёсатни ҳавас билан кузатиб бормоқдамиз. Улуғ миллатдошимиз Чингиз Айтматовга бўлган ҳурмат-эътибордан ғоятда мамнунмиз. Бугунги тадбирдан кўриниб турибдики, адабиётлар дўстлиги икки халқ ўртасидаги дўстликни олтин кўприкка, бир улуғ йўлга айлантиради.
– Илдизлари бир икки элмиз, урф-одатларимиз, мақсад-муддаоларимиз бир. Шундай экан, бир-биримиздан узоқлаша олмаймиз. Ўзбек дўстларимиз Иссиқкўлни кўрмаса, Саричелекда бўлмаса, Арслонбобда дам олмаса ёки биз бутун дунё ҳайрат билан томоша қилаётган, олам-олам завқ олаётган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларга саёҳат қилмасак, ўтмишнинг бу нодир дурдоналаридан баҳраманд бўлмасак, нима деган одам бўламиз,– деди Қирғизистон халқ ассамблеяси раиси Тогон Мамитов.
– Авваллари адабий алоқаларимиз уфқи анча кенг эди, – деди ўз сўзида Қирғизистон ёзувчилари миллий уюшмаси раиси, шоир Акбар Рисқулов. – Ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари қирғиз тилига таржима қилинган. Бу иш Тошкентда ҳам катта маҳорат билан бажарилган. Қирғиз адабиётининг таниқли вакиллари Тошкентда таълим олишган. Қирғиз тилидаги дастлабки нашрлар шу шаҳарда чоп этилган. Таассуфки, кейинги пайтларда бу алоқаларимиз сусайиб қолди. Чингиз оға Тошкентдаги нутқларидан бирида ёш адабиётчиларга қарата “Бир-бирингиздан узоқлашиб кетманглар, чунки бир-бирингизни ўқимасангиз, борди-келди қилмасангиз, вақти келиб таржимон орқали мулоқот қилишингизга тўғри келади”, деб айтган эди. Бугун Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан йўлларимиз очилмоқда, бу йўллар бир-биримизнинг дилимизга, ижод қаламимизга, қалб илҳомимизга етиб боради, ижодимизда янги саҳифалар очади, деган умиддаман. “Шарқ юлдузи” ва “Ала-тоо” журналларининг махсус сонларини ўзбек ва қирғиз адабиёти намуналари асосида чоп этишга келишиб олганимиз бу борадаги дастлабки қадам бўлсин.
Таниқли шифокор, Қирғизистон Қаҳрамони, академик Миталлип Мамитов, Ўш шаҳар мэри Айтмамат Қадирбоев, А. Осмонов номидаги Қирғизистон Миллий кутубхонаси директори Жилдиз Бакашова, таниқли жамоат арбоблари Қувончбек Жороев, Эсенбек Тогонбаев, Бахтиёр Ваҳобов, Рашидхон Хўжаев, Бегижон Аҳмедов, Қирғизистон халқ ёзувчиси Мелис Абакиров, халқ шоири Рамис Рисқулов, Ўш давлат педагогика университети ректори Канибек Исаков ва бошқалар учрашувлар чоғи сўзлаган нутқларида икки мамлакат ўртасидаги чегараларни сунъий тўсиқлар мажмуасига эмас, дўстлик, ҳамкорлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиром дарвозаларига айлантириш лозимлиги ҳақида гапириб, бу борадаги Ўзбекистон ташаббусини маъқулладилар.
Вилоят губернаторлиги, Ўш шаҳар мериясидаги қабул маросимларида ўзбек-қирғиз ҳамкорлик алоқаларининг қайта йўлга қўйилаётгани одамларни бир-бирига яқинлаштириш билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан олиб борилаётган янги сиёсат яқин истиқболда янада кенгайишига, икки эл турмуш тарзида, фикри-зикрида муҳим ўзгаришлар юз беришига қатъий ишонч туйғусини уйғотмоқда. Ўш давлат педагогика университети ва шаҳар марказидаги ўрта мактабда ўтказилган тадбирларда иштирок этган ижодкор зиёлилар, олим ва санъаткорлар буни алоҳида эътироф этдилар. Тўрт кунлик сафар давомида, айниқса, Чингиз Айтматов уй-музейида ўтказилган сермазмун суҳбатда “Адабиёт миллатни юксак инсоний фазилатлар даражасида, миллатлараро муносабатларни баланд мақомда ушлаб турувчи, минтақа халқларининг умумий келажак йўлини ёритувчи кучдир”, деган фикр устуворлик қилди.
Аҳмаджон Мелибоев, 
Тошкент–Бишкек–Ўш.

 http://uza.uz/oz/society/zbekiston-ir-iziston-adabiyet-minta-a-khal-lari-umumiy-y-lin-30-04-2018

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>