АДИБЛАР ХИЁБОНИДА КУЗ ТАРОВАТИ

“Дўстгинам, хаёлан қучаман сени,

Хазон даврасида кутаман сени”.

Абдулла Орипов, “Куз хаёллари”. 1962

 396715789_3635800203329359_3349516205615159991_n

1

Пойтахтимнинг қайноқ оғуши аро

Бордир шовқинлардан ҳоли бир гўша.

Вақтнинг тез суръати кўнглимга асло

Бу ерда ололмас қутқулар қўша.

Япроғин тўкаркан дарахтлар бир-бир,

Айни куз кунлари кезаман унда.

Олис қишлоғимнинг субҳий нафасин,

Ҳорғин қадамларин сезаман унда.

 

2

“Бунда бари гўзал” яшил арчалар,

Шилдираган хазон ва намчил йўлак…

Серташвиш савдолар тушмас изимга,

Зилол ва сарафроз ўйлардан бўлак.

Бошим узра, кўкда арғамчи солиб

Турналар карвони ўтади гоҳи,

Кузатиб қолади уларни мен-ла,

Қодирий бобомнинг ўйчан нигоҳи.

 

3

“Нимани хоҳлайман?” Муҳимми хоҳиш?

Инсон учун орзу муқаррар жазо.

Худобехабарлар истаги дея

Тутдай тўкилсинми Фаластин, Ғазо?!

Кунлар тақвимларнинг варақларидай

Учиб тушаётир шохингдан, Асрим.

Истиқлолдан бери Тинчлик элчиси,

Шарқнинг юлдузисан Тошкентим – Қасрим!

 

4

Кузга “бари бирдай ҳаёт ва ўлим”:

Инсон умри – тўйга келгандай “бирров”.

Ҳазрат Навойидан тингладим ҳикмат:

“Умр сабзасига қўнгай оқ-қиров”.

Баҳорлар саноқда сўрсалар ёшни,

Умр сарҳисоби кузакдир, магар.

Хиёбонни қамраб, кутар қуёшни

Енгилгина туман – шир ила шакар…

 

5

“Мангу яшилликнинг маскани қайда”,

Қайда хазон билмас умри жовидон?

Фақат Хизргина омон ўтармиш

Қирқ йил қирғин солган Ажал овидан.

Кеч бошладим, аммо тез тугатарман,

Абадий яшашмас кўнглим ҳавоси.

Оёқ остидаги шу камтар тупроқ

Эрур сира тўймас нафснинг давоси.

 

6

“Мени саволларга кўмар дафъатан”,

Ол япроқ – ногаҳон кифтимга қўнган:

“Ўтган кунларингдан савоб олдингми,

Шогирдларинг борми изингдан унган?”

Ҳа, япроқ узилса – ўрнида куртак,

Оловдан кул қолар, гуллардан уруғ.

Саҳарда кафтингни дуога очсанг,

Худойим ҳеч кимни қолдирмас қуруғ.

 

7

“Шу дам туйғуларга тўлади кўнглим”*,

Томирлар қайтадан топгандай кучин.

Бир жойга жамлайман хаёлларимни,

Кеч кузак йиққандай кўрону кўчин.

Ҳар ённи тозалар фаррош шамоллар

Кузакнинг ранг-баранг видо хатидан.

Юракка бир олам шукуҳлар солиб,

Қайтаман устозлар зиёратидан.

 IMG_3536

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

2023 йил 20 октябрь

 __________________________________

* Қўштирноқ ичида келтирилган сатрлар Абдулла Орипов шеъридан олинган. Муаллиф.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>