Аждодларини англаётган авлодлар

Жалолиддин Румий асли ўзбек бўлганми?

Талабаларимнинг шу мавзудаги баҳси эътиборимни тортди. Улардан бири: «Жалолиддин Румийнинг онаси Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи бўлган! Отаси ҳозирги Афғонистон шимолидаги Балх шаҳрида улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад ҳам ўзбек миллатига мансуб бўлгандир… Ўша пайтларда бу ўлкада асосан ўзбеклар яшагани тарихдан маълум. Узоқ асрлар бу ўлкалар Хоразм давлати, кейинчалик Самарқанд пойтахт бўлганида Турон давлати ҳудудига кирганини ҳам яхши биламиз» дея фикрларини асослашга уринарди. «Тўғри, ўша пайтларда боболаримиз «миллатимиз ўзбек» деган айтмагандир. Чунки, у пайтда миллатимиз ҳали ўзбек бўлиб шаклланишга улгурмаган эди, шунинг учун Мир Алишер Навоий бобомиз ҳам ўзини ўзбекман, демаган. Бироқ, бу улуғ даҳо боболаримизнинг авлодлари, ворислари биз ўзбеклар эканимиздан фахрланамиз», дерди жўшқинлик билан шоиртабиат талабамиз.

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларининг бундай теран фикрлашларига бефарқ қараш мумкин эмас. Уларга, тарихий шахслар ва умуман, мозийга оид мавзулар ҳақида сўз юритганда аввало ишончли манбаларни қунт билан ўқиб-ўрганишни маслаҳат бердим.

Теран фикрли талабаларимнинг гаплари мушоҳадага ундайди. Мабодо, ўз даврида Жалолиддин Румий бобомиз она юрти — Хоразмда яшашни ихтиёр этганида ва ижодий хазинасини шу заминда яратганида нима бўларди? У ҳолда, шак-шубҳасиз, ўнлаб буюк аждодларимиз қатори ул зотнинг муборак номлари бобокалонларимиз қаторида саналиб юрарди!

Тақдир тақозоси ила ўзга юртларга бориб қолган буюк боболаримиз ҳам аслида ўзимизнинг аждодларимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. (Не ҳолки, ўз даврида тақдир тақозоси ила ўзга юртларга кетиб қолган буюк аждодларимиз кам эмас…)

Яна бир ажиб хулоса шуки, умри Туркияда ўтган Жалолиддин Румий, Мисрга бориб не-не кашфиётлар қилган Аҳмад ал Фарғоний, ҳозирги Афғонистонда яшаган Мир Алишер Навоий, узоқ йиллар Ҳиндистонда шоҳ бўлган Мирзо Бобур боболаримизни айни пайтда ўша мамлакатлар халқи ҳам бобомиз, дея фахрланадилар. Бу ҳолни тўғри идрок этмоғимиз лозим. Яъни, буюк боболаримиз ўша халқлар, эллар билан меҳр ришталаримизни боғлаб кетганлар! Шу даҳоларнинг авлодимиз, дея фахрланган авлодлар маънан қон-қариндошдек гап аслида!

Қуйида буюк аждодларини англаётган авлодларнинг пешқадам вакиллари ҳисобланмиш азиз талабаларимиз эътиборига Жалолиддин Румий бобомиз ҳаёти ва ижодига оид қимматли маълумотларни тақдим этдик.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти

5

Жалолиддин Румий

rumi_0preview.jpg

Жалолиддин Румий
(30.09.1207- 17.12.1273)

      Жалолиддин Румий Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий шоир, мутафаккир, мавлавийлар (Мавлавия) тариқатининг норасмий шайхи. Жалолиддин Румий 1207 йил 30 сентябрида ҳозирги Афғонистон шимолидаги Балх шаҳрида, султонал уламо лақабини олган улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган. Шу боис ҳам султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199-1220) уни саройга таклиф этган. Лекин Баҳоудддин Валад унинг таклифини рад этиб, мактабдорлик ва илмий-ижодий иш билан машғул бўлган. Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик саййидаларидан, яъни шажарада, у Муҳаммад Пайғамбарга боғланар, яна кимсан – хоразмшоҳнинг қизи эди. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Валад, оиласи, муридларини олиб, Балхдан чиқиб кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Куня (Коня) шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган Баҳоуддин Валад шу ерда муқим туриб қолади. Румий отасининг вафотидан сўнг, унинг ўрнига Куня мадрасасининг бош мударриси бўлади.
Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар: Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топиб, Шайх Аттор зиёратчиларнинг қаршисига чиқади. Ўспириннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг “Асрорнома” китобини тақдим этади ва отасига қарата: “Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади”, — деб башорат қилади. Румий тариқат йўлини тутиб, шоир Саид Бурҳониддинга шогирд тушади, сўнг қаландар сўфий Шамсиддин Муҳаммад Табризий билан дўстлашиб, уни ўз пири деб эълон қилади. Табризий уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади. Румийнинг ўзи ҳам бир байтида: “Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди,- деган. Табризий таъсирида Румий ақлий изланишларидан воз кечади. Бу Румий муридлари, уламолар норозилигига сабаб бўлади ва улар фатвоси билан Табризий ўлдирилади. У бу фожиадан қаттиқ таъсирланиб, пирининг исми шарифини тахаллус қилиб, ғазаллар ёза бошлайди. Унинг “Шамси Табризий девон” номи билан шуҳрат қозонишининг боиси, у “Шамси Табризий”, “Шамси” тахаллусларини қўллашидадир. [42 минг байтли “Девони Кабир” (“Улуғ девон”)нинг иккинчи номи “Девони Шамси Табризий”].
Жалолиддин Румийнинг илмий ва адабий мероси ғоят катта. Ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига оладиган “Девони кабир” (“Улуғ девон”)да уч мингдан ортиқ шеър бор. Фалсафий-сўфиёна мушоҳадалар, руҳият диалектикасини кашф этиб, инсон ақлини лол қолдирадиган теранлик билан ёзилган “Маснавий-маънавий” ҳам бир неча минг байтдан иборат. Бундан ташқари “Мактубот”, “Фиҳи мо фихий” (“Ичиндаги ичиндадир”) номли асарлари ҳам мавжуд.
Румий ўз асарларида одамни тадқиқ этади, унинг табиати ва интилишларини кузатади, ботиний жилолар ва сурилишлар, қалб силжишларини қидириб топади. Инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида, нуқсонлар – нафси, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил этиб, булардан қутулиш, покланиш йўллари, фазилатини баён этади. Румийнинг ҳар бир фикри – бир машъала, бир чироқ, шундоққина қалбга қўйиладиган зиёдир. Улуғ мутафаккир инсон камолоти учун муқтадир бир курашчи бўлиб майдонга чиқади, инсон боласини унинг ўзига таништиради, ёмонликдан нафратланиш ва яхшиликдан, илоҳийликдан фахрланишга ўргатади.
Жалолиддин Румийнинг буюклиги яна шундаки, у исломнинг улуғ шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда барча мазхаблар ва динлардан юқори кўтарила олди, бани башарни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, ишқ ва сиғиниш, поклик ва тавбадан сўз очди. “Чўллар мухталиф, аммо мақсад бир, яъни Оллоҳ ҳузури”, дея Улуғ Тангри ҳақиқати Оллоҳ жами махлуҳот баробарлигини исботлади.
Румий ижоди юксак бадияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир кучига эга. Унинг табиати ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиши, ўзгаришда экани, эскини йўқотиб, янгининг пайдо бўлиши – “дунёнинг зиддиятлар бирлигидан жанги”дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари, немис файласуфи Ҳегелнинг эътирофича, унинг диалектик методни яратишга ёрдам берган. Фалсафани Ҳегел ва Марксдан, Шопенгауэр ва Кантдан, Нийличе ва Фрейддан ўрганган кишилар Румийни ўқиб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экан, ҳаммаси айтилган экану дейишлари табиий.
Одамнинг буюклик даражасини унинг қанчалар асл хонадонда таваллуд топганига қараб аниқлаб бўлмайди. Аммо инсонни охирги манзилга кузатиш даражасига кўра, унинг кимлигини тасаввур этиш мумкин. Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романидаги аллома вафоти билан боғлиқ лавҳада шундай сўзлар битилган: “Турклар ва хуросонийлар, юнонлар ва арманлар, православлар ва яҳудийлар – ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида алвидо айтарди”.
Орада фақиҳлардан бири “амир ул-умаро” Муниниддин Парвонага: “Ўз шайхини дафн этаётган мўминлар ичра насроний ва яҳудийлар не қилур?”, -деб уларни ҳайдашни сўради. Бироқ бу бефойда эди. “Қуёш Ер юзини ёритганидек, Мавлоно ҳақиқат нури ила бутун башариятни мунаввар этмиш. Қуёш – ҳамманинг мулки!”- деди насронийлар руҳонийси.  “Мавлоно – нон кабидирлар. Нон ҳаммага зарур. Амирим, очларнинг нондан юз ўгириб кетганини қайда кўргансиз?”-деди яҳудийлар раввини.
Мавлоно Румий — ана шундай умумбашарий зот.
Румий асарлари кўпчилик форсигўй ва туркийгўй шоирлар ижодига катта таъсир кўрсатган, маснавийхонлик халқимиз ўртасида кенг тарқалган. Ўзбекистон ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Румийнинг “Маснавий маънавий” асари сақланади. Истиқлол йилларида Румий ҳаёти ва ижодига қизиқиш янада кучайди. Ш.Шомуҳамедов, А.Маҳкам ва бошқалар шоирнинг турли жанрдаги шеърларидан намуналарни ўзбек тилига таржима қилдилар. Шоир Жамол Камол “Маснавий маънавий” таржимасини ниҳоясига етказди.
Туркиянинг Куня шаҳрида 2006 йил декабрь ойида Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари вафотининг 733 йиллигига бағишланган хотира маросимлари ўтказилди.
Маросимда Мавлавия тариқати вакилларининг само рақслари, тасаввуф мавзусидаги фотокўргазмалар, олимларнинг Румий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги сермазмун маърузалари, қолаверса, тасаввуф мусиқаси 3-Халқаро фестивали ва бошқа муҳим тадбирлар ўтказилди. Бу маросимлар Куня шаҳрида дунёнинг турли давлатларидан келган меҳмонлар, адабиёт- шунослар, олимлар иштирокида Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, Куня вилояти ва шаҳар ҳокимияти томонидан ҳар йили декабрь ойининг биринчи ярмида анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Айниқса, Тасаввуф мусиқаси 3-Халқаро фестивали меҳмонларда, Куняликларда катта таассурот қолдирди. Фестивалда Ўзбекистондан таниқли ҳофиз Шерали Жўраев, Озарбайжондан Олим Қосимов, Доғистондан Аҳмад Аҳмедов ҳамда Эрондан Шаҳром Назирий каби машҳур санъаткорлар иштирок этишди. 17 кун давом этган маросимларда Мавлавия тариқати вакиллари ижросида 23 само рақслари намойиш этилди. Мусиқа жўрлигида ижро этиладиган само рақсларини тахминан 70 минг киши бевосита томоша қилиш имконига эга бўлди.
Маълумки, 2007 йил ҳазрат Жалолиддин Румийнинг таваллудига 800 йил тўлиши муносабати билан ЮНЕСКО томонидан “Халқаро Мавлоно Румий йили” деб эълон қилинган. Бу ўз навбатида бутун ислом олами, тасаввуф адабиёти, қолаверса, Жалолиддин Румий ихлосмандлари учун қувончли ҳодиса бўлди.
Ҳазрат Румийнинг 800 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Масалан, 2007 йилнинг 8-9 май кунлари Истанбулда халқаро Мавлоно Жалолиддин Румий симпозиуми ўтказилди. Унда дунёнинг турли давлатларидан 300 га яқин тасаввуф адабиётшунослари, маданият ва санъат аҳли иштирок этди.
ЮНЕСКОнинг маркази жойлашган Париж шаҳрида “Мавлоно Жалолиддин Румий” анжумани ўтказилди. Туркия, Афғонистон ва Эрон Мавлононинг 800 йиллигини нишонлаш дастурини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилди.

http://ferlibrary.uz/zhaloliddin-rumiy

***

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳикматлари

• Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.
• Эй, дил! На битмас хазинасан, на давосиз дард.
• Минг йил ўқисаму, мендан «нимани билдинг», деб сўрасалар, «ҳаддимни билдим» дейман.
• Дедиларки, кўздан йироқ кўнгилдан йироқ. Дедимки, кўнгилдаги кўздан йироқ бўлса не наф?
• Ишқ азоби тортмаган юрак ё телбанинг, ё мурданинг юрагидир.
• Эй, ёр! Биз ишқ узумининг шингиллари эдик-ку! Бошқа шишаларга шароб бўлибмиз, бошқа хаёлларда ҳароб бўлибмиз.
• Гулнинг гўзаллиги уруғидан; инсоннинг ҳусни эса қалбидандир.
• Кўнглингни покламабсан-ку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?!
• Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла.
• Поктийнат кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлмоқ, подишоҳлар бошига тож бўлмоқдан афзалдир.
• Ҳожат эмас, ҳаммасини сўзла баён қилмоққа, бир боқмоқ минг сўздан яхшидир англаганга.
• Ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла, гўзал яша.
• Ҳар ҳолни хайр, ҳар кечани қадр, ҳар келганни Ҳизр бил.
• Инсон табассуми билан тарбиясини, нимага кулгани билан савиясини намоён қилади.
• Эй, дўст! Мен Мажнун эмасман, аммо чақирсанг чўли биёбонга боришга ҳам тайёрман.
• Кўнгил боғ, кўзлар булутдир. Булут йиғласа боғлар яшнагай.
• Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин.
• Биз севсак гар, ер бўламиз, биз севсак гар, сел бўламиз. Биз севсак гар, лол бўламиз, биз севсак гар, жон бўламиз.
• Модомики, ҳамманинг гуноҳини бекитолмайсан, ўз кўзингни юмиб қўя қол.
• Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.
• Бизни билган билади, билмаган ўзи билади.
• Дўст деб аччиқ гапирганга эмас, аччиқни ширин гапирганга айтилади.
• Дунё тузоқдир, дони ҳою-хавасдир.
• Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоғингни унутма.
• Китоб ўқишдан олдин ўзимизни ўқишни ўрганайлик.
• Ҳаёт уйқудир, ўлимла уйғонур инсон. Сен шошил, ўлмасдан аввал уйғон.
• Ғайратинг қанотингдир.
• Адолат дарахтни суғормоқ, зулм эса тиканга сув тўкмоқдир.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси 

https://ziyouz.uz/hikmatlar/aforizmlar/mavlono-jaloliddin-rumi-hikmatlari/

***

декабр 25, 2018 18:05 Asia/Tashkent
  • Мавлоно Жалолиддин Румий
    Мавлоно Жалолиддин Румий

Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат «Маснавийи маънавий» асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани «Форсий Қуръон» деб ҳам аташган.

Image Caption

Асли ўртаосиёлик бўлган шайх Мавлоно Жалолиддин Румий Балх шаҳрида Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида туғилган. Жалолиддин ёшлик чоғидаёқ отаси билан мўғул истилоси туфайли Кўниёга кетиб қолишга мажбур бўлган. Умрининг охирига қадар шу шаҳарда мударрислик қилган, Кичик Осиёни ватан тутгани учун Румий тахаллусини олган.

Жалолиддин Румийнинг Қуниядаги мақбараси

Румийнинг илмий-адабий мероси форс тилида ёзилган бўлиб, унинг шеърий асарлари, асосан, «Девони кабир» («Улуғ девон»)га жамланган. Девонда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор.

Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат «Маснавийи маънавий» асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани «Форсий Қуръон» деб ҳам аташган. Бу асар қарийб 10 йил давомида ёзилган бўлиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланган. 27 минг байтдан иборат маснавий шаклида ёзилган бу асарни олимлар дидактик достон (Е.Э. Бертельс), ҳамосий (эпик) шеърлар мажмуаси (Т.Пурномдориён), ирфоний китоб (Р.Никольсон), тасаввуф қомуси (А.Шиммел) каби сифатлар билан аташган.«Маснавийи шариф»нинг қатор шарҳлари мавжуд. Асар мушарриҳларидан Обиддин Пошо шарҳлари машҳур.

Image Caption

         МАСНАВИЙИ МАЪНАВИЙ

                           Дебоча

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,

Нола чексам, эл ҳама оҳ урдилар…

Чок-чок этсин шу кўксимни фироқ,

Сўйлагаймен шарҳи дарди иштиёқ.

Ким йироқ тушса, йўқотса аслини,

Ул яна излар ҳаёти васлини.

Даврлар кўрдим неча нолон бўлиб,

Жуфти бадҳолону хушҳолон бўлиб.

Ҳар кишиким бўлди бир дам ёр менга,

Билмади ёрдир нечук асрор менга.

Сиррим эрмас нола-оҳимдан йироқ,

Гарчи нур кўзу қароғимдан йироқ.

Танга жону жонга тан мастур эмас,

Жон кўринмас кимсага, дастур эмас.

Ўт эрур найнинг навоси, ел эмас,

Кимда ўт йўқдир, йўқолсин, эл эмас.

Найни ёндирган ўшал ишқ оташи,

Майни ёндирган ўшал ишқ оташи.

Ёрдин айрилганга най ёрдир, не бок,

Пардаси пардамни этмиш чок-чок…

Най каби бир заҳру таёқ қайда бор?

Най каби дамсозу муштоқ қайда бор?

Қонли йўллардин ҳикоят айлагай,

Не эмиш савдойи Мажнун сўйлагай,

Бўйла ҳушдир, маҳрами беҳуш, бас,

Муштари унга қулоқдин бошқамас…

Кунларим тун қаърига жо бўлдилар,

Ўртанишлар менга ҳамроҳ бўлдилар.

Ўша кунлар, гўга, майли, бок йўқ,

Сен омон бўл, эйки, сендек пок йўқ.

Ким балиқ эрмас у қонгай сувга, чун,

Кимга кун йўқ, кунлари йилдек узун.

Пухтанинг ҳолини ҳеч билгайму хос?

Мухтасар этгин сўзингни, вассалом1.

Бандни ечгил, ечгил озод, эй ўғил,

Гарчи бандинг сийму зардир, қўймагил.

Кўзига жо бўлғуси денгиз, бале,

Бир кунинг ул кўзага сиғмас вале.

Кимки очкўз, кўзаси нур бўлмагай,

Тўлмагунча то садаф дур бўлмагай.

Ишқ ила кимнинг яқоси чок эрур,

Ҳирсдин озоду айбдин пок эрур.

Эй, омон бўл, ишқ – ажиб савдоимиз,

Эй, табиби ҳозиқу доноимиз.

Ҳар даъвои зоҳиру ботин ўзинг,

Бизга Жонилус ва Афлотун ўзинг.

Ишқ ила тан сойири афлок эмиш,

Рақс этиб тоғлар, кўринг чолок эмиш.

Ишқ – Тур тоғига жондир, ошиқо,

Тур масту харро Мусо соиқо…2

Лабларига етсам ул дамсозни,

Най каби мен сочгай эрдим розни.

Кимки бўлгай ҳамзабонидин жудо,

Безабондир, гарчи дилда юз наво.

Чунки гул кетса, гулистон қолмагай,

Сўнгра булбул бирла достон қолмагай.

Жумла маъшуқ эрмиш, ошиқ пардалик,

Зинда маъшуқ эрмишу ошиқ – ўлик.

Кимда йўқдир ишққа бир парво магар,

Ул қанотсиз қуш эрур, беболу пар.

Хуш нечук бўлғай, қарорим бўлмаса,

Қўллагувчи нури ёрим бўлмаса.

Иш истарки, бу сўзни зикр этай,

Ойинам ғамбози йўқ эрса, нетай.

Ойинанг бордир, нечун ғаммоз йўқ?

Анда занг бўлса, руҳи мумтоз йўқ.

Тинглангиз, дўстлар, мен айтай достон,

Филҳақиқат ҳолимиз бўлгай аён.

 

Баққол ва унинг тўтиси ҳақида ҳикоят

Бор эди баққол, унинг бир тўтиси,

Сабзаранг ҳам сўзга моҳир тўтиси.

Ул дўкон ичра нигаҳбони дўкон,

Сўз қотарди савдогарларга равон,

Сўз қотаркан, ўйлаким, нотиқ эди,

Тўтилар ичра ажиб ҳозиқ эди.

Боқмайин учганда сўлу соғини,

Тўкди бир гал ағдариб гул ёғини.

Қайтди бир пайт уйга кетган хўжаси,

Õўжаваш ўлтирди бир дам хўжаси.

Кўрди ул, ёғ эрди чун ҳар ён тугал,

Урди тўти бошига, ул бўлди кал.

Неча кундир сўзламоқни қилди бас,

Õўжаси чекди надоматлиқ нафас.

Ул соқол юлқиб, деди: эвоҳ, дариғ,

Неъматимни мен увол этдим аниқ.

Хушзабоним бошига ургунча то,

Қўлларим синсайди, эрмасми раво.

Ёрдами теккайми деб бул ишга,

Ҳадялар берди неча дарвишга.

Кечди уч кун, ул эса ҳайрону зор,

Ўлтирар эрди дўконда интизор.

Турфа-турфа нарсаларни кўрсатиб,

Аврар эрди қушни, сўз қотгайми деб.

Ўтди бир дарвешки, ул жавлаққа3 хос,

Бошида йўқ эрди бир тук, худди тос.

Тилга кирди қуш уни кўрган замон,

Кўз солиб дарвешга деди: эй фалон.

Не гуноҳ қилдингки, бошинг бўлди кал,

Ёки сен ҳам ёғни тўккансен магар?

Эшитиб, кулди халойиқ, эй, на хуш,

Жавлақийни ўзига ўхшатди қóø.

Сен азизларни ўзингдек билмагин,

Гарчи ўхшашдир ёзувда “шер”у “шир“.

Жумла олам шул сабаб гумроҳ эрур,

Кам киши Ҳақ аҳлидин огоҳ эрур.

Баъзилар ўзни набийман, дер холос,

Авлиёни ўзига айлар қиёс.

Дер: улар эрса башар, биз ҳам башар,

Биз-да нон ермиз, улар-да нон ошар…

Ваҳ, улар кўрдирки, кўрмас ҳå÷ қачон,

Ўртада бордир тафовут ончунон…

Арилар ҳам турфадирким, ҳар маҳал,

Қай бири оҳу, бири йиғқай асал.

Икки оҳу бир гиёҳ ер, сарҳисоб,

Биттасидин — гўнг, биридин — мушки ноб.

Ул қамишлар бир ариқдин сув ичар,

Биттаси — бўм-бўш, бириси — найшакар.

Боғки, ўхшаш жону жонзотдир басе,

Ўртада фарқу тафовутдир басе.

Ул еса, ундан нажосатдир жудо,

Бул еса, бундан нуқул нури Худо.

Ул еса, келгай фақат бухлу4 ҳасад,

Бу еса, бўлғай фақат ишқи Аҳад.

Бул замин аъло, ану шўрдир сўник,

Бул фаришта, ул еса девдир хунук.

Икки сув боққанда бир сувратлидир,

Бул шириндир, ул эса — аччиқ, тахир.

Тотли сув, шўр сув деярлар отини,

Соҳиби завқлар билурлар тотини.

Жодуни мўъжизага айлаб қиёс,

Ҳам уларга хийлани англаб асос.

Сеҳргарларгаким, асо олгач Мусо,

Қўлларига олдилар бир-бир асо.

Ул асодин бу асонинг фарқи бор,

Ул амалдин бул амалдир устувор.

Ул амалдин лаънатуллоҳу жафо,

Бул амалдин роҳматуллоҳу вафо.

Аҳли кофир таъбидир маймун таъби,

Қилса бир иш, айлагай маймун каби.

Ҳар не мардум айлагай, ул ҳам қилур,

Қилганин мардум ишига тенг билур.

Бошқалар қилганни қилдим, дейди у,

Фарқини билмас вале истезар ўқ.

Сидқ эмас, кўз-кўз учундир қилгани,

Бошига тупроқ сочингиз бўйлани.

Гар мунофиқ бош эгиб, этгай намоз,

Хийладир ул этгани, эрмас ниёз.

Ул мунофиқ рўзаву ҳажу закот

Бобида айлар магар мўъминни мот.

Аҳли мўъмин оқибатда шод эрур,

Ул мунофиқ охиратда мот эрур.

Иккиси-да бир ўйин ўйнар, бироқ,

Марву Ройдек бир-биридин кўп йироқ.

Ҳар бири боргай мақоми сўйига,

Ўз мақоми, балки номи сўйига.

Ул бири “мўъмин” дейилса, хуш эрур,

Бул “мунофиқ” сўзидин оташ эрур.

Ул бирининг исми маҳбуб зотидин,

Бул бирининг номи паст бедодидин.

Миму вов, мим, нунда гар ташриф йўқ5,

Лафзи мўъминдек вале таъриф йўқ.

Чун “мунофиқ” сўзи айтилган замон,

Санчилур кўнгилга, чаққандай чаён.

Гар десанг, ул дўзахимас, оти бор,

Бас, нечун унда жаҳаннам тоти бор.

Ном агар ўксук эса, ҳарфдин эмас,

Сув агар аччиқ эса, зарфдин6 эмас.

Ҳарф — идиш, маъно — идишда сув ҳамон,

Баҳри маъно ҳам китоб ичра ниҳон.

Баҳри талх, баҳри ширин ҳам мавжланур,

Лек қўшилмас, бир биридан ажралур.

Лекин уларнинг асли бирдир, аслига,

Иккисин топшир-да, тушма қасдига.

Ул асл олтинмидир ё сохтакор,

Бемаҳал бўлгайму сенга ошкор?

Тангри ҳар жон ичра қўймиш бир маҳҳак,

То яқинни билгай ул бешубҳа-шак.

Гар киши оғзига ногоҳ кирса хас,

То у хасни олмагунча тинчимас.

Мингта луқма ичра бир чўп тушса гар,

Одамий ул чўпни дарҳол ҳис этар.

Ҳисси дунё шул жаҳонга нарвон,

Ҳисси диний осмонга нарвон.

Ул бирига дору дармону табиб,

Бул бирига дору дармондир ҳабиб.

Соғ эрур ул ҳис, танинг бўстон бўлиб,

Соғ бўлур бул ҳис, танинг вайрон бўлиб.

Жон йўли жисмингни гар барбод этар,

Сўнгра ул вайронни ҳам обод этар.

Ганжу зар деб уйни бузгайлар, бироқ,

Ганж сарфлаб, уй қурурлар яхшироқ.

Сувни боғларлар ариқ қазган замон,

Чун ариқ шай бўлса, сув оққай равон.

Терини шилдинг магар, олдинг тикан,

Ул ярога тери келгай янгидан.

Қалъа вайрондир қамалга келса дуч,

Ёв қувилгач, тикланур девору бурж.

Ҳақ ишидир бул, нечун деб ким сўрар,

Бул сўзким ҳам бир заруратдин магар.

Гоҳ чунон кўрсатгай ул, гоҳ инчунин,

Баски, ҳайрондир боқиб бу ишга дин.

Äўст юзин бурганга ҳайрон эрмас ул,

Äўстга ҳайрон, дўсти бирлан маст ул.

Ул бирининг дўстга ўгирилмиш юзи,

Бул бирида дўсту маҳбуб орази.

Сен разм сол икки юзга, эт қиёс,

Балки бўлгайсен бу ишда рўшинос.

Жумла иблислар-да одам юзли, бас,

Ҳар кишига қўл бериш ҳам яхшимас.

Овчи чорлар қушчани ҳуштак чалиб,

Қушча келгай бул товушга алданиб.

Ўхшатар ҳуштакни қушнинг бонгига,

Шул йўсин тушгай у сайёд домига.

Яхшилардин сўз ўқирлар марди дун7,

Ўзгага ўз молидек сотмоқ учун.

Мард иши равшанлигу мардоналик,

Ҳийладир номард иши, бегоналик.

Ёпинур шер терисини тулкилар,

Бу Мусаллам отини Аҳмад қўяр.

Бул Мусаллам номи гар каззоб эрур,

Ул Муҳаммад улувал албоб8 эрур.

Ҳақ шароби қóéқасидир мушкиноб,

Боданинг ости тахир, ичмоқ азоб…

 https://parstoday.com/uz/news/iran-i41520-Мавлоно_Жалолиддин_Румий_Маснавийи_Маънавий_асари

You may also like...

2 Responses

  1. J Shohsanam Xidirova, [24.01.21 19:58]
    [В ответ на To’lqin Eshbek]
    Abdulla Oripov shu masalaga oydinlik kiritib bir fikrni aytganlar: Bir kuni dunyo olimlari yigʻilib qattiq bahslashishibdi. Negaki, Jaloliddin Koʻnyo diyorida yashagani uchun turklar bizniki dermish, otasi Bahovuddin Valad balxlik boʻlgani uchun afgʻonistonlik qoʻshnilarimiz ham asosiy da’vogarlardan biri boʻlibdi. Onasi xorazmiylardan boʻlgani uchun oʻzbek olimlari ham bahsga qoʻshilib, Rumiy bizniki deyishibdi, u fors tilida ijod qilgani uchun eronlik olimlar ham jim turishmabdi, taxallusi Rumiy boʻlgani uchun italyanlar ham boʻsh kelmabdi. Shunda bir kishi minbarga chiqib bahsga nuqta qoʻyibdi: «Janoblar, tortishmang, axir Jaloliddin Rumiy bir millat doirasiga sigʻarmidi?!»

    To’lqin Eshbek, [24.01.21 20:18]
    [В ответ на J Shohsanam Xidirova]
    Жуда пурмаъно хулоса! Фақат, боболаримиз ўз замонаси тақозосига кўра узоқ йиллар араб, форс, рус ва бошқа тилларда ҳам илму ижод қилганлари — уларнинг ўша миллатга мансублигини кўрсатмайди. Келгусида ёшларимиз инглиз, француз, немис ва бошқа халқаро тилларда ҳам илму ижод қилишлари кутилмоқда. Барибир, томирида миллат қони оққанлар билан миллатдошимиз сифатида фахрланаверишимиз лозим.

    To’lqin Eshbek, [24.01.21 20:21]
    Миллатимиз илдизига болта урадиганлар аввало буюк аждодларимизни бизга алоқаси йўқдек «бегона» қилиб кўрсатишга, тарих ҳақиқатларини бузиб тушунтиришга чиранадилар… Шунақа йўқотишларга асло бефарқ қарамаслигимиз зарур.

    To’lqin Eshbek, [24.01.21 20:25]
    [В ответ на J Shohsanam Xidirova]
    «Janoblar, tortishmang, axir Jaloliddin Rumiy bir millat doirasiga sigʻarmidi?!» Бу гапни Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий каби ўнлаб даҳоларга нисбатан ҳам айтсак арзийди. Буюк боболаримиз — дунё қадар, илму ижоди жаҳонга татийдиган даҳолардир.

    J Shohsanam Xidirova, [24.01.21 20:27]
    [В ответ на To’lqin Eshbek]
    Haqsiz, domla, ular birgina xalq yoki millat uchunmas, balki butun insoniyat uchun xizmat qilgan.

  2. Телеграм каналида билдирилаётган айрим фикрлар ҳавола этилди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>