Академик ёш математиклар билан мулоқот ўтказди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида академиклар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланмоқда.

Навбатдаги ана шундай мулоқот – атоқли математик олим, академик Шавкат Аюпов билан ўтказилди. Устоз Математика факультети талабалари даврасига ташриф буюрди.

аа1

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Математика факультети декани Аброр Худойбердиев академик олимнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб бердилар.

Устознинг таржимаи ҳоли қисқагина бўлса-да, унинг ҳар бир сатри замирида залворли илмий изланишлар, кашфиётлар, илм йўлидаги заҳматли меҳнатлар зуҳур этилган. Физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби академик Шавкат Абдуллаевич Аюпов 1969 йилда Тошкент шаҳридаги 192-ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагач, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Механика-математика факультетига ўқишга кирган. 1974 йили университетни муваффақиятли тамомлаб, Функционал анализ кафедрасида аспирант сифатида илмий тадқиқотларини бошлаган. 1977 йилда номзодлик диссертациясини ёқлагач, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ёш олимлар мукофотига сазовор бўлган. Иқтидорли ёш олим 1980 йилда Америка математика жамияти аъзолигига қабул қилинган. 1983 йилда физика-математика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлиш баробарида фан соҳасидаги Ўзбекистон ёш олимлари мукофоти соҳибига айланган. 1983-1996 йилларда университетимиз Функционал анализ кафедраси профессори, кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда Ўзбекистон Ёш олимлари жамияти раиси вазифасини ҳам муваффақиятли бажарган. 1987 йилда профессор илмий унвонига эга бўлган таниқли олим 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йилда эса ҳақиқий аъзоси (академик) этиб сайланди. 1997-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттесстация комиссияси (ОАК) раиси, 2000-2010 йилларда ЎзМУ Алгебра ва функционал анализ кафедраси мудири, 2012 йилдан буён ЎзМУ қошидаги математика институти директори лавозимларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Заҳматкаш олимнинг АҚШ, Германия, Буюк Британия, Испания, Австралия, Россия, Хитой, Франция, Руминия, Италия, Швейцария каби қатор давлатлардаги илмий муассасалар билан ҳамкорлиги ҳақида узоқ гапириш мумкин.

– Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири – муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан давра суҳбатимиз бўлди,– дейди устоз.– Давлатимиз раҳбарининг бир гуруҳ илм-фан фидойилари, академиклар билан мулоқотида кўп таклифлар илгари сурилди ва уларнинг изчил амалга ошаётгани илм-фанимиз, пировардида, жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади.

Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган академик Шавкат Аюпов илм ва таълим йўлида амалга оширган ишлари, илм-фан соҳасида эришган ютуқлари, атоқли устозларидан олган сабоқлари ҳақида сўзлаб берди.

Бўлғуси математиклар мулоқот давомида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ газетаси мухбири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>