Алишер Навоий ижодида ватанпарварлик туйғуси

Улуғ аждодимиз, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг

580 йиллиги муносабати билан Турин лицейи Маънавият хонасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олмазор туман бўлими фаоллари иштирокида Навоийхонлик кечаси ўтказилди.

1

Унда мазкур партия фаоллари, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари, Турин лицейи ўқувчилари иштирок этдилар.

Маънавий-маърифий тадбирда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбековнинг “Алишер Навоий ижодида ватанпарварлик туйғуси” мавзуидаги маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Маърузачи юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодларимиз номини тиклаш, маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлса, бугунги кунда Мир Алишер Навоий бобомизнинг тенгсиз маънавий мероси бугунги ёшлар ва келажак авлодлар учун ҳам ҳаёт мактаби бўлишини алоҳида таъкидлади.

– Биз барчамиз Мир Алишер Навоий бобомизнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва бетакрор ижоди ҳақида мактабдаёқ анча-мунча билимларга эга бўлганмиз. Энди ҳар куни ана шу бебаҳо маънавий хазинадан баҳраманд бўлиб яшаяпмиз,– деди маърузачи.– Китобхон деганда, кўз ўнгимизда энг аввало Алишер Навоий бобомиз асарларини теран нигоҳ билан мутолаа қилишаётган ёшлар намоён бўлади. Буюк шоирнинг бебаҳо ўгитлари ёш авлодда юксак маънавият, ватанпарварлик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни шакллантиришда ғоят муҳим ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу бетакрор асарлар орқали эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар моҳиятини теранроқ англаймиз. Буюк шоирнинг “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Mуҳокамату-л-луғатайн” каби асарларини қўлдан қўймай ўқимоқ, мазмун-моҳиятини теран англамоқ даркор. Улуғ шоир бутун умр халққа хизмат қилиб, барча асарларида эзгу ғояларни тарғиб этган. Ҳар йили 9 февраль – Мир Алишер Навоий таваллуди кунини катта шодиёна билан кутиб олиш юртимизда ўзига хос анъанага айлангани бежиз эмас. Дарҳақиқат, мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, умри давомида бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини англаймиз. Мир Алишер Навоий асарларида эл-улус хизматида бўлишдек шарафли касбнинг аҳамияти, халқ манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги, вафо, садоқат каби туйғулар поклиги таърифланган. Бу каби эзгу ғояларни изчил ўрганиш, ёшларимизнинг онгу шуурига чуқур сингдириш оқил ва билимли мутахассисларни, комил инсонларни вояга етказишда муҳим омил бўлади.

Айтиш жоизки, она Ватанимиз Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи йили мамлакатимизда – Алишер Навоий йили, деб эълон қилингани замирида улкан маъно мужассамдир. 1991 йил юртимизда – Алишер Навоий йили, деб эълон қилинган пайтида ҳали истиқлолга эришмаган эдик. Миллий мустақиллик учун кураш бошланган даврда бу буюк аждодимиз биз учун миллат, миллийлик, ўзлик деган улуғвор тушунчаларнинг ёрқин юлдузи эди.

Мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси таъсис этилганидан буён деарли ҳар йили иқтидорли талабаларимиз орасидан шунга муносиб талабалар камолга етмоқда.

Аждодларимиз шундай буюк сиймолар экан, биз шунга муносиб баркамол ва комил авлодни камолга етказиш учун интилаверамиз.

 

Зарнигор ҲАСАНОВА,

http://uchildiz.uz сайти мухбири

You may also like...

3 Responses

  1. Hasanova Zarnigor:

    Martabangiz bundan-da yuqori boʻlsin. Biz shogirdlaringiz ham sizdek olim, olimаlar boʻlaylik

  2. Ustoz ijod yo’lizga omad! Ollohim martabangizni bundanda ulug’ qilsin!

  3. Diyora Majidova:

    Ustoz, ijodingiz bardavom bo‘lsin.Ollohim yo‘lingizni yorug‘ qilsin.

Добавить комментарий для Diyora Majidova Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>