Аллома хотираси

Юртимиз узра Наврўз нафаси кезиб юрган бир пайтда, яъни, 22 март куни буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек таваллуд топган!

шукурБ

Улуғ бобокалонимиз номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий университети Физика факультети талабалари истиқомат қилишадиган 4-талабалар турар-жойида ўтказилган давра суҳбатида «Астрономия ва осмон физикаси» кафедраси профессор-ўқитувчилари дунёга довруғи достон аллома Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритдилар.

Манбаларда қайд этилишича, Улуғбек Муҳаммад Тарағай 1394 йилнинг 22 мартида, Амир Темурнинг Эрон ва Яқин Шарққа қилган «беш йиллик» уруши вақтида ҳозирги Озарбайжон ҳудудида жойлашган Султония шаҳрида дунёга келган. Улуғбек ўзбек халқи тарихида буюк астроном ва математик, давлат арбоби сифатида из қолдирган.

У темурийлар хонадонининг фарзанди сифатида ёшлигиданоқ сарой муҳитида сарой аъёнлари, олимлар, шоирлар таъсири остида тарбия топади. Унинг таълим олишини Амир Темурнинг ўзи ва бувиси Сароймулкхоним назорат қилган.

Ёш Улуғбек саройдаги йирик олимлар, хусусан Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румийдан сабоқ олади, қадимги юнон мутафаккирларининг асарлари билан танишади, табиатшунослик, математика, геометрия, география, кимё ва астрономияга оид билимларни чуқур эгаллайди. Натижада 20 ёшида у ўз даврининг йирик олимларидан бирига айланади.

Мирзо Улуғбек 1411 йилда Маворауннаҳр ва Туркистонга ҳоким бўлиб қолади. У давлат арбоби сифатида Самарқанд, Ғиждувон ва Бухоро шаҳарларида кўплаб мадрасалар ва масжидлар қурдиради ҳамда илм-фан ривожига катта эътибор қаратади. 1417-1428 йиллар давомида унинг бош-қошлигида, Самарқанд шаҳрида расадхона барпо этилади. 1428-1438 йиллар давомида у расадхонадаги изланишлари маҳсули сифатида «Зижи жадиди Курагоний» асарини ёзади. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлганлиги учун авваламбор у мусулмон мамлакатларидаги олимларнинг диққатини жалб қилган.

Амир Темурдан кейинги йирик ҳукмдор, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Мовароуннаҳрда бошқа темурий шаҳзодаларга ҳам мулк ажратган эди ва унинг ҳаётлик чоғида шаҳзодалар ўз мулкларида ҳокимлик қилиш билан кифояланишади.

Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилган. Биринчисида 1425 йилт Мўғулистон хони Шермуҳаммад ўғлон (1421-1425) ўзини мустақил хон деб эълон қилганда, Улуғбек унга қарши юриш қилиб зафар қозонган. Улуғбекнинг иккинчи юриши Сиғноқ шаҳри томон бўлган. Сирдарёнинг қуйи ҳавзаси Улуғбек тасарруфида эди. Улуғбек 1427 йили Сиғноқ яқинида унинг мулкига таҳдид қилган Бароқ ўғлон билан тўқнашган ва мағлубиятга учраган. Душман Улуғбекни таъқиб қилиб, Самарқанд остоналаригача келган. Мовароуннаҳр хавф остида қолгани туфайли Шоҳрух Мирзо Хуросондан катта лашкар тортиб келиб хавфни бартараф этади.

Шоҳрух вафоти (1447, 12 март)дан кейин Улуғбекнинг катта ўғли Абдуллатиф ворис сифатида темурийлар тахти ҳукмдори бўлиб қолади. Лекин, Шоҳрух Мирзонинг рафиқаси, малика Гавҳаршод бегим марҳумнинг учинчи ўғли бўлмиш Бойсунғур мирзонинг ўғли ва суюкли набираси Алоуддавла Мирзони ўтқазади. Ҳирот тахтига Алоуддавла ўтиргани Улуғбекка нисбатан исён сифатида қаралади ва Мирзо Улуғбек 1448 йил баҳорида ўғли Абдуллатиф билан биргаликда 90 минглик қўшин билан Хуросонга келиб, Ҳирот яқинида бўлган жангда Алоуддавлани тор-мор қилади. Ғалаба Абдуллатифнинг шахсий шижоати ва лашкарбошилик истеъдоди туфайли эришилган бўлса ҳам, Улуғбек фатҳномани кичик ўғли Абдулазиз номидан эълон қилади. Ундан ташқари, бобоси Шоҳрух томонидан Абдуллатифга васият қилинган Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъаси ва унинг ичидаги бойликларини ҳам Улуғбек Абдулазизга беради. Шундан сўнг Улуғбек билан Абдуллатиф ўртасидаги муносабат очиқ душманлик тусини олади. Улуғбек Самарқандда Абдулазизни қолдириб, лашкар билан катта ўғлига қарши жангга юради. Абдуллатиф ҳам ўз лашкари билан Амударё ёқасига келиб туради. Иккала лашкар ҳам дарёнинг 2 соҳилида узоқ муддат туриб, сувни кечиб ўтишга ботинмайди. Бу орада Улуғбек, «Абдулазиз Мирзо лашкардаги амирларнинг оилаларини таъқиб этаётир» деган хабарни эшитиб, Самарқандга қайтиб келишга мажбур бўлади ва шаҳар аҳолисининг Абдулазизга қарши исён кўтаргани гувоҳи бўлади. Тезда шаҳарни тартибга келтириб, яна катта ўғли Абдуллатифга қарши жангга йўлланади, лекин Самарқанд яқинида ундан мағлубиятга учрайди. Орадан кўп ўтмай, Улуғбек Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилади. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган.

Улуғбек Самарқандда 2та мадраса: бири — Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган.

Улуғбекнинг номи Европада ва умуман Ғарб мамлакатларида буюк бобоси Амир Темурнинг шуҳрати туфайли анча илгари маълум бўлган. Европадагилар Амир Темур ва унинг оила аъзолари ҳақида илк марта Самарқандга 1403-1405 йиллар давомида саёҳат қилган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавиходан эшитишган. Клавихонинг “Кундаликлар”и 1582 йил Севиляда ва 1607 йилт Парижда нашр этилганидан сўнг европаликлар дарҳол Амир Темур ва унинг оила аъзолари билан қизиққанлар. Улуғбек номи 17 аср бошиданоқ (1601 йилдан) Амир Темурга бағишланган драматик асарларда эслатилади. Бевосита Улуғбекка бағишланган Европадаги илк нашр инглиз астрономи Жон Гривс (1602-1652) қаламига мансуб. Унинг 1648 йилда нашр этилган асарида Улуғбек юлдузлар жадвалининг бир қисми (98та юлдуз) илова қилинган. 1665 йил яна бир инглиз олими Томас Хайд (1636-1703) Гривс билан боғланмаган ҳолда “Зиж”даги юлдузлар жадвалини форсий ва лотинча таржимада нашр этган. 1690 йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм ИВ ва ўзининг жадваллари билан солиштирган.

1725 йили инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм ИВ, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган. 1908-09 йиллар В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби — квадрантини кавлаб топгандан сўнг, Самарқанд олимларининг фаолиятига янгидан қизиқиш бошланади. Натижада 1918 йил В. В. Бартолднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган.

Яқин йилларгача Улуғбек фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра бўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд (ва) “Тўрт улус” (тарихи)ни (ҳам) ёзиб қолдирган эди”, деб ёзган. Улуғбекнинг туркийда ёзган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари Чингизхон босиб олган мамлакатларнинг 13-14 асрлар 1-ярмидаги сиёсий ҳаётини ўрганишда муҳим манбадир. Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида ҳам унинг шеърларидан намуналар келтирилган. Унинг даврида кўпгина асарлар араб ва форс тилидан эски ўзбек тилига таржима қилинган. Улуғбек ташкил этган бой кутубхонада турли фанларга оид 15 мингдан ортиқ жилдли китоб бўлган. Улуғбек ёшлигидан ўзга фанлар қатори мусиқа илмидан сабоқ олиб, бир қатор куй ва усуллар яратган, бу соҳага оид 5та рисола ҳам ёзган. “Рисола дар илми мусиқа” номли асари мусиқа тарихига бағишланиб, унда “12 мақом баёни”га доир махсус боби ҳам бўлган. Улуғбек “булужий”, “шодиёна”, “ахлоқий”, “табризий”, “усули равон” ва “усули отлиг” куйларини ижод қилади.

Яна бир диққатга сазовор нарса, Мирзо Улуғбек Али Қушчини «фарзанди аржуманд» дейишидир. Аслида Али Қушчи унинг фарзанди эмас, шогирди бўлиб, илм соҳасида устозига Абдуллатиф ва Абдулазизлардан, яъни ўз фарзандларидан ҳам содиқ ва вафодор эди. Шунинг учун ҳам Улуғбек унга ўз ўғлидек қарар эди ва унинг ёрдами билан «Зиж»ни фарзанди аржуманд Али ибн Муҳаммад Қушчи… иттифоқлигида» поёнига етказди.

– Мирзо Улуғбекнинг астрономия фанига қўшган ҳиссаси жуда катта,– дейди фан номзоди Талъат Ахунов.– Улуғбек «Зиж»и ўрта асрлардаги энг мукаммал астрономик асар бўлиб, тезда замондошларининг диққатини ўзига жалб этди. Энг аввал бу асар Самарқандда Улуғбек атрофида тўпланган олимлар ижодига таъсир кўрсатди. «Зиж»ни ўрганиш шуни кўрсатадики, у асосан амалий қўлланишга мўлжалланган бўлиб, назарий масалаларни баён этишни Улуғбек олдига мақсад қилиб қўймаган. 1449 йили Улуғбекнинг фожиали ҳалокатидан сўнг Самарқанд олимлари аста-секин Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетадилар. Улар ўзлари борган ерларга Самарқанд олимларининг ютуқларини ва «Зиж»нинг нусхаларини ҳам етказадилар. Хусусан, Али Қушчи 1473 йили Истамбулга бориб, у ерда расадхона қуради. Шу тариқа Улуғбек «Зиж»и Туркияда тарқалади ва Туркия орқали Оврўпо мамлакатларига ҳам етиб боради.

Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги 1994 йилнинг апрелида Парижда, ўша йилнинг октябрида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида тантанали равишда нишонланди ва халқаро конференциялар ўтказилди. Шу йили Тошкентда Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди. Улуғбек сиймоси Пулково расадхонаси, Москва университети конференц-залларида дунёдаги машҳур олимларнинг портретлари қаторидан жой олган. Самарқандда Улуғбекнинг мемориал музейи ташкил этилган. Тошкентда Ўзбекистон миллий университети, туман, кўча, маҳалла, метро бекати, истироҳат боғи, шаҳарча Улуғбек номи билан аталади. Фарғона педагогика университетига, Самарқанд архитектура-қурилиш институтига, Китоб халқаро кенглик станциясига, қишлоқ, мактаб ва бошқаларга Улуғбек номи берилган.

Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида пьеса (М. Шайхзода, “Мирзо Улуғбек” трагедияси), роман (О. Ёқубов, “Улуғбек хазинаси”; С. Бородин, “Самарқанд осмонида юлдузлар”), опера (А. Козловский, “Улуғбек”), поэма (М. Бобоев, “Улуғбек”), балет (М. Бафоев, “Улуғбек буржи”), фильм (Реж. Латиф Файзиев, “Улуғбек юлдузи”, 1965) ва бошқа яратилган.

Маънавий-маърифий тадбирда илмга чанқоқ ёш физиклар ҳам ўз таассуротларни баён этдилар.

Физика факультети талабаси Рустам Абдуллажоновнинг қуйидаги шеърий сатрлари барчани ҳаяжонга солди:

 

Жаҳон ичра сендан улуғроқ

Менга йўқдир Ватаним.

Кетолмасман бир зумга йироқ

Ололмайди ҳеч қандай ғаним.

Бир биридан гўзал зиёда

Олам шоҳид биноларингга.

Тан бермаган борми дунёда,

Беруний-у Синоларингга.

Мафтун этар юлдузлар кўзни

Ёниб турган мисоли чўғдек.

Олис осмон сиридан бизни,

Огоҳ қилди Мирзо Улуғбек.

Юртим сенга ошиқ бўлдим мен,

Гулларинг атридан сармастман, сармаст.

Назаримда ҳатто оддий чиноринг

Ҳеч ким менчалик дилдан севолмас.

Бағрингда ўсарман дуркун ниҳолдай

Ва фақат мен сенда кўрарман бахтим.

Илиқ қучоғингдан айрилмай дейман

Сўнгги нафасгача куйламоқ аҳдим.

 

Анъанага кўра Мирзо Улуғбекнинг таваллуд айёми муносабати билан «Гамма мукофот» танлови ташкиллаштирилди. 97 саволдан иборат кроссвордга энг кўп ва энг тўғри жавобларни тўлғазишда 77 та тўғри жавоби билан 3-курс астрономия йўналиши талабаси Руслан Газизулин ғолиб деб топилди.

Танлов ғолиби эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 Фазилат Расулова,

ЎзМУ Физика факультети талабаси

You may also like...

4 Responses

  1. Физикларимизнинг бир-биридан ажойиб давра суҳбатлари ҳамиша эътиборимизни қозониб келган. Бу борада факультет раҳбарияти ва талабаларга куч-қувват тилаб қоламан!

  2. Darhaqiqat Mirzo Ulug`bek osmonning sirli tomiga narvon qo`ygan buyuk bobokalonimizdir. U kishining qilgan ishlari nihoyatda ulkandir. Bu buyuk zot bilan qancha faxrlansak arziydi.

  3. O’zMU Fizika fakulteti talabasi Fazilat Rasulova yozgan maqolasi yaxshi chiqan. Bu maqolani o’qigan har bir o’quvchi o’zida g’urur hissin tugadi. Darhaqiqat, bobokalomizdan qolgan ilmiy me’ros astranomiya faninig juda katta hissa qo’shdi.

  4. Maqolaga ozroq shaxsiy fikrlar yetishmagan.Lekin keltirilgan malumotlar juda yaxshi

Добавить комментарий для Nasimboyev Bekzod 201-guruh talabasi Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>