АЛЛОМА

Академик Тошмуҳаммад Саримсоқов суратларига чизгилар

Sarimsoqov

 

Мактабда ўқиб юрган кезларим академик Тошмуҳаммад Саримсоқов ҳақида эшитиб ҳайратга тушганман. (Собиқ мустабид тузум даврида ўзбек олимлари ҳақида мақолалар йўқ ҳисоби эди-да). Соддадил ёшлик давримдаги орзуларимдан бири – шундай буюк олимлар, шоир ва ёзувчиларни кўриш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш эди. Ниҳоят, бу орзуга 1993 йили “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ишлаб юрган кезларда эришдим.

Ўша даврда академик Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов ҳозирги Амир Темур хиёбонидан нарироқда мўъжазгина ҳовлида турар экан. Ийманибгина борганимда улуғ сиймо очиқ чеҳра билан кутиб олди. Ичкарига кираётиб, учта хонасига разм солдим; шифтигача тўла китоблар. Баъзи кутубхоналарда ҳам шунча китоб бўлмаса керак. Ҳаммаси жавонларга расамади билан тахлаб қўйилган. Иш столида қалин-қалин китоблардан бир нечтаси очиб қўйилган. Чамаси, домла қандайдир илмий тадқиқот билан машғул эди.

Оддийлик – энг буюклик тимсоли, деган нақлга ўшанда тан берганман. Дунёга довруғи достон бўлган академикнинг юзидан нур ёғилиб туриши, гап-сўзлари шу қадар оддий, самимий эдики, ҳар қандай кишини ўзига мафтун этиб қўярди. Суҳбатдошимнинг майингина сўзлашига маҳлиё бўлиб ўтирар эканман, шу сиймодан барча ёшлар ибрат олса арзийди, деган ўй хаёлимда чарх урарди.

“Ўзбекистон овози” газетасида ёритилган “Аллома” сарлавҳали очерк кўпчиликда қизиқиш уйғотди. У илм чўққилари сари интилаётган бугунги талабаларимизда ҳам қизиқиш уйғотади, деган умиддамиз.

***

Бошига дўппи кийиб, елкасига тўн ташлаганча маърифатхонасида бир зум хаёлга чўмган, нигоҳлари олисларга қадалган бу инсон суратига разм солсангиз ажиб сийратини англагандек, ҳис қилгандек бўласиз. Ҳаётини илму фанга бахш этган аллома фанимизнинг эртанги уфқлари ҳақида ўйлаётган бўлса не ажаб… Физика-математика фанлари соҳасида ўзига хос катта мактаб яратган заҳматкаш олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов ҳамиша ана шундай эзгу хаёллар оғушида ўтиради. Қаҳрамонимиз суратини ўзгача изоҳлаш мушкул.

Ҳурматли устоз билан бақамти суҳбатни ушбу суратга тушаётган кезда хаёлидан қандай ўйлар кечгани ҳақидаги савол билан бошладик.

– Очиғи фотомухбир Б. Молгачев келиб, суратга туширмоқчи эканини айтганида хаёлимдан улуғ аждодларимизнинг беқиёс мероси ҳақидаги фикрлар ўтаётган эди,– деди Тошмуҳаммад Алиевич.– Суратга атай “ясама” тушганим йўқ. Ҳаётимда энг ёмон кўрганим – ясамалик. Иш устидаги оддий ҳолатимни суратга олишда фотомухбир ҳам қийналмаганди, шекилли.

Келинг, ўшанда ҳам, ҳозир ҳам хаёлимни банд этган фикрлар хусусида гаплашайлик. Биласизми, жаҳон илм хазинасига жуда улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва бошқаларнинг меросини чуқур ўрганиш дунёнинг сиру-синоатидан воқиф бўлишга, улкан кашфиётлар калитини топишга, фан-техникани ривожлантиришга хизмат қилган. Зотан, Шарқ алломалари илмий тафаккурлари самарасини кўплаб ривожланган араб давлатлари тимсолида ҳам кўриш мумкин, десак муболаға бўлмайди!

Биз эса узоқ йиллар ўз ўтмишимизга, бобокалонларимизнинг бой меросига бефарқ қараб келганмиз. Фақат кези келгандагина, уларнинг номларини санашга ўрганиб қолган эдик…

Қизиқ бир воқеа ёдимдан чиқмайди. Қайсидир йили Европа бўйлаб саёҳатга чиқиб, қайтишда Истамбулга тўхтаб ўтдик. Аё София мадрасасида бўлдик. Ҳозир у тарих музейига айлантирилган. Ўшанда академик В.П.Шчеглов шундай бир гап айтдики, бу улуғ бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг мероси тақдири билан боғлиқ эди. Айтишларича, Мирзо Улуғбек ўлдирилгач, унинг кўплаб нодир асарлари, қўлёзмаларидан илм хазинасини содиқ шогирди Али Қушчи Истамбулга олиб келган. Ўзи бу ердаги мадрасаларда мударрислик қилган ва устозининг хазинасини кўз қорачиғидек асраган. Али Қушчи оламдан ўтгач, Улуғбек хазинасини англиялик бир сайёҳ Лондонга олиб кетган. Ана шу хазина ҳозир ҳам Лондондаги “Британ” тарихий музейининг Шарқ бўлимида сақланаётган бўлиши мумкин…

Демоқчиманки, биз энди улуғ алломаларимизнинг бой меросини мукаммалроқ ўрганишимиз, ёш авлодга ҳам бу ҳақда сабоқ беришимиз зарур. Айни вақтда жаҳоннинг илғор фан-техникаси, юксак даражада тараққий этган техналогияси сиру-синоатини ҳам тезроқ ўзлаштириб олмоғимиз ва пировардида республикамизни чинакам тараққиёт поғонасига кўтармоғимиз керак.

У кишиниг олисларга тикилган нигоҳларида шундай эзгу мақсадлар, ўйлар мужассам. Беихтиёр ўйлаб қоласан киши, улуғ бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг илм соҳасидаги беназир ишларини давом эттирувчи кейинги асрларда ҳам салмоқли даражада бўлганида, илм-фан узлуксиз равишда ривожлантирилганида юртимиз ҳозиргидан гўзалроқ бўлармиди! Жаҳонгир Амир Темур бобомизнинг салтанати, ўша даврда дунёни лол қолдирган давлат парчаланиб, хор-у зор бўлмасмиди! Хонликларга бўлиниб кетган юрт пешволари пайти келиб оддий замбаракларни ғилдиратиб келишган босқинчиларни кўрганда таҳликага тушмасмиди!..

Минг қатла шукрки, тарих ғилдираги халимизни яна рўшноликка олиб чиқди! Мустақил Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда. Республикамиз ҳам ривожланган илғор мамлакатлар қаторидан ўрин олишига умид уйғонмоқда.

Суратга чизгилар асносида улуғ замондошимиз, аллома Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг ҳам ажиб сийрати кўз олдимда намоён бўла бошлади.

Тошмуҳаммад Алиевич 1915 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон қишлоғида таваллуд топган, ўша даврлардаги турли ғалаёнларни ўз кўзи билан кўрган. Қўқондаги мактаблардан бирида 8-синфни битиргач, 1931 йил июль ойида Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) тайёрлов бўлимига кирди, ўша йили сентябрь ойида физика-математика факультетига қабул қилинди. Қунт билан ўқиди, ҳар қандай масалани туб илдизларигача тушуниб етмагунича жиддий изланишни одат қилди.

Бўлғуси олим 4 курсда ўқиб юрган кезларидаёқ мураббийлик фаолиятини бошлашга тўғри келган. 1-2 курс миллий гуруҳ талабаларига дарс берган.

– Ўша даврларда миллий кадрлар жуда кам эди-да,– деб хотирлайди Тошмуҳаммад Саримсоқов.– Иккинчи томондан профессор Т.Н.Қори-Ниёзий республика Маориф Халқ комиссари этиб тайинлангач, унинг ўрнига ҳам дарс ўтишим зарур бўлган. Тақдирни қарангки, кези келганда мен профессор Т.Н.Қори-Ниёзийнинг докторлик диссертацияси ҳимоясида оппонент сифатида қатнашганман. Докторлик ишига ўзи томонидан битилган оддий дифференциал тенгламалар дарслик китоби асос қилиб олинганди. Қори аканинг мазкур китобига ҳам ўзим муҳаррирлик қилганман…

1936-йили Тошмуҳаммад Саримсоқов “Классик ортоганал кўпҳадлиларнинг илдизлари” мавзуидаги диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилгач, кузда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон олимларининг 1-сеъздида қатнашиш шарафига мушарраф бўлади. Съезднинг очилиш маросимида Ўзбекистон халқ Комиссарлари Советининг Раиси Файзулла Хўжаев нутқ сўзлади. Сўнг илмий анжуман ўз ишини давом эттирди. Анжуманнинг математика секциясида Тошмуҳаммад Саримсоқов биринчи илмий тадқиқотлари натижаси ҳақида маъруза қилади. Бу, ёш олимнинг улкан илм даргоҳидаги дадил қадамларидан бири эди.

Номзодлик дессертацияси мавзуи “Иккинчи тартибли диференциал тенгламалар ҳаллари ва баъзи алгебраик тенгламаларнинг асимптотик ечими” эди. Бу илмий иш 1938 йил май ойида аъло даражада ёқлангач, Олий аттестация комиссияси унга физика-математика фанлари номзоди илмий даражаси ва доцентлик унвонини беришга қарор қилди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганида Тошмуҳаммад Саримсоқов ҳарбий хизматга чақирилган бўлса-да ҳар қалай илмий изланишларини давом эттиришга имкон бўлди. У Ўрта Осиё ҳарбий округининг Тошкентдаги метеорология қисмида хизмат қилган. Ўшанда ўзига бироз янги соҳа бўлган синоптик харитани тўлдириш ва унинг устида ишлаш билан шуғулланди. Об-ҳавони олдиндан айтиб бериш илмига жуда қизиқиб қолди. Марков занжири устида иш олиб борди. Бир гуруҳ муаллифлар иштирокида “Ўрта Осиё осмонининг синоптик процесслари” деган йирик рисола таҳририда қатнашди.

“Ҳолатлари саноқли бўлган тасодифий процессларга оид” мавзуидаги докторлик дессертациясини 1942 йилнинг май ойида ёқлади. Ҳимоя маросими тугаши биланоқ уни ҳарбий қисмга навбатчиликка жўнатишди.

Ҳар қандай курашлар силсиласида эзгулик сари интилиш устивор бўлади. Ватан тақдири ҳаёт-мамоти учун шиддатли жанглар кетаётган бир пайтда ҳам мамлакат ичкарисида илмий изланишлар, янги-янги кашфиётлар яратиш давом этарди.

1943 йилнинг март ойида Тошкент давлат университетига ректорликка тайинланган Тошмуҳаммад Саримсоқовга бу лавозимда узоқ ишлаш насиб этмади. Ўша йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Фанлар Академиясини ташкил этиш тўғрисида қарор чиқди. Ҳурматли олим ҳам Академиянинг биринчи таъсис таркибига киритилган эди. Шундан сўнг, Фанлар Академиясининг умумий мажлисида у биринчи вице-президент лавозимига сайланди. 1946 йилнинг ёз ойларида эса Академиянинг умумий мажлисида Ўзбекистон Фанлар Акадимиясининг президенти этиб сайланади.

Респуликамизнинг биринчи академикларидан бири, таниқли олим Тошмуҳаммад Саримсоқов меҳнат фаолиятининг асосий қисмини фан арбоби сифатида физика-математика фанларини ривожлантириш ва бу соҳада ёшларга мураббийлик қилиш ташкил этади. 1952 йилда ТошДУга ректорликка қайтиб келгач, тақдирни қаранки 1959 йилда яна бу лавозимни тарк этишга тўғри келганди. У 1959 йилда республика Министрлар Совети қошидаги Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари давлат комитетига раислик, сўнгра, комитет вазирликка айлантирилгач, 1960 йилдан вазир лавозимида фаолият кўрсатди.

1971 йил май ойида учинчи марта жонажон университетига ректорликка қайтди ва 1983 йилнинг ёзига қадар ўзи учун энг муқаддас ва шарафли вазифани адо этди. Сўнг, табаррук устоз Ўзбекистон Фанлар Академияси Президумида маслаҳатчи сифатида фаолиятини давом эттирди. Биз суҳбат қурган чоғда етмиш саккизинчи баҳорини қаршилаётган бу мўътабар инсон чеҳрасида ҳамон ёшлик шижоати акс этиб турарди.

Академик Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг “Ҳақиқий ўзгарувчининг функциялари назарияси” дарслик китоби 1968 йилда “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилган. 1982 йилда қайта нашр қилинган. “Марков процессларининг асоси” деб номланган рус тилидаги қўлланмаси эса 1954 йилда Москвада нашр килинган эди. Шунингдек, у кишининг “Функционал анализ курси” дарслик китоби 1980 йилда, “Квантли эҳтимоллар назариясига кириш” деб номланган йирик илмий рисоласи 1985 йилда яратилган. Эсдаликлар ва хотиралардан иборат “Ҳаёт довонлари” китоби 1989 йилда нашр этилган.

Ҳалол меҳнатлари туфайли алломанинг кўксини қатор орден ва медаллар безаган, икки марта Беруний номидаги давлат мукофоти, Меҳнат қаҳрамони деган юксак номга мушарраф бўлган.

Ҳар қандай бахт шахсий бахтдан бошланади, деган гап бор. Илму маърифатда юксак довонларни забт этган аллома Тошмуҳаммад Алиевич муносиб оила бошлиғи ҳамдир. Рафиқалари Турсуной ая билан фарзандлари камолидан мамнун яшамоқдалар. Ўғиллари Бахтиёр билан Олимжон ота изидан боришиб, математика фанлари номзоди бўлишган, Равшан эса тарих фанлари номзоди. Дилбар ҳуқуқшунослик олийгоҳида инглиз тилидан дарс беради. Рустам ҳуқуқшунослик касбини танлаган.

– Бу йил ҳаётимда энг унутилмас йил бўлиб қолишига ишонаман,– дейди устоз аллома самимий жилмайиб.– Республикамиз сиёсий, ижтимоий, маърифий ва бошқа соҳаларини ўзига хос жўшқинлик билан ёритаётган отахон газетамиз “Ўзбекистан овози” муборак 75 ёшини нишонласа, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон Фанлар Академияси ўзининг ярим асрлик тўйини ўтказади.

Ҳа, отахон газетамизнинг деярли тенгдоши, Ўзбекистон Фанлари Академиясининг биринчи академикларидан бўлган ва унга кўп йиллар раҳбарлик қилган муҳтарам устоз учун чиндан ҳам бу йил жуда қутлуғ бўлишига ишонамиз. Ҳурматли устознинг галдаги ҳаёт довонларидан бири шу бўлса керак.

***

Изоҳ: Атоқли олимни 1995 йил 17 декабрь куни сўнгги манзилга кузатдик… Юртимиз мустақиллиги шарофати билан у 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Бу йил 10 сентябрь куни Тошмуҳаммад Саримсоқов таваллудига роппа-роса бир аср тўлади! Ўзбек илм-фанида, Миллий университетимиз тарихида ёрқин из қолдирган атоқли алломанинг бетакрор илмий мероси асрлар оша мангу яшайверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

You may also like...

5 Responses

  1. ш:

    Ассалому алайкум. Уч илдиз номига мос иш қилмоқда.Мақола менга ёқди. Мана шунақа мақолалар орқали ўзбекларнинг илдизи бақувватлигига амин бўламиз.Халқимизнинг илдизлари хақида шу каби мақолаларни бериб борверинг.Талабалар албатта ўқиб чиқсин. Чунки,генерал бьўлишни орзу қилмаган аскар бўлмаганидек, академик бўлишни орзу қилмаган талаба талаба эмас. Омад сизга ёр бўлсин.

  2. Yaxshidan bog’ qoladi deganlari shu bo’lsa kerak. Ana shunday atoqli olimning boy ilmiy merosi bundan 100 yil o’tganidan keyin ham katta ahamiyat kasb etishiga ishonamiz.

  3. Bu shaxs to’g’risida eshitmagan ekanman. Maqolani o’qish davomida shunga amin bo’ldimki Toshmuhammad Sarimsoqov haqiqatdan yetuk akademik. Uning ilmiy merosi avlodlarga o’rnak bo’ladi.

  4. Toshmuhammad Sarimsoqov singari yetuk akademiklardan qolgan katta ilmiy meros biz talabalarning kerakli kadr bo’lib yetishishimiz uchun bebaho boylik.

  5. Shunday buyuk o’lmas akademiklarimizning ilmiy merosini asrab avaylash bizning burchimiz

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>