Андижон вилоятида 11-16 июль кунлари “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзуига бағишланган анжуманлар ўтказилади

Анжуман олдидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари, шоира Хуршида Қўчқорова билан ушбу мавзуда он-лайн суҳбат ўтказилди.

  ан2

– Хуршидахон опа, аввало жонажон Ўзбекистонимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муборак бўлсин! Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан Андижон вилоятида ўтказилаётган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзуига бағишланган тарғибот тадбирларига тайёргарлик ишлари қай даражада амалга оширилмоқда?

– Андижонликлар бу ажойиб кунларни жуда интизорлик билан кутишмоқда, албатта. Биласиз, меҳнаткаш халқимиз, айниқса, ёшлар таниқли ижодкорлар, санъаткорлар, маданият ходимлари, олимлар билан юзма-юз мулоқотларни ҳамиша орзиқиб кутадилар. Ўйлайманки, Малика Ибрагимова, Рихсивой Алиев, Гавҳар Зокирова, Абдурайим Абдуваҳобов, Феруза Бобоёрова, Ражаб Адашев, Муруватхон Қодирова, Муҳаббат Абдуллаева, Гулнора Толипова, Нодира Маҳмудова, Одинахон Нарзуллаева, Ҳабибулло Юнусов, Ҳакима Отахонова, Азизхон Латипов, Феруза Норматова, Фазлиддин Ғуломов, Баҳодир Мирмақсудов, Равшан Ҳасанов, Фарида Умарова, Отабек Ҳақбердиев, Анжелина Есембетова, Умид Искандаров, Гулзода Исроилова, Умид Шодмонов, Йигитали Мамажонов каби таниқли театр ва кино актёрлари, Озодбек Назарбеков, Маҳмуд Номозов, Малика Эгамбердиева, Зиёда Қобилова, Манзура Йўлдошева, Машҳурбек Раимжонов, Ойбек Ҳамроқулов, Шерзодбек Ортиқов, Ҳулкар Абдуллаева, Ёдгор Мирзажонов, Умида Хўжаева, Рухшона Маҳмудова, Раҳимхон Сардор, Лола Йўлдашева, Сардор Мамадалиев каби хушовоз хонандалар, Иқбол Мирзо, Турсуной Содиқова, Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Тўлан Низом, Нодир Жонузоқ, Қамчибек Кенжа, Абдунаби Бойқузиев, Тўлқин Эшбек, Наби Жалолиддин, Омина Тожибоева, Нажмиддин Икромий, Нусрат Абдусалом, Маъруфжон Ғозиев, Абдуғулом Абдуғани, Абдумутал Абдуллаев, Муҳаббат Отамирзаева, Барнохон Ҳайдарова, Зуҳриддин Исмоил, Ойдиннисо Йўлдошева, Замира Рўзиева, Фарид Усмон, Матлуба Юсупова, Ҳабиб Сиддиқ, Восит Аҳмад каби ёзувчи-шоирлар, олимлар ва маданият ходимлари билан бўлиб ўтадиган учрашувлар таассуротларга бой бўлади.

Вилоятимизнинг деарли барча туманлари ва шаҳарларида, қишлоқларида, турли муассасаларда кенг миқёсда ўтказиладиган анжуманларга пухта ҳозирлик кўрилди. Тегишли тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Мазкур режага кўра 11 июль куни “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” тарғибот тадбирларининг тарғиботчилари иштирокида вилоят ҳокимлигида матбуот анжуманини ўтказилади. Бир ҳафта мобайнида вилоятимиз бўйлаб ўтказиладиган тадбирлар вилоят телевидениеси ва радиканалларида, “Андижоннома” газетаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади. Умид қиламизки, жойларда учрашувлар шунга яраша юқори савияда ўтказилади. Бу учрашувларда вилоятимизда ижод қилишаётган санъаткорлар, олим ва ёзувчилар, маданият ходимлари ҳам фаол иштирок этадилар.

– Айтингчи, шундай маънавий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, ижодий учрашувлар ёшлар онги ва дунёқарашини шакллантиришда қанчалик муҳим аҳамият касб этади?

– Бундай саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси ёшларимизнинг умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, улар онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, эндигина улғайиб келаётган ўғил-қизларимизда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган. Юртимизда мустақилликдан олдин бўлган давр ҳамда мустақиллик йилларида турли соҳаларда, жумладан, таълим соҳасида эришилган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида олиб борилаётган вазифалар, Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳияти билан ёшларни ҳаётий ва аниқ мисоллар асосида таништириб боришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Бугунги кунда дунёнинг турли давлатларида юз бераётган нотинчликлар, диний экстремистик оқимлар ва улар томонидан амалга оширилаётган хунрезликларнинг ортида турган кучлар ҳамда уларнинг ғаразли мақсадларини ёшларга очиб бериш, уларнинг мафкуравий иммунитетини янада мустаҳкамлашга қаратилган чораларни изчил давом эттириш зарур.

Халқпарварликни ниқоб қилиб олиб, халқдан қул сифатида фойдаланган, пуч ғоялар асосига қурилган собиқ тузумнинг руҳиятимизга, азалий қадрият ва урф-одатларимизга мутлақо ёт сиёсати инсонларнинг тақдирини ҳам, ҳаётини ҳам, ўй-фикр ва орзу-интилишларини ҳам белгилаб, ўлчаб беришга уринган. Қанчадан-қанча мустақил фикрли юртдошларимиз қатори ўзбекнинг Чўлпон, Қодирий, Фитрат, Авлоний, Усмон Носир каби асл фарзандларининг ҳам ёстиғини қуритди бу тузум. Бундай оғриқ нуқталарнинг қайси бирини айтиш мумкин?

Бугун ўзбек адиблари қулочни кенг ёйиб парвоз қила олади. Озод ва обод юртидан, миллатидан, ўзлигидан фахрланиб, эмин-эркин ижод қилаётгани, улуғ бунёдкорликлар, халқ руҳиятидаги юксалишлар, кенг имкониятлар, ғамхўрликлар ўз-ўзидан мавзу жиҳатидан бой, бадиий юксак янги асарлар яратилишига туртки бўлаётгани сир эмас. Айниқса, мустақиллик фарзандлари бўлган ёшларимизнинг ижодий муваффақиятлари, интилишлари кишини тўлқинлантиради.

Вилоятимизда мустақилликнинг илк йилларида ташкил топган “Бобур издошлари” адабий тўгарагимиз аъзоларининг сони ҳар йили 50-60 нафар ёшлар аъзо бўлишини ҳисобга олсак, бугунги кунгача мингдан ортиб кетди. Вилоятнинг барча ҳудудларидан жамланган ёшлар ичида беш нафар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, бир нечта “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида илк китоблари Республика Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган ёшлар, қатор нуфузли танловлар ғолиблари бор. 2009 йилдан буён мунтазам ўтаётган “Шаҳрихонсой мавжлари” водий ёш ижодкорлари анжумани ҳам кўп истеъдодларни кашф этишга хизмат қилаётганини, вилоятнинг қатор туманларида ҳам ёш ижодкорлар тўгаракларимиз фаолият юритиб келаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бугун кундан-кунга чирой очиб, дунёга юз тутаётган мустақил юртимизни ҳар қандай одам, шоир бўлмаган киши ҳам мадҳ этгиси, жўшиб куйлагиси келади. Шундай экан, тўлқинланмай, юрт мадҳига байт айтмай бўладими?

 

Халқим, тегрангга боқ, ҳар ён мусаффо,

Осмон мусаффодир – замон мусаффо,

Мусаффодир диллар – виждон мусаффо,

Не бахт, томирда қон – туғён мусаффо!

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

 

Беқиёс бу Ватан васфидир сўзсиз,

Ифтихор – Ватандек муқаддас бир ҳис!

Гарчанд жисми тупроқ қаърида, сассиз

Улуғлардан ёдгор – забон мусаффо,

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

 

Ватан Истиқлоли йўлида қурбон

Зотлар, иншоаллоҳ, топгай пок макон,

Фитрату Абдулла, Усмону Чўлпон

Чин ҳаққи-ҳурмати иймон мусаффо

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!..

 

– Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Улуғбек УСМОНОВ,

журналист

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>