«Артист» (Ҳажвия)

Ҳар кимга ҳар хил истеъдод берилган. Камина машҳур кишиларнинг овозига

ўхшатиб гапиришни қийворардим. Бу режессёримизга мутлақо ёқмасди. Дашном беравергач, бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйгандек, бор-е, дея қишлоққа қайтиб келдим. Санъат саҳнасида ўрнимни топмасам-да, ўша ноёб «истеъдод» ҳаётда бир мансаб қўрғонини қулатишда роса иш берса, денг!..

Қадрдон жўрам шаҳарда «катта одам» бўлганини эшитиб қувонгандим. Бир гал қишлоққа келганида ўзи юрагимга чўғ солди: «Тошкентга борсанг, театрга жойлаб қўяман! Телевизорга ҳам чиқишингга ёрдам бераман!..»

Жўрам роса катта кетган, ҳатто телефон рақамларигача ёзиб берганди. Ўшанда шаҳарга қайтиб бормаслигимга ишониб, эрмакка айтганини қаёқдан билай? Боз устига унча-мунча одам ортиқча пул (кошки у ошиб-тошиб ётган бўлса!) сарфлаб, беҳудага шаҳарга бормаслиги ҳаммага аён!..

Қўлимга пул тушган куни бор-е дея йўлга отландим. Тошкентга келгач, сим қоқсам, гўшакдан бир қизнинг қўнғироқдек товуши эшитилди:

– Уюшмадан эшитавуза?

Кутилмаган илтифотдан довдираб, тилимга келгани шу бўлди:

– Миёнқолдан келувдим…

– Ким керак?

– Каттабек,– дедим умид билан.

– Ким сўравотти?

– Жўрасиман.

– Қанақа жўраси?

Бу саволга кўнглим ғаш бўлса-да, босиқлик билан тушунтирдим:

– Болаликдан бирга ўсган, қиёматли жўраси!

Қиз эса мени тергов қилаётганга ўхшарди:

– Келишийиздан Каттабек Улуғовичнинг хабарлари бормиди?

Ана, холос. Бир пайтлари «вич-вич» дейиш ёқмайди, деб юрган жўрам ҳақида гапиряптими? Ёқимтой товуш соҳибаси «Учрашув» деган фильмдаги Лампашишага ўхшаса-я! Жўрамга унақалар ҳам ёқмасди! Хай, у ҳам замонга боққани рост бўлсин! Шаҳар Каттабекни чиндан ҳам катта одам қилибди! Гўшак тутган нотаниш қизга мулойим муомала қилдим:

– Ўша Улуғовичингга айт, жўранг хабар бермасдан кепти, де…

Қизи тушмагур қайсарроқ эканми, эринмай сўради:

– Қайси ташкилотдансиз?

Очиғи бунақа муомалага ўрганмаган кишига унақа гаплар ғалати таъсир қиларкан. Энди овозим зардалироқ чиқди:

– Ташкилотинг нимаси? Каттабекни чақир!.. Жўрасиман, билдингми!

Тиқир-тиқир этган товушдан бошқа нарса эшитилмаганига қараганда қиз гўшакни стол устига қўйиб кетди-ёв. Гапларимни оқизмай-томизмай етказади! Иннайкейин, жўрамнинг юраги қанчалик жўш уришини тасаввур қиляпман. Ҳозир ҳовлиқиб гўшакни олади! Қийқириб сўрашгач, «катталик» қилгани учун узр сўрайди! Ўшанда боплайман!..

Чучварани хом санабман, шекилли, ҳаял ўтмай гўшакдан тағин ўша нозанин товуш эшитилса, денг… Худди ғалчадек берган саволини қаранг:

– Кечирасиз, исми-шарифийизни айтинг…

Беихтиёр тутақиб кетдим:

– Об-бо хумпар-ей! Исмимни сўраяптими? Жўранг, дедингми ўзинг? Танимадими ё танимасликка олдими?

Ие, гўшак тағин жимиб қолдими? Нима бало, яна стол устига қўйиб кетдими дейман? Ҳа, ана, тиқир-тиқир бошланди. Ҳайтовур таниш товуш қайта жаранглади:

– Кечирасиз, қоғоз-қаламимни олиб келдим. Ёзвотман. Айтинг…

– Нимани?

– Уф-ф…

– Нега уф тортасиз?– Жўрттага ўзимни овсарликка солиб сўрадим.

– Қанақа тушунмаган одамсиз?– Гўё жиннисифат нусханинг гапидан жони ҳиқилдоғига келгандек товуши ўзгарди нотаниш суҳбатдошимнинг.– Исми-фамилиянгизни айтиш шунчалик мушкулми?.. Қобилжон Толипов. Боракансиз-ку. Ёздим. Қатта ишлайсиз? Касбийиз?

– Касбимни ўзи яхши билади,– дедим энсаб қотиб.

Ҳолатимни сезгандек нотаниш қиз ўзича изоҳ берди:

– Ўзлари билишларини сўравотганим йў!.. Бўт ишхона. Бизада тартиб-интизом шунақа, билдийизми? Сиз учун гап эшитишни истамайман…

– Эй-й, шунақа демайсанми, қизим! Отини сўрамабсан, деб уришдими у қўянчиқ?

– Тушунмадим?..

– Ҳозир тушуниб оласан,– дедим жўрттага.– Сени хафа қилгани учун ўша каттангни қулоғини шундай чўзайки, нақ супра бўп кетсин, ҳи-ҳи-ҳи…

Кулдириш учун айтган гапимга қизи тушмагур кулмади. Боёқишнинг товуши синиқлигига қараганда Каттабек суяк-суягидан ўтказиб юборганга ўхшайди. Хумпар! Қўлимга тушсин ҳали! Шўрлик ожиза маҳзун оҳангда саволини такрорлади:

– Қатта ишлашийизни айтасизми, йўқми?– Чамаси у бурунчасини бир тортиб қўйди. Сўнг, жавобларимни ёзаётганга ўхшарди.– Подачи? Нима у? А-ҳа, тушундим, модачимисиз? Модалар уйида ишлайсизми?

– Пода билан моданинг парқига бормайдиганлар ҳам боракан-да, а?!– Шу тобда «сени Каттабек бекорга уришмаскан» деб юборишдан тилимни зўрға тийдим. Бечора шаҳарлик қиз қишлоқнинг подасини қаердан билсин?! Аслида ҳозир қишлоқда ҳам унча-мунчаси бу сўзни тушунмайди ҳисоб… Эҳ, тилим заҳарлиги қолмади-қолмади-да. Энди ортиқча эзмалик қилмасдан ётиғи билан тушунтирдим.– Кўп сигир-бузоқларни умумий ҳолда – пода деб айтишади, уларга қарайдиган одам – подачи бўлади, тушундингми? Мен ҳам қишлоқда пода боқаман. Каттабекнинг отаси неварасига атаган ҳўкизниям ўзим боқяпман, билдингми! Жўрам ўғлига тўй қилса, албатта ўша ҳўкизни сўямиз! Кўнглинг…

Гапим бўғзимда қолди. Яхшиям, охиригача эшитмади. Бўлмаса, қалби жароҳатланарди… Ҳозир унга «Кўнглинг жойига тушдими?» демоқчи эдим.. Хайрият, иддаомни кутиб ўтирмасдан шартта гўшакни қўйиб кетди. У яна савол бериб, ўзи ҳал қилди, шекилли:

– Картотейкага шунақа ёзайми? Подачи! Ана ёздим…

Котибасининг ёзганларини ўқиб у мириқиб кулса керак. Ўзи шунақа; бирга ўсиб-улғайган дўстинг билан дийдор кўришганда болалик боғларида қайта сайр этгандек ҳис этасан ўзингни. Бу гал гўшакни жўрам кўтариши аниқ! Ҳаяжонли қийқириқ товушини интиқлик билан кута бошладим.

Дарвоқе, шаҳарнинг қаеридасан, деб сўраса нима дейман?

Атрофга аланглаб, бекатдан берироқда турган формали йигитга кўзим тушди. Уни аста имлаб, сўрадим:

– Ҳов укажон, бу ерни нима деб аташади?

Ранг кўр, ҳол сўр, дегаларидек милиция ходими бир қарашдаёқ менинг қишлоқдан келганимни, телефонда нима демоқчи эканлигимни фаҳмлади. Атай батафсилроқ тушунтирди:

– Фарҳод бозори ёнида, метрога бориладиган бекатдаман, денг!..

– Раҳмат, барака топинг…

Қуюқ қошларини кериб гапириши Каттабекка ўхшаркан. Шу тобда унга меҳрим ийиб, сўрадим:

– Самарқанликмисиз?

– Йўқ, Фарғонадан!..

– Танишганимдан хурсандман, барака топинг.

Бу гапимга жавобан ширинсухан йигит бош ирғаб кетди.

Аттанг, ҳангомамиз чала қолди-да.

Шу он яна гўшак тиқирлаб қолса бўладими! Вужудим қулоққа айланди. Афсус, тағин ўша таниш товуш… Нима дейди, денг:

– Кечирасиз, Каттабек Улуғович йўқлар!..

– Нима?!– Капалагим учиб кетди.– Нима дединг?!

– Ўзбекчалаб тушунтирвотману,– деди босиқлик билан қизгина.– Йў, дедимми, йўқлар-де.

Бунақа бемаъниликдан ҳар қандай одам ҳам тутоқиб кетиши турган гап. Ўзимни босишга ҳарчанд уринмайин, сўзларим зардали чиқарди:

– Ёлғон гапиришга уялмайсанми, қизим?! Ҳозиргина пичир-пичир қилганларингни эшитдим-ку? Ё, Каттабекнинг ўзи: «шунақа деб алдавор» дедими? Ҳали қўлимга тушсин, кўзини мошдек очиб қўяман у қўянчиқни! Айтиб қўй, буйтиб ўйин қилмасин!.. Ўйнатиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!..

– Вей, ман у кишини «борлар» демадиму… Ўзийизни кимлигийизни сўрадим-де. Бизада тартиб шунақа, билдийизми! Ҳозир…– Чамаси у гўшак қулоғини кафти билан бекитганча тағин ким биландир (Каттабекдан бўлак ит бўлармиди!) пичирлашиб олди. Улар қанчалик «ўйин» қилишаётгани котибанинг кейинги гапларидан аён билиниб турарди.– Каттабек Улуғович хизматсафарга кеттила. Бир ой бўлмейдила. Биза телефон қилганларри ёзиб қўявуза…

Энди товушим ялинганнамо чиқди:

– Туврисини айт, қизим, Каттабек нега ундоқ қилаяпти?..

– Ман ҳаммага отчёт бермейману…

– Ёки…

Саволим бўғзимда қолди. Гап тамом, дегандек, телефон гўшаги «тақ» эткизиб қўйилди…

Кимдир устимдан бир челак сув қуйиб юборгандек бўлди. Одам мансаб отига мингач наҳот шу қадар ўзгариб қолса?! Эҳ Каттабек, Каттабек! Катта бўлган битта сенми? Қанча катта одамларни телевизорда кўрсатишади-ку! Улар оддий одамларни бошларига кўтарадилар! Вилоятимиз ҳокими ҳам қишлоғимизга борганида деҳқонлар билан қўшқўллаб кўришди-я! Менинг отамни ҳатто қучоқлаб, бағрига босди! Сен галварсни нима жин урди?! Ё, кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганлари шуми?! Афсус, жуда бошқача бўп кетибсан. Бирга улғайган дўстингнинг саломига алик олмадингми, бошқалар билан қандоқ муомала қилишингни тасаввур қиляпман. Сендақаларга куним қолмасин… Ахир, онаизорингнинг саломини олиб келгандим-а. Эсиз, эсиз… Ҳассага суяниб қолган отанг ҳам кўзида ёш билан салом айтганди-я сен ҳўкизга…

Шу билан муродимга етдим, деб хомтама бўлаётгандирсан-а?! Йўқ! Қобилжон жўранг жим кетадиганлардан эмас! Кўзингни шира босган бўлса, уни ўзим мошдек очиб қўяман! Дўст дўстга қанақа ойна бўлишини кўрасан шунда! Балки сен бутунлай унутиб юборгандирсан, аммо менинг ёдимдан чиқмайди, ҳа, ўша болалик хотиралари қалбимга мангу муҳрланган! Мактаб саҳнасида икковмиз интермедия намойиш этардик. Худбин, қув кимсаларни ўзимизча боплаб «образ»ини яратардик. Сен кеккайган одам ролини қойил қилиб ижро этардинг! Асли устамон эдинг!.. Саҳнадаги салбий «қаҳрамон» ўзинг бўлиб чиққанингга ишонгим келмаяпти. Минг афсус…

Шу тобда муаллимимизнинг гапи ёдимга тушди: «икковингдан ҳам зўр артист чиқади» дерди нуқул. Афсус, пешонамизга бошқа касблар ёзилган экан. Устамонлигингга яраша сен савдо соҳасини танладинг. Саҳнада роль ижро этганинг қўл келяптими? Ўша «истеъдод»ингни ҳаётда кўрсатасан, деб ўйламагандим. Савдо ходими артистликни қанчалик қойил қилса, шунчалик ошиғи олчи бўлади деган гапни исботлаётганга ўхшайсан. Мана, унча-мунча одам билан гаплашмайдиган даражага етибсан!..

Бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўйиб кетганимга афсусланиб юрган эдим. Танбеҳингдан кўнглимда умид учқуни пайдо бўлди. Сенга ишониб келсам… Қўлингдан келмас экан, нима қилардинг овора қилиб? Кўрсатган кароматинг шуми, ҳали? Кеп-кеп қишлоқдан келган жўрангга «артист»лик қилдингми?! «Артист»лик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяйми? Энди томоша қиласан! Йўқ, шундоқ рақсга тушасанки, ҳа, менинг мусиқамга ўйнайсан!!

Шартта таксига ўтириб, «Тошкент» меҳмонхонасига келдим. Не кўз билан кўрайки, эшик олдида ҳалиги таниш мелиса турибди! Фарғоналикман, деганича бор экан; қадрдон меҳмонидек кутиб олди-я! Ҳатто, «Люкс» хонага жойлаб қўйди! Телефони ҳам бор экан! Энди бошласак бўлади!..

Ўша рақамни тердим. Таниш товуш одатдаги гапини такрорлади:

– Уюшмадан эшитавуза.

Овозимни Ҳамза Умаровникига ўхшатиб сўрадим:

– Тангриев қани?

– Кечирасиз, ким сўравоттила?

Номини эшитганида Каттабек сўроқ белгисидек эгилиб қоладиган бир ташкилотнинг номини айтгандим, зум ўтмай гўшакдан қадрдон жўрамнинг ҳаяжонли товуши эшитилди:

– Ассалому алайкум, Ботиржон ака! Топшириғингиз тўқсон тўққиз фоиз бажарилди…

– Нега юз эмас?!– Зарда қилдим атай.– Асли ўзинг «тўқсон тўққиз»сан! Қачон одам бўласан, а?– Гарчи гап нима ҳақда эканини билмасам-да сир бой бермасдан калондимоғлик ила дўқ уришда давом этдим.– Хўш, тағин қанча кутаман?

– Бир қошиқ қонимдан кечинг, Ботиржон ака…– Титраган товушига қараганда Каттабекнинг жони қил устида тургани сезилб турарди. У ўзини қўлга олганча вазиятни юмшатишга уринди.– Анувисиниям «есть» қилиб қўйдик. Фақат…

Ўша оҳангда ўшқирдим:

– Фақат-мақатингни билмайман. Эртага ўн-у ноль-нолда кутаман! Ҳе…

– Сўкканингиз сўк оши, Ботиржон ака! Ҳалиги…

Унинг гапи оғзида қолди. Юзига ургандан баттар қилиб гўшакни «қарс» эткизиб қўйдим. Бопладим! Ўзиям, нақ юрагини суғириб олгандек бўлдим-ов. Аслида, ҳайбатидан от ҳуркадиган шунақа инсонлар ҳам керак. Каттабек сингари босар-тусарини билмай қолганларнинг ҳам кимдир кўзини жойига солиб қўймаса бўлмайди! Эртага акаси қабулида жўрамнинг қўл қовуштириб туришини кўз олдимга келтириб, кулгим қистади!..

Тағин ўша рақамни тердим. Котиба ҳам гапини тўтидек такрорлагач, Шукур Бурхоннинг «услуби»да қисқа гапирдим:

– Вазирликданман…

Жўрам бу гал параллел гўшагини кўтариб турган эканми, котибасининг гапи тугашини кутиб ҳам ўтирмасдан қўшилиб кетди:

– Ассалому алайкум, Илҳом Тўраевич! Ўзим қўнғироқ қилмоқчи бўлиб турувдим. Анави масала икки кун ичида ҳал бўлади!..

Сўраб-суриштириб ўтирмасдан жавобни қисқа қилдим:

– Ваъдабоз!

– Сиз ҳақсиз, Илҳомжон ака… Аммо, аҳволимизни тўғри тушунинг…

– Яна қанча кутаман?

– Индинга ўз қўлим билан обориб бераман!..

– Кўрамиз,– дея гўшакни «қарс» эткизиб қўйдим.

Эҳ-ҳе, жўрам тушмагур уччига чиққан ваъдабоз экан-ку?! Ҳамма иши телба-тескарими, дейман. Сонмингта одамнинг қулоғига лағмон осганга ўхшайди-я?! Ҳе ўргилдим сендақа «катта»дан. Катта эмас, латта экансан-ку. Шу ҳолингга қандайдир уюшма раҳбариман деб юрибсанми? Қайси ахмоқ уюшаркин сенинг атрофингга?! Тағин, ҳамқишлоқларингга калондимоғлик қилганингга куяйми?

Яна ўша рақамни тердим.

Тағин ўша «Тўтинисо!»

Бу гал бағоят калондимоғлик билан чертиб-чертиб шундай дедим:

– Телефонларинг намунча банд бўлмаса?! Нима бало, гап сотишдан бошқа ишларинг қолмаганми, дейман?

Котиба қизнинг тили калимага келмай қолди:

– К-кечиринг…

Параллел гўшакни кўтарган кўйи оғир-оғир нафас олаётган Каттабек беихтиёр орага суқилди:

– Жасурбек Шоматович! Ассалому алай…

Охиригача эшитмасдан атай гўшакни «қарс» эткизиб қўйдим. Ўзининг ёғига ўзини бир қовурилсин! Ҳозир ўша Шоматовичига сим қоқиб кўради, эвазига боплаб таъзирини ейди. Кейин яна қанча «пуштипаноҳ»лари олдида мулзам бўлади. Калтак еган итнинг ҳолига тушгач, бошини чангаллайди… Эҳ, бечора!.. Шу ҳолингга чираниб нима қилардинг!..

Ҳангомамни шу зайлда давом этказаверсам, шўрлик юрак ўйноғи бўп қолиши ҳеч гапмас. Энди «бадиий қисми»га ўтмасам бўлмайди. Буниси роса зўр чиқиши шубҳасиз.

Овозимни худди қиз боланикига ўхшатиб сўрадим:

– Каттабек акамла бомила?

«Тўтинисо» рашкли оҳангда суриштирди:

– Кимсиз?

– Синглиси…

– Қанақа синглиси?!

– Қанақаси керак?

– Ман тўғриликча сўравотман?

– Санга «отчет» бермейман, билдингми? Котиба бўлсанг, Лампашишага ўхшамай ўтир! Ҳадеб Саримсоқ пиёзнинг кўзига чўп тиқаверма!..

– Бу нима деганинг?– Чийиллади котиба.– Кимлигингни билмайману, аммо Каттабек акамлани ҳеч қанақа синглиси йўқ!..

– П. ебсан!

– Ўзинг ебсан…

– Ейиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяйми?

Чамаси, параллел гўшакдан юрак ҳовучлаб эшитаётган Каттабек охири орага суқулишга мажбур бўлди:

– Ҳай-ҳай, тинчликми?

Котибанинг товуши қалтираб чиқди:

– Қандайдир қиз… адашвотти шекилли…

Каттабек котибасини тинчитгач, ҳансираган товуши эшитилди:

– Гуля, ўзийизми?

– Бошқасиям бормиди?

– Йўқ, йўқ…

– Гапни опқочманг!– Бедор кутган маъшуқанинг ноласини қийвордим ўзимча.– Йигитда лафз бўлиши керак, ўзимнинг арслоним!..

– Бир қошиқ қонимдан кечинг, Гуляхон… Бугун учрашсак бўладими?

– Яна алдаб кетмайсизми?

– Қасам ичайми?– Каттабек катта кетди.– Қаттан телефон қивотсиз?

– «Тошкент» меҳмонхонасидан. «Люкс» хонада! Рақами…

– Бўлди, бўлди!– Жўрамнинг жони кирди. – Жонингизга жоним ғиди-ғиди!.. Ҳозир етиб бораман! Через бозор… Тушунарлими!

– Кеч қолсайиз…

– Эркак сўзим!..

– Давай!!

Ниҳоят, катта йўл бошида сумка кўтарган жўрамнинг қораси кўрингач, кўнглим жойига тушди!..

 

Ҳангомамни шу ерда тугатсам бўларди.

Бироқ, «Тўтинисо» билан ҳам орани очиқ қилишни лозим топдим. Ёд бўлиб кетган рақамни сўнгги бор тердим.

– Каттабек Улуғовични юқоридан чақириб қолишди,– деди котиба бу ёлғонига ўзи ҳам ишонгандек.– Ўшаққа кеттила…

Бу гал ўзимнинг овозимда гина қилдим:

– Раҳбари «ўйинчи» бўлса, котибаси ундан ҳам ошиб тушаркан-да, а? Каттабекни ҳеч қанақа «юқори»дан чақиргани йўқ-ку?

Эсанкираб қолган котибанинг нафаси ичига тушиб кетди. Бошқа гап тополмагач, ғўлдираб сўради:

– Бўлмаса ким чақирди? Билсайиз айтинг-чи?

Шунда ҳалиги «қиз»нинг овозида жавоб қайтардим:

– Ман чақирдим, билдингми? Каттабек акамни қатга кетганини санга кўрсатиб қўяйми?..

Сўнгги гапга жавобан телефон гўшаги «шарақ» эткизиб қўйилди…

т2

 Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

2 Responses

  1. «Artis» hajviyasini o’qir ekanman, oxiri nima bo’lar ekan deb, juda qiziqib o’qidim. Qishloqdan kelgan bosh qahramon podachining soddadilligi va samimiyligi katta mahorat bilan ochib berilgan. Ustoz rahmat

  2. Зокирова Мадина:

    Мен ҳам қизиқиб ўқидим. Камола тўғри айтасз, бош қаҳрамон подачининг содда, самимийлиги катта маҳорат билан очиб берилган.
    Домлажон Яшанг!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>