Асрий орзу армон бўлиб қолмади!

Инсон улуғ орзулар оғушида яшайди.

Бир қизиқ ҳол шуки, ўша орзуларга эришгач, худди ўзи бўлиб қолгандек, бепарво кетаверадиганлар кўп бўлади.

Бу ютуқдан шод бўлиб мақола ёзганларни «хушомадгўй», «лаганбардор» дея маломат қиладиганлар ижтимоий тармоқларда урчиб кетади…

3

Биз — ўтган асрнинг саксонинчи йилларида талаба бўлган авлодга ўша даврда «Ўзбек тили давлат тили бўлади» дейишса, юракўйноғи бўлиб қолар эдик. «Амир Темурга ҳайкал қўйилади» десалар, бизни синаб кўриш учун атай «провакация» қилмаяптимикин, дея ҳушёр тортар эдик. Диний эркинлик бўлади, одамлар бемалол мачитларга чиқади, ҳатто ҳаж ва умрага ҳам бемалол бориб-келади, деган гапни эшитиш ҳам хатарли эди… Ўзбеклар чет элларга беамалол бориб келаверади, хорижга нега бординг, деб ҳеч ким сўроқ қилмайди, деган гапга ишонмасдик. Ўзбекистоннинг ўзида енгил автомобиллар ишлаб чиқарилади, деган гапни тасаввурингга ҳам сиғдира олмасдинг. Ўзбекистон мустақил бўлади, деган гапни айтганнинг тили, эшитганнинг қулоғи кесилиб кетиши ҳеч гап эмасди…

Бугун буларнинг барчаси оддий воқеликка, ҳаётимиз мазмунига айланиб кетди. Юртимиз мустақиллиги берган юзлаб неъматлар ҳақида фахр-ифтихор билан гапиришимиз мумкин. Бироқ энди бу ҳақда мароқ билан эшитадиган одамни тополмайсан. Шундоқ бўлиши керак эди-да, бошқача бўлиши мумкин эмас-ку, дея энсаси қотади эшитганларнинг…  Майли, шунисига ҳам шукр!

Яқин-яқинларгача Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта толаси 100 фоиз ўзимизда қайта ишланади, деган гапни ҳам унча-мунча одам ҳазм қила олмасди. Бу — юртимизнинг дон мустақиллигига эришишидан ҳам улканроқ ютуғимиз ҳисобланади.

Қуйидаги мақоланинг ҳар бир сатрини ҳаяжон ила ўқидим. Баъзи факт ва рақамлар, ақл бовар қилмас маълумотларни мутолаа қилаётиб, қувончимдан кўзимдан ёш чиқиб кетди. Шундоқ дориломон кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтдим, шижоатли, халқпарвар Юртбошимга ташаккурлар изҳор қилгим келди, меҳнаткаш элимизга, тадбиркорларимизга, ишбилармон ҳамкорларимизга тасаннолар айтдим.

Бу мақолани шунчаки ўқиманг. Унинг ҳар бир сатрида оқилона сиёсатимиз самараси, қадоқ қўлли деҳқонларимиздан тортиб, шунча ишни уддалаётган ишбилармонларимизнинг шижоатларини ҳис этиб ўқинг. Бир бора эмас, такрор-батакрор мутолаа қилинг. Шеър каби ёдлаб олсангиз ҳам арзийди уни.

Тўлқин ЭШБЕК,

ҳалқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, публицист

Асрий орзу: Республикада етиштирилаётган пахта толаси 100 фоиз қайта ишланмоқда

Асрий орзу: Республикада етиштирилаётган пахта толаси 100 фоиз қайта ишланмоқда

Фармон ва ижро

Мамлакатимиз иқтисодий ўсишида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг алоҳида ўрни бор. Шу сабабли, тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини ҳар жиҳатдан кўрсата олди.
2016-2020 йиллар мобайнида ип-калава ишлаб чиқариш 1,7 баробарга, ип-газлама 2 баробарга, трикотаж мато 1,8 баробарга, тайёр тикув маҳсулотлари 2,7 баробарга ва пайпоқ маҳсулотлари 5,4 баробарга ўсгани фикримиз исботидир.
2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида 184 янги лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 33 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Маҳсулот экспорт ҳажми 2016 йилдаги 1,1 миллиард доллардан 2019 йилда 2,2 миллиард долларга етказилди.
Миллий матбуот марказида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айнан соҳада эришилган муваффақиятлар ҳақида маълумот берилар экан, унда бугунги ҳолат ва коронавирус пандемиясидан сўнг кутилаётган ўзгаришлар, кластер ва уни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаровнинг таъкидлашича, юртимизда етиштирилган пахта толасини қайта ишловчи корхоналар қуввати 2010 йилда 270 минг тоннани, яъни атиги 27 фоизни ташкил этган. 2017-2019 йилларда маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг замонавий технологик ускуналар билан қайта жиҳозланиши ва рақамлаштириш туфайли пахтани қайта ишлаш 920 минг тоннага етказилган. Бунда ўсиш 2010 йилга нисбатан 3,2 баробарга, яъни 80 фоизни кўрсатди. Энди 2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари ҳақида. Қувватлар 1030 минг тоннага етказилиб, асрий орзу – мамлакатда етиштирилаётган пахта толасини 100 фоиз қайта ишлаш имкониятига эришилган.
Таъкидлаш керакки, тизимда пахта-тўқимачилик кластерлар фаолияти жорий этилиши ҳам катта ютуқлардан. Дастлаб 2017 йилда тўқимачилик корхоналари томонидан тажриба тариқасида Навоий вилояти Қизилтепа туманида кластер тизими жорий этилган эди. Бу борада орттирилган тажриба туфайли 2020 йилда пахта-тўқимачилик кластери сони 96 тага, ер майдони эса 913 минг 17 гектарни ташкил этмоқда.
– Президентимизнинг 2020 йил 5 майдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, – деди Илҳом Ҳайдаров. – Унга кўра, саноат корхоналарига бир қатор имтиёзлар берилди. Масалан, фармонга асосан маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилиши, 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилиниши кабилар шулар жумласидан. Пандемия шароитида тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида корхоналар фаолияти қайта тикланди ва барча иш ўринлари сақлаб қолинди, маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт суръатлари ўсишда давом этди. Бундан ташқари, мавжуд карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари аҳолига ҳимоя ниқоблари ва комбинезонларини етказиб бериб, уларнинг кунлик ишлаб чиқарилишини 6 миллион донадан оширишга эришилди. Ҳатто, апрель ойининг ўрталаридан ҳимоя ниқобларимиз Россия, Украина, Франция, Қувайт, АҚШ каби давлатларга экспорт қилина бошланди.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг 5 ойлик натижаларига ҳам аҳамият қаратилди. Хусусан, январь-май ойларида саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 108,1 фоиз, прогноз кўрсаткичи 103 фоизга бажарилди, демакдир. Жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, 12 лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, 2 минг 200 янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини 10,2 триллион сўмга олиб чиқиш ва ўтган йил даврига нисбатан ўсиш суръатини 106,2 фоизга етказиш уюшманинг асосий мақсади. Энг муҳими, пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтиришда ҳудудларда янги корхоналарни ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш саноат тармоғидаги бугуннинг долзарб масаласидир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/asriy-orzu-respublikada-etishtirilayetgan-pakhta-tolasi-100—12-06-2020

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>