АҚШ Давлат котибининг ўринбосари билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 29 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани ва қўллаб-қувватлагани учун АҚШ Президенти Барак Обама ва Давлат котиби Жон Керрига самимий миннатдорлик билдирди. АҚШ делегацияси 28 октябрь куни Самарқандда бўлиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Биринчи Президентимиз хотирасига ва халқимизга юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч, бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш тамойиллари асосида изчил, муваффақиятли ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини таъкидладилар.

Турли даражадаги мунтазам мулоқотлар кўп қиррали ҳамкорликни самарали ривожлантириш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, гуманитар ва бошқа соҳаларда салмоқли натижаларни қўлга киритиш имконини бермоқда.

Анъана тусини олган сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида томонлар ўзаро муносабатларга доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар, жумладан, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашиб келмоқда. Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан барқарорлаштириш жараёни ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Томонлар савдо, сармоя ва юқори технологиялар соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка юксак баҳо бердилар. Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШнинг «General Motors», «Boeing», «General Electric», «Honeywell», «Hyatt», «Hilton» каби кўплаб етакчи компаниялари самарали фаолият юритмоқда. Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг аниқ мақсадли фаолияти кенг миқёсдаги иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари мамлакатларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишларда шериклик ва ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаб, кенгайтириб бориш учун зарур имконият ва салоҳиятга эга экани қайд этилди.

АҚШ делегацияси раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг, фуқаролик жамияти асосларини ва демократик қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган улкан ўзгаришларнинг ёрқин натижаларини юксак баҳолади.

Томас Шэннон юртимизга ташрифи асносида ўзбек халқи бой тарихий-маданий ва маънавий меросга эга эканига яна бир бор амин бўлганини алоҳида қайд этди.

Ёшлар, турли диний конфессиялар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ ва самимий суҳбатлар, уларнинг эртанги кунга ишончи, интилувчанлиги, қатъияти ва ғайрат-шижоати меҳмонда катта таассурот қолдирди. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик муҳити диққатга молик экани алоҳида таъкидланди.

АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясига ҳам ташриф буюриб, Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларни қўлга киритган спортчиларимизни табриклади.

Томас Шэннон самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ва АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон билан серқирра муносабатларни изчил ва барқарор ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Суҳбат давомида икки ва кўп томонлама аҳамиятга эга бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.

ЎзА

***

АҚШ давлат котиби ўринбосари Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди

Фото: Facebook/U.S. Embassy Tashkent

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон Ўзбекистонга ташрифи доирасида 28 октябрда Самарқанд шаҳрига сафар қилди. У бу ерда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, гул қўйди. Бу ҳақда, АҚШ элчихонасининг Facebook саҳифасида хабар қилинган.

Томас Шэннонга Самарқандда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Даниел Розенблюм ҳамроҳлик қилган. У, шунингдек, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилган.

Томонлар Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда, икки мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди, дея хабар қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Бундан ташқари, «С5+1» шаклида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва халқаро ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашилган.

http://kun.uz

You may also like...

1 Response

  1. 5+1 xsmkorligiga muvoffaqiyat ilohim o’rtamizdagi do’stlik va hamkorlik uzulmasin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>