Бадиий-публицистик жанрлар

Маърузалар матни

Тузувчи: доцент Тўлқин Эшбеков

Филология фанлари доктори Мухтор Худойқуловнинг “Журналистика ва публицистика” ўқув қўлланмаси асосида

2

 ХАБАР

 Хабар – арабча бирор янгиликни етказиш, маълумот бериш, деган маънони билдиради. Кўпчилик учун мўлжалланган хабарларга оммавий ахборот ёки ижтимоий информация дейилишини биз юқорида кўриб ўтган эдик.

Шуни айтиш керакки, информация, хабар деганда матбуот нашрларида босиладиган ёки радио, телекўрсатувлар, ахборот агентликлари томонидан бериладиган қисқа хабар тушунилади. Албатта матбуотнинг хабардор қилиш вазифасини бажаришда бу кичик жанрлар, хабарлар асосий роль ўйнайди. Лекин матбуотнинг бу ижтимоий вазифаси фақат хабарлар билан чекланиб қолмайди, аксинча бошқа турли жанрларни ҳам ўз ичига олади. Бошқача қилиб айтганда матбуотнинг тасвир, яъни хабардор қилиш вазифаси жамият ҳаётининг ҳамма томонларини, унинг ижтимоий-сиёсий, ҳам иқтисодий-ишлабчиқариш, ҳам маданий-маънавий соҳаларини қамраб олади.

Демак, тасвир, яъни ижтимоий ҳаёт воқеаларини оммага кенг тарзда, тўла етказиб бериш – матбуотнинг асосий ижтимоий вазифаси, доимий равишда бажарадиган энг муҳим ишидир. Матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситалари – газеталар, журналлар, радио, телекўрсатувлар, ахборот агентликлари ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада ана шу иш билан шуғулланадилар. Бу вазифани бажаришда матбуотнинг турли кўринишлари ўз хусусиятлари ва имконларига қараб турлича иштирок этадилар. Бу борада газеталар асосий ўрин тутади, ҳар қандай газета фаолиятининг асосий қисми, унинг саҳифаларидаги асосий ўрин тасвир, хабардор этишга бағишланади. Бошқача қилиб айтганда газетанинг асосий вазифаси жамият ҳаётидаги энг янги факт, воқеа ва ҳодисаларни тасвирлаш, шу куннинг тарихини бутун тўлалиги билан акс эттиришдан иборатдир.

Бу вазифани бажаришда журналлар ҳам иштирок этадилар, аммо журналлар ўз хусусиятлари билан (кўпроқ муддатларда чиқиши, ижтимоий ҳаётнинг чуқур қатламларини ёритишга мўлжалланиши ва ҳк.) ижтимоий ҳаёт воқеалари тасвиридан кўра унинг моҳиятини очиб беришга хизмат қилсалар-да улар фаолиятида ҳам тасвир маълум ўринни эгаллайди. Бу ижтимоий юмушни бажаришда радио ва телекўрсатувлар асосий роль ўйнайди. Радио хабардор қилишда ўзининг ҳозиржавоблиги, тезкорлиги, чегара билмаслиги билан алоҳида ўрин тутади. Телекўрсатувлар эса ижтимоий ҳаёт воқеаларини бевосита тасвирлаш, яъни жонли олиб кўрсата олиши билан ажралиб туради. Оммавий ахборот воситаларининг муҳим бир бўлаги бўлган ахборот агентликлари фаолиятида ҳам тасвир, яъни хабардор қилишлик бош вазифа ҳисобланади. Жаҳондаги барча ахборот агентликлари ҳар куни ҳар соатда, ҳар дақиқада жуда кўп, турли ижтимоий, дунё хабарларини йиғиб, тарқатиб турадилар. Матбуотнинг бу ижтимоий амалини бажаришда халқаро компьютерлар тармоғи – интернетнинг ҳам хизмати алоҳидадир.

Матбуотнинг тасвир ёки хабардор қилиш вазифасини бажаришда публицистиканинг ахборий, яъни хабар берувчи жанрлари асосий ўрин тутади. Буларга информация (хабар), кенгайтирилган хабар, репортаж, ҳисобот, суҳбат (интервью), лавҳа кабилар киради. Публицистиканинг ушбу жанрлари асосан ижтимоий ҳаётдаги факт (лотинча factum – қилинган иш) ва воқеа-ҳодисаларни хабар қилиш, тасвирлаб, кўрсатиб бериш билан боғлиқдир. Аммо бу вазифа юқоридаги жанрлар билан чекланиб қолмайди. Публицистиканинг таҳлилий ва бадиий-публицистик жанрлари бўлмиш мақола, шарҳ, очерк, эссе, фельетон, памфлет каби жанрлари ҳам гарчи бирор муаммо, ҳаётнинг чуқурроқ қатламини акс эттиришга мўлжалланган бўлса-да, аслида уларнинг асосида ҳам тасвир, хабар бериш ётади. Оммавий ахборот воситалари – радио ва телекўрсатувлардаги публицистиканинг юқоридаги жанрлари кўринишларида ҳам тасвир элементи бўлади.

 

МАҚОЛА

Мақола сўзи арабча бўлиб, айтилган сўз деган маънони билдиради. Мақола деб жамият ҳаётининг бирор соҳаси бўйича маълум бир масала, муаммо кўтариб чиқилган публицистик материалга айтилади. Мақолада муайян мавзу юзасидан ҳаётдан олинган факт, воқеа ва ҳодисаларни умумлаштириш асосида маълум бир фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар олдинга сурилади, илмий, назарий, амалий ва публицистик ижтимоий-сиёсий хулосалар чиқарилади. Публицистиканинг бу жанри инсоннинг ташқи дунёни билишдаги энг муҳим назарий услуби – дедукция, таҳлил, тадқиқотга асосланади. Агарда ахборий жанрлар жамият ҳаётининг кўзга кўриниб турган ташқи жиҳатлари – юз берган воқеа ва ҳодиса, фактларни акс эттириш, таҳлилий публицистиканинг бошланғич жанри бўлган корреспонденция эса бу факт воқеа ва ҳодисаларнинг сабаби ва оқибати, яъни моҳиятини билиш учун олиб борилган дастлабки уриниш, ҳаётнинг чуқур қатламларига кириб бориш учун қўйилган дастлабки қадамдан иборат бўлса, мақолани ана шу факт, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини тўла очиб бериш, ҳаётнинг энг чуқур қатламларига керагича, лозим даражагача кириб бориш, мақсадга имкон даражасида тўла эришишга қиёс қилиш мумкин. Яъни, мақола жанрининг асосий хусусияти ҳаёт воқеа, ҳодисалари, фактлар мажмуасини чуқур таҳлил ва тадқиқ этиш, улардан зарур назарий, амалий ва публицистик хулосалар чиқаришдир. Бошқача қилиб айтганда мақола инсоннинг дунёни англашдаги муҳим қуроли, бемисл воситасидир.

Мақола жанри жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олади. Унда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш, маданий-маънавий ҳаётнинг барча муҳим масалалари ўз ифодасини топади. Шу билан бирликда мазкур жанрда жамиятнинг шу кундаги, айни замондаги ҳаёти борасидаги факт, воқеа ва ҳодисалар шу кун, айни замон учун ёритилади, бошқача қилиб айтганда мақола учун энг муҳим талаб унинг шу кун учун зарурлиги, публицистиклигидир.

Мақола ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини акс эттирар экан, у ўз навбатида мавзу жиҳатидан турли хилларга бўлиниши мумкин. Булар – ижтимоий-сиёсий мавзулардаги мақолалар, иқтисодий-ишлаб чиқаришга бағишланган мақолалар ва маданий-маънавий мавзуларга тегишли мақолалардир. Ижтимоий-сиёсий мавзулардаги мақолалар ўз навбатида ички ва ташқи мавзулардаги мақолаларга бўлинади. Ички мавзудаги мақолалар мамлакат ички ҳаётини ўзида акс эттирса, ташқи мавзулардаги мақолалар халқаро ҳаёт ва бошқа мамлакатларда юз берган воқеаларга бағишланади.

Мақолалар яна ёзилиш нуқтаи назаридан назарий ва амалий мақолаларга бўлинади. Назарий мақолалар ҳар бир соҳа, мавзу ёки масаланинг энг чуқур асосий-назарий масалаларини ўзида акс эттирса амалий тарздаги мақолалар ана шу назарий масалаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Мақола учун мавзу қилиб олинган масалага қараш, журналистнинг ҳаётдаги факт, воқеа ва ҳодисаларга муносабати нуқтаи назаридан мақолалар ижобий ёки танқидий бўлиши мумкин. Ёзилиш услуби бўйича эса мақолалар илмий, адабий-бадиий, публицистик, ҳажвий ва бошқа хилларга бўлинади. Бу мақолаларнинг ҳар бири ўз навбатида юқорида зикр этилган мақолалар хилларига тааллуқли бўлиши мумкин.

Мақолалар ҳажмига қараб кичик ёки йирик мақола тарзида бўлиши мумкин. Маълум мавзуга бағишланган ва бир пайтда ёзилган мақолаларга эса мақолалар туркуми дейилади.

Мақолаларнинг бундай хилма-хиллиги публицистиканинг муҳим қисми бўлган таҳлилий публицистиканинг ўзида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олиши ва илмий-адабий-публицистик ижоднинг хилма-хил усулларидан кенг фойдаланишини кўрсатади. Бинобарин, мақолада фаннинг, дунёни билишнинг умумлаштириш, тадқиқот каби йўллари билан бир қаторда адабиёт ва санъатнинг образ ва образлилик, сюжет, композиция ва бошқа тасвирий воситалари ҳам ўз ифодасини топади. Аммо унинг энг муҳим ва биринчи ўринда турувчи услубий-ижодий воситаси бу – публицистик тадқиқот ҳисобланади.

Мақола асосан оммавий ахборот воситаларининг газета ва журнал каби кўринишларида, шунингдек альманах, тўплам ва китобларда асосий ўрин олади. Назарий турдаги илмий, адабий-бадиий ва бошқа мақолалар асосан журналлардан жой олади, газеталарда кўпроқ публицистик мақолалар босилади. Оммавий ахборот воситаларининг радио ва телевидение каби кўринишларида мақола жанри радио чиқишлар ва телевизион кўрсатувлар деган ном билан ўз аксини топади. Ахборот агентликлари ҳам айрим холларда мақола жанридан фойдаланадилар. Интернетда ҳам мақола берилади, у сайт деган ном олади.

Мақола қайси хил ва турда бўлмасин маълум бир ички тузилишга эга бўлади. Мақолада биринчи ўринда унда олдинга сурилаётган фикр, айтилмоқчи бўлган маъно туради. Яъни, журналист ҳаётнинг маълум бир соҳаси, маълум бир мавзу бўйича олиб борган кузатишлари, топган факт ва янгиликлари, бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисалар асосида ўқувчига янги бир фикр, янги гап айтиши лозим. Бу эса муаллифнинг бу соҳани қанчалик яхши билиши, унинг барча томонларидан хабардор бўлиши, ўша соҳа учун қандай янгиликлар, янги ечимлар таклиф қила олишидан келиб чиқади. Бу эса журналистдан ўша соҳа бўйича чуқур ихтисосликка эга бўлишини талаб қилади. Масалан, саноат ҳақида мақола ёзиш учун шу соҳанинг етук мутахассиси даражасида билиш, иқтисод соҳасида ёзиш учун эса иқтисодчи, ҳуқуқ соҳасида ёзиш учун эса ҳуқуқшунос бўлиш, ёки бу соҳани чуқур билиб олиш шарт. Бу талаб ҳаётнинг барча соҳалари учун ҳам тааллуқлидир. Аммо бу етарли эмас. Мақола ёзувчи журналист ўша соҳанинг мутахассиси даражасида билимга эга бўлиш билан бирликда мазкур масала ҳозирги давр учун, шу кун учун нечоғлик аҳамиятли эканлигини, унинг ечими ҳаёт учун, тараққиёт учун қанчалик зарур эканлигини ҳам чуқур тушуниши, билиши, ҳис қилиши лозим. Бу эса – публицистиканинг бош талабидир, шунинг учун ҳам мақола таҳлилий публицистиканинг асосий жанри ҳисобланади.

Мақола учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фикр, мулоҳаза эса ҳаётдаги факт, воқеа ва ҳодисаларни умумлаштириш, таҳлил ва тадқиқ қилиш натижасида вужудга келади. Факт, воқеа ва ҳодисаларнинг таҳлили эса мақоланинг мавзуси, қайси соҳага бағишланганлиги яъни тур ва хилига боғлиқ. Чунончи, илмий мақолада асосан илмий тадқиқот, ижтимоий-сиёсий мавзудаги мақолада эса ижтимоий-сиёсий тадқиқот, адабий-бадиий мақолада адабий-бадиий тадқиқот ва ҳоказо олиб борилади. Юқоридаги тадқиқот турлари орасида публицистик тадқиқот асосий ўрин тутади.

Кўриниб турибдики, ахборий публицистикада марказий ўрин тутувчи факт, воқеа ва ҳодисалар тафсилоти мақолада маълум бир фикр, ғояни тасдиқлаш учунгина хизмат қилади. Мақоланиниг асосий мақсади ижтимоий ҳаётнинг у ёки бу муаммоларини акс эттириш ва жамоатчилик фикрига ҳавола этишдир.

Мақоланиниг тили ва услуби масаласига келсак у расмий, илмий, адабий-бадиий, ҳажвий, публицистик услубда ёзилиши мумкин, бу мақоланинг мавзуси ва ўз олдига қўйган мақсадидан келиб чиқади. Мазкур жанрда адабий-бадиий воситалар ҳам зарур ҳоллардагина қўлланилади, масалан, илмий мақолада бундай воситалардан фойдаланилмайди. Оммавий матбуот нашрларида босиладиган публицистик мақолаларда бу воситалардан маълум даражада фойдаланилса, адабий-бадиий журналларда бериладиган, ижтимоий ҳаётни ёритувчи мақолаларда бу воситалар кенг қўлланилади. Бинобарин, мақоланинг тил ва услуби, адабий-бадиий воситалардан фойдаланиш мақоланинг тури ва хилига боғлиқдир.

Матбуот ижтимоий ҳаёт воқеаларини тасвирлаб ва уни таҳлил этибгина қолмасдан ижтимоий ҳаётга бевосита таъсир ҳам қилиши керак. Матбуотнинг бу хусусияти унинг функцияларидаги учинчи қиррани, яъни таъсир функциясини белгилаб беради. Яъни, матбуот ижтимоий онг кўриниши сифатида ижтимоий борлиқни тасвирлаб, уни билиб, тадқиқ этиш билан чекланмасдан унга қайтадан таъсир ҳам кўрсатиши лозим. Илло матбуот материаллари ёзилиб, босилиб, ўқилиб, эшитилиб, кўрилибгина қолмасдан ҳаётда ўзгариш ҳам ясаши керак. Матбуотнинг таъсир функцияси унинг тасвир ва таҳлил амалиётлари билан чамбарчас боғлиқдир, яъни у мазкур икки ижтимоий вазифанинг мантиқий давоми ҳисобланади. Қайси матбуот нашри, оммавий ахборот воситалари ҳаётни кенг, холис ва керакли даражада ёритса, худди шу тарзда чуқур таҳлил қилса унинг таъсири ҳам юқори даражада бўлади. Аксинча, ҳаёт воқеалари саёз, бир ёқлама, шунчаки, мажбуран ёритилса, таҳлил ҳам юзаки бўлса таъсир ҳам шунга яраша бўлади.

Матбуотнинг ҳаётга таъсири икки хил: бевосита ва билвосита бўлади. Бевосита таъсир ҳаёт воқеаларининг тасвири ва таҳлил орқали ўқувчилар онгига, ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатишдир. Бу – матбуот материалларининг таъсирчанлиги, муҳимлиги, қизиқарлилиги, факти, тузилиши, маҳорат билан ёзилганлигига боғлиқдир. Бунга эса матбуотнинг тасвир ва таҳлил амалиётларини етарли даражада бажарилиши орқали эришилади. Матбуотнинг таъсир функциясини бажаришда жамоатчилик фикрини шакллантириш асосий ўрин тутади. Жамоатчилик фикри – матбуотнинг ва унинг асоси бўлмиш публицистиканинг бош масаласидир. Матбуотнинг ҳаётга билвосита таъсири эса матбуот материалларининг самарадорлиги, яъни натижа бериши билан ўлчанади. Яъни матбуотда кўтарилган ҳар қандай муаммо ҳал этилса, танқидий чиқишлар ўз самарасини берса ва жамият бошқарувининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти аралашуви натижасида ҳаётга татбиқ этилса ана шу вазифа бажарилган бўлади. Ҳаётга билвосита таъсир этишда матбуот нашрларининг, журналистларнинг ташкилотчиликлари ҳам асосий роль ўйнайди.

Матбуотнинг тасвир, таҳлил ва таъсир функциялари матбуот фаолиятининг ўзагини ташкил этади. Улар бир-бирлари билан узвий боғлиқ ҳолда доимо такомиллашиб борадилар. Шу билан бирликда матбуотнинг маданий-маърифий, кишига завқ бериш, дам олдириш, турли хизматлар кўрсатиш (реклама ва эълонлар) каби вазифалари ҳам мавжуддир. Булар ҳам унинг бош ижтимоий вазифаларидан келиб чиқади ҳамда уларни тўлдиради.

Матбуотнинг ижтимоий вазифалари ҳаёт билан биргаликда тараққий этиб, такомиллашиб, янгидан-янги қирраларга эга бўлиб бораверади.

Журналистнинг ҳар бир хабари, публицистнинг фикри, ижодкорнинг ҳар бир сатри, асари инсониятга нима бера олиши билан ўлчанади. Бунга буюк ижодкорлар, публицистларнинг фаолияти, ёзган асарлари мисол бўла олади. Яратилган ҳар бир асар инсониятга бирор янгилик, янги фикр, янги ғоя, янги завқ-шавқ, ҳис-ҳаяжон берсагина бу асар ўлмайди, умрбоқий бўлиб қолади. Аксинча, шунчаки, ўз шахсий манфаати учун, бирор шахс ёки гуруҳга ёқиш учун, ёинки юзаки, хом-хатала ёзилган бўлса бундай асарнинг умри қисқадир. Шундай экан – умуминсонийлик матбуотнинг ҳам, адабиёт ва санъатнинг ҳам бош принципи, ижод ва фаолият қоидаси бўлмоғи керак.

Матбуотнинг бош тамойилларидан бири халқчиллик бўлиб, у умуминсонийликниннг мантиқий давоми, муайяни кўриниши ҳисобланади. Халқ (арабча – яратилмиш деган маънони билдиради) маълум ҳудудда яшовчи, ўз тарихи, тақдири, манфаати билан бирлашган одамларнинг катта йиғиндисидир. Халқ тарихнинг яратувчиси, дунёдаги барча моддий-маънавий бойликлар ижодкори, тарихий тараққиётни олға сурувчисидир. Умуминсоният ўз навбатида халқларга бўлинади ва у бир ёки бирнеча миллатдан иборат бўлиши мумкин. Ўз ҳудудидаги барча ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, жуғрофий, экологик ва бошқа муаммолар ва масалалар халққа тегишлидир. Халқ инсониятнинг бир бўлаги сифатида умуминсоний ва ўзигагина тегишли бўлган манфаатларга эгадир. Бинобарин ана шу ҳудудда фаолият кўрсатувчи, шу халққа тегишли бўлган матбуот халқчиллик таойилига амал қилиши, яъни ўша халқ манфаатлари ва мақсадлари йўлида хизмат этиши лозим. Бу тамойилнинг талаби шундан иборатки ҳар бир матбуот нашри, ҳар бир оммавий ахборот воситаси ўз халқининг манфаати, тарихи, маданияти, тараққиёти масалаларини кенг ёритиши, унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий юксалишига хизмат қилмоғи шарт. Бу матбуотнинг ўз ижтимоий вазифаларини бажариши, яъни жамият ҳаётини, халқ ҳаётини тўла акс эттириш, таҳлил қилиш ва унга қайтадан таъсир кўрсатишининг асоси ҳисобланади.

Халқчиллик тамойили ҳар бир журналистдан, публицистдан, ҳар бир ижодкордан ўзининг бутун ижоди, қалб қўрини халққа бағишлашни, бутун умр халққа хизмат қилишни талаб этади. Ҳар бир қалам соҳиби ўз асрларида халқнинг ҳаёти, меҳнати, ташвиши, қувончи, фикр-ўйи, орзу-умидларини кенг, ҳаққоний тасвирлаши лозим. Халқчиллик публицистика ва бадиий ижоднинг энг муҳим талаби, ҳар қандай асарнинг ҳаётийлиги, умрбоқийлигини белгиловчи асосий мезондир. Халқ руҳи, унинг дилидагиларни ифода этувчи ва юксак маҳорат билан ёзилган асарларгина умрбоқий бўлиши мумкин. Агар журналист, публицист, ижодкор халқчилликка эриша олмас экан, ҳеч қачон халқ назарига тушмайди, халқнинг ҳурмат-эътиборини қозона олмайди.

Халқчиллик тамойилининг аниқ кўринишларидан бири – миллийлик ҳисобланади. Бинобарин, матбуот миллийлик принципига ҳам амал қилиши лозим. Миллат – тарихан ташкил топган, маданияти, тили, ҳудуди, иқтисодий ҳаёти ва руҳий хусусиятларининг умумийлиги асосида вужудга келган одамлар бирлашмасидир. Миллийлик халқчилликнинг, умуминсоний-ликнинг муштарак бир таркибий қисми, муайян кўриниши экан, шу миллат худудида, шу миллат тилида чиқувчи матбуот ўз миллатининг манфаати, озу-умиди, тараққиёти учун хизмат қилиши керак. Барча матбуот нашрлари, оммавий ахборот воситалари кундалик фаолиятларида шу миллатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини кенг ёритиши, миллатнинг дарди билан нафас олиши лозим. Ҳар бир журналист, публицист, ижодкор ўз асарларида ўз миллатининг ҳаёти, руҳи, фикр-ўйлари, қувонч ва ташвишларини акс эттириши, миллий қадриятларга суяниши шарт. Бунинг учун миллатнинг тили ва дилини, руҳини яхши идрок эта билиши лозим. Шу билан биргаликда миллийлик, миллат манфаатлари умумхалқ манфаатларига, умуминсоният манфаатларига зид келмаслиги, ўзаро муштарак бўлиши талаб этилади. Миллийликни менсимаслик манқуртликка, беватанликка олиб келганидек бир миллат манфаатларини халқ манфаати, умуминсоният қадриятларидан юқори қўйиш миллий маҳдудликка, миллий зўравонликка олиб келиши мумкин. Ҳар бир журналист, публицист, ижодкор ўз миллатини севиши билан бир қаторда ҳам бошқа миллатларни ҳам ҳурмат қилиши, уларнинг ҳам хусусиятларини, манфаатларини тушуниши ва шу асосда ижод қилиши лозим. Яъни, журналист, ижодкор миллийлик, ўз миллатига хизмат қилиш орқалигина халқчиллик ва умуминсонийликка эриша олади.

Матбуотнинг энг муҳим қонуни, тамойилларидан бири – унинг ҳаққонийлигидир. Ҳаққонийлик – мутлақ ҳақиқатга интилиш инсоннинг дунёни билишдаги бош талаби, иш усулидир. Инсон пайдо бўлиб, онги ривожлана бошлаган пайтдан бошлаб ўзини ўраб турган оламда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг асл, туб моҳиятини билиб олишга интилади, бу йўлдан асло тўхтамайди. Чунки ҳаққоний билим ва аниқ тажрибагина инсоннинг дунёни билиши ва эгаллашида қўл келади. Аммо тажрибасизлик туфайли нотўғри хулосалар ҳам келиб чиқади, бир инсоннинг иккинчи инсондан манфаат қидириши, ўзаро муносабатлар натижасида ёлғон ҳам вужудга келади. Инсоният ўзининг неча асрлик ҳаёти, фаолияти давомида ана шу рост ва ёлғон ўртасида қолиб, ҳақиқатни, яъни ростни излаб келади. Инсониятнинг маънавий маҳсули бўлган матбуот инсониятга хизмат қилар экан ҳақиқатга асосланмоғи, ижтимоий ҳаёт воқеаларини ҳаққоний акс эттирмоғи, рост сўзламоғи керак. Шундагина у инсоният интилган эзгуликка, адолатга, тараққиётга хизмат қилади. Аксинча бўлса – матбуот ёлғон хабарлар тарқатса, ҳаётни бир ёқлама, нотўғри ёритса, ёлғон сўзласа инсониятга катта зарар етказади, инқирозга етаклайди. Шундай экан барча матбуот нашрлари, оммавий ахборот воситалари ҳаққонийлик тамойилига амал қилиши шарт. Бундан заррача чекиниш унинг ўз ижтимоий вазифаларини бажаришда монеълик қилади. Бу тамойил ҳар бир журналист, публицист ва ижодкордан фақат ҳақиқатни, айни ҳақиқатни ёзишни талаб этади. Ҳаққонийлик публицистик ва бадиий ижоднинг бош мезони, асосий талабидир. Ҳаёт ҳақиқатларини очиб бера олган, ўз миллати, халқи ва провард натижада умуминсоният учун қадрли бўлган асарларгина умрбоқийдир. Бу принципнинг заррача бўлса-да бузилиши, ўз манфаати ёки якка ғоя, шахс талаби билан ҳаёт ҳақиқатидан кўз юмиш ижодкорнинг инқирозига сабаб бўлади.

Матбуотнинг асосий қоидаларидан бири – оммавийликдир. Оммавийлик ҳар бир матбуот нашрининг ва оммавий ахборот воситасида кўпчиликнинг доимий иштирок этиши, унинг кўпчилик томонидан яхши кутиб олиниши, оммалашувидир. Оммавийлик принципи умуминсонийлик, халқчиллик, миллийлик ва ҳаққонийликнинг мантиқий давоми бўлиб, юқоридаги тамойилларга қатъий амал қилган ва шу асосда ўз ижтимоий вазифасини тўла бажара олган матбуот нашри, оммавий ахборот воситасигина кенг оммалашуви, ўқувчилар, радиотингловчилар ва телетамошабинларга манзур бўлиши мумкин. Шу билан бирликда бу тамойил ҳар бир матбуот нашри ва оммавий ахборот воситасидан юксак савияда иш олиб боришни, ҳар бир журналист, публицист ва ижодкордан катта меҳнат ва маҳоратни, доимий изланишни талаб қилади. Оммавийликка эриша олмаган матбуот нашри, журналист муваффақият қозона олмайди.

Матбуот фаолиятида партиявийлик тамойили ҳам мавжуддир. Коммунистик матбуотда бу тамойил барча матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситалари учун бош, мажбурий қоида қилиб қўйилганди. Аслида эса партиявийлик – умуминсонийлик, халқчилик ва ҳаққонийлик билан ўлчанувчи тушунча ҳисобланади. Илло, партия сўзи инглизча бир бўлак, аҳолининг бир қисми деган маънони билдиради. Бинобарин бу тамойил жамиятдаги айрим партиялар, уюшмалар, ташкилотлар томонидан нашр этиладиган матбуот органлари учун қўлланиладиган қоида бўлиб, ўша партия, уюшма, ташкилотнинг дастури, йўл-йўриқлари асосида иш кўриш демакдир. Бу – табиий бир ҳол. Аммо партиявийлик тамойили юқорида таъкидлаб ўтилганидек умуминсонийлик, халқчиллик, миллийлик ва ҳаққонийлик қоидаларига зид бўлмаслиги керак, акс ҳолда у жамиятга зарарли ҳодисага айланади.

 

МАТБУОТ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ

Матбуотнинг ижтимоий моҳияти, асосий ижтимоий вазифалари нуқтаи назаридан қараганда унинг яна бир хусусияти – жамоатчилик фикрининг ифодачиси эканлигида яққол кўринади. Матбуот жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини акс эттириш ва ижтимоий борлиқ билан ижтимоий онгнинг бир-бирига таъсир кўрсатишида фаол ҳаракат этувчи омил вазифасини бажаришда жамоатчилик фикрига таяниб иш кўради.

Жамоатчилик фикри мураккаб тушунча бўлиб, у ижтимоий онгнинг муҳим бир қисмини ташкил этади. Ижтимоий онг муайян жамиятнинг фалсафий, сиёсий, маънавий, эстетик ва бошқа қарашлари бўлиб, у ижтимоий борлиқ – ўша даврдаги жамиятнинг моддий ҳаёт шароитидан, иқтисодий тузум шаклидан келиб чиқади. Жамоатчилик фикри ана шу ижтимоий онгнинг зарур қатламларидан бири саналади. Жамоатчилик фикри жамиятдаги кишилар, турли гуруҳ ёки табақаларнинг ижтимоий воқеликдаги факт ва ҳодисаларга яширин ёки очиқ суратдаги муносабатини англатувчи оммавий онг ҳолатидир. Жамоатчилик фикри жамиятда назорат қилувчи, маслаҳат берувчи ёки мажбур этувчилик функцияларини бажариб, ижтимоий ҳаётнинг у ёки бу масалалари, муаммолари бўйича фикр-мулоҳазалар билдиради, ҳукм чиқаради. Чиқарган ҳукмларига нисбатан жамоатчилик фикри баҳолаш, таҳлил қилиш, амалий тартибга солиш функцияларини бажаради ва ижтимоий муносабатларнинг муайян нормаларини жорий қилади. Жамоатчилик фикри ўз характерига қараб ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Жамоатчилик фикри жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олади ва кичикдан каттага, яккадан умумийга ўсиб боради. Яъни, жамоатчилик фикри ижтимоий ҳаётдаги кичик бир масаладан тортиб, бутун инсоният учун тааллуқли бўлган жуда кенг миқёсдаги масала ва муаммоларни ҳам қамраб олиши мумкин. Шу билан бирликда жамоатчилик фикри ҳар қандай масала юзасидан ҳам кўтарилавермасдан, балки, ҳаётда ижтимоий қизиқиш уйғотадиган муҳим ва зарур масалаларни танлаб олади.

Юқоридаги қонуният, яъни кичикдан каттага, яккадан умумийга ўсиб бориш жамоатчилик фикрининг туғилиш жараёнини ҳам белгилайди. Яъни у бир шахснинг фикридан – жамоа фикрига, айрим гуруҳлар, табақа, мамлакат ва бутун дунё фикридан иборат бўлиши мумкин. Жамоатчилик фикри якдил ёки мунозарали бўлиши мумкин. Жамоатчилик фикри келиб чиқиши ва иш кўриши жиҳатидан стихияли (ўз-ўзидан келиб чиққан) ёки ташкил этилган бўлиши мумкин.

Жамоатчилик фикри одамларнинг кўплашиб, гуруҳ-гуруҳ, кейинчалик жамоа бўлиб яшаган давридан қолган табиий онг ҳолатидир. Кейинчалик ҳукмрон синфлар, табақалар жамоатчилик фикрини ўз манфаатларига бўйсундириш учун турли воситалардан фойдаланганлар. Коммунистик тузум даврида жамоатчилик фикри якка ғоявий ҳукмронликка сўзсиз бўйсундирилган эди. Ҳозирги даврга келиб жамоатчилик фикри жамиятда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. “Ҳозирги вақтда омманинг фикри тобора ошиб бораётган ҳокимиятга эгадир,–- деб ёзади америкалик машҳур журналист Уолтер Липпман.– Бу нарса ҳаёт ёки мамотни ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда”. Ривожланган мамлакатларда жамиятни бошқариш жараёнида жамоатчилик фикрига кенгроқ таянилмоқда, жамоатчилик фикрини менсимайдиган, якка ҳукмронлик асосига қурилган тузумлар инқирозга учрамоқда. Ўз миллий мустақиллигига эришган республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида жамоатчилик фикрига тобора кўпроқ аҳамият берилмоқда, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, маънавият масалалари, турли қонунлар жамоатчилик фикрига, умумхалқ фикрига ҳавола қилиниб муҳокама этилмоқда, ўлкамиз ҳаётига доир муҳим масалалар кўплашиб ҳал қилинмоқда.

Жамоатчилик фикри турли йўллар ва воситалар орқали ифода этилади. У аввало сўз воситасида – оддий оғзаки гап, “миш-миш”дан тортиб турли йиғинларда сўзлаган нутқ, маъруза, музокараларда акс этади. Мамлакатимиз асосий қонунларида ўз аксини топган сўз эркинлиги ҳуқуқи биринчи навбатда жамоатчиликка ўз фикрини билдириш эркинлигидир. Бу ҳуқуқ турли жамиятда турлича ҳал этилади. Жамоатчилик фикри шунингдек адабиёт ва санъат асарларида ҳам ўз ифодасини топиши мумкин. Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган буюк асарлар одамларга катта, олижаноб ғоялар, ўлмас фикрлар бера олган асарлардир. Шуни таъкидлаш керакки, бадиий адабиёт ва санъат асарларида жамоатчилик фикри тўппадан-тўғри тарзда эмас, юксак бадиий шакл, маҳорат билан ифода этилганидагина ўз мақсадига эришиши мумкин.

Матбуот жамоатчилик фикри энг кенг ва бемалол зуҳур топувчи ижтимоий макон ҳисобланади. Матбуот ижтимоий фикрни шакллантириш, хусусий қизиқишни умумий қизиқишга айлантира олиш хусусиятига эгадир. Матбуот жамоатчилик фикрининг шаклланиши ва тарқалиши ҳамда объектга – ўқувчилар онгига етиб боришида энг таъсирчан майдон ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари материалларининг асосини ташкил этувчи публицистиканинг асосий вазифаси жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборатдир. Бунда публицистиканинг барча турлари ва жанрлари иштирок этади. Жамоатчилик фикри матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг барча кўринишларида – газеталар, журналлар, радио ва телекўрсатувлар фаолиятида доимий равишда ўз ифодасини топади.

Матбуотда жамоатчилик фикрини акс эттиришнинг турли йўллари мавжуддир. Бу борада ҳам кичикдан каттага, оддийдан мураккабга қараб ўсиб бориш ҳодисасини кўрамиз. Матбуот нашрларида жамоатчилик фикрининг энг бошланғич шакли муҳарририятларга келган хатлар орқали ифода этилади. Кишилар кундалик ҳаётининг турли масалалари бўйича муҳарририятларга мурожаат этишади ва турлича фикр-мулоҳазалар билдирадилар. Улар орасида ижтимоий аҳамиятга молик турли масалалар, муаммолар бўлиши мумкин. Бундай хатлар газеталар саҳифаларида “Бизга ёзадилар”, ”Газетхонлар хатларидан”, “Таклиф ва мулоҳазалар” ва бошқа рукнлар остида бериб борилади. Жамоатчилик фикри ифодасининг бу бошланғич шакли орқали кишилар кайфиятини, уларни ўйлантираётган муммоларни билиб олиш мумкин. Бу муҳим масалага кенг эътибор берган матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситалари ўз ижтимоий вазифаларини бажаришда яхши натижаларга эришадилар, халқчил ва оммавий бўладилар. Аксинча, фақат расмий характердаги материаллар билан тўлиб-тошган, халқдан, жонли фикрдан ажралиб қолган матбуот нашрлари инқирозга учрайди. Айрим матбуот нашрларида жамоатчилик фикрини йўналтириш учун махсус доимий рубрикалар ташкил этилади. Ҳар бир нашрнинг жамоатчилик фикрига қанчалик эътибор бериши муҳарририят раҳбарлари, ходимларнинг изланувчанлиги, маҳоратларига боғлиқдир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек матбуотда жамоатчилик фикрини шакллантириш ва акс эттиришда публицистика асосий ўрин тутади.

 

ПУБЛИЦИСТИКА

Публицистика лотинча “publicus” сўзидан олинган бўлиб “ижтимоий”, “жамиятга оид” деган маънони беради. Публицистиканинг моҳияти ҳақида турлича қарашлар, турлича таърифлар мавжуддир. Айрим луғатларда у ижтимоий, сиёсий масалаларни ёритувчи адабиёт деб қаралса, айрим мутахассислар томонидан унга ижоднинг бир тури деб таъриф берилади. Бизнингча бу ҳар иккала таърифда ҳам публицистиканинг хусусиятлари ўз ифодасини топган.

Публицистика бу – ҳаётни тасвирлашнинг алоҳида бир йўли, усули, ижод туридир. У жамият ҳаётининг шу кундаги, айни замондаги бўлиб ўтган ижтимоий аҳамиятга молик воқеа ва ҳодисаларини акс эттириб оммага етказади, даврнинг энг долзарб масалаларига муносабат билдиради, ечилиши керак бўлган муаммоларни кўтариб чиқади, шу кунги, айни замондаги кишилар учун хизмат қилади. Публицистика шу замон воқеа ва ҳодисаларидан шу замон кишиларини хабардор қилиш, шу кун учун зарур масала ва муаммоларни таҳлил этиш ва уларнинг ечилиши борасида жамиятга таъсир кўрсатиш воситасидир. Публицистиканинг бош вазифаси ҳаётдаги воқеа ва ҳодисалар, масала ва муаммолар ҳақида жамоатчилик фикрини уйғотишдан иборатдир. Публицистика асл маънода − айтилган гап, ёзилган матн, маълум бир кўринишидаги асар бўлиб, у матбуот саҳифаларига кўчган, радио, телевидение, интернетдан ўрин олган тақдирдагина ғоявий сиёсий ва маънавий кучга айланади, оммага етиб боради. Гарчи публицистик руҳ, яъни айни замон муаммоларини кўтариб чиқиш ва айни замон кишиларига етказиб бориш ижтимоий ҳаётни акс эттириш кўринишларидан бўлмиш бадиий адабиётда ва санъатнинг барча турларида мавжуд бўлса-да публицистика кенг ва ҳартарафлама иш кўра оладиган майдон − матбуотдир. Илло, матбуот ҳам худди ана шу функцияни бажаради, яъни жамият ҳаётини тасвирлайди, таҳлил этади, унга ўз таъсирини кўрсатади ва у ўзининг бу ижтимоий вазифасини публицистика орқали амалга оширади. Бу эса матбуот билан публицистиканинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади. яъни матбуотсиз публицистика ва публицистикасиз матбуот иш кўролмайди.

Публицистика инсониятнинг хаётни билиш, уни идрок этиш, оламда юз бераётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлиш ва улардан ўзи учун тегишли хулосалар чиқариш воситасидир. Шу боисдан ҳам у инсоннинг ҳаётни кузатиш, тадқиқ этиш натижаси, тажрибаларидан келиб чиққан фан билан ҳамда ташқи дунёнинг эстетик инъикоси бўлган адабиёт ва санъат билан чамбарчас боғлиқдир. Публицистика ҳаётдаги факт ва воқеаларни қайд этиш, уларни тадқиқ этиш, моҳиятини, ички қонуниятларни очишда фанга хос қатор усул ва имкониятлардан фойдаланади. Шу боисдан ҳар қандай публицистик асарда маълум даражада ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий тадқиқот мавжуд бўлади. Шу билан бирликда публицистика дунёни билиш ва акс эттиришда асосан сўздан фойдаланганлиги боисидан у бадиий адабиётга яқин туради ва унинг таркибий қисмига айланади. Публицистика сўз санъати бўлмиш бадиий адабиётдан образ ва образлилик, сюжет, композиция ва бошқа зарур тасвирий воситаларни олади. Бу адабий-бадиий унсурлар публицистик асарларнинг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётни жонли, қизиқарли тасвир этиш учун қўлланилади. Аммо публицистиканинг асосий вазифаси шу кунги ижтимоий ҳаётни шу кун учун тезкорлик билан ёритиб беришдан иборат бўлганлиги боисидан унда юқоридаги адабий-бадиий воситалардан фақат зарур ҳоллардагина, маълум даражада фойдаланилади. Яъни, худди матбуот сингари публицистика ҳам сўз сиёсатидир.

Худди матбуот сингари публицистика ҳам ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади ва жамият ҳаётининг қайси қирраларини ёритишга қараб турли хилларда бўлиниб кетади. Масалан, жамиятнинг шу кундаги, айни замондаги ҳаётининг бош масалаларини ижтимоий-сиёсий публицистика ёритса, унинг иқтисоди, ишлаб чиқариш масалаларини эса иқтисодий публицистика ўзида акс эттиради. Илмий публицистика илм-фан соҳасидаги муаммоларни ёритади.

Публицистика фақатгина жамият ҳаётининг барча қирраларини ёритишда ўзга хос восита ва усуллардан фойдаланади. Жумладан, адабий-бадиий публицистика ўзида ҳаётнинг барча соҳаларини акс эттирса-да, бунда у алоҳида адабий-бадиий воситаларга таянади. Яъни, бадиий публицистика ҳаётга бадиий адабиёт нуқтаи назаридан ёндошади ҳамда матбуот билан адабиёт ўртасида туради, уларни бир-бирларига узвий боғлайди. Ҳажвий публицистика эса ижтимоий ҳаётни ёритишда алоҳида ижтимоий-бадиий восита бўлган ижтимоий кулгига, яъни сатира ва юморга асосланади. Фотосуратлар ёрдамида иш кўрадиган фотопублицистика ҳам публицистика таркибига киради.

Публицистика матбуот, оммавий ахборот турларига қараб ҳам турли хилларга бўлиниб кетади. Масалан матбуот, яъни газета ва журнал саҳифаларидан жой оладиган публицистик материаллардан ташқари радиопублицистика, телепублицистика ҳам мавжуддир. Телевидениедан жой оладиган ва кино саънати билан боғлиқ бўлган кинопублицистика ҳам умумий публицистика билан бирлашиб кетади. Ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим томонлари, бош қирраларини акс эттириш бўлган публицистика ана шундай кенг қамровга ва ранг-баранглик хусусиятига эгадир.

Юқорида келтириб ўтилган хусусиятлар публицистиканинг мазмуний ва услубий томонларига таалуқлидир. Шу билан бирликда публицистика ўзининг ички хусусиятлари, ижтимоий ҳаётга қай тарзда ёндашиш ва акс эттириш қирралари нуқтаи назардан ҳам турли хилларга бўлиниб кетади. Ҳаётдаги воқеа ва ҳодисалар ҳақида тезкорлик билан хабар берувчи, ҳаётнинг кўзга кўриниб турган устки қатламларини ёритувчи публицистика – ахборий, ёки хабардор этувчи публицистика дейилса, воқеа ва ҳодисаларнинг ички моҳиятини очиб берувчи, ҳаётнинг чуқур ички қатламларини ўзида акс эттирувчи таҳлилий публицистика ҳам мавжуддир. Ҳаётдаги воқеа ва ҳодисалар, кишилар фаолиятини адабий-бадиий воситалар билан ёритувчи, бошқача қилиб айтганда ҳаётни бадиий-эстетик жиҳатдан таҳлил қилиб баҳоловчи бадиий публицистика мазкур ижод турининг энг мукаммал, юқори шаклини ташкил этади. Публицистиканинг мазкур уч хили бир-бири билан ўзаро муносабатда бўлиб бир-бирини тўлдириб келади ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча қирраларини ўзида ҳар тарафлама, ранг-баранг акс эттирувчи ижтимоий-ижодий ҳодисаси сифатида инсониятга хизмат қилади. Яъни, публицистика ҳаёт ҳақида хабар бериш, уни таҳлил этиш билан чекланиб қолмасдан уни ранг-баранг, турли жилоларда тасвирлайди. Бу – инсон онгининг буюк кашфиётларидан биридир.

Публицистика тур ва хилларга бўлинишдан ташқари ички-таркибий жиҳатдан турли жанрларга ҳам бўлинади. Маълумки, жанр сўзи французча хил, тур маъносини билдиради ҳамда адабиёт ва санъат асарларининг маълум мазмуний ва шаклий турини билдиради. Масалан, бадиий адабиётнинг насрий туридаги ҳикоя, қисса, роман, шеърий туридаги шеър, ғазал, баллада, достон, тасвирий санъатдаги натюморт, портрет, пейзаж ва бошқалар бунга мисол бўла олади. Инсон ижодининг бир тури бўлган публицистика ҳам худди шу каби ўз жанрларига эга бўлади ва бу жанрлар публицистиканинг вазифаси, изчил хусусиятларидан келиб чиқади. Жумладан, ахборий публицистика хабар (информация), репортаж, интервью, ҳисобот каби жанрларга эгадир. Бу жанрлар ҳаётдаги факт ва ҳодисаларни, янгиликларни тезкорлик билан ёритишга хизмат қилади. Мазкур жанрларнинг асосий вазифаси ўқувчиларни жамиятда юз бераётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор қилиш ҳисобланади.

Таҳлилий публицистика ҳам ўзи учун зарур жанрларга эгадир. Булар кенгайтирилган хабар (корреспонденция), суҳбат, мақола, тақриз, шарҳ кабилар бўлиб уларда ҳаёт воқеаларидан хабар беришдан ташқари уларни таҳлил этиш, ички моҳиятини очиб бериш асосий ўрин тутади. Таҳлилий публицистика жанрлари ҳаётнинг ички қатламларига кириб боради, уларни тадқиқ этади ва ўқувчи онгининг ички қатламларига таъсир кўрсатади. Таҳлилий публицистика ҳаётнинг муҳим, зарур масалалари ва муаммоларини кўтариб чиқишда ва уларга нисбатан жамоатчилик фикрини уйғотишда кенг миқёсда хизмат қилади.

Ҳаётни адабий-бадиий нуқтаи назардан ёритишга хизмат қилувчи бадиий публицистика ҳам ўзига хос жанрларга эгадир. Булар – лавҳа, очерк, эссе кабилар бўлиб, улар қаторига ҳажвий публицистикага оид бўлган фельетон, памфлет каби жанрлар ҳам киради. Шу билан бирликда ҳажвий публицистика ахборий ва таҳлилий публицистика жанрларидан ҳам (ҳажвий хабар, ҳажвий мақола ва б.) фойдаланиши мумкин.

Публицистика турлари ва жанрларининг хилма-хиллиги унинг ижтимоий ҳаётни кенг ва ҳар тарафлама акс эттиришдан иборат вазифасидан келиб чиқади. Публицистика орқали инсоният ўзини ўраб турган ташқи дунёдан хабардор бўлади, уни англайди ва ўз манфаати йўлида фойдаланади. Бинобарин, публицистика инсониятнинг муҳим ижтимоий-сиёсий, маънавий-ижодий қуроли, яшаш воситаси ҳисобланади. Инсоният ҳар тарафлама тараққиётга эришган ҳозирги даврга келиб матбуотнинг, публицистиканинг ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бормоқда.

Публицистика – шу кунги воқеа, ҳодиса ва муаммоларни шу кунги жамиятга, ўқувчиларга етказиш, жамоатчилик фикрига ҳавола этиш, бу фикрни шакллантириш ва ниҳоясига етказиш демакдир. Жамоатчилик фикрисиз, кўпчиликка доир муаммо ва масалаларни кўтариб чиқишларсиз матбуот материали ҳеч кимга манзур бўлмайди, уни ҳеч ким ўқимайди. Бадиий адабиётдаги жамоатчилик фикридан фарқли ўлароқ публицистикадаги жамоатчилик фикри баъзан тўғридан-тўғри, бадиий публицистикага оид жанрларда эса маълум даражада бадиий воситалар орқали ифода этилади.

Жамоатчилик фикрини ифода этишда публицистиканинг ҳар уч таркибий қисми иштирок этади. Унинг бошланғич – ахборий – хабардор этувчи қисмида ҳам жамоатчилик фикри ўзига хос равишда уйғотилади. Газета ва журналларда бериладиган хабарлар, радио орқали эшиттириладиган ахборотлар, турли мавзулардаги телекўрсатувлар, лавҳалар, репортажлар ўқувчи онгида қизиқиш уйғотиши, фикрини қўзғатиши учун улар жонли, ҳаётий бўлмоғи зарур. Аксинча, кишилар онгида қизиқиш уйғотмайдиган, юзаки, бир ёқлама хабарлар, лавҳалар жамоатчилик фикрини қўзғотмайди, матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситаларининг тасвирий вазифасини бажара олмаслигига, оқибат натижада инқирозга олиб келади.

Публицистиканинг таркибий қисми бўлган таҳлилий публицистиканинг бош вазифаси – жамоатчилик фикрига хизмат қилишдир. Бу турга оид жанрлар – мақола ва унинг хиллари, суҳбат, тақриз, шарҳ, кузатув кабилар ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётнинг турли муаммоларини кўтариб чиқади ва жамоатчилик фикрига ҳавола этади. Таҳлилий публицистиканинг фаолият кўрсатишида газеталар билан бир қаторда журналлар асосий ўрин тутади. Журналларнинг турли хиллари – ижтимоий-сиёсий, илмий, адабий-бадиий, ҳажвий журналлар ўз соҳаларидаги муаммоларга эътиборни қаратиб, энг муҳим масалаларга жамоатчилик фикрини уйғотиш билан машғул бўладилар. Бу борада мутахассис публицистларнинг жамоатчилик фикрини уйғотишдаги хизматлари каттадир. Ҳозирги замон ўзбек публицистларидан Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Қўчқор Норқобил ва бошқаларнинг ижтимоий ва маданий-маънавий ҳаётнинг турли масала ва муаммолари бўйича жамоатчилик фикрини уйғотиш борасидаги хизматлари эътиборга моликдир. Ўзбек таҳлилий публицистикаси матбуотимизнинг таҳлил функциясини бажаришда жамоатчилик фикрига таяниб иш кўрмоқда.

Публицистиканинг учинчи, энг мутабар қисми – бадиий публицистика ҳам жамоатчилик фикрини шакллантириш учун хизмат қилади. Бадиий публицистиканинг асосий жанрлари – очерк, фельетон, памфлет ижтимоий ҳаёт муаммоларини публицистик ва бадиий воситалар орқали ифода этади. Табиийки, бу жанрларнинг ҳам асосини жамоатчилик фикри ташкил этади. Бадиий публицистика таҳлилий публицистикадан фарқли равишда бадиий адабиётнинг образлилик ва бошқа тасвирий воситаларидан кенг фойдаланади. Бинобарин, бадиий публицистикада жамоатчилик фикри янада чуқурроқ, образлар воситасида, чунончи, ҳажвий публицистикага оид бўлган фельетон ва памфлетда ижтимоий кулги орқали ифода этилиши унинг таъсирчанлигини янада ошириши мумкин. Ҳозирги ўзбек матбуотида бадиий публицистикада жамоатчилик фикрини уйғотувчи айрим асарлар яратилса-да, бу борада қилинаётган ишлар етарли эмас. Ўзбек бадиий публицистикаси мустақил юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётидаги муаммоларни янада чуқурроқ очиб бериши, жамоатчилик фикрига хизмат этиши лозим.

Матбуотда жамоатчилик фикрини аниқлашнинг қатор ташкилий шакллари ҳам мавжуддир. Газета ва журналлар саҳифаларида, радио ва телекўрсатувларда ташкил этиладиган баҳс, мунозара, давра суҳбати, маълум мавзулар ҳақида кишилар фикрини сўраб билиш, муҳим қонунлар, ҳужжатларнинг халқ ўртасида муҳокама қилиниши, анкеталар тарқатиш, сўраб чиқиш, социологик тадқиқотлар – шулар жумласидандир. Жойлардаги ижтимоий тадқиқотлар марказлари билан матбуот нашрлари ҳам доимий алоқада бўлиб туришлари лозим.

Жамоатчилик фикрининг бевосита амалга ошишида матбуотнинг таъсир функцияси асосий роль ўйнайди. Жамоатчилик фикрининг амалга ошишида бошқа ташкилотлар, давлат идоралари ҳам муҳим ўрин тутади. Масалан, Ўзбекистон парламенти томонидан Ўзбекистон Конституцияси, тил ҳақидаги, ер ҳақидаги, ОАВ ҳақидаги ва бошқа муҳим қонунлар ва ҳужжатларнинг умумхалқ муҳокамасига қўйилиши фикримизнинг далилидир.

Миллий мустақилликка эришган Ўзбекистон матбуоти ва оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик фикрини шакллантириш ва ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. “Мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий барқарорлик жамоатчилик фикрининг ҳолатига етарли даражада боғлиқ бўлиб, уни шакллантиришда оммавий ахборот воситаларига муҳим ўрин берилади,– дейилади Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” китобида.[1]

Жамоатчилик фикрининг матбуотдаги ўрни ва аҳамиятини чуқур ҳис қилиш, унинг қонуниятларини билиш ва ундан фойдаланиш ҳар бир бўлажак журналистнинг муҳим вазифасидир.

 

ИНФОРМАЦИЯ (ХАБАР)

Информация (хабар) ахборий публицистиканинг асосий, бош жанри ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси – жамиятда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар ҳақида ўқувчилар (тингловчилар, томоша қилувчилар)га хабар бериш, маълумот етказишдир. Хабар жамият ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш, маданий-маънавий ҳаётининг барча қирраларини қамраб олади. Жамият ҳаётини, инсон ижтимоий фаолиятининг бу жанрда акс этмайдиган бирорта ҳам соҳаси йўқ.

Матбуот – ижтимоий ахборот тарқатиш учун энг муҳим майдон, канал ҳисобланади. Матбуотгача бўлган даврда ахборотлар махсус хабарчилар, жарчилар орқали тарқатилганлиги маълум. Матбуотнинг пайдо бўлишига эса одамларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи сабаб бўлган. Хабар матбуотнинг тарихий тараққиёти даврида унинг асосий жанри бўлиб келган. Бу жанр матбуотга унинг бош ижтимоий вазифаси – тасвирлаш, хабардор этиш вазифасини бажаришда хизмат қилади.

Шуни айтиш керакки хабар жанри матбуотнинг турли тарихий кўринишларидан турлича ўрин олиб келган. Авторитор матбуотда гарчи бу жанр илк бор қўлланилабошланган бўлса-да, ундан фойдаланиш маълум даражада чекланган ҳолда бўлган. Чунки бу матбуотда унинг ҳомийси бўлган ҳукмдорларнинг манфаатларига зид хабар ва маълумотларнинг босилишига йўл қўйилмаган. Эркин дунё матбуотида хабар жанри асосий ўрин тутиб, кенг қўлланилиб келинади. аммо бу хил матбуотда иқтисодий фойда олиш учун баъзан бу жанрни суистеъмол қилиш, “шов-шув”ларга кенг ўрин бериш ҳоллари ҳам учрайди. Яъни, унда бу жанрдан керагидан ортиқ даражада фойдаланилади. Бунга қарама-қарши равишда коммунистик матбуотда эса хабар жанри чекланган бўлиб, ундан якка ғоя хокимлиги йўлида фойдаланиб келинган. Фақат чинакам демократик матбуотдагина хабар жанри кенг, ҳар тарафлама ўрин олиши мумкин. Инсоният, жамият юқори даражадаги техник тараққиётга эришган ҳозирги даврга келиб хабар жанри янада ривожланди ва у газета, журнал, радио, телевидениедан ташқари ахборот агентликлари ва интернетда ҳам бош ўринни эгаллаб келмоқда. XXI асрни ахборот асри деб айтиш мумкин.

Хабар жанрининг асосида биринчи ўринда факт туради. Факт лотинча “faкtum” сўзидан олинган бўлиб, қилинган иш деган маънони билдиради. Ҳар қандай хабарнинг асосида ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтган воқеа, ҳодиса туради, лекин хар қандай факт воқеа ва ҳодиса ҳам хабар учун асос бўла олмайди. Аввало бу фактнинг ижтимоий аҳамияти, яъни, жамият учун, шу кун, шу давр учун керак-нокерак, зарур-нозарурлиги муҳим аҳамиятга эгадир. Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш, маданий-маънавий ҳаётига тааллуқли, ўз моҳияти билан керакли, зарур бўлган факт, воқеа ва ҳодисагина матбуот хабари учун асос бўла олади. Бунда ана шу факт, воқеа ва ҳодисанинг янгилиги биринчи даражали аҳамият касб этади. Янгилик – илгари маълум бўлмаган, эндигина юз берган воқеа, ҳодисадир. Бундай воқеа ва ҳодисанинг ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтганлиги – факт ҳисобланади. Жамият ёки дунёда эндигина юз берган ўзининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш, маданий-маънавий аҳамияти билан кўпчиликда қизиқиш уйғотувчи воқеа ва ҳодиса, факт ёки фактлар йиғиндиси янгилик ҳисобланади. Бу фактлар албатта текширилган, аниқ бўлиши шарт. Шу боисдан информациянинг ишончли бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Матбуотнинг асосий тамойилларидан бири ҳаққонийлик бўлганидай унда босиладиган, эълон этиладиган, кўрсатиладиган ҳар қандай воқеа ва ҳодиса, келтирилган фактлар ҳаққоний бўлиши шарт.

Хабар жанрига қўйиладиган талаблардан бири унинг ўқувчилар, эшитувчилар, кўрувчилар учун тушунарли бўлишидир. Аниқ фактларга асосланган ва тушунарли бўлган ахборотгина ўз функциясини бажара олади. Аксинча, текширилмаган фактлар устига қурилган, пала-партиш, тушунарсиз ахборот матбуотнинг фаолиятига футур етказади.

Хабар доимо тезкор, ўз вақтида бўлиши лозим. Бирор воқеа ва ҳодисани кечикиб, эскиртириб берилиши матбуот ижтимоий вазифасининг бажарилишига монелик қилади. Электрон техника юқори даражада тараққий этган ҳозирги даврда дунёда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг ўша жойнинг ўзида, ўша пайтда бевосита эфирга узатилиши, телевидениеда тўғридан-тўғри олиб берилиши, матбуотда тезкорлик билан ёритилиши мақсадга мувофиқдир.

Хабар ҳаётдан олинган факт, воқеа ва ҳодисаларнинг тафсилотини ўрганишда илм-фанда қўлланиладиган услубга таянади. Яъни, мазкур факт, воқеа ҳодисанинг моҳиятини очиб беришда мантиқий мулоҳаза унга асос бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирликда хабар ҳаёт воқеаларини акс эттиришда асосан сўздан (радиода товушдан, телевидениеда сўз ва тасвир бирлашмасидан, фото хабарда эса фотосуратдан) фойдаланади. Шу нуқтаи назардан хабарда адабий ижод, санъат элементлари ҳам иштирок этади. Аммо у – соф бадиий, санъат жанри бўлмасдан, ижоднинг ўзига хос кўриниши бўлмиш публицистик тасвирга, хабардор этишга асосланади яъни, хабарда янгилик тўғрисида маълумот бериш биринчи ўринда туради. Публицистиканинг бошқа жанрлари каби хабар ҳам жамоатчилик фикрига янги факт, воқеа, ҳодиса тафсилоти, янги фикр етказади ва уни уйғотади, бу унинг бош хусусиятидир. Жамоатчилик фикрини уйғотмайдиган қуруқ, юзаки хабар матбуотнинг обрўсини туширади, унинг ўз ижтимоий вазифасини бажаришига монелик кўрсатади. Хабарда матбуот тамойиллари ҳам ўз ифодасини топади, у умуминсоний, халқчил, миллий, ҳаққоний бўлиши зарурдир.

Ҳозирга келиб жаҳон матбуоти юксак даражада тараққий этиб, ахборот йиғиш ва тарқатишнинг умумжаҳон бозори пайдо бўлди. Бу эса хабар жанри олдига рақобатбардошлик талабини ҳам қўяди. Бунда хабарларнинг янгилиги, солмоғи, долзарблиги, ҳаққонийлиги, тезкорлиги асосий аҳамият касб этади.

Хабар жанри матбуот, оммавий ахборот воситаларининг барча кўринишларида – газета, журнал, радио, телевидение ва интернетда асосий ўрин эгаллайди. Дунёдаги ахборот агентликлари оммавий ахборот воситаларини хабарлар билан таъминлаб туради. Хабар қайси оммавий ахборот воситасида берилишига қараб алоҳида хусусият касб этади. Масалан, газета ва журнал хабарлари, радио ахбороти, телевидениедаги ахборий кўрсатувлар, интернетдаги сайтлар бунга мисол бўлади.

Хабарлар ижтимоий ҳаётни ёритиш нуқтаи назаридан турли хилларга бўлиниб кетди. Аввало улар ички ва ташқи хабарларга бўлинади. Ички хабарлар мамлакатнинг (ёки ўша матбуот нашри чиқадиган ҳудуднинг) ички воқеалари ҳақида бўлса ташқи хабарлар мамлакат ташқарисида юз берган воқеалар ҳақида бўлади. Ички хабарлар матбуот нашри мухбирлари томонидан тайёрланса ташқи хабарлар бошқа матбуот нашрларидан, ахборот агентликларидан, шу нашрнинг чет элдаги мухбирларидан (агар бор бўлса) олинади. Ҳозирги даврга келиб ташқи хабарларни бевосита интернетдан ҳам олиш мумкин.

Хабарлар шу билан бирликда расмий ва норасмий (оддий, кундалик) ахборотларга ҳам бўлинади. Расмий хабарлар одатда расмий идоралар томонидан ва ахборот агентликлари орқали берилади. Норасмий хабарлар эса мухбирлар топган ахборотлар, муҳарририятга келган хатлар, матбуот материаллари асосида тайёрланади. Хабарлар шу билан бирликда кичик (қисқа) ва кенгайтирилган хабарларга ҳам бўлинади. Қисқа хабарларда ҳаётдан олинган факт, воқеа ва ҳодисаларнинг энг асосий моҳияти ҳақида қисқа шаклда хабар берилади. Бундай хабарлар газеталарда сарлавҳасиз ёки “Янгиликлар” “Шу куннинг хабарлари” “Оламда нима гап?” “Республикамиз ҳаётидан” каби рукнлар остида берилиши мумкин. Радио ёки телевидение орқали эса “Янгиликлар”, “Хабарлар”, “Ахборот” рукнлари остида эшиттирилади ва кўрсатилади. Россия телевидениеси томонидан бериб бориладиган “Вести” («Хабарлар»), “Новости” («Янгиликлар»), “Время” («Вақт») каби ахборот кўрсатувлари шулар жумласидандир. Мазкур хабарлар оммавий ахборот воситаларининг қайси ҳудудда чиқишига қараб “Вилоят хабарлари”, “Туманимизда” каби рукнлар остида берилиши ҳам мумкин.

Кенгайтирилган хабарлар эса факт, воқеа ва ҳодисаларнинг асосий моҳияти билан бир қаторда унинг муҳим тафсилотларини ҳам ўзида акс эттиради. Бундай хабарлар ўзига тегишли сарлавҳа билан берилади. Радио ва телевидениеда ҳам бундай хабарларга тегишли ўрин ажратилади.

Хабарлар шу билан бирликда бирор мавзуга доир ёки умумий бўлиши мумкин. Бирор мавзуга доир хабарлар ижтимоий ҳаётнинг у ёки бу соҳаси ҳақида хабар беради. Бундай хабарлар газеталарда “Вилоятлардан дараклар”, “Маданият хабарлари”, “Тиббиёт янгиликлари”, сингари рукнлар остида берилади. Умумий хабарлар эса бир неча мавзуга бағишланган бўлиши мумкин. Бундай хабарлар “Ҳар соҳадан бир шингил”, “Кеча ва бугун” ва бошқа рукнлар остида берилиши мумкин.

Хабарлар ижобий ва танқидий бўлиши ҳам мумкин. Ижобий хабарлар юқоридаги каби кўринишларда бўлса, танқидий хабарлар “Редакцияга хатлар”, “Луқма”, “Ташвишли огоҳлантириш” сингари рукнлар остида берилади. Айрим газета ва журналларда ҳар бир хабарга, шу жумладан танқидий хабарга мос келадиган алоҳида рукн ҳам берилиши мумкин. Ҳажвий журналларда эса бир неча ҳажвий (танқидий) хабарлар умумий рукн остида босилиши ҳам мумкин.

Хабарнинг тили ва услуби ҳам ўзига хос бўлиб, у ҳаётдаги факт, воқеа ва ҳодисалар ҳақида қисқа, лўнда, ёрқин ва тушунарли тилда ёзилиши лозим. Хабарда узундан узоқ жумлалар, фикр-мулоҳазалар, ноаниқ тушунчалар бўлиши асло мумкин эмас. Шунингдек, хабарда ортиқча ўхшатиш, муболаға ва бошқа адабий воситалар ишлатилмайди. Айрим образли иборалар, бадиий-ижодий сўзлар фақат жуда зарур ҳоллардагина (масалан ҳажвий хабарларда) ишлатилиши мумкин.

Уларда мазкур давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларидан ҳар бир ҳудуд бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига олти нафардан вакил сайланди. Яширин овоз бериш Қонунда ва Марказий Сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Низомда белгиланган тартибда амалга оширилди.

 

ҲИСОБОТ

Ҳисобот сўзи арабча бўлиб, ҳисоб бериш, яъни ўз ишлари, топшириқнинг бажарилиши ва шу кабилар ҳақида ўзидан юқорида турувчи бошлиққа, ташкилот ва жамоатчиликка оғзаки ёки ёзма равишда бериладиган расмий ахборот деган маънони билдиради. Матбуот ҳисоботи эса бўлиб ўтган бирор муҳим йиғин, анжуман ёки оммавий байрам ва бошқа тадбирлар, воқеа ва ҳодисалар, жумладан, суд мажлиси, матбуот анжумани ҳақида ёзилган ахборотдир. Унда мазкур йиғин, анжуман ёки оммавий тадбир, воқеа ва ҳодисанинг асосий мазмуни, моҳияти, тафсилоти ўз ифодасини топиши керак. Одатда ҳисобот парламент мажлиси, ҳукумат идоралари ва жамоат ташкилотларининг муҳим йиғинлари ҳақида, шунингдек, ўтказилаётган оммавий байрамлар, санъат турларига доир томошалар, спорт мусобақалари ва шу сингари йирик, аҳамиятли воқеа ва ҳодисалар ҳақида ёзилади. Ҳисобот худди хабар сингари кўпчилик учун қизиқарли, янгилик бўлган тадбир, воқеа ва ҳодисаларни ўзида акс эттириши лозим. Яъни, у ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотиши, жамоатчилик фикрини қўзғата олиши керак. Арзимаган, кўпчилик учун аҳамиятсиз бирор йиғин ҳақидаги, умумий гаплардан иборат бўлган ҳисоботлар матбуот нашрининг обрўсини туширади, ўқувчини зеректиради.

Ҳисобот ҳам худди хабар сингари шаклан икки хил – қисқа ва батафсил бўлиши мумкин. Қисқа ҳисоботда ўша анжуман, тадбир ёки воқеа-ҳодисанинг бўлиб ўтганлиги ҳақида хабар қилинса, батафсил ҳисоботда эса юқорида қайд этилганлар тўлалигича ёритилади.

Ҳисобот шу билан бирликда расмий ёки муаммоли, таҳлилий ҳам бўлиши мумкин. Расмий ҳисобот расмий идоралар томонидан (ёки расмий информация агентлиги орқали) тарқатилади. Норасмий ҳисобот эса мазкур анжуман, тадбир, воқеа-ҳодисани ёритиш учун махсус юборилган оммавий ахборот воситасининг мухбири – журналист томонидан ёзилади. ҳамда у муаммоли, таҳлилий бўлиши мумкин. Бундай ҳисоботлар асосан уч турга – умумий ҳисобот, бирор мавзуга қаратилган ёки шарҳли ҳисоботга бўлинади. Умумий ҳисоботда хабар берилаётган анжуман, оммавий тадбир, воқеа ва ҳодисалар хронологик тартибда – бир бошдан, батафсил баён этилади. Бунда анжуман, тадбир, воқеа, ҳодиса қандай бошланганлиги, кимлар иштирок этганлиги, анжуман бўлса унда кимлар сўзга чиққанлиги, қандай ҳужжатлар қабул қилинганлиги, оммавий тадбир ва спорт мусобақалари бўлса қандай ўтганлиги, нималар бўлганлиги, кимлар қандай натижаларга эришилганлиги тўла баён этилади. Айрим анжуманлардан ёзилган ҳисоботларда у ерда сўзга чиққан нотиқларнинг нутқи ва маърузалари тўлалигича келтирилиши, байрам, тадбир иштирокчилари, спорт мусобақалари қатнашчиларининг сўз ва фикрлари ҳам берилиши мумкин. Бундай ҳисоботлар ўқувчи (эшитувчи, кўрувчи)да мазкур анжуман, тадбир ёки воқеа, ҳодисалар ҳақида тўла тушунча ҳосил қилиши лозим.

Ҳисоботнинг иккинчи хили бирон-бир муайян мавзуга қаратилган бўлади, унда журналист томонидан муҳим, биринчи даражали деб топилган мавзу, масала, муаммо биринчи ўринга қўйилади ва ўша анжуман, тадбир, воқеа ва ҳодисада бу масала қандай аҳамият ксб этганлиги, қандай муҳокама этилганлиги, қандай ечимини топганлиги ҳақида фикр юритилади, ўз мулоҳазаларини айтади, ижобий ёки танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиб, публицистик хулосалар чиқаради. Бундай ҳисобот у ёки бу муаммо бўйича жамоатчилик фикрини уйғотишда муҳим роль ўйнайди.

Учинчи хил ҳисобот – шарҳли ҳисобот бўлиб, унда анжуман, воқеа ёки ҳодисанинг тафсилоти баён этилиши билан бир қаторда унинг у ёки бу томони, муаммо ва масалаларига алоҳида шарҳлар ҳам илова қилиниши мумкин. Бу ҳам юқоридаги – маълум мавзуга бағишланган таҳлилий ҳисоботга яқин туради.

Ҳисобот оммавий ахборот воситаларининг қайси бир турида ёритилишига қараб газета ҳисоботи, журнал ҳисоботи, радиоҳисобот, телеҳисобот бўлиши мумкин. Турган гапки, матбуот – газета ва журнал ҳисоботидан фарқли равишда радио ва телеҳисобот бевосита овоз ва тасвир қўшилиши билан ўзига хос хусусиятга эга бўлади.

Оммавий ахборот воситаларининг қайси бир турида бўлмасин ҳисобот ёзиш ва тайёрлаш журналистдан катта меҳнат ва маҳорат талаб қилади. Ҳисобот ёзувчи, тайёрловчи журналист аввало мазкур анжуман, тадбир, воқеа ва ҳодисанинг мазмуни, моҳиятини англаб олиши, уни тўлалигича қамраб, фактларни, исмларни, қарор ва ҳужжатлар, натижаларни аниқлаб олиши керак. Шундан сўнггина у тўплаган факт ва маълумотларни тушунарли ва лўнда қилиб баён этиб бериши керак.

Ҳисоботнинг ички тузилиши унинг қайси турда ёзилишига боғлиқ. Умумий ҳисобот маълум шаклга эга бўлиб, у бошидан охиригача бирма-бир баён этилади. Маълум мавзуга бағишланган ҳисобот эса эркин тарзда ёзилиши, асосий эътибор кўтарилаётган муаммога қаратилиши мумкин. Шарҳли ҳисобот ҳам шундай хусусиятга эга.

Ҳисоботнинг тили ва услубига келсак у асосан жиддий, публицистик услубда ёзилади. Ҳисоботда айрим ўхшатиш, жонлантириш, образлилик ҳам жой олиши мумкин. Аммо бу воситалар ҳисоботнинг умумий мазмуни, ундан чиқариладиган публицистик хулосага хизмат қилади. Шунингдек, айрим ҳолларда адабий-бадиий ёки ҳажвий услубда ёзилган ҳисоботлар ҳам учрайди.

Ҳисобот жанри ҳаётнинг шу кундаги энг муҳим воқеаларини, бўлиб ўтган муҳим анжуман ва бошқа ҳодисаларни ёритишда газеталар, журналлар ҳамда радио ва телевидение учун қўл келувчи долзарб жанр сифатида хизмат қилиб келмоқда.

 

ИНТЕРВЬЮ

Интервью (қисқа суҳбат) инглизча бўлиб «сўраб олиш, суриштириш» деган маънони билдиради. Мазкур жанрнинг матбуотда кенг учрашининг сабаби шундаки ҳаётдаги ҳар бир факт, воқеа ва ҳодисанинг қандай бўлиб ўтганлиги, тафсилоти одатда шу фактдан хабардор бўлган, воқеа, ҳодисани кўрган-билган одамлардан сўраб-суриштириб билинади, кейингина бирор жанрдаги матбуот материалига асос бўлади. Шу боисдан сўраш, суриштириш аввало, ҳаётни билиш воситаси бўлса, унинг матбуотдаги акси эса ахборий публицистиканинг энг муҳим, кенг тарқалган, оммабоб жанри ҳисобланади. Бу жанр жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш, маданий-маънавий ҳаётининг барча соҳаларида қўлланилади. Шу билан бирликда у оммавий ахборот воситалари – газеталар, журналлар, радио, телевидение, ахборот агентликлари, интернетдан доимий жой олиб келади. Аввало интервью расмий ва норасмий хилларга бўлинади. Расмий интервьюлар асосан ҳукумат раҳбарларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бирор муҳим воқеа – расмий учрашув, сафар, йирик анжуман ва зарур саналарга ва бошқа давлат аҳамиятига эга бўлган тадбирларга бағишланиб ўтказилган матбуот йиғинларида берилади. Норасмий интервью эса журналистлар томонидан у ёки бу воқеа, ҳодиса ҳақида ёзилади.

Интервью шаклий жиҳатдан икки хил – ахборий ва таҳлилийга бўлинади. Ахборий интервьюда сўров, суриштирув натижасида олинган факт, аниқланган воқеа ва ҳодиса ҳақида хабар қилинади ҳамда бу хабар, маълумот ким томонидан берилганлиги, маълум қилинганлиги айтилади. Яъни бу хил материалда факт ва маълумотлар кимдан олинганлиги айтилиб, қисқача тарзда баён этиб ўтилади. Бу жиҳатдан у хабар жанрига яқин туради. Таҳлилий интервью эса суҳбат деб аталади ва унда таҳлилий публицистика хусусиятлари асосий ўрин эгаллайди. Шуни таъкидлаш лозимки, кўп ҳолларда интервьюнинг ахборий ва таҳлилий хусусиятлари бирлашиб кетиши, яъни у орқали ҳам хабар ва маълумотлар берилиши ва фикр-мулоҳазалар билдирилиши ҳам мумкин.

Ўз тузилиши жиҳатидан интервью икки хил интервью-диолог ва интервью-монолог шаклида ҳам бўлиши мумкин. Интервью-диологда мухбир ва суҳбатдош ўзаро савол-жавоб қилишади. Бу савол-жавоб тайёрланиш жараёнида тўғридан-тўғри оғзаки кўринишда ёки ёзма савол-жавоб тарзида олиб борилади.

Республикамизнинг машҳур кишилари, фан арбоблари, ёзувчилар, санъаткорлар, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлардан олинган интервьюлар матбуотимизда, радио ва телевидениеда турли рукнлар остида тез-тез бериб борилади. Кўриниб турибдики, интервью жанрининг бу асосий кўриниши жамият ҳаётининг барча муҳим томонлари ҳақида хабар беришда кенг қўлланилади.

Интервьюнинг иккинчи бир кўриниши интервью-монолог бўлиб, унда мухбир берган биргина саволга суҳбатдош томонидан берилган жавоб ўз аксини топади. Бундай интервью одатда ҳаётдаги бирорта муҳим ижтимоий, иқтисодий, маданий-маънавий масала ёки муаммони ёритиш учун қўлланилади. Бунда суҳбатдошнинг жавоби унинг тилидан ёки журналист томонидан шарҳланиб берилиши мумкин. Бундай интервью одатда ҳажм жиҳатдан диолог-интервьюдан кичикроқ бўлади.

Интервьюнинг яна бир шакли матбуот анжумани – пресс-конференциялардан олинади ва уларда оммавий ахборот воситалари мухбирларига ҳаётдаги муҳим масала ёки муаммо ҳақида маълумот келтирилади ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб берилади. Бу усул умумжаҳон миқёсида кенг қўлланилиб келинади. Республикамизда ҳам ижтимоий ҳаётнинг муҳим масалалари бўйича пресс-конференциялар мунтазам равишда ўтказиб турилади.

“Тўғридан-тўғри мулоқот” рукни остида бериладиган интервьюларда эса бирор бир давлат арбоби кўпчиликнинг саволларига жавоб беради. Бундай ўзига хос интервью кўпинча радио ва айниқса телевидения орқали ўтказилади. Бирор мавзу бўйича кўча-кўйда ўткинчилардан фикр сўраш, суд жараёнида интервью олиш ҳам ана шулар жумласидандир. Шунингдек, редакцияга келган хатлар, махсус сўров варақалари, анкеталар тарқатиш орқали саволларга жавоб олиб бориш ҳам мазкур жанрнинг муҳим кўринишлари ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, интервью жанри турли, ранг-баранг кўринишларга эга бўлиб, улар ижтимоий ҳаётни кенг ва чуқур ёритиш, ундаги муҳим факт, воқеа ва ҳодисалардан ўқувчиларни хабардор қилиш, жамоатчилик фикрини уйғотишга хизмат қилади. Энг оммабоп, тезкор ва таъсирчан бу жанр журналистдан жуда катта меҳнат, топқирлик ва маҳорат талаб қилади. Журналист аввало ҳаётни муттасил кузатиб бориши, ундан ижтимоий аҳамиятли, ўқувчиларнинг қизиқишини уйғотадиган факт, воқеа ва ҳодисаларни қидириб топиши, улар ҳақида кенгроқ маълумот бера оладиган одамларни аниқлаши, уларни суҳбатга тортиши, ҳамда зарур маълумотларни ола билиши лозим. Интервьюни ёзиш (тайёрлаш) чоғида журналист аввало фактларнинг аниқлиги, воқеа, ҳодиса тафсилотларининг ҳаққонийлигига эътибор бериши лозим. Интервьюнинг қайси шаклда ёзилиши унинг қайси мавзу, масала ва муаммога бағишланганлиги, ижтимоий аҳамиятга боғлиқ. Журналист интервью олишда маълумот олинаётган одамга ўша воқеа, ҳодисанинг моҳиятини очиш учун зарур бўлган саволларни ўз вақтида бера олиши ва уларга тегишли жавоб ола билиши лозим. Журналист мўлжалга урадиган, қисқа, лўнда саволлар бериб, суҳбатдошдан ҳам шундай жавоб олишга эришиши лозим. Кераксиз тафсилотлар, ортиқча сўзлар интервьюни бузади, унинг аҳамиятини пасайтиради. Энг муҳими кўпчиликка, жамоатчиликка янгилик, янги факт, янги маълумотлар етказишдир.

Интервьюнинг ички тузилишига келсак унинг қандай бўлиши унга асос бўлган мавзудан ва журналист танлаган шаклдан келиб чиқади. Бу борада тайёр, кўп учрайдиган шаблон тузилишлардан қочиб, оригинал, ижодий услуб топилиши лозим. Интервьюнинг тили ва услуби масаласига келсак у одатда жиддий, публицистик тилда ёзилади.

Интервью радио ва телевидениенинг ҳам энг кўп қўлланиладиган, доимий жанри ҳисобланади. Инетернетда ҳам бу жанрга доир материлларни кўплаб учратиш мумкин.

 

РЕПОРТАЖ

Репортаж сўзи лотинча reportare – етказиб бериш деган маънони билдиради. Репортаж – воқеа, ҳодисаларни бевосита, жонли акс эттирувчи, тезкор ёритиб берувчи ахборий материалдир. Унинг оддий хабардан фарқи шуки, хабарда ҳаётдан олинган факт, воқеа, ҳодисалар умумий, яъни қайд этиш тарзида баён этилса репортажда факт, воқеа ва ҳодисалар ҳақида бевосита, ўша воқеа, ҳодиса бўлиб ўтаётган пайтда, шу воқеа ва ҳодисалар юз бераётган жойдан тўппадан-тўғри хабар берилади, бошқача қилиб айтганда ҳаёт воқеалари қайд этилмайди, балки ҳаракатда, жонли тасвирланади, ҳамда бу жараёнда журналист бевосита иштирок этади. Қисқача қилиб айтганда репортаж – жонли хабардир. Ахборотнинг бу оммабоп жанри билан шуғулланувчи, яъни репортаж ёзувчи (олиб борувчи) кишиларни репортёр (ёки шарҳловчи) дейилади.

Репортаж ахборотнинг ўзига хос, жонли кўриниши бўлганлиги боисидан унда маълумот бериш, хабардор қилиш билан бир вақтда тасвирлаш, таҳлил қилиш, хулоса чиқариш каби хусусиятлар ҳам мавжуддир. Яъни, репортажда хабар, ҳисобот жанрларининг кўринишлари ҳам ўз ифодасини топади. Шу билан бирликда унда факт, воқеа ва ҳодисалар ҳақида уларнинг иштирокчиларидан сўраб-суриштириш, фикрларини билиш ҳам талаб этилади. Бу эса репортажда суҳбат (интервью) жанри хусусиятлари ҳам бўлишини кўрсатади. Воқеа, ҳодисалар ҳақида бевосита, тўппадан-тўғри хабар бериш, тасвирлаш талаби эса мазкур жанрда бадиий адабиётнинг ҳикоя жанрига хос бўлган тасвирий воситалар ҳам қўлланилишини талаб этади. Бу эса ўз навбатида матбуот билан адабиётнинг бир-бирига яқинлиги, иккаласи ҳам ҳаётни тасвир этишда сўздан фойдаланишидан келиб чиқади. Аммо матбуотнинг бошқа жанрлари каби репортажнинг бош хусусияти, унга қўйиладиган асосий талаб унинг публицистиклигидир. Журналист (репортер) репортажида аввало жамиятнинг шу куни, айни замони учун ижтимоий аҳамиятли факт, воқеа ва ҳодисани танлаб олади ҳамда унга шу кун, айни замон нуқтаи назаридан ёндошади, тасвирлайди, таҳлил қилади ва жамият учун зарур, керакли публицистик хулосалар чиқаради. Бу эса репортажда ахборий, хабардор қилиш хусусияти билан бирликда унда маълум даражада таҳлилий томонлари ҳам борлигини кўрсатиб туради. Яъни, репортаж шарҳ билан яқин турганлиги боисидан репортёрларни шарҳловчилар ҳам деб юритилади.

Репортаж жамият ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш ва маданий-маънавий ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олиши, ўзида акс эттириши мумкин. Яъни, репортаж муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар юз бераётган жойлардан, пахта далаларидан, саноат корхоналаридан олиб борилиши, оммавий маданий-маънавий тадбирлар, масалан, байрамлар, спорт мусобақалари ҳақида ҳикоя қилиши мумкин. Шу билан бирликда репортаж кундалик, оддий воқеалар ҳақида эмас, ўз ижтимоий аҳамият жиҳатидан янгилик бўлган, энди воқе бўлаётган ижтимоий ҳодисаларни акс эттиради.

Репортаж акс эттираётган объекти нуқтаи назаридан воқеа репортажи, муайян мавзуга бағишланган репортаж, муаммоли репортаж, репортаж-шарҳ кабиларга бўлинади. Воқеа (воқеабанд) репортаж ҳаётда юз берган бирор муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ёки маданий-маънавий воқеа ва ҳодиса ҳақида ҳикоя қилади. Бунга мамлакат ҳаётида юз берган муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодисалар – парламент мажлиси, ҳукумат раҳбарларининг расмий сафарлари ва учрашувлари, йирик анжуманлар ҳақидаги репортажлар мисол бўла олади. Шунингдек мамлакат ҳаётида ёки чет элларда юз берган муҳим фавқулодда ҳодисалар – уруш кўринишлари, террористик хуружлар, табиат ҳодисалари ва бошқалар ҳақида репортажлар ҳам шу турга киради.

Муайян мавзуга бағишланган репортажлар эса ҳаётдаги муайян соҳаларга, масалаларга бағишланган бўлади. Масалан, журналист (репортер) жамият ҳаётидаги бирор бир мавзу, масалан, бирор шифохонанинг фаолияти, илмий муассасаларда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари, ёки болаларнинг ёзги дам олишлари каби ва бошқа мавзуларни ўрганиб, ўша жойлардан репортаж олиб бориши мумкин. Бундай репортажлар шу соҳада олиб борилаётган ишларни ёритади, турли илмий, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида ҳикоя қилади. Албатта, бу хил репортажларда ҳам бу жанрнинг асосий хусусиятлари, шу жумладан публицистик тадқиқот асосий ўрин тутади.

Муаммоли репортаж эса ҳаётнинг маълум бир ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ёки маданий-маънавий муаммоларни ёритишга бағишланган бўлади. Масалан, журналист ҳаётда учрайдиган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ёки бирор бошқа ноҳуш ҳоллар ҳақида махсус репортажлар тайёрлаши мумкин. Бунда у шу соҳадаги факт, воқеа ва ҳодисаларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб бу муаммолар ҳақида жамоатчилик фикрини уйғотиши мумкин. Репортаж-шарҳ бирор воқеани бошдан-оёқ тасвирлаш, кўрсатишга бағишланади ва ўша воқеани шарҳлаб беради. Бунга спорт эшиттиришлари, футбол шарҳини мисол келтириш мумкин.

Репортаж қайси оммавий ахборот воситасида берилишига қараб газета репортажи, журнал репортажи, радиорепортаж ва телерепортаж каби хилларга бўлинади. Бунда репортажнинг асосий жанр хусусиятлари сақланган ҳолда ўзида оммавий ахборот воситаларнинг турли кўринишларига хослик мавжуд бўлади. Газета репортажи ҳажм жиҳатидан журнал репортажидан фарқ қилиши мумкин. Журнал репортажида эса газета репортажи сингари тезкорлик талаб этилмайди, у бирор воқеа ва ҳодисанинг ички моҳиятини очиб беришга, яъни, чуқур таҳлилга асосланиши мумкин. Газета ва журнал репортажи журналист (репортер)нинг юз берган воқеа ва ҳодисани ўз кўзи билан кўриб, воқиф бўлиб кейин уни сўз билан тасвирлаб беришни талаб қилса радио ва телерепортаж кўпинча тўппадан-тўғри эфирга узатилади. Ҳаётни суратлар воситасида ёритувчи фоторепортаж ҳам ўзига хосликни, факт, воқеа, ҳодисаларни синчковлик билан топиб, акс эттиришни талаб этади.

Репортажнинг қайси хили бўлмасин унда журналистнинг бевосита иштироки, “мен”и сезилиб туради. Чунки у реал воқелик билан ўқувчилар (тингловчилар, кўрувчилар) ўртасидаги воситачи, ўзига хос “канал” ҳисобланади. Яъни, ўқувчи, радиотингловчи, телетомошабин бўлаётган ва ҳикоя қилинаётган воқеаларни журналист (репортер) кўзи билан кўради, идрок этади. Бу эса журналистдан катта масъулият ва касбий маҳорат талаб қилади. Репортер воқеа ва ҳодисалар ҳақида оддий хабар берувчи эмас, балки уларни таҳлил этувчи, баҳоловчи ҳамдир. Шу боисдан репортаж олиб борувчи журналист ўзи хабар қилаётган, тасвирлаётган воқеанинг моҳиятини яхши билиши, барча тафсилотларидан хабардор бўлиши лозим. Масалан, ҳукумат раҳбарларининг расмий сафарлари, учрашувлар, йирик анжуманлар ва бошқа ижтимоий-сиёсий мавзулардаги репортажларда зарур маълумотлар олдиндан тайёрлаб қўйилиши лозим. Фавқулодда воқеалар, табиат ҳодисалари ҳақидаги репортажларда эса гарчи тасвирланаётган воқеаларнинг қандай ривожланиши, қай хилда тус олиши олдидан маълум бўлмаса-да, репортёр уларни зийраклик билан кузатиб бориши, бирор муҳим тафсилотни кўздан кечирмаслиги, ҳар бир айрим кўринишларни ўз вақтида шарҳлаб, таҳлил этиб бориши лозим. Байрамлар, оммавий тадбирлар ва айниқса спорт мусобақаларидан олиб бориладиган репортажларда ҳам журналист юз бераётган воқеалар, спорт мусобақаси ва ўйинларнинг бориши, жамоалар таркиби ва бошқаларни синчиклаб кузатиши, томошабинга шарҳлаб бориши керак. (Спорт ўйинидан олиб бориладиган бу хилдаги репортажларда шарҳга кенг ўрин берилиши боисидан бу ишни бажарувчи журналистлар спорт шарҳловчилари деб номланадилар). Репортажнинг барча хилларида юқорида таъкидланганидек, ҳаққонийлик, аниқлик биринчи ўринда туради. Ҳар қандай шошқалоқлик, ноаниқ гап, ўринсиз тахмин репортажни бузади.

Репортер учун ўзи олиб бораётган, ёзаётган репортажида фактлар, воқеалар ҳаққонийлиги, барча тафсилотлар маълумлиги билан бир қаторда яна бу факт, ҳодиса ва воқеалар тафсилотидан энг муҳимлари, асосийларини ажратиб олиш, уларни мушоҳада қила билиш ҳам талаб этилади. Бу эса журналистик топқирлик билан публицистик идрок орқали амалга оширилади. Яъни, репортер ўзи тасвирлаётган воқеа ва ҳодисаларни ҳаққоний, умуминсоний ва миллий тамойиллар асосида, энг илғор инсоний туйғулар асосида баҳолай олиши, улардан энг тўғри ва зарур хулосалар чиқара билиши лозим. Бу ундан кенг билим, юксак маданият ва маънавиятни талаб қилади.

Репортердан юқорида келтирилган хусусиятлардан ташқари яна алоҳида кўра билиш ва кўрганларини мушоҳада қилгач жонли таъсирчан қилиб ёзабилиш, (ҳикоя қилабилиш) лаёқати, ўткир публицистик истеъдод ҳам талаб этилади. Бу – репортаж учун керакли, ўз ўрнидаги иборалар топабилиш, тушунарли тилда таъсирчан гапириб бериш, ҳикоя қилаолиш демакдир. Репортажнинг тили ва услуби унинг мазмуни, материал олдига қўйилган мақсаддан келиб чиқади. Расмий учрашувлар, анжуманлар ҳақидаги репортажлар асосан расмий-публицистик тилда олиб борилса, фавқулодда воқеалар, табиат ҳодисалари ҳақидаги ва бошқа мавзулардаги репортажлар ана шу мавзу ва воқеалар учун лозим бўлган тарзда олиб борилиши, (ёзилиши) мумкин. Бундай репортажларда керакли ўринларда образли тасвирий воситалар, ҳис-туйғули ўринлар ҳам бўлиши мумкин. Жумладан спорт мусобақалари, футбол, теннис, бокс ва бошқа спорт ўйинларидан олиб борилаётган репортаж-шарҳларда ҳам шундай бўлиши мумкин. Бу – репортажнинг ранг-баранг жанрий хусусиятларга эга эканлигини кўрсатади.

Шуни айтиш керакки ҳаётни бевосита жонли тасвирлаш услуби публицистикада асосий ўрин эгаллаши билан бирликда адабиёт ва санъат асарларига ҳам кириб бориши мумкин. Бунга мисол сифатида репортаж усулида ёзилган роман, қисса, саҳна асари ёки кинофилмларни кўрсатиш мумкин.

Репортаж жанри жаҳон матбуоти тарихида кенг қўлланилиб келинган. Ўзбек матбуотига бу жанр асосан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида кириб келди. Мустақил республикамиз матбуотида репортаж жанри кенг ўрин олиб келмоқда, газета ва журналларимизда босилаётган, радио ва телевидение орқали бериб борилаётган репортажларда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш ва маданий-маънавий ислоҳотлар, ҳаётимизнинг кенг жабҳаси, халқимизнинг яратувчилик меҳнати ўзининг ёрқин аксини топмоқда.

 

СУҲБАТ

Таҳлилий публицистикада суҳбат жанри ҳам алоҳида ўрин тутади. у ахборий жанр – интервьюнинг мантиқий давоми бўлиб, ёритилаётган мавзунинг мазмун-моҳиятини чуқур очиб бериши, таҳлилий мулоҳаза ва мушоҳадага асосланиши, ҳаётнинг чуқур қатламларини акс эттириши билан ундан ажралиб туради ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига доир масала ва муаммоларини акс эттиришда оммавий ахборот воситаларнинг энг оммабоп, энг таъсирчан қуроли бўлиб хизмат қилади.

Суҳбат ҳажм жиҳатидан интервьюга қараганда кенгроқ бўлиб, унда суҳбатдош томонидан айтилган факт, билдирилган маълумот ҳақида батафсил, кенгроқ сўз юритилади, келтирилган факт, баён этилган воқеа, ҳодисалар чуқурроқ таҳлил этилади.

Суҳбат жанри мавзу жиҳатидан ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади. Унда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлабчиқариш, маданий-маънавий, фан-техника, адабиёт ва санъат, спорт ва бошқа барча ижтимоий соҳалар ўз ифодасини топади. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг барча турларидан доимий ўрин олиб келувчи мазкур жанрда ижтимоий ҳаётнинг кичик бир масаласидан тортиб то энг муҳим муаммолари ҳам акс этиши мумкин. Олимларнинг илмий ихтиролари, ёзувчи ва шоирларнинг яратган янги асарлари ва ижодий фаолиятлари, машҳур санъаткорларнинг ҳаёти ва ижоди, спорт усталари эришган ютуқлар ва бошқалар мазкур жанр ёрдамида оммага етказилади. Давлат раҳбарлари, жамоат арбобларининг ижтимолий ҳаётнинг муҳим масалаларига бағишланган фикр ва қарашлари ҳам кўпинча суҳбат жанри орқали ифода этилади. Масалан, Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг республикамиз тараққиётининг энг бош масалалари ҳақида “Тафаккур” журнали муҳаррири, “Туркистон” газетасининг бош муҳаррири, “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги ва бошқа матбуот нашрлари мухбирлари билан қилган суҳбатлари мазкур жанрга доирдир.

Суҳбат жанри ҳам худди интервью сингари турли кўринишларда бўлиши мумкин. У асосан икки хил – суҳбат-диалог ва суҳбат-монолог шаклида кўп учрайди. Табиийки суҳбат-диалог икки киши – мухбир ва суҳбатдошнинг ўзаро савол-жавоби тарзида бўлади. Бу – мазкур жанрнинг матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситаларида энг кўп учрайдиган кўриниши ҳисобланади. Бунда мухбирнинг суҳбатлашилаётган масаланинг моҳиятини илғаб олиши ва суҳбат оқимини шунга қараб бошқариши, мавзуни иложи борича кенгроқ ва чуқурроқ очиб беришга қаратиши лозим бўлади. Газета ва журналларимизнинг деярли ҳар бир сонларидан, радионинг кундалик эшиттиришларидан, телевидение экранларидан доимий жой олиб келаётган бу хилдаги суҳбатларда жамиятимиз ҳаётининг барча муҳим соҳаларида олиб борилаётган ишлар, илмий изланишлар, ижодий янгиликлар, ҳал қилиниши лозим бўлган масала ва муаммолар ўз ифодасини топмоқда. Доимий равишда ўтказиб борилаётган матбуот конференциялари, янги асарларнинг тақдимотлари, турли муҳим мавзуларга бағишланган давра суҳбатлари ва бошқаларни ёритишда ҳам суҳбат-диалогдан кенг фойдаланилади. Радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувларда ҳам бу – мухбир ва «қаҳрамон» ўртасидаги суҳбат кенг қўлланилади. Расмий равишда ўтказиладиган матбуот анжуманлари, пресс-конференциялар ҳам суҳбат жанри учун асос бўлиб хизмат қилади. Бир ёки бир неча шахс билан олиб борилган фикр алмашиш натижасида кўпчилик билан олиб борилган суҳбат ҳам ёзилиши мумкин. Суҳбатнинг бу кўриниши ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли масалаларига бағишланган бўлиб, оммавий ахборот воситаларида ”Юмалоқ стол атрофида”, “Баҳс, мунозара” каби ва бошқа рукнлар остида бериб борилади. “Тўғридан-тўғри мулоқот” рукни остида бериладиган суҳбатда эса бирор бир давлат арбоби кўпчиликнинг саволларига жавоб беради. Редакцияга келган хатлар, махсус сўров варақалари, анкеталар тарқатиш орқали саволларга жавоб олиш ҳам мазкур жанрнинг муҳим кўринишлари ҳисобланади.

Суҳбатнинг якка шахс фикр-мулоҳазаларини ифода этувчи монолог шаклида эса мухбирнинг битта саволига суҳбатдош атрофлича жавоб бериши мумкин. Бунда ҳам шу куннинг муҳим масалалари, жумладан, қабул қилинган янги қонунлар, амалга оширилаётган тадбирлар, ишлабчиқариш соҳасидаги янги тажрибалар ўз ифодасини топиши мумкин. Бундай шаклдаги суҳбат сўнгида мухбир шарҳи ҳам илова этилиши мумкин.

Суҳбат жанри турли, ранг-баранг кўринишларга эга бўлиб, улар ижтимоий ҳаётни кенг ва чуқур ёритиш, ундаги муҳим факт, воқеа ва ҳодисалардан ўқувчиларни хабардор қилиш, жамоатчилик фикрини уйғотишга хизмат қилади. Бу жанр журналистдан жуда катта меҳнат, топқирлик ва маҳорат талаб қилади. Журналист аввало ҳаётни муттасил кузатиб бориши, ундан ижтимоий аҳамиятли, ўқувчиларнинг қизиқишини уйғотадиган масала ва муаммоларни қидириб топиши, улар ҳақида кенгроқ маълумот бера оладиган одамларни аниқлаши, уларни суҳбатга тортиши ҳамда зарур маълумотларни ола билиши лозим. Суҳбатни тайёрлаш жараёнида суҳбатдошга ўша масала ва муаммоларнинг моҳиятини очиш учун зарур бўлган саволларни бериб, тегишли жавоб ола билиши лозим.  Суҳбатда тилга олинаётган масалаларнинг моҳиятини тўла очиб бериш, публицистик хулосалар чиқариш, жамоатчиликка янги фикр ва мулоҳазалар айта олиш учун журналист ўзи сўз юритаётган соҳани чуқур билиши, шу билан бирликда ўткир сўз ва қалам эгаси бўлиши лозим.

Суҳбатнинг ички тузилиши унинг мавзусидан ва журналист томонидан танланган шаклдан келиб чиқади. Бу борада тайёр, кўп учрайдиган шаблон тузилишлардан қочиб, оригинал, ижодий услуб топилиши лозим. Суҳбатнинг тили масаласига келсак у одатда жиддий, публицистик тилда ёзилади. Зарур ҳолларда, материалнинг таъсирчанлигини ошириш учун айрим ўхшатиш, жонлантириш, муқояса этиш каби тасвирий воситалардан, образли ва иборалардан фойдаланиш мумкин. Ҳажвий журналистика нашрларида қўлланиладиган ҳажвий-танқидий суҳбатларда эса ҳажвий тил ва услуб қўлланилади.

Республикамиз радиоаси ва телевидениесида ҳам суҳбат жанри доимий равишда бериб борилади. Бу – мазкур жанрнинг ижтимоий ҳаётни ёритишдаги энг зарур ва долзарб публицистик жанр эканлигни яққол исботлаб турибди.

 

ХАТ

Публицистиканинг ўзига хос жанри – хатдир. Хат сўзи арабча бўлиб бирор одамдан иккинчи одамга ёзма шаклда йўлланган матн, маълум маълумотларни ўз ичига олган ёзувдир. Бу сўз худди юқоридан маънони билдирувчи мактуб, нома деб ҳам юритилади.

Хат инсониятнинг илк ихтироларидан бири бўлиб, ёзув пайдо бўлгандан сўнг одамлараро алоқанинг асосий тури бўлиб хизмат қилган ва қилиб келмоқда. Хат алоқа воситаси сифатида почта орқали, ҳамда телеграф, факс, интернет сингари электрон алоқалар орқали жўнатилади ва қабул қилиб олинади. Бундай хатларни шахсий хатлар дейилади. Жамият учун у ёки бу даражада қизиқиш уйғотадиган, аҳамиятга эга бўлган хатлар эса ижтимоий аҳамиятли хатлар сифатида қадрланади. Бундай хатлар ёзма адабиёт, матбуот орқали кўпчиликка – оммага етказилади. Жамиятнинг у ёки бу соҳадаги факт, воқеа ва ҳодисаларни акс эттирган, жамоатчилик фикрига бирон-бир янгилик берувчи, фикр уйғотувчи бундай хатлар шунингдек публицистика билан, матбуот билан ҳам боғлиқдир. Яъни, бирор шахс матбуот воситасида ўз хати орқали ҳаётдаги бирон-бир факт, воқеа, ҳодиса ҳақида хабар беради, уларга нисбатан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради ёки бирон-бир масала юзасидан ёрдам сўрайди, шикоят қилади ва ҳоказо. Бинобарин хат шахсни жамият билан ва ўз навбатида жамиятни шахс билан боғловчи муҳим воситадир.

Хат публицистиканинг алоҳида жанридир, унда ҳам ахборий, ҳам таҳлилий, ҳам бадиий-публицистик хусусиятларни кўриш мумкин. Масалан, кишилар томонидан матбуотга йўлланган айрим хатларда ҳаётдаги бирон-бир факт, воқеа ҳодиса ҳақида хабар қилиниши, шу ҳақда фикр юритилиши мумкин. Бу – публицистиканинг ахборот жанрига тўғри келади. Айрим хатларда эса корреспонденция хусусияти бўлиб, уларда бир неча факт, воқеа ҳодиса ҳақида сўз боради, фикр юритилган бўлади. Матбуотга йўлланиладиган аксарият хатлар мақола тарзида бўлиб, уларда ҳаётдан олинган бирор бир мавзу, тугалланган фикр ўз ифодасини топади. Бошқа бир хатларда эса ижтимоий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган масалалар кўтарилиб, кўпчиликнинг муҳокамасига ташланади. Бундай хатлар “Очиқ хат”, “Мурожаатнома” деб аталади. Шунингдек, айрим хатлар ўзига хос адабий-бадиий усулига эга бўлади. Бундай хатлар бадиий публицистикага тааллуқли бўлади. Яъни, хатлар ўзида жамият хаётини қанчалик ва қай тарзда ёритишига қараб оддийдан мураккаблика қараб ўсиб боради ва инсоннинг ташқи – ижтимоий оламдан хабардор бўлиши, уни чуқурроқ англашида у ёки бу даражада хизмат қилади. Бинобарин, хатлар ўз хусусиятларига қараб қуйидагиларга бўлинади:

  1. Муҳарриятларга келадиган хатлар.
  2. “Очиқ хат”лар,
  3. Адабий-бадиий хатлар.

Муҳарририятга келган кундалик хатлар мазкур жанрнинг энг оддий кўриниши бўлиб, уларда шу куннинг долзарб масалалари акс этади. Кишилар муҳарррииятларга йўллайдиган хатларида ўзларини қизиқтирган у ёки бу факт, ҳодиса ҳақида хабар берадилар ёки бирон-бир масала юзасидан фикр билдирадилар, ҳаётда учрайдиган айрим камчилик, ноҳақлик кўринишларидан шикоят қиладилар ва ҳоказо. Муҳарририятларга келадиган кундалик хатларнинг мавзу доираси жуда кенг бўлиб, уларда шу кунги ҳаётнинг муҳим томонлари ўз аксини топади. Бундай хатлар одатда икки хил – ижобий ёки танқидий тусда бўлади. Ижобий хатларда ҳаётдаги факт, воқеа, ҳодисалар маъқулланиб, қўллаб-қувватланса, танқидий хатларда ҳаётда учрайдиган камчиликлар ва бошқа иллатларга танқидий муносабат билдирилади, фош этилади. Бундай хатларнинг аксариятини шикоят хатлари ташкил этади.

Муҳарририятларга келадиган бундай кундалик хатлар “Бизга ёзадилар”, “Газетхонлар почтасидан”, “Муҳарририятга хатлар”, ”Ўқувчи бонг уради”, “Номалар, ҳангомалар”, “Газетхонлар тилидан”, “Таклиф ва мулоҳазалар” каби ва бошқа рукнлар остида бериб борилиши мумкин. Муҳарририятларга келган хатлар ўз хусусияти жиҳатидан умумий ва бирор мавзуга доир бўлиши мумкин ва улар шу нуқтаи назардан махсус рукнлар остида бериб борилади.

Шунингдек, кундалик хатларнинг маълум бир қисми – сўров хатлари ҳам бўлиши мумкин. Бундай хатларда газетхонлар ўзларини қизиқтирган у ёки бу масалалар ҳақида тушунтириш беришни сўрайдилар. Бундай хатлар “Сўранг, жавоб берамиз”, бошқа рукнлар остида бериб борилиши мумкин.

Айрим хатлар эса матбуот нашрларида босилган баъзи бир материаллар ёки расмий ҳужжатлар – қонунлар муҳокамасига доир ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан иборат бўлиши мумкин. Бундай хатлар “Газетхон фикр билдиради”, “Акс-садо”, “Таклифлар ва мулоҳазалар” каби рукнлар остида бериб борилади.

Муҳарририятга келган айрим хатлар асосида шарҳлар, муаммоли мақолалар тайёрланиши мумкин. Бундай хатлар асосида тайёрланган мақолалар “Бир хат изидан”, ”Мактуб йўлга чорлади”, “Газетхон мулоҳазаларига жавоб” каби рукнлар остида босилади. Баъзи бир хатлар эса журналистик суриштирув учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шуни айтиш керакки, муҳарририятга келган хатларнинг ҳаммаси ҳам босиб чиқарилмайди, балки уларнинг шу кун учун муҳим, долзарб масалалар кўтарилганлари танлаб олинади, қолганлари эса ё жавоб ёзилади, ёки текшириб чора кўриш учун тегишли ташкилотларга жўнатилади.

Умуман олганда муҳарририятга келувчи кундалик хатлар мавзу жиҳатдан хилма-хил бўлиши, уларда ҳаёт нафаси бевосита уфуриб туриши билан қимматлидир. Уларга эътибор бериш, қадрига етиш, фойдаланиш ҳар бир матбуот нашрининг жонли, халқчил, таъсирчан бўлиши, ўз функцияларини тўла адо этишида ёрдам беради.

Хатнинг ижтимоий жиҳатдан салмоқли, муҳим кўриниши – “Очиқ хат”, “Мурожаатнома”лардир. Очиқ хат ҳаётдаги бирон-бир муҳим ижтимоий, иқтисодий, маданий-маънавий масала, муаммо ҳақида бирор шахс, ёки бир гуруҳ кишиларнинг фикри, қарашлари асосида ёзилган публицистик материалдир. Бундай хатда шу кун, айни замон учун жуда муҳим бирор масала, муаммо кўтариб чиқилади ва кўпчиликка етказиш орқали жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинади. Бундай хатлар ўткир публицистик руҳга, жонли таъсир кучига эга бўлиши лозим. Очиқ хатда ижтимоий аҳамиятлилик алоҳида ўрин тутади, у шу хусусияти билан оддий хатдан фарқ қилади.

Очиқ хатнинг ўзига хос кўриниши “Мурожатнома” шаклида бўлади. Бундай хатлар расмий характерда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, давлат раҳбарининг маълум бир анжуман қатнашчиларига ёки меҳнатда катта ютуқларга эришган вилоят, туман ёки бирор корхона жамоасига йўллаган мактуби, табриги, ёки бирор анжуман қатнашчиларининг давлат раҳбарига йўллаган мактубларини олиш мумкин. Бундай табрик ва мурожаатномаларда ҳам муҳим ижтимоий масалалар ўз ифодасини топади. Айрим очиқ хатларда у ёки бу мавзудаги ижтимоий масалалар, муаллифнинг кўпчиликка айтмоқчи бўлган фикри ҳам ифодаланиши мумкин.

Хатнинг матбуотда ва ёзма адабиётда кенг ўрин олувчи муҳим кўринишларидан бири адабий-бадиий хатлар, ёки эпистоляр публицистикадир. Эпистоляр сўзи лотинча epistola – хат, юборилган маълумот деган маънони билдиради. Бу жанр адабий-бадиий ёки публицистик асарнинг хат, мактуб тарзида ифода этилишидир. Яъни, машҳур ёзувчилар, адиблар, мунаққидлар ўзларининг муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фикр-туйғулари, мулоҳаза ва фикрларини хат шаклида ёзиб оммага етказганлар. Жаҳон адабиёти ва ижтимоий фикри тарихида бундай асарлар кўплаб яратилган. Масалан ўрта асрнинг буюк мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг “Муншаот” асари, Фурқатнинг чет элдан туриб “Туркистон вилоятининг газети” идорасига юборган хатлари ва дўстларига йўллаган шеърий мактублари ва бошқалар бунга мисол бўла олади. Мазкур хат-асарлар муаллифлари ўз замоналарининг ўта муҳим ижтимоий-сиёсий, ижодий-маънавий муаммоларини кўтариб чиққан эдилар. Бундай асарларда одатда ҳаёт воқеаларини таҳлил этишда маънавий талабчанлик, танқидий руҳ устун туради. Бу хилдаги айрим асарлар ҳажвий услубда ҳам ёзилиши мумкин. Масалан атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг “Масковдан хатлар” деб аталувчи туркум хатлари ҳажвий асар бўлиб, уларда ҳаётда учрайдиган турли ижтимоий-маънавий иллатлар ҳажвий танқид остига олинган эди.

Хат жанрида ёзиладиган матбуот асарлари ўз ички хусусиятлари, тузилиши, шаклий жихатлари билан хилма-хилдир. Муҳарририятларга юбориладиган оддий хатларда кундалик ҳаётда учрайдиган фактлар, воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги шахсий фикр ва мулоҳазалар, мақсадлар акс этганлигидан оддийроқ услубда ёзилади. Муҳарририятларда бундай хатлардан фойдаланишда муаллифларнинг фикр ва мақсадларини, йўналишини сақлаб қолган ҳолда услубий жиҳатдан таҳрир этилиши мумкин.

Журналист Алиқул Хонимқуловнинг «Халқ сўзи» газетасининг 2005 йил 10 март сонида босилган «Тарбиясиз тарбиячи» деб номланган мақоласи ана шу услубда ёзилган. Унда Жиззах вилояти Ховос туманидаги 7-ўрта мактабнинг директори Абдурасул Бойболаевнинг тарбиячига номуносиб ҳатти-ҳаракатлари танқид остига олинади. Мазкур мактаб директори ўз қўл остидагилар билан жуда қўпол муносабатда бўлади, уларни менсимайди, ҳақорат қилади. Шу билан бирликда у мактаб ўқувчиларига нисбатан ҳам ноинсоний – бераҳмларча муносабатда бўлади. Бойболаев қишнинг қор ёғиб турган, совуқ куни тонгида саксон учта ўқувчини «дарсга кеч қолдинглар» баҳонаси билан мактаб ҳовлисида бир соатдан ортиқ турғазиб қўяди, ўзи эса бу аянчли воқени иш хонасининг деразасидан бемалол томоша қилиб туради. Журналист бу воқеани баён этишда унинг «қаҳрамон»ига бевосита мурожаат, яъни очиқ хат шаклини қўллайди:

«Абдурасул ака, бу болалар ҳақида, бу манзара ҳақида бироз кейинроқ гаплашсак. Сиз билан, аввало, қалб ҳақида, инсоннинг меҳри ҳақида, аниқроғи ўқитувчининг ўз ўқувчиларига бўлган қалб ҳарорати тўғрисида гурунг қилсак, дейман»,– деб бошлайди ўз мақола-хатини журналист. Сўнг у ҳақиқий ўқитувчининг қандай инсоний сифатларга эга бўлиши зарурлигини, «юрса ҳам, турса ҳам, ҳатто тушларида ҳам мактабни, ўқувчиларини кўрадиган» кишигина ҳақиқий ўқитувчи, тарбиячи деб аталиши мумкинлигини айтади ва мактаб директорининг ўзининг кундалик фаолиятидаги такаббурлиги, қўполлиги билан жамоанинг кўнглини «зада» қилиб қўйганлигини аниқ мисоллар, Бойболаевнинг қўл остида ишлайдиган мактаб ўқитувчиларининг гувоҳликлари билан келтириб ўтади. Мақола сўнгида эса ўша машъум фактга – ўқувчиларни бекордан-бекорга, бераҳмларча совуққа қотирилганлиги масаласига ўтади.

«Мактаб ҳовлисида бир соат турғизиб қўйилган болаларга қайтайлик. Сиз билан ана шу болалар тўғрисида фикрлашиб кўрайлик.

Саксон уч нафар кичкинтойлар орасида сизнинг фарзандингиз йўқ эди. Февраль эди. Қишнинг авжи эди. Ер муз эди. Осмондан эса бетиним қор ёғарди. Ана шу болаларнинг баъзилари кийган ботинка ва туфлиларининг тагчарми юпқа эди. Баъзиларининг эгни юпқароқ эди. Сиз эса ташқарида турган ўқувчиларни мактабнинг биринчи қавати деразасидан бамайли хотир кузатиб турардингиз.

Домлажон, бу болакайлар машғулотлар соат саккиздан бошланганлиги туфайли беш-ўн минут дарсга кечикиб келишган эди. Ҳолбуки машғулотларни қиш фаслини ҳисобга олиб ярим соат, бир соат кечроқ бошлашнинг иложи ҳам бор эди. Демак, оддий тадбирий меҳр ўрнига шунчалик жазо қўлланиши шартмиди, бу ҳақда гапирмай қўяқолайлик.

Фақат… Фақат мактабнинг биринчи қавати деразаси ортидан совуқдан дилдираётган болаларга тикилиб турган лаҳзаларда юрагингизда ўша пайтда қандай туйғулар, қандай ўйлар ўтганлигини билишни истардим. Наҳотки шундай пайтда, ўша лаҳзаларда юрагингизда бамайлихотирлик, ўз ишингиздан қониқиш ҳислари кезган бўлса?»

Журналистнинг бу ўткир публицистик руҳни усталик билан нозик равишда ифода этган материали мўлжалга бориб тегиши аниқ. Газетанинг кейинги сонларидан бирида вилоят ҳуқуқ-тартиб идораларидан келган жавоб хатида мазкур мақола «қаҳрамон»и тарбиячилик қонун-қоидаларини қўпол равишда бузиб ўз вазифасини суиистеъмол қилганлиги учун у мактаб директорлигидан четлатилганлиги ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилганлиги ҳақида хабар қилинади. Бундан кўриниб турибдики, “Очиқ хат”, “Мурожаатнома” каби кўринишлардаги хатларда асосий эътибор фикрлар яхлитлиги, лўндалиги, ифоданинг тушунарли ва таъсирчан бўлишига қаратилади.

Эпистоляр ёки ёзувчи публицистикасига эса бадиий-публицистик асарга қўйиладиган юксак ижодий-ифодавий талаблар қўйилади. Бундай асарлар ҳам ижтимоий-ғоявий жиҳатдан, ҳам бадиий-тасвирий жиҳатдан юқори даражада бўлиши лозим. Бунда хат муаллифининг дунёқараши, бадиий маҳорати асосий роль ўйнайди.

Хат жанри оммавий ахборот воситаларининг деярли барча кўринишларидан кенг ўрин олиб келади. Жумладан муҳарририятларга юбориладиган кундалик хатлар ва газета ва журналлар билан бир қаторда радио, телевидениеда ҳам эълон этиб борилади. Расмий мақомга эга бўлган табрик мактублари, муҳим мурожаатномалар ҳам барча оммавий ахборот воситаларига тегишлидир. Эпистоляр публицистика, ёзувчи хатига оид адабий-бадиий асарлар асосан адабий-бадиий нашрларда чоп этилади ва айрим ҳолларда радио ва телевидениеда ҳам берилади.

Умуман олганда хат жанри публицистиканинг кенг кўламли ва серқирра жанрларидан бири бўлиб, инсоннинг ижтимоий оламни идрок этишида катта хизмат қилади. Мустақил Ўзбекистоннинг кўп сонли оммавий ахборот воситаларида мазкур жанр ўзининг муносиб ифодасини топиб келмоқда.

 

ШАРҲ

Таҳлилий публицистикада шарҳ ҳам алоҳида ўрин тутади. Шарҳ сўзи арабча бўлиб бирор нарсанинг мазмуни, моҳиятини очиб тушунтириб бериш, изоҳлаш, изоҳ деган маънони билдиради. Мазкур атамага муқобил равишда лотинча commentarium – бирор матн ёки китобни тушунтириб, изоҳлаб бериш деган мазмундаги комментарий ибораси ҳам ишлатилади. Кўриниб турибдики, шарҳ (комментарий) ҳаётдаги бирор факт, фактлар йиғиндиси, воқеа, ҳодиса ёки бирор ҳужжат, матн, китоб ёки бошқа бирор нарсани изоҳлаш, тушунтириб бериш мақсадида ёзиладиган матн, материалдир. Шарҳ кенг маънода айрим илмий асарларни, ёки муқаддас китобларни, қонунлар ва бошқа расмий ҳужжатларни изоҳлашда қўлланилади. Бу жиҳатдан шарҳлар илмий, расмий, диний ва бошқа хилларга бўлинади. Масалан, Қуръони карим шарҳлари, мумтоз шеърий адабиёт асарларининг насрий шарҳи, қонунлар, ҳуқуқ ва кодекслар шарҳлари, янги қабул қилинган фармон ёки бошқа бирор расмий ҳужжат шарҳлари ва бошқалар. Айрим ҳолларда маъмурий соҳада ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасида мазкур ишга алоқадор кишилардан бўлиб ўтган бирор воқеа ва ҳодиса ҳақида олинадиган “тушунтириш хатлари” ҳам шарҳнинг ўзига хос, бошланғич кўринишидир.

Шарҳ матбуот – публицистика жанри сифатида ҳам кенг қўлланилади. У ҳаётда юз берган факт, воқеа ва ҳодисани, ёки матбуотда босилаётган бирор расмий ҳужжатни шарҳлаш, ўқувчиларга тушунтириб бериш учун ёзилади. Шарҳ ўзининг жанр хусусияти билан мақола, ҳисоботга яқин туради, унда ҳам юз берган, бўлиб ўтган воқеа, ҳодиса изоҳланади ва унинг моҳияти очиб берилади. Аммо у мақоладан фарқли равишда маълум факт, воқеа, ҳодиса ёки ҳужжатнинг ўзинигина шарҳлаш, изоҳлаш билан чекланади. Ҳисоботдан фарқи эса бўлиб ўтган воқеа, ҳодисаларнинг бориши, тафсилотини эмас, фақат ундан чиқадиган маъно ва моҳиятинигина очиб беришидадир.

Мазкур жанр унда акс эттирилаётган воқеа ва ҳодисаларга қараб ташқи ва ички шарҳларга бўлинади. Ташқи шарҳда халқаро воқеалар ўз аксини топса, ички шарҳда мамлакат ичида юз бераётган воқеа ва ҳодисалар, расмий ҳужжатлар шарҳланади. Халқаро воқеаларга доир шарҳ ёзувчи (тайёрловчи)лар халқаро шарҳловчилар, ички мавзулардаги шарҳ ёзувчи (тайёрловчи)ларни эса иқтисодий илмий ва бошқа соҳаларга доир шарҳловчилар дейилади.

Шарҳнинг бевосита матбуотда кенг қўлланиладиган хили публицистик шарҳдир. Публицистик шарҳ ҳаётда юз берган айрим муҳим воқеа, ҳодиса, фактларга асосланиб ёзилган тезкор, долзарб мақоладир. Унда ўша воқеа ва ҳодиса, фактлар изоҳланиши билан бирликда уларга публицистик баҳо берилади, моҳияти очиб ташланади. Ўз хусусиятига кўра публицистик шарҳ ижобий ёки танқидий руҳда бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда, ҳажвий нашрларда ҳажвий шарҳ ҳам ёзилиши мумкин. Бу қаламга олинаётган воқеа, ҳодиса, фактларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, уларга шу нашрнинг жавоби, публицистнинг муносабати ҳисобланади. Публицистик шарҳ олдига қўйилган асосий талаб ҳаёт воқеалари, фактларга тезкорлик билан муносабат билдириш, бу воқеа, ҳодисаларнинг асл моҳиятини очиб бериш орқали уларни маъқуллаш ёки инкор этиш, жамоатчилик фикрини қаратишдир.

Шарҳнинг ички тузилиши, шакли ва ҳажми унинг қандай турда эканлигига боғлиқдир. Аммо уларнинг барчаси учун умумий бўлган хусусият маълум факт, воқеа, ҳодиса, ҳужжат ёки бирор асарга асосланишидир. Шарҳда аниқлик, асос бўлиб хизмат қилаётган манбанинг мазмунидан узоқлашмаслик талаб этади. Бу айниқса илмий, расмий, адабий-бадиий, диний асарлар шарҳларида шунингдек, расмий ҳужжатларга доир шарҳларда муҳимдир.

Публицистик шарҳда эса қаламга олинаётган факт, ҳодиса ва воқеанинг моҳияти ва у ҳақида билдирилаётган фикр, публицистик мушоҳада ва чиқарилаётган хулоса асосий роль ўйнайди. Шарҳнинг услуби ва тили ҳам мазкур материалнинг қандайлигидан, унинг олдига қўйилган мақсаддан келиб чиқади. Публицистик шарҳнинг тили ва услуби эса илмий, адабий-бадиий, расмий шарҳлардан фарқ қилиб, жонли, таъсирчан публицистик тилда бўлиши лозим. Унда мантиқий тафаккур билан жонли фикрга хос тил ва тасвирий воситалар уйғунлашиб кетиши керак. Спорт ўйинлари шарҳида ҳам мазкур мавзу спорт ўйини тафсилотлари, унинг ички хусусиятлари, махсус атамалари сақланган ҳолда тушунарли, жонли адабий тил ва тасвирий воситалар қўлланилиши керак.

Ҳаётни фотосуратлар билан акс эттирувчи фотожурналистика ҳам фотошарҳ, айрим суратли нашрларда тасвирий (график) шарҳлар ҳам қўлланилиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси шарҳ жанрининг кўп қирралилигини, ҳаётни акс эттиришда турли воситалардан фойдаланиши мумкинлигини кўрсатиб турибди.

 

ОЧЕРК

Очерк бадиий публицистиканинг асосий жанрларидан биридир. Очерк сўзининг луғавий маъноси русча “чертить, очерчивать” сўзидан олинган бўлиб, “қораламоқ, яхлит этиб кўрсатмоқ” деган маънони англатади. Шу нуқтаи назардан қараганда очерк муайян муддао асосида мушоҳада қилинган фактлар, воқеа ва ҳодисаларнинг энг муҳим белгиларини, кишилар ҳаракатидаги энг асосий хусусиятларини бадиий-публицистик акс эттиради ва ўқувчида яхлит тасаввур, муайян тушунча ҳосил қилади. Яъни, юқорида айтилгандай у бадиий публистикага хос жанрдир.

Очеркка берилган илмий таърифлар турличадир. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «очерк – ҳаётий фактларни қисқача тасвиридан иборат кичикроқ бадиий асар», дейилади. Кўриниб турибдики, бу ўринда очерк таърифига адабиётшунослик нуқтаи назаридан ёндашилган. «Журналист справочниги»да эса «Очерк – кишилар ҳақида образли тасаввур бериш, уларни ҳаракатда кўрсатиш, воқеаларнинг моҳиятини очиб берувчи жанрдир», дейилади. Бу таърифда ҳам мазкур жанрнинг барча хусусиятлари очилмаган, чунки очерк фақат кишилар ҳақида эмас, бирор ижтимоий, табиий-экологик ва бошқа муаммолар ҳақида ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, юқоридаги таърифда айтилган «воқеаларнинг моҳиятини очиб бериш» ҳусусияти фақат очерккагина эмас, публицистиканинг бошқа жанрларига ҳам хосдир. Рус тадқиқотчиларидан Е.И.Журбина бу жанрга «Очерк – бадиий адабиёт ва публицистиканинг мураккаб кўп қиррали шаклидир», деб таъриф беради. Бу таърифнинг камчилиги шундаки унда очерк ҳам бадиий адабиёт ҳам публицистиканинг жанри этиб кўрсатилмоқда. Бу маълум даражада ноаниқликка олиб келади. Яна бир рус тадқиқотчиси К.В.Ковалевский эса «Очерк – ўқувчига кишилар, уларнинг ишлари, воқеалар ҳақида образли тасаввур беради», деб ёзади. Бу таъриф ҳам илмий аниқ ва мукаммал эмас, чунки бадиий адабиётга хос бўлган барча жанрлар – шеър, ҳикоя ва бошқа жанрлар ҳам «кишилар, уларнинг ишлари, воқеалар ҳақида образли тасаввур» беради. Ўзбек тадқиқотчиси Очил Тоғаев мазкур жанрга: “Очерк газета жанрлари орасида энг мураккаб, энг зийрак, ихчам, ҳозиржавоб жанрдир” деб тушунча беради. Бу таъриф ҳам илмий мукаммал эмас, чунки очерк журналдан ҳам, радио ва телевидениедан ҳам жой олади, иккинчидан – бадиий публицистик жанрлардан фельетон ва памфлет ҳам мураккабликда очеркдан қолишмайди, “Зийрак” тушунчаси эса одатда ижодий асарга эмас, одамга нисбатан ишлатилади, “ихчам” тушунчаси ҳам очеркка ҳажм жиҳатидан тўғри келмайди, чунки хабар очеркдан “ихчам”роқ, ҳозиржавоблик нуқтаи назаридан хабар, репортаж, шарҳ очеркдан олдинроқ туради ва ҳоказо. Бизнингча, очерк – бадиий публицистиканинг асосий жанрларидан бири бўлиб, воқеликни образлар ва образлилик воситасида тасвирлайди ва ҳамда публицистик хулосалар чиқаради. Яъни, очерк ҳаётдаги воқеа ва ҳодисалар, фактлар, муаммоларни образ ва образлилик ёрдамида акс эттиради, уларни публицистик йўл билан тадқиқ этади ҳамда уларга нисбатан жамоатчилик фикрини уйғотувчи ижтимоий, иқтисодий, маънавий хулосалар чиқаради.

Очерк бадиий-публицистик жанр бўлганлиги учун унда бадиий адабиётга хос бўлган воситалар билан публицистик хусусият узвий боғланиб кетади. У сўз санъати билан сўз сиёсати уйғунлашувчи, бошқача қилиб айтганда – сиёсат, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий фикр, мақсад бадиий адабиёт воситаси, санъат сўзи билан айтилувчи жанрдир. Яъни, ижтимоий воқеликни акс эттиришнинг алоҳида бир тури бўлган публицистика жамият ҳақида маълумот бериш, унинг муаммолари ҳақида жамоатчилик фикрини уйғотиш билан шуғулланар экан, худди ана шу вазифаларни бадиий воситалар кўмагида амалга оширади ва унинг бундай серқирра жанри очерк деб аталади. Унда бадиий адабиётга хос бўлган беллетристика (нақлчилик) ва матбуотга хос бўлган публицистика (ижтимоиёт) бирлашиб кетади. Очеркнинг бадиий талаби ундаги воқеликнинг образли тасвири, инсон қиёфаси ва ички дунёси, меҳнати ва интилишлари, яратувчилик фаолиятини бадиий воситалар билан жонлантириб тасвирлашдан иборат бўлса, унинг публицистик жиҳати муаллифнинг воқеа ва ҳодисалар, унда кўтарилган муаммолар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, чиқарган хулосаларидан иборатдир. Очеркда образ ва образлилик ўхшатиш, қиёслаш, сифатлаш, эмоционаллик, образли тафаккур ва тасвир жонли тил ва услуб, типиклаштириш, бадиий тўқима билан факт уйғунлиги, сюжет, композиция ва бошқа бадиий воситалар орқали ўз ифодасини топса, унинг публицистикага оид қирраси эса факт танлаш, ижтимоий-иқтисодий, маънавий жиҳатдан чуқур тадқиқ ва таҳлил қилиш, баҳолаш, зарур хулосалар чиқариш орқали амалга оширилади. Бу эса очеркчидан публицист сифатида ҳаётдаги факт ва ҳодисаларни танлаб олиш, улар ҳақида чуқур мушоҳада юритиш билан бирликда ижодкор, ёзувчи сифатида ҳам иш олиб бориб, олинган факт ва ҳодисаларни бадиий воситалар орқали образли тасвирлаш, кишилар образини ярата олиш, бадиий-публицистик мушоҳада юритишни талаб қилади.

Очерк ўз шакли ва йўналтирилган мақсади ҳамда объекти нуқтаи назаридан турлича бўлиб, улар портрет очерки, воқеа очерки, муаммо очерки, йўл очерки, суд очерки ва бошқалардан иборатдир. Очеркнинг бу хилларига хос бўлган умумийлик – ҳаётни образ ва образлилик ёрдамида тасвирланиши бўлиб, фарқлари эса мазкур тасвирнинг бирор жиҳатига кенгроқ ўрин берилиши ҳисобланади.

Очерк турлари орасида портрет очерк асосий ўрин тутади. Портрет очеркда бир ёки бир неча киши (гуруҳ, жамоа) тасвир этилиши мумкин. Асосий вазифа очерк қаҳрамони ёхуд қаҳрамонларининг характерини очиб бера олишдир. Портрет очеркнинг мавзу доираси кенг бўлиб, у ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётнинг барча соҳаларини, инсон меҳнати ва яратувчилик фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олиши мумкин. Портрет очерк одатда жамиятнинг етакчи соҳаларида – ижтимоий ҳаёт, халқ хўжалиги, фан-техника, адабиёт ва санъат соҳасида фаолият кўрсатиб жамият тараққиётига муҳим ҳисса қўшаётган, меҳнатда юқори натижаларга эришаётган, янгиликлар, ихтиролар яратаётган кишилар – илғор ишчилар, деҳқонлар, олимлар, санъаткор ва бошқа касб эгаларига бағишланган бўлади. Жаҳон ва ўзбек матбуотида портрет очеркка кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу хилдаги очеркларнинг илдизи қадимги ёзма адабиётимизга бориб тақалади. Жумладан, буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг ўз сафдошлари ҳақида ёзилган «Ҳолати Саид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» каби тарихий-мемуар асарларида портрет очерк хусусиятларини кўриш мумкин. Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида ҳам портрет очеркка хос бўлган хусусиятлар – айрим одамларнинг ижтимоий-бадиий қиёфалари яратилганлигини ҳам кўриш мумкин.

Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирий портрет очерк соҳасида самарали ижод этган. У яратган «Ғирвонлик Маллавой ака» асарини бу жанрнинг етук намунаси дейиш мумкин. Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва бошқалар ҳам мазкур жанрга оид қатор асарлар яратдилар. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг машҳур “Зайнаб ва Омон” поэмасига шоир олдинроқ ёзган Зайнаб Омонова ҳақидаги очерки асос бўлиб хизмат қилган эди. Кейинги йилларда сермаҳсул журналист Иброҳим Раҳим бу жанрда яхши муваффақият қозонди.

Мамлакатимиз ўз миллий мустақиллигига эришгач бошқа бадиий-публицистик жанрлар қаторида очерк жанри ҳам янгича йўлдан бора бошлади. Ҳозирги давр ўзбек матбуотида портрет очерки ҳам шу хусусиятга эгадир. Бу хил очеркларнинг қаҳрамонлари халққа мўл-кўл маҳсулот етиштириб бераётган фермерлар, янги корхоналар очаётган тадбиркорлар, янгилик яратаётган олимлар, фан-маданият арбоблари бўлмоқдалар. «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози», «Ҳуррият» ва бошқа газеталар саҳифаларида очеркнинг мазкур жанрига тез-тез ўрин бериб турилади. Ёзувчи Эркин Самандарнинг «Ҳуррият» газетасининг 2004 йил 15–июнь сонидан ўрин олган «Огаҳийнинг қўлини олган раис» сарлавҳали очерки ҳам шу куннинг қаҳрамонлари бўлмиш изланувчан, яратувчан кишилар ҳақидадир. Унда Хива туманидаги Огаҳий номли жамоа хўжалигининг раиси Отаназар Пирназаровнинг ҳаммага намуна ва маъқул бўлган ишлари, фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Очерк давомида ундаги воқеаларда муаллифнинг ҳам иштироки тасвир этилган. Гап шундаки очерк қаҳрамони раис бўлган жамоа аъзолари яшайдиган Қиёт қишлоғи хоразмлик улуғ ўзбек шоири Муҳаммад Ризо Огаҳий туғилиб ўсган жой эди. Фақатгина экинлардан юқори ҳосил олишнигина эмас. қишлоқ ободонлиги масалалари, тарихий–маънавий масалаларни ҳам ўйлаб юрувчи раис ўз қишлоғидаги бир туп тутнинг шоир Огаҳий томонидан экилганлигини аниқлайди ва пахтазор ўртасида ўсган ана шу табаррук дарахтни сақлаб қолиш ва уни авайлашни ўз бўйнига олади. Буюк аждодлар хотирасини жойига қўйиш, улар ҳоки ётган жойни обод қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган олижаноб ва савобманд раис Огаҳий қабрини ҳам излаб топишда бош-қош бўлади ва унинг қабри очиб кўрилади. Маълумотларга қараганда шоир Огаҳий етти тут дарахтидан ясалган сандиққа жойланиб дафн этилган экан. Қишлоқ оқсоқоллари қабрни топишиб, сандиқни очишади ва шоирнинг худи тирикдай, чиримасдан ётганини кўришади.

«– Шундай қилиб, ҳазратнинг бўй-бастларини кўрдингизми?– деб сўрайди ёзувчи раисдан.

– Кўрдим… Ўрта бўйли эканлар. Юзлари думалоқдан келган, пешоналари кенг экан. Не қилишимни билмай қўлларини ушлабман денг.

– Ҳазрат Огаҳийнинг қўлини олисиз-да?

– Шукур!

… Муҳаммад Ризо Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги тантаналарида қатнашиш учун Қиётга келган Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов тумонат одам ичида Отаназар Пирназаровга юзланиб деди: «Отангизга раҳмат, Огаҳий боғини яратиб, қабрини обод этиб, кўп савоб иш қилибсиз. Сиз қилган ишнинг жамулжамини бир сўз билан Маънавият деса бўлади»!

Очеркнинг муҳим турларидан бири воқеа очеркидир. Воқеа очерки бошқа турлардаги очерклардан ўзининг бирор воқеага бағишланганлиги билан ажралиб туради. Портрет очеркида инсон фаолияти ва айниқса характери биринчи ўринда турса воқеа очеркида биринчи ўринда муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий масалалар, чунончи, бирор йирик бунёдкорлик ишининг амалга оширилиши, завод ёки фабрика ёки йўл қурилиши ва бошқа воқеалар туради. Бунда очеркчи асосий эътиборини юз берган воқеа ва унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига қаратади, уни ҳам публицистик таҳлил қилади, ҳам образли тасвирлайди. Воқеа очеркида кишилар образи ҳам берилади, аммо бу образлар умумий мавзуга бўйсиндирилади.

Шуни айтиш керакки, айрим портрет очерклар ҳам маълум воқеаларга асосланган бўлиши мумкин. Чунончи, бирор илғор ишчи, қишлоқ хўжалиги ходими, олим, тарбиячи, ёш санъаткорларнинг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлиши ҳам ўша киши ҳақида очерк ёзилишига сабаб бўлади. Бу ўринда портрет очерк ва воқеа очерки бирлашиб кетади.

Умуман олганда, ўзбек воқеа очеркининг тарихи ҳам узоқларга боради. Машҳур “Бобурнома”, Амир Темур ҳақида ёзилган “Зафарнома”лар ва бошқа тарихий асарларда воқеа очерки элементлари кўп учрайди. Рус адабиётида М.Горкийнинг кўпгина очерклари воқеа очеркига мисол бўлади. Ўзбек матбуотида 30-йилларда амалга оширилган йирик қурилишлар, саноат корхоналарининг ишга туширилиши хақида қатор воқеа очерклари яратилган. II жаҳон уруши пайтида ўзбек аскарларининг кўрсатган қахрамонликлари ҳақида ёзилган кўпгина очерклар ҳам воқеа очерки ҳисобланади.

Ўзбекистон ўз миллий мустақиллигига эришгандан сўнг мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, барпо этилаётган йирик саноат корхоналари, қурилаётган кўп масофали йўллар, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасининг ўзгариб бориши, ишга туширилаётган конлар ва бошқа ижтимоий иқтисодий ва маънавий-маданий воқеалар ўзбек матбуоти, радио ва телевидениясида воқеа очеркининг ҳам мавзуи бўлиши лозим.

Очеркнинг яна бир тури – муаммо очеркидир. Муаммо очеркининг асосий вазифаси жамият ҳаётидаги бирор бир ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий муаммони топиб ёритиш, ўқувчида бу борада яхлит тушунча ҳосил қилиш, мазкур муаммо бўйича жамотчилик фикрини уйғотишдан иборатдир. Унда образ ва образлилик алоҳида хусусият касб этади. Чунончи, бу хил очеркларда уларга мавзу қилиб олинган муаммолар биринчи ўринда туради, кишилар образи ва тасвирий образлилик ана шу муаммони очиб бериш учун хизмат қилиши лозим. Муаммо очерки учун шу замонга тааллуқли ва очилиши зарур бўлган масала, муаммоларгина олиниши, муаллиф томонидан малакали ҳал этиш йўллари холис кўрсатиб берилиши лозим. Бунинг учун очеркчи ўзи кўтариб чиқаётган масала, муаммони ва у тегишли бўлган соҳани чуқур билиши, мустақил фикрга эга бўлиши лозим. Бундай очеркларда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий, тадқиқот асосий роль ўйнайди. Муаммо очерки рус адабиёти ва матбуотида кенг тарқалган. Масалан, А.Чехов, Г.Успенский, кейинги давр очеркчиларидан В.Овечкин, А. Аграновскийларнинг қатор очерклари бунга мисол бўла олади. Ўзбек матбуотида ҳам И.Раҳим, Ж. Абдуллахонов ва бошқаларнинг Орол денгизи муаммолари, Қарши чўлининг ўзлаштириш масалалари ва бошқа мавзулардаги муаммо очерклари маълум.

Мустақиллик даврида республикамизда амалга оширилаётган улкан ижтимоий-сиёсий иқтисодий ва маънавий ислоҳотлар, саноат, қурилиш соҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалигимизни қайта қуриш борасидаги катта тадбирлар, фан-техника, соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳаётимизнинг бошқа соҳаларидаги тез суръат билан қилинаётган ишлар, янгиликлар очеркчиларимиздан янги-янги муаммолар кўтарилган, чуқур мулоҳаза, мушоҳида ва таклифларга бой очерклар яратишни талаб этмоқда.

Очеркнинг яна бир хили – йўл очеркидир, у “Сафарнома” деб ҳам юритилади. Йўл очерки муаллифнинг бирор жойга қилган сафари давомида кузатишлари, таъсуротлари асосида юзага келади. Унда ҳам бошқа очерклардаги сингари бадиий-публицистик мушоҳида асосий ўрин тутади. Йўл очеркида ҳам образ ва образлилик алоҳида тус олади ва муаллифнинг ўз олдига қўйган мақсадига хизмат қилади. Бу хил очеркларда муаллифнинг ўзи асосий қаҳрамон бўлиши, барча бадиий тасвир ва публицистик мушоҳадалар муаллиф “мен”и, унинг ички дунёси орқали берилиши ҳам мумкин. Йўл очеркида юқорида кўрсатиб ўтганларимиз – портрет очерки, воқеа очерки, муаммо очерки унсурлари ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Яъни, муаллиф ўз кўрган-кечирганларини баён қилар экан, кишилар қиёфасини чизиши, воқеалар тасвирини бериши, турли муаммоларни кўтариши ҳам мумкин, аммо булар унинг сафари билан боғлиқ бўлиши шарт. Йўл очерки ўзбек ва жаҳон публицистикасида қадимдан кенг ўрин олиб келган. Шулардан Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома”сида буюк шоир ва шоҳнинг кўрган- кечирганлари, унинг Афғонистон ва Ҳиндистонга қилган фатҳ юришлари, бунёдкорлик ишлари муаллиф тилидан очиб берилади. Йигирманчи асрнинг бошларида яратилган бундай очерклар орасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Саёҳат хотиралари” йўл очерклари алоҳида ўрин тутади. Адиб ўзининг ҳажга қилган сафарини қаламга олар экан, йўл-йўлакай кўрган-кечирганларини, жуда кўп шаҳарлар, мамлакатларни, у ердаги кишилар турмушини синчковлик билан тасвирлайди, чуқур публицистик мушоҳада қилади ва ижтимоий-иқтисодий ва маънавий хулосалар чиқаради. Ўзбек адабиётида сафарномалар шеърий шаклда ҳам мавжуд бўлиб, уларда йўл очеркига хос хусусиятлар мавжуд бўлади. Бунга Муқимийнинг “Саёҳатнома” асари мисол бўла олади.

Кейинги йилларда ўзбек ёзувчилардан Ойбек “Покистон таассуротлари”, Асқад Мухтор ”Европа сафари”, Ҳамид Ғулом “Европа таассуротлари” каби йўл очерклари яратдилар. Йўл очерклари ўқувчиларга жуда кўп маълумотлар беради, онг доирасини кенгайтиради. Шунинг учун ҳам бу жанр бадиий публицистиканинг энг севимли ва оммабоп жанри ҳисобланади.

Очерклар орасида суд очерки деган тури ҳам мавжуддир. Бу очерк судлов жараёнининг кенг, мушоҳадали ёритиш учун қўлланиладиган асардир. Унда муаллиф бирор судлов жараёнини атрофлича тасвирлаш, у ҳақдаги ўз мулоҳазаларни юритиш билан мазкур жиноятнинг сабабларини очиб беради, қилинган жиноятга нисбатан қаҳр-ғазаб уйғотади ёки жиноятчи адашиб бу йўлга кириб қолган бўлса ачиниш, бегуноҳ бўлса оқлашга ҳаракат қилади, хуллас – жамоатчилик фикрини очеркда кўтарилаётган масалага қаратади. Суд очеркида образ яратиш ўзига хос йўл билан амалга оширилади, яъни унда судланувчи ва бошқа суд иштирокчилари қаҳрамон қилиб олинади. Бу хил очеркда портрет, воқеа ва муаммо очеркларнинг унсурлари ҳам учраши мумкин. Миллий мустақилликка эришувимиз туфайли хуқуқий демократик давлат асослари қурилиб, қонунлар ҳаётимизга кенгроқ тадбиқ этилаётган ҳозирги даврда суд очеркига ҳам эътибор ошиб бормоқда.

Публицистиканинг барча жанрлари сингари очерк ҳам матбуотнинг уч функцияси – тасвир, таҳлил ва таъсирнинг бажарилишига хизмат қилади. У ҳаётдаги маълум бир факт, воқеа ва ҳодиса ҳамда уларга тааллуқли бўлган одамлар фаолияти ҳақида хабар беради, шу билан биргаликда бу воқеа ва ҳодиса, одамлар фаолияти, характерларини тадқиқ ва таҳлил этади. Унинг таъсири бевосита ўқувчилар онги орқали ёки билвосита – тегишли идора ва ташкилотлар орқали амалга оширилиши мумкин.

Очеркда ҳам матбуотнинг барча тамойиллари ўз аксини топиши лозим. Публицистиканинг барча жанрларга оид материаллар сингари очерк ҳам умуминсоний ғояларга хизмат қилиши, ҳалқчил бўлиши, ўзида миллийликни акс эттириши, ҳаққоний ва оммавий бўлиши шарт.

Муайян партия нашрларида босилган очерклар партиявийлик тамойилига ҳам амал қилиши мумкин. Аммо барча матбуот материаллари сингари бундай очерк ҳам матбуотнинг бошқа тамойилларига зид бўлмаслиги лозим. Матбуот нашрларидан жой олган ҳар қандай очерк жамоатчилик фикрини шаклантириш учун хизмат қилмоғи керак. Очерк қандай турда – хоҳ портрет, хоҳ воқеа, хоҳ муаммо, йўл ва суд очерклари бўлмасин ҳаётдаги бирор бир воқеа, ҳодиса, кишилар фаолияти, янгилик ёки муаммони ўқувчилар онгига етказиши, у бўйича жамоатчилик фикрини уйғотиши шарт. Жамоатчилик фикрини уйғотишга хизмат қилмайдиган, саёз, қуруқ баён ёхуд мақтов, мадҳу санолардан иборат бўлган очерклар матбуотнинг ижтимоий вазифасини бажаришга хизмат қилмайди, ўқувчини бездиради. Очеркда тегишли жамоатчилик фикрини уйғотиш учун очеркчи ҳаётни чуқур билиши, ундаги янгиликларни тез пайқаши, тийрак публицистик мушоҳада, ижтимоий-иқтисодий тадқиқот олиб бориши, ҳаёт воқеаларини маънавий-аҳлоқий жиҳатдан баҳолай олиши, юксак бадиий маҳорат билан акс эттира олиши лозим.

Очерк – у қандай турда бўлмасин – барча санъат асарлари сингари типиклаштириш қонунига бўйсинади. Типиклаштириш – жамиятнинг маълум даврига ва муҳитга хос бўлган воқеа ва ҳодисаларни, маълум ижтимоий табақа, синф ёки гуруҳга мансуб бўлган кишиларнинг энг муҳим, характерли хусусиятларини муайян ва умумлашган ҳолда акс эттиришдир. Яъни, очеркда тасвирланаётган воқеа, факт, масала ёки муаммо жамиятнинг шу куни, айни замондаги ҳаёти учун аҳамиятга эга, долзарб бўлиши лозим. Тадқиқотчиларнинг кўрсатишича ҳаётда энг кўп тарқалган, оммалашган воқеа ва ҳодисалар, инсонлар характери ва хусусиятларини тасвирлаш орқали типикликка эришилади. Шунингдек, ҳаётда эндигина туғилиб, вужудга келаётган ва келажакда муҳим аҳамият касб этиш мумкин бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгилик куртаклари, инсонлар феъл-атворларидаги хусусиятлар ҳам типик саналади. Бинобарин, очеркчи ҳаётдан шундай факт, воқеа, муаммони танлаб олиш керакки у биринчидан – жамиятда кенг тарқалган ва кўпчиликка маълум ва машҳур бўлиши ҳамда эндигина куртак ёзаётган, аммо келгусида тараққиёт учун муҳим аҳамият касб этиши лозим. Буни жаҳон адабиёт ва матбуот хазинасига кирган энг яхши очерклар мисолида кўриш мумкин.

Ҳозирги замон ўзбек очеркчиларидан ҳаётимизда қадимдан мавжуд бўлиб кўпчиликка манзур бўлган энг яхши воқеа, ҳодисалар билан бир қаторда эндигина туғилиб, ҳаётда илдиз отиб келаётган янгиликлар, янгича ишлаш, янгича фикрлаш ва жамият тараққиёти учун зарур аҳамиятга эга бўлган мавзу, масала ва муаммоларни қидириб топиш ва бадиий публицистик маҳорат билан акс эттириш талаб этилади.

Очеркда анъанавийлик ва янги омиллардан фойдаланиш қонунияти ҳам кенг қўлланилади. Бунинг учун очеркчи журналист ўзидан олдинги даврларда яратилган очерклардаги мавзу танлаш, таҳлиллаш, образ ва образлиликка эришиш ва бошқа масалалар бўйича анъанавий усулларни яхши эгаллаб олиши лозим. Шуни айтиш керакки, матбуотдаги каби очеркчилик соҳасида ҳам ижобий ва салбий анъаналар мавжуддир. Чунончи очеркда шўролар даври матбуотида босилган очерклардаги фактларни бўрттириб кўрсатиб, қуруқ мақтовга берилиш каби салбий анъаналардан воз кечиб жаҳон илғор матбуотида мавжуд бўлган ҳаёт воқеалари, фактларнинг моҳиятини очиб бериш, ҳаётий зарур муаммоларни кўтариб чиқиш, жамоатчилик фикрига долзарб масалаларни етказиш каби илғор анъаналарига амал қилиш лозим. Шунингдек, анъанавийлик қонунияти янги омиллар билан бойитиб борилиши шарт бўлганидек очерк соҳасида ҳам ўзига хос янгиликлар яратилиши лозим.

Очерк бадиий публицистиканинг асосий жанри бўлганлиги боисидан унда образ ва образлилик бош ўринни эгаллайди. Очеркда образ асосан икки хил бўлади. Бу – муайян инсон образи ва тўқима (тимсолий) образни яратишдан иборатдир. Кўпгина очерклар аниқ ҳаётий фактларга ва одамларга бағишланганлиги сабабли уларда аниқ, муайян инсон ёки гуруҳ, жамоа образи яратилади. Бунда шу инсоннинг очерк ёзилиши учун мавзу бўлган фаолияти, унинг амалга оширган ишлари, меҳнат самараси, изланишлари жараёнини тасвирлаш, тадқиқ этиш билан унинг образи яратилади. Мазкур ўринда очерк қаҳрамони ёки қаҳрамонларнинг ташқи қиёфалари – портретлари, ҳатти-ҳаракатлари, феъл-атворлари, гап-сўзларини келтириш билан ҳам образни тўлдириш мумкин. Аммо бу бадиий воситалар, шу жумладан, улардан келиб чиқувчи образ ҳам очеркнинг бош мақсадига, ундан келиб чиқадиган публицистик фикр, хулосага хизмат қилиши лозим. Шу боисдан очеркда киши образи ҳам ва уни гавдалантириш учун зарур бўлган бадиий воситалар ҳам муайян публицистик мақсадга бўйсундирилади ва маълум ижодий-тасвирий меъёр асосида ифодаланади.

Очеркда айрим ҳолларда умумлашган тўқима образлар ҳам учрайди. Яъни, очеркчи ҳаётнинг маълум масалаларини, муаммоларни ёритишда, ўз кузатишлари, публицистик фикр мушоҳадаларини ясама – тўқима образ орқали ҳам бериши мумкин. Бунда ўзи тасвирлаётган соҳанинг ҳаётига, муҳитга мос келувчи, типик образни ўйлаб топади ва тасвирлайди. Аммо бу ўринда у яратган образ тасвирланаётган ҳаётий борлиқдаги мавжуд инсонлар билан умумий муштарак бўлиши, уларнинг образларини ўзида акс эттириши лозим.

Очеркда бир ва бир неча одам ёки гуруҳ, жамоа образини яратиш лозим бўлганда эса очеркчи асосий қаҳрамонга кенгроқ ўрин бериши, бошқаларга эса айрим чизгилар билан чегараланиши мумкин ёки умумлаштирилган гуруҳ, жамоа образини ҳам яратиши мумкин.

Образнинг очеркнинг турли хилларидаги ўрни масаласига келсак юқорироқда таъкидлаб ўтилганидек, бу турлича тарзда амалга оширилади. Портрет очеркларда образ ва образлилик кенгроқ планда олиб тасвирланилса, воқеа очеркида биринчи планга воқеа чиқади ва образлар иккинчи планда тасвирланади. Муаммо очеркда ҳам биринчи ўринда кўтарилаётган муаммо туради, образлар унга хизмат қилади. Уста очеркчилар муаммонинг ўзини умумлаштирилган тўқима образга айлантиришлари мумкин. Йўл очеркида асосий қаҳрамон – муаллифнинг ўзи бўлади ва барча образлар унинг мушоҳадалари орқали ифода этилади.

Очеркда бадиий тўқима масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Очерк бадиий-публицистик жанр бўлганлиги боисдан унда маълум даражада бадиий тўқима ҳам иштирок этади. Бадиий адабиётда бадиий тўқима қаҳрамон характери мантиқига мос равишда қўлланилиши мумкин. Бадиий тўқима реал нарсалардан асосий мазмун ва моҳиятни танлаб олиш ва уни образларда акс эттириш бўлиб, у реал ҳақиқатни чуқур англашга, ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларнинг ички хусусиятини очиб беришга хизмат қилувчи ижодий воситадир. Очеркда бадиий тўқима ундаги факт, воқеа, ҳодиса ва қаҳрамоннинг ҳатти-ҳаракатидан мантиқий келиб чиқиши лозим, яъни у асарнинг публицистик жиҳати билан боғлиқдир. Бадиий тўқима меъёрида бўлса, у очеркдаги факт, воқеанинг моҳиятидан, қаҳрамон ҳатти-ҳаракатининг мантиқий ривожланишидан келиб чиқсагина очеркнинг бадиий кучини оширишга хизмат қилади, аксинча у меъёридан ортиқча бўлса, фактларга зид келса, қаҳрамоннинг ҳатти-ҳаракатларига мантиқий ёпишмаса очеркнинг мазмунини бузади, ўқувчини ишонтирмайди. Хулоса қилиб айтганда, очеркда бадиий тўқима факт ва публицистик хулосага бўйсунади.

Очеркда сюжет ва композиция ҳам муҳим роль ўйнайди. Сюжет – бадиий асар мазмуни ва ундаги қаҳрамонлар характерини очиб берадиган ўзаро узвий боғланган воқеалар ва ҳодисалар тизмасидан иборатдир. Очеркда сюжет унда тасвирланаётган факт, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятидан, очерк қаҳрамони ҳисобланган кишилар фаолияти ҳаётий ҳаракатларининг мантиқий ривожидан келиб чиқади. Композиция эса адабий асар қисмларининг тузилиши, жойланиши ва мутаносиблигидан ташкил топади. Композицияда асар воқеаларининг бошланиш тугуни, ривожи, энг юқори кульминацион нуқтаси ва ечимидан иборат тузилма ўз ифодасини топади. Очеркда ҳам бу воситалар бўлиши лозим, улар қанчалик ҳаётий ва бадиий мутаносиб бўлса очеркнинг муваффақияти шунчалик таъминланади. Яъни, бу воситалар очеркда тасвирланаётган факт, воқеа, ҳодиса ҳамда кўтарилаётган муаммо, қаҳрамонлар фаолиятидан келиб чиқиши лозим. Сюжет ва композиция шу билан биргаликда очеркнинг турларига ҳам боғлиқдир. Портрет очеркида сюжет ва композиция очерк қаҳрамонининг фаолияти, ҳатти-ҳаракатидан вужудга келса, воқеа очеркда ўша воқеа ва ҳодисанинг моҳиятига, муаммо очеркда кўтарилаётган муаммонинг публицистик аҳамиятига тааллуқли бўлади. Йўл очеркида эса сюжет ва композиция муаллифнинг кузатишларидан келиб чиқади.

Умуман олганда, бадиий адабиёт асосларига хос бўлган сюжет ва композиция очеркда ҳам албатта бўлиши ҳамда унинг публицистик моҳиятига бўйсуниши лозим. Очеркчи бу воситалардан қанчалик усталик билан, ўз ўрнида фойдаланса, очерк шунчалик қизиқарли, бадиий мукаммал бўлади, аксинча эса у ўқувчини бездиради.

Очеркда тил ва услуб масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Очеркнинг тили матбуот ва бадиий адабиёт тили қўшилмасидан иборат бўлиб, улар ўртасида ўзаро мутаносиблик мавжуд бўлмоғи керак. Яъни, очерк бутунлай бадиий тилда – ҳикоя, қисса, роман сингари бошдан оёқ образлиликка асосланган ёхуд бунинг акси сифатида – оддий мақола сингари факт, воқеа ва ҳодисалар баёнидан иборат бўлиб қолмасдан зарур ўринларда образли бадиий тасвир, керакли ўринларда эса публицистик мушоҳада тарзида бўлмоғи керак. Унинг акси бўлса очерк бир ёқлама бўлиб қолади. Очерк тилида турли касбий атамалар, шева сўзлари ва бошқа тил имкониятларга келганда бу борада ҳам масалага мавзу ва мақсадга мувофиқлик жиҳатидан ёндошмоқ керак. Очеркчи бирор касб эгалари ҳақида ёзар экан, ўша соҳага хос атамалар, иш-ҳаракат номлари, асбоб ускуналар ва улардан фойдаланишга доир сўзларини келтирмасдан иложи йўқ. Аммо биринчи галда тасвирланаётган ҳолат ва номлари тилга олинган нарсалар ўқувчи учун тушунарли бўлиши назарда тутилиши лозим. Очеркнинг тили ва услубидаги ўзига хосликни Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ва бошқалар яратган очеркларда яққол кўриш мумкин. Абдулла Қодирий очеркларидаги қамров кенглиги ва аниқлик, Абдулла Қаҳҳор очеркларидаги услуб сиқиқлигию маъно кенглиги, Ғафур Ғуломга хос бўлган тил ва услуб жозибаси ҳозирги замон очеркчилари учун ижодий мактаб бўлиб хизмат қилади.

Очеркда бадиий-ижодий услуб ҳам муҳим ўрин тутади. Услуб тил ва тасвир воситаларининг ўзига хос йўли, омилидир. Очерк ижтимоий-иқтисодий услубда, лирик услубда, илмий услубда, танқидий услубда ҳатто ҳажвий услубда ёзилиши мумкин. Энг муҳими очеркчи ўз ижодий услубига эга бўлиши лозим. Очеркда услубга етарли эътибор бермаслик унинг саёз, зерикарли бўлишига олиб келади.

Ҳозирги даврда матбуот – газета ва журнал очерклари билан бир қаторда радио, телевизион очерклар ҳам мавжуддир. Радио ва телевидения очерклари мазкур жанрнинг умумий қонунларига бўйсуниши билан бирликда оммавий ахборот воситаларининг бу кўринишларига хос бўлган хусусиятларини ҳам ўзида ифода этади.

 

ЭССЕ

Бадиий публицистиканинг ўзига хос жанрларидан бири эсседир. Эссе сўзининг луғавий маъноси французча “тажриба” деган маънони билдиради. Бу маъно унинг бош ҳусусиятини ташкил этади: эссе орқали инсоннинг ҳаётдан олган тажрибалари, фикр-мулоҳазалари акс эттирилади. Эссе кўп қиррали жанр бўлиб у илмий, тарихий ва публицистик кўринишга эга бўлиши мумкин. Яна бир луғатда эссени эркин шаклдаги адабий жанр эканлиги айтилади. Эссе ўзбек тилида «бадиа» шаклида ҳам ишлатилиши мумкин, бу эса кишининг диққатини тортадиган, кенг мушоҳадали бадиий-публицистик асар маъносини беради. Бадиа бирор бир тарихий, илмий мавзу борасида эркин бадиий услубда ёзилади, унда илмий-адабий, ижтимоий мушоҳадалар, тадқиқотлар ўз ифодасини топади, таҳлил, мулоҳаза ва хулосалар асосий ўрин тутади.

Эссе ўз хусусияти билан очеркка яқин туради, яъни унда ҳам ҳаёт воқеалари бадиий-публицистик усулда акс эттирилади. Аммо эссенинг очеркдан фарқи – унинг эркин услубда ёзилиши, ҳажмининг чекланмаганлиги, муаллифнинг олинган мавзу борасида атрофлича фикр юритиб, керакли ўринларда илмий, керакли ўринларда ижтимоий-тарихий ва бадиий воситалардан кенг фойдаланиши, публицистик хулосалар чиқаришида ўз ифодасини топади.

Эсседа бирор тарихий воқеа ёки замонавий муаммо эркин фикрлаш асосида баён этилади, унда муаллифнинг индивидуал таҳлили асосий ўрин тутади. Эсседа муаллифнинг шахсий кузатишлари ва мушоҳадалари бош вазифани бажаради. Аммо, эсседа публицистик мушоҳада ва хулоса асосий ўрин тутиши, яъни у ижтимоий аҳамиятга эга бўлган факт, воқеа, муаммоларга бағишланиб, жамоатчилик фикрини уйғотиши лозим.

Мазкур жанрда фан, сиёсат ва адабиётнинг уйғунлиги мавжуд бўлганлиги сабабли унда образ ва образлилик ўзига хос хусусиятга эга бўлади. Шу боисдан эсседаги илмий, тарихий, ижтимоий тадқиқот ва мушоҳадалар худди мақоладаги каби жиддий таҳлил услубида берилиши ҳам мумкин. Фақат керакли ўринлардагина бадиий воситалар ва шу жумладан образ ва образлиликдан ҳам фойдаланилади. Бу жиҳатдан эссе муаммо очеркига яқин туради. Эсседа йўл ва портрет очеркларига хос хусусиятлар ҳам учраши, яъни бирор шахс образи ёки йўл таассуротлари ҳам ўз ифодасини топиши мумкин.

Эссе ғарб матбуотида кенг қўлланилади. Ўзбек матбуотига ҳам бу жанр кейинги йилларда кириб келди. Бунга мисол сифатида таниқли адабиётшунос Озод Шарофиддиновнинг «Тафаккур», «Жаҳон адабиёти» журналларида босилган эсселари мисол бўла олади. Бу эсселарда замонамизнинг шу кунги муҳим ижтимоий-маънавий муаммолари кўтарилиб чиқилади.

Эссе ўзига хос кўп қиррали, мураккаб жанр бўлганлиги боисидан у кўпроқ ёзувчилар, олимлар, мутахассислар томонидан ёзилади ва одатда адабий-бадиий нашрларда эълон қилинади. Шунингдек, у матбуот нашрларидан ташқари радио ва телевидениеда ҳам берилиши мумкин. Бу хил эсселарда публицистика билан бир қаторда радио ва телевидение хусусиятлари ҳам ўз ифодасини топади.

Эссе келажакда ўзбек матбуотининг ҳам асосий жанрларидан бири бўлиб қолади.

 

ҲАЖВИЙ ПУБЛИЦИСТИКА

Публицистика бир қанча турларга бўлинади. Унинг муҳим турларидан бири ҳажвий публицистикадир. Ҳажвий публицистика публицистиканинг ўзига хос, алоҳида бир тури бўлиб, воқеъликни акс эттириш ва унга таъсир кўрсатишда ижтимоий кулги – сатира ва юмор қонуниятларига амал қилади. Иккинчи томондан у ўз функцияларини бажаришда адабий-бадиий воситалардан кенг фойдаланади ва бу билан бадиий публицистиканинг таркибий қисмига айланади. Бадиий публицистиканинг ҳажвий публицистика билан боғланиб кетишидан ҳосил бўлган жанрлардан бири фельетондир. У ижтимоий ҳаёт масалаларини юқорида айтганимиздек, сатира ва юмор воситаси билан, яъни ижтимоий кулги асосида ёритади ҳамда ижтимоий танқид учун хизмат қилади.

 

ФЕЛЬЕТОН

Фельетон сўзи французча «варақа» деган маънони беради. Бу – дастлабки даврда матбуотда берилган ижтимоий-сиёсий, адабий-танқидий мавзудаги қизиқарли ва алоҳида ажратиб кўрсатилган материалларга айтилган. Бундай материаллар, асосан, газета саҳифасининг пастки қисмида бериб борилган. Европада дастлаб пайдо бўлган босма газеталарда бу хилдаги материаллар кўплаб босиларди. Бу тартиб кейинчалик рус матбуотига ҳам кириб келди. Ўлкамизда илк бор вужудга келган матбуот нашри – «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида ҳам бу ҳолни кўриш мумкин эди. Масалан, мазкур газетанинг пастки қисмида босилган айрим адабий мавзудаги материаллар, жумладан, шоир Маҳтумқули ва Огаҳий ҳақидаги мақолалар мазкур рукн остида берилган эди. Кейинчалик, жамият тараққий этиши билан бу рукн ижтимоий ҳаётда учрайдиган нуқсон ва камчиликларни кулги танқиди остига олувчи материалларга қўйила бошланди, яъни у адабий-бадиий ва ҳажвий публицистик жанрга айланди.

Фельетон ҳажвий публицистиканинг алоҳида жанри бўлиб, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутади. Мазкур жанрнинг асосий вазифаси жамият ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлабчиқариш ва маданий-маънавий ҳаётининг барча томонларини қамраб олган ҳолда ўзида акс эттириши, мазкур соҳаларда учрайдиган камчилик, нуқсон, ижтимоий иллатларни фош этиш, танқид қилиш орқали улар ҳақида жамоатчилик фикрини уйғотиш ва оқибат натижада бу камчилик ва нуқсонларнинг тугатилишига эришиш, бинобарин, жамият ҳаётининг тараққиётига ижобий таъсир кўрсатишдан иборатдир. У ижтимоий публицистика билан ҳамоҳанг бўлиб, унинг танқидий кўриниши билан умумлашган ҳолда иш тутади. Фельетоннинг публицистиканинг ижтимоий ва бошқа турларида қўлланиладиган танқидий мақола ва бошқа жанрларга оид материалларидан фарқи – унинг ҳажвий публицистика қонуниятларига асосланиши, яъни, ижтимоий кулги, сатира ва юмор воситаларига таянишидадир. Ижтимоий кулгининг хил ва кўринишлари турлича бўлиб, улар орасида киноя, пичинг, ҳазил, енгил кулги кабилар билан бир қаторда заҳархандали кулги, ижтимоий масхаралаш, гротеск (атайлаб бўрттирилган кулги), ҳаттоки айрим ҳақоратомуз сўзлардан фойдаланиш каби ҳажв воситалари ҳам мавжуддир. Фельетонда ижтимоий кулгининг ана шу серқирра усулларидан кенг фойдаланилади. Фельетон ўзининг бу хусусияти билан жиддий танқидга асосланган бошқа материаллардан устун туради ва оммавий бўлади. Атоқли адиб А.Қодирий ижтимоий кулгига асосланувчи ҳажвий танқидга юқори баҳо бериб, уни «Турмуш бўйлаб учқувчи бургутдир… ҳаёт шароитига ярамаган заиф, қизғанчиқ манфур, музир ва шунинг сингари унсурлар унга емдир»,– деб таърифлаган эди.[2] Фельетон худди ана шу ижтимоий-эстетик танқид вазифасини бажарувчи долзарб, жанговар ва таъсирчан матбуот материали, ҳажвий ва бадиий публицистик жанрдир.У ўз функцияси ва шакли жиҳатидан ҳажвий адабиётнинг ҳикоя (ҳажвий ҳикоя) жанрига яқин турса-да, аммо кўзланган мақсади, публицистик хулосаси билан ундан фарқ қилади. Бошқача қилиб айтганда, фельетон ҳажвий адабиёт воситаларига асосланувчи, улардан кенг фойдаланувчи матбуот материалидир.

Фельетон ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифасига биноан икки хил – муайян фактга асосланган ва умумий фельетон бўлиши мумкин. Аниқ фактга асосланган фельетон ҳаётдан олинган аниқ фактлар, муайян одамларнинг ижтимоий нуқсонлари, фаолиятларидаги камчиликлари ҳақида ёзилади. Умумий фельетон эса ҳаётдаги бирор ижтимоий иллат, нуқсон ва муаммолар ҳақида бўлиб, унда мазкур масалалар ҳажвий мушоҳада этилади ва танқид қилинади. Ҳар икки турдаги фельетонлар учун умумий талаб – ижтимоий муҳим бўлган факт, масала ва муаммоларни кўтариб чиқиш ва улар бўйича жамоатчилик фикрини уйғотишдир. Фурқатнинг «Ҳинд найрангбози Ёркентда», Абдулла Қодирийнинг «Тошкент бойлари», «Эшонларимиз» каби ва бошқа қатор фельетонлари аниқ фактга асосланган фельетонларга мисол бўлса, «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» каби, Абдулла Қаҳҳорнинг «Қуюшқон» каби фельетонлар эса умумий фельетонлар турига киради. Ҳар икки хил фельетонлар матбуотимиз тарихида ҳам, ҳозирги кун матбуоти нашрларида ҳам кенг учрайди.

Фельетон шакл жиҳатидан, аввало, кичик ва оддий фельетонга бўлинади. Кичик фельетонда ҳаётдаги нисбатан кичикроқ аҳамиятга эга бўлган бирор факт, нуқсон ёки муаммо ёритилади. «Фельетон» рукни билан бериладиган оддий фельетонда эса ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли бўлган факт, воқеа, муаммо акс эттирилади. «Фельетон ўрнида» рукни эса мазкур материалнинг фельетонга яқин туриши, аммо ички хусусиятлари билан фельетон даражасига етмаганлигини кўрсатади. Одатда, бу рукн остида бир қадар жонли, ўқимишли ёзилган жиддий танқидий материаллар ўрин олади.

Фельетон ёзилиш услуби жиҳатидан ҳикоя-фельетон, публицистик фельетон, фельетон-шарҳ, фельетон-тақриз, фельетонлар туркуми кабиларга бўлинади. Буларнинг ҳар бирида фельетонга хос умумий хусусиятлар билан биргаликда алоҳида тасвирий услуб, ижодий йўналиш мавжуд бўлади. Масалан, ҳикоя-фельетонда ҳаётдан олинган факт ва муаммо кўпроқ бадиий услубда – ҳикояга яқин тарзда тасвирлаб берилади. Бунда беллетристик, яъни ҳикоя элементлари – фельетондан чиқарилиши лозим бўлган асосий мақсад – публицистик хулосани очиб беришга хизмат қилиши лозим. Жаҳон ва рус матбуотидаги сингари ўзбек матбуотида ҳам бу хилдаги ҳикоя-фельетонлар кўп учрайди. А.Қодирийнинг «Ҳой, худой урғонлар», «Ҳой, ер юткур!..», А.Қаҳҳорнинг «Ҳи-ҳи», Ғафур Ғуломнинг «Шошилинч телеграмма» каби фельетонлари ҳикоя-фельетоннинг ёрқин намуналари ҳисобланади.

Публицистик фельетон ҳам мазкур жанрнинг энг кўп учрайдиган тури ҳисобланади. Публицистик фельетонда факт, муаммо, ундан чиқариладиган ижтимоий хулоса устун туради, бу хилдаги фельетонларда беллетристик элементлар чекланган бўлади. Публицистик фельетоннинг асосий мақсади ҳаётда учрайдиган ижтимоий иллатлар, камчилик ва нуқсонларни аниқ ёки умумлашган шаклда очиб бериш ва жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилишдан иборатдир. Бундай фельетонлар кўпроқ мақола йўлида ёзилади, аммо фактлар, воқеалар мушоҳадасида сатира ва юмор элементлари – киноя, заҳарханда, кучли фош этиш воситалари кенг қўлланилади. Жаҳон ва ўзбек матбуоти тарихида публицистик фельетонлар кўплаб учрайди. Абдулла Қодирийнинг «Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр», Абдулла Авлонийнинг «Маданият тўлқинлари», «Ҳифзи лисон», Ҳамза Ниёзийнинг «Фақирлик недан ҳосил ўлур?», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўзинг шифо бер», Ғафур Ғуломнинг «Иш қопи билан, гап қофияси билан» каби фельетонлари, Комил Алиевнинг қатор фельетонлари шулар жумласидандир. Фельетоннинг бу хили ҳозирги замон матбуот нашрларида ҳам кенг қўлланилиб келинмоқда.

Фельетон жанрининг алоҳида бир кўриниши бўлган фельетон-шарҳ эса ҳаётдаги бир неча факт ва воқеаларни умумлаштириб, маълум публицистик хулосалар чиқариш орқали амалга оширилади. Унда фельетончи ҳаётда кузатиб юрган бир қатор ижтимоий иллатларни жамлаб фош қилади, унга ўзининг хажвий муносабатини билдиради. Масалан, Абдулла Қодирий ўзининг «Йиғинди гаплар» фельетон-шарҳида йигирманчи йиллар ижтимоий ҳаётида учрайдиган қатор ижтимоий-сиёсий, маънавий муаммоларни ҳажв қилиб ўтади. Ғафур Ғуломнинг «Жомаси пок, ўзи нопок бандалар» фельетони ҳам бу жанрнинг юқоридаги турига мисол бўла олади.

Мазкур жанрнинг фельетон-тақриз шаклида ёзилган турида эса ижтимоий иллатларни фош этишда тақриз шаклидан фойдаланилади. Бунда бирор бир ижтимоий ҳодиса ёхуд бўш, чала ёзилган асарни кулги билан танқид қилишда унга киноявий тақриз ёзиш воситаси қўлланилади. Фельетон-тақриз билан фельетон-пародия шакли ҳам бир-бирига яқин туради. Бунда фельетончи ҳаётдаги нуқсонларни танқид қилиш учун бирор ҳужжат, қўлланма шаклидан киноявий фойдаланиши мумкин. Масалан, Ҳамза Ниёзий ўзининг 20-йилларда ёзган «Маҳаллий сармояни кучайтириш чоралари» фельетонида ўша даврда учрайдиган айрим ижтимоий иллатларни фош қилиш учун ўша даврда тузиладиган расмий ҳужжатлар шаклини олиб, камчиликларни киноявий-пародия тарзида очиб ташлайди.

Фельетон жанрининг шаклий кўринишлари хилма-хилдир. Унинг фельетон-репортаж, фельетон-суҳбат, фельетон-кундалик ва бошқа шакллари ҳам бўлиши мумкин. «Ҳажв – шакл танламайди», деган гап ҳажвий публицистиканинг муҳим жанри бўлмиш фельетонга ҳам тегишлидир. Фельетон насрий бўлиши билан бирликда шеърий ҳам бўлиши мумкин. Шеърий фельетон ҳам худди насрий фельетон сингари ҳаётдаги бирор аниқ, муайян факт ёки воқеа, инсонлар фаолиятига ёинки бирор умумий масала, муаммога бағишланган бўлиши мумкин. Шеърий фельетон бадиий адабиётнинг муҳим тури бўлган ҳажвий шеърият талабларига жавоб бериши билан бирликда ўзида публицистик хусусият ҳам касб этиши лозим, яъни у ҳаётда учрайдиган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган иллатларни кулги танқид остига олиши лозим. Унинг ҳажвий шеърдан фарқи, юқорида айтганимиздек, муайян ижтимоий масалага бағишланиб, тегишли публицистик хулоса чиқаришидан иборатдир. Шоир Ғафур Ғулом томонидан 30-йилларда яратилган «Қўлтиқланган калла тўғрисида қофияли ваъз» ҳажвий шеъри ўзбек ҳажвий публицистикасида яратилган биринчи шеърий фельетон эди. Шеърий фельетон ўзбек матбуоти нашрлари, шу жумладан «Муштум» журнали саҳифаларидан доимий жой олиб келмоқда.

Ҳажвий публицистиканинг энг мураккаб ва мукаммал асарларидан бири – фельетонлар туркумидир. Бундай бадиий-публицистик асарлар бир неча фельетонлардан ташкил топади. Фельетонлар туркумлари ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим масалалари, кўзга кўринарли иллат ва нуқсонларни фош этишга бағишланади. Фельетонлар туркумлари бир ёки бир неча муаллифлапр томонидан ёзилиши мумкин. Бундай ҳажвий-публицистик асар фельетончидан ҳаётни чуқур кузатиш, катта ҳажвий-публицистик маҳорат талаб қилади. Жаҳон ва рус хажвий журналистикасида бўлгани каби ўзбек ҳажвий публицистикасида ҳам қатор фельетонлар туркумлари яратилди. Бу борада атоқли адиб, 20-30 йиллар ўзбек ҳажвининг атоқли устаси Абдулла Қодирий юксак намуна кўрсатди. Унинг «Муштум» журнали ва бошқа нашрларда босилган «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» ва бошқа фельетонлар туркумлари бунинг ёрқин мисолидир. Гарчи адибнинг бу асарлари адабиётшуносликда ҳажвий ҳикоя ёки ҳажвий қисса жанрига оид деб юритилса-да, мазкур асарлар фельетонлар туркуми жанрига киради. Чунки бу асарларда ўша даврнинг муҳим ижтимоий иллатлари бадиий-беллетристик йўлда фош қилинса-да, улардан муҳим публицистик хулосалар чиқарилади, бу ҳол эса, маълумки, ҳажвий публицистиканинг функциясига киради.

Шуни айтиш керакки, фельетонлар туркумлари ҳам турлича шакл ва кўринишларга эга бўлади. Булардан биринчиси – маълум мавзу асосида бирлашган фельетонлардир. Абдулла Қодирийнинг 20-йилларда «Муштум» журналида босилиб чиққан «Эшонларимиз», «Тошкент бойлари» каби фельетонлар туркумлари бу хилдаги ҳажвий-публицистик асарларга мисол бўла олади. Бир неча фельетонлардан иборат бўлган бу фельетонларда адиб ўша даврдаги турли нопок йўллар билан бойлик йиққан кимсалар ва жаҳолат бандаларининг қилмишларини аниқ фактлар, хотиралар асосида очиб ташлайди. Маълум мавзу асосида бирлашган фельетонлар туркумлари кекйинчалик ҳам юзага келди: олтмишинчи йилларда бир гуруҳ ёзувчилар томонидан эскилик сарқитларини фош этишга бағишланган жамоа фельетонлар туркуми матбуотда босилиб чиққан эди.

Фельетонлар туркумининг яна бир кўриниши маълум шакл асосида ёзилган фельетонлардир. Бунда фельетончи ҳаётда ўзи кузатган камчилик ва нуқсонларни маълум бир шакл асосида баён этади. А.Қодирий бу борада ҳам баракали ижод қилди. Унинг 20-йилларда ёзган «Масковдан хатлар» фельетонлар туркуми бунга мисол бўла олади. Адиб бир неча муддат Москва шаҳрида ўқишда бўлганида у ерда кўрган-кузатган ва ўша давр учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган айрим камчилик ва нуқсонларни мазкур шаклда ёзиб, жамоатчилик ҳукмига ҳавола этган эди. Гарчи бу туркумга кирган фельетонлар турли мавзуларда бўлса-да уларни бир нарса – узоқдан ёзилган хатлар шакли бирлаштириб туради. Кейинчалик, 30-йилларнинг ҳажвчи-публицистлари Зиё Саид ва Носир Саидлар ҳам биргаликда ёзган «Охират мактублари» фельетонлар туркумларида бу усулдан фойдаланган эдилар.

Ҳажвий публицистиканинг энг мураккаб ва муътабар асарларидан бири – маълум бир ҳажвий тип билан боғланган фельетонлар туркумидир. Бунда фельетончи ҳаётдан олган таассуротлари, кузатишлари, ҳажвий-танқидий мушоҳадаларини маълум бир ягона образ – хажвий тип орқали тасвир этади. Бу хилдаги тип билан боғланган фельетонлар туркумлари ўзбек ҳажвий матбуотида илк бор ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларида яратилди. Бундай фельетонлар туркумларига ҳажвий ижод устаси Абдулла Қодирий биринчи бўлиб асос солди. Адибнинг бу даврда яратилган ҳамда «Муштум» журнали ва бошқа матбуот нашрларида босилган «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» каби асарлари маълум тип билан боғланган фельетонлар туркумлари бунга мисол бўла олади. Моҳир фельетончи юқоридаги асарларнинг қаҳрамонлари бўлмиш тўқима образлар – Калвак махзум ва Тошпўлат тажанг тимсоллари орқали ўз даврининг қатор ижтимоий иллатларини очиб ташлади. Бу ижодий усулни бошқа ўзбек ҳажвчилари ҳам давом эттирдилар. Ҳажвчи журналист Носир Саиднинг ўша даврда «Муштум» журналида босилган «Мавлави Пўстин мулақаб Мокиён махзум саргузаштларидан», Ғафур Ғуломнинг ўттизинчи йилларда яратилган «Меҳтарбод Самарқандий Елдойи ким?», «Бисотдаги гаплар» каби фельетонлар туркумлари ҳам ҳажвий типлар билан боғланган ҳажвий-публицистик асарлар ҳисобланади. Ҳажвий публицистиканинг бу ижодий анъанаси ҳозирги ўзбек ҳажвий матбуотида ҳам қўлланилиб келинмоқда.

Фельетоннинг мавзуси матбуотнинг бошқа материаллари сингари ҳаётдан олинади. Унда, юқорида айтилганидек, ижтимоий ҳаётнинг шу кундаги, айни замондаги масала ва муаммолари, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётидаги жиддий камчиликлар ва нуқсонлар, шу кун кишилари онгидаги зарарли ижтимоий урф-одатлар ва иллатлар мавзу бўлиб хизмат қилади. Фельетончи ҳаётни доимий равишда синчиклаб кузатиб бориши ва учраган нуқсон ва камчиликларни қаламга олиши лозим. Муҳарририятга келаётган хатлар, шикоятчилар, айрим йиғилишларда тилга олинадиган салбий фактлар ва воқеалар, қулоққа чалинган қизиқ гаплар фельетонга асос бўлиши мумкин. Шу билан бирликда ҳар қандай қизиқ воқеа фельетон учун асос бўлавермайди, балки фақат ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фактлар, жамият тараққиётига тўсиқ бўлаётган иллат ва нуқсонларгина фельетон учун мавзу бўлиб хизмат қилади, фельетончининг маҳорати эса ана шундай фактларни ҳаётдан қидириб топа олишидадир.

Фельетон учун зарур бўлган факт, мавзунинг топилиши унинг муваффақиятини таъминлайди, дегани эмас. Топилган ҳар бир факт, муаммо фельетончи томонидан чуқур мушоҳада қилиниши лозим. Яъни, фельетончи ўз асари учун мавзу қилиб олаётган факт, воқеа ва ҳодисани ҳар томонлама – ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан баҳолаб, таҳлил этиши лозим. Бу – фельетондан чиқариладиган ижтимоий-публицистик хулосада ўз ифодасини топади. Бунда фельетончининг билими, мушоҳада қобилияти, дунёқараши муҳим роль ўйнайди. У ушбу факт, воқеа ва ҳодиса жамият ҳаётида қандай ўрин тутади ва ижтимоий тараққиётга қай даражада тўсқинлик қилмоқда, уни йўқотишнинг нақадар зарурлигини чуқур идрок эта олиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, фельетончининг илғор фикрли инсон, ўз даврининг ижтимоий арбоби, жамият манфаатлари, тараққиёт учун қўрқмас курашчи бўлиши талаб этилади.

Фельетон жанридаги асар учун ижтимоий-иқтисодий, маънавий мушоҳада ва таҳлил қанчалик зарур бўлмасин, бунинг ўзи кифоя қилмайди. Илло, юқорида айтиб ўтилганидек, фельетон хажвий публицистик матбуот асари бўлиб, ундаги барча ижтимоий-иқтисодий, маънавий мушоҳадалар ҳажвий мушоҳада билан қоришиб кетиши лозим. Яъни фельетон сатира ва юмор қонуниятлари асосида ёзилади, унда ижтимоий кулги бўлиши шарт. Юқорида айтганимиздек ижтимоий кулгининг хил ва кўринишлари турличадир. Унда енгил ҳазилдан тортиб то заҳархандали фош қилиш кулгисигача мужассам бўлади. Фельетончи ўз асари учун ижтимоий кулги хилларидан энг кераклиси, зарурини танлай билиши лозим. Ёзилаётган фельетонда кулгининг қайси хили ва қай даражада қўлланилиши фельетончининг маҳоратидан ташқари ундаги факт, олинган мавзу ва чиқарилаётган публицистик хулосага боғлиқдир.

Кулгисиз, фактларни публицистик баён қилиш йўли билан ўқувчида қаҳр-ғазаб уйғотувчи фельетонлар ҳам бўлиши мумкин. Абдулла Қодирийнинг юқорироқда тилга олинган «Эшонларимиз», «Тошкент бойлари» каби фельетонлари худди шундай кулгисиз, публицистик хулосали фельетонлардир. Аммо уларда ҳажвий тасвир воситаларидан ўз ўрнида фойдаланганлиги сабабли мазкур асарлар оддий публицистиканинг жиддий материалларидан фарқ қиладилар.

Фельетон бадиий публицистика жанри бўлганлиги сабабли унда турли бадиий воситалар, жумладан бадиий тўқима ҳам иштирок этади. Бадиий тўқима ҳаёт воқеаларини жонли тасвирлаш, ўқувчида қизиқиш уйғотиш мақсадида қўлланиладиган бадиий воситалардан ҳисобланади. Бадиий тўқима адабий-бадиий асарларнинг доимий зарурий шарти, ёзувчининг ҳаётни қизиқарли тасвирлаш қуролидир. Аммо публицистик асар бўлмиш фельетонда бадиий тўқима адабий асарлардагидан фарқли равишда ўзига хос, чекланган кўринишда бўлади. У фельетоннинг асоси бўлиб хизмат қилаётган факт ва воқеалардан, «қаҳрамон»лар феъл-атворларининг мантиқидан келиб чиқиши лозим. Аниқ фактга асосланган фельетонларда бадиий тўқима фақат энг зарур ҳолларда, жуда чекланган меъёрдагина ишлатилади, умумий фельетонларда эса мантиқий мушоҳадага мос келгандагина қўлланилпди. Гарчи бадиий тўқимасиз фельетон қуруқ, зерикарли бўлиб қолса-да, ортиқча бадиий тўқима фельетоннинг бадиий-ғоявий мақсадига зарар келтириши ҳам мумкин. Одатда аниқ фактларга асосланган фельетонлар матбуотда босилгандан сўнг тегишли ташкилотлар томонидан текширилиб унда кўрсатилган камчилик ва нуқсонларни тугатиш, айбдорларни жазолаш тадбирлари амалга оширилади. Шундай ҳолда фельетондаги ортиқча бадиий тўқималар фельетоннинг самара беришига тўсқинлик қилиши мумкин. Бадиий асосда ёзилган ҳикоя-фельетон, фельетонлар туркумларида эса бадиий тўқима муаллифнинг мақсади, шу асар олдинга сураётган ғоя ва публицистик хулосага хизмат этиши лозим. Масалан, атоқли фельетончи Абдулла Қодирий «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» фельетонлар туркумларида бадиий тўқиманинг асар мазмунига бутунлай сингиб, унинг ғоявий-бадиий даражасининг юксак бўлишига хизмат қилдирган эди.

Бадиий ва ҳажвий публицистика жанри бўлмиш фельетонда образ ва образлилик муҳим ўрин тутади. Маълумки, образ ижодкорнинг воқеъликни тасвирлашда уни аниқ ҳис этиладиган тарзда, жонли гавдаланиши бўлиб, образлилик эса воқеъликни тасвирлашда образ элементларининг иштирок этишидир. Бадиий адабиётнинг энг зарур шарти ҳисобланган бу ижодий восита бадиий публицистика талаблари асосида иш кўрадиган фельетон учун ҳам зарур масала ҳисобланади. Аммо бадиий адабиёт асарларидан фарқли равишда фельетонда образ ўзига хос хусусиятга эга бўлади, яни, унинг публицистик характеридан келиб чиқади. Аввало фельетонда образ икки хил – аниқ ва умумлашган бўлади. Аниқ фактларга асосланган ва муайян шахснинг қилмишлари фош этилаётган фельетонда инсон образи ўша шахснинг ҳатти-ҳаракатлари, қилмишлари орқали вужудга келтирилади. Умумий фельетонда эса образ бошқача услубда яратилади. Унда асосий масала олдинга сурилаётган публицистик мақсадни очиш, ижтимоий ҳаётдаги бирор нуқсонни танқид қилиш, бирор муаммони ҳал этиш бўлганлиги сабабли образ ҳам шу мақсадга хизмат қилдирилиши лозим. Бундай фельетонларда бирор тўқима образ мавжуд бўлиши мумкин, аммо у ҳам аввало ҳаёт ҳақиқатидан ва фельетон талабидан келиб чиқади.

Фельетонда қўлланиладиган образларнинг тури хилма-хилдир. Аксарият публицистик фельетонларда образ эмас – образ-тезис яратилиши мумкин. Бу – инсон образи эмас, бирор муаммо, кўтарилаётган масала образи бўлиши мумкин. Яъни, фельетончи ўзи кўтариб чиқаётган масалани бирор нарсага ўхшатиб тасвирлайди ва шу билан ҳажвий-публицистик мавзуни очиб, ўз фикрини илгари суради. Масалан, Абдулла Қодирий ўзининг «Бозор суриштирмайдир» фельетонида адабиёт соҳасида, санъат саҳналарида пайдо бўлаётган чала-чулпа, хом-хатала асарларни бозорга олиб чиқилган шунчаки сифатсиз молларга ўхшатади. Абдулла Қаҳҳор «Қуюшқон» фельетонида эса эллигинчи-олтмишинчи йилларда одат тусига кирган қуруқ, расмий тилда олиб борилаётган маърузалар, ёзилаётган асарлар устидан кулиб, уларни қуюшқонга ўхшатади. Образ-тезис яратиш ҳам фельетончидан катта маҳорат ва бадиий малака талаб қилади.

Фельетонда яратиладиган ўзига хос образлардан бири – типаж деб аталади. Гарчи бундай образ инсон тасвиридан иборат бўлса-да бу образнинг исми, ташқи кўриниши эмас, унинг ҳатти-ҳаракати, қилмишлари орқали ижтимоий қиёфаси очиб берилади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг «Ҳой, ер юткур…» фельетонида хотин-қизларга ваҳшийларча муносабатда бўлувчи қолоқ фикрли одам образи яратилган. Биз унинг исмини ҳам, кимлигини қам билмаймиз, аммо хотин-қизлар байрами муносабати билан унинг берган «холисона маслаҳатлари» орқали унинг нақадар жоҳил одам эканлигини билиб оламиз. Абдулла Қаҳҳорнинг «Ҳи-ҳи» фельетони қаҳрамонининг ҳам исми ва кимлиги келтирилмайди, балки унинг ҳаётдаги айрим қийинчиликлар, масалан 2-жаҳон урушида фашистларнинг қўли баланд келишини кутиши, бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишнинг ҳоҳлаши тасвири орқали фельетончининг бу типаж воситасида чиркин фикрли одамлар образини яратганлигини кўрамиз. Типаж воситасида жамият нуқсонларини танқид қилиш амалиёти жаҳон ва ўзбек ҳажвий публицистикасида ҳозирда ҳам кенг қўлланилиб келинади.

Ўзида кўпроқ беллетристик хусусиятларни ифода этувчи ҳикоя-фельетонларда эса ҳаётдаги бирор муаммони кўтариб чиқиш, бирор ижтимоий табақа вакиллари қиёфасини яратиш учун тўқима образлардан фойдаланилади. Бундай образларнинг исми, ташқи қиёфаси, юриш-туришлари худди ҳажвий ҳикоялардагидек тасвирланса-да буларнинг ҳаммаси фельетон ғояси, ундан чиқарилмоқчи бўлинган публицистик хулоса учун хизмат қилади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг «Ҳой, худой урғонлар» фельетонида Сотимов, Ибройим буқа каби катта ер эгаларининг образлари тасвирланган ва уларнинг 30-йилларда ўтказилган ер ислоҳоти воқеасига муносабатлари очиб берилган. Ғафур Ғуломнинг «Классиклардан қачон сўз очар, эҳтиёт бўлинг – оловлар сочар» фельетонида Сувонқул деган тўқима образ воситасида адабий ижодни шунчаки енгил иш деб ўйлаб, хом-хатала асарлар ёзувчи кишилар устидан кулинади. Тўқима образ орқали ҳаётдаги камчилик ва нуқсонлар, одамлар онгидаги ва ҳатти-ҳаракатларидаги иллатларни очиб ташлаш ҳозирги замон фельетончилигида ҳам кенг қўлланилади.

Фельетонда шу билан бирликда бадиий адабиёт ва санъатнинг энг мукаммал ижодий маҳсули бўлмиш характер ва типлар ҳам яратилиши мумкин. Ҳажвий тип юқоридаги образ турларидан шуниси билан фарқ қиладики, унда маълум бир синф, ижтимоий табақа ёки гуруҳ вакилларига тегишли бўлган белгилар билан бир қаторда бу образнинг ўзигагина хос бўлган шахсий хусусиятлар ҳам ўз ифодасини топади. Бундай типлар худди бадиий алабиётдаги сингари типиклаштириш ва индивидуаллаштириш йўли билан яратилади. Яъни, ўқувчининг кўз олдида ҳам жонли одамга хос бўлган феъл-атворли шахс, ҳам бутун бир ижтимоий табақага мансуб бўлган хусусиятларни ташувчи одам образи гавдаланади. Ҳажвий характер яратиш анча мураккаб адабий-ижодий масала бўлиб, бунда катта адабий-бадиий маҳорат талаб қилинади. Жаҳон ёзма адабиётида бундай ҳажвий типларга мисоллар кўп.

Ўзбек ҳажвий публицистикасида ҳам бундай ҳажвий типлар яратилганлиги маълумдир. Абдулла Қодирийнинг юқорида қайд этиб ўтилган «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан» фельетонлар туркумидаги Калвак махзум, «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» туркумидаги Тошпўлат образлари шулар жумласидандир. Моҳир ҳажвгўй адиб мазкур образлар орқали маълум бир ижтимоий табақа вакилларининг типик кишиларини тасвирлаш орқали мазкур табақага хос бўлган ижтимоий иллатларни фош қилди, жоҳиллик, қолоқлик ва бошқа иллатлар устидан кулди. Ёзувчи мазкур ҳажвий типларни яратишда уларни «ўз тиллари»дан гапиртириб, тилни индивидуаллаштириш услубидан маҳорат билан фойдаланди. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда яратилган бошқа ҳажвий-публицистик асарларда ҳам хажвий типлар яратиш борасидаги ижодий анъана давом эттирилди. Бу ижодий усул ҳозирги замон ўзбек ҳажвий публицистикасида ҳам қўлланилиб келинмоқда.

Фельетон бадиий-публицистик асар бўлганлиги сабабли унда бадиий асарларга хос бўлган сюжет ва композиция ҳам муҳим рол ўйнайди. Маълумки, сюжет асарнинг бевосита мазмун-моҳиятини ташкил этувчи ўзаро боғланган ва ривожланиб борувчи ҳаётий воқеалар мажмуаси бўлиб, композиция эса асарнинг тузилиши, воқеалар ривожини баён этишнинг тартибидир. Сюжет ва композицияда қолиплаш, тугун, ечим, кульминацион нуқта ва бошқа тасвирий-ижодий бўлаклар мавжуд бўлади. Бадиий асарлар учун албатта шарт бўлган бу бадиий-ижодий воситалар фельетонда ҳам ўзига хос кўринишда мавжуд бўлади. Бу воситалардан қай даражада фойдаланиш фельетонда қаламга олинаётган мавзу ва фактлар, ундан чиқариш лозим бўлган публицистик хулосадан келиб чиқади. Бу воситалар фельетоннинг қайси шаклда ёзилишига ҳам боғлиқдир. Масалан, ҳикоя-фельетонда мазкур воситалар кенгроқ қўлланилса публицистик фельетонда ўзига хос тарзда бўлади. Фельетонлар туркумларида ҳам бу компонентлар асосий роль ўйнайди. Масалан, Абдулла Қодирийнинг юқорида тилга олинган фельетонлар туркумларида сюжет, композиция ва бошқа бадиий-ижодий усуллар ўзига хос тарзда қўлланилган. Кўриниб турибдики, бу воситалардан қанчалик унумли фойдаланиш фельетончининг ижодий маҳоратига ҳам боғлиқдир.

Фельетоннинг тили ва услуби масаласи ҳам ўзига хос бўлиб, ўзида ҳам бадиий-ҳажвийлик, ҳам публицистик хусусиятларни ифода этади. Унда бадиий адабиётга хос бўлган тасвирий услуб билан публицистик мушоҳада услуби уйғунлашиб кетиши лозим. Шу билан бирликда мазкур жанрга оид асарда жонли, сўзлашув тилидан, халқ мақоллари ва маталлари, кулгили ибора, киноя, қочирим ва бошқалардан кенг фойдаланиш мумкин. Яъни, фельетондаги тасвирий воситалар ижтимоий кулги, сатира ва юморга йўғрилган бўлиши лозим. Аммо буларнинг барчаси фельетоннинг мавзуи ва ундан чиқарилиши лозим бўлган публицистик хулосага боғлиқ эканлигини унутмаслик керак.

Жаҳон матбуоти тарихида фельетон жанри муҳим ўрин тутиб келган. Дастлаб Европада дунёга келган бу публицистик жанр ҳар бир мамлакат тараққиётида, ижтимоий ҳаётида ўзига хос зарур вазифаларни адо этган, қолоқлик, жаҳолат ва бошқа иллатларга қарши курашда иштирок этган. Жумладан, тараққийпарвар ғояларга хизмат қилган рус фельетончилари мазкур жанр орқали зулм-залолатга, ижтимоий адолатсизликларга қарши кураш олиб борганлар. Ўлкамизда ҳам мазкур жанрнинг тарихи узоқ замонларга бориб тақалади. Ҳали матбуот вужудга келмасдан илгари мазкур жанрнинг функцияларини ёзма ҳажвий адабиёт бажариб келганлиги маълумдир. Жумладан, улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг ҳаётдаги ижтимоий адолатсизлик, зулм-залолат ва бошқа иллатларга қарши қаратилган асарларини бу жанрнинг ўша даврдаги кўринишлари дейиш мумкин. Кейинги даврларда ижод қилган Турди Фароғий, Махмур ва айниқса ўзбек халқпарварлик адабиётининг намояндалари бўлмиш Муқимий, Завқий ва бошқаларнинг асарлари, ўз даврининг муҳим ижтимоий иллатларини фош этган ҳажвларини мазкур жанрнинг ёрқин намуналари деб баҳолаш мумкин. Ўлкамизда дастлабки матбуот нашрлари пайдо бўлиши билан фельетон жанри матбуот жанри сифатида иш кўра бошлади ва тез суратлар билан тараққий этди. Айниқса, йигирманчи асрнинг бошларида майдонга келган жадид матбуоти саҳифаларида фельетон жанри кенг ўрин олди ва ривожланди. Мазкур жанрнинг вужудга келиши ва тараққий этишида атоқли тараққийпарвар ижодкорлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ниёзий, Чўлпон ва бошқалар катта хизмат қилдилар. Машҳур ўзбек адиби Абдулла Қодирий йигирманчи йилларнинг моҳир фельетончиси сифатида самарали ижод қилди. Атоқли ўзбек қалам усталари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғуломлар ҳам мазкур жанрнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар.

Шуни айтиш керакки, ўлкамизда етмиш йилдан ортиқ ҳукм сурган якка ғоя ҳукмронлиги даврида мазкур жанр матбуот саҳифаларида кўп учраб турса-да, у маълум чекланган синфий-партиявий ғояларга хизмат қилганлиги боисидан бир ёқлама хусусиятга эга бўлди ва ўз хизматини ўтаб бўлди. Фақат умуминсоний мавзуларга бағишланган ва юксак бадиий маҳорат билан ёзилган фельетонларгина умрбоқийлик даъвосини қила оладилар.

Мамлакатимиз ўз миллий мустақиллигига эришгач публицистиканинг бошқа жанрлари қаторида фельетон жанри ҳам кенг ривожланди, унинг бир қатор янги турлари, жумладан, радиофельетон, телефельетонлар вужудга келди. Мазкур ҳажвий-публицистик жанр мамлакатимизда мустақилликни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган иллатларни йўқ қилишда муҳим роль ўйнаб келмоқда. Республикамиз матбуотида фельетоннинг турли хиллари мавжуддир. Кўпгина газеталарда «Фельетон ўрнида» рукни остида материаллар босилади. Бу – танқидий мақола билан фельетон ўртасида турувчи ўзига хос материал бўлиб, унда қаламга олинаётган факт ва воқеалар маълум даражада ҳажвий тарзда баҳоланади.

 

ПАМФЛЕТ

Ҳажвий публицистиканинг эннг муҳим жанрларидан бири памфлетдир. Памфлет сўзи аслида юнонча бўлиб, ўт қўймоқ, ёндирмоқ деган маънони билдиради. Кейинчалик бу инглиз тили орқали оммалашиб, шу куннинг муҳим масаласига бағишланган ва кескин фош этиш тарзида ёзилган асарга айтиладиган бўлган. Бинобарин, памфлет жамиятнинг шу кундаги, айни замондаги ҳаётида учрайдиган ижтимоий иллат ва нуқсонларни кучли ҳажвий услубда тасирлаб фош этувчи асар, публицистика жанридир. Памфлет ҳам худди фельетон сингари ҳаётдаги бирор ижтимоий иллат, салбий хусусиятга эга бўлган воқеа, муаммо ёки шахсга бағишланади, унинг тузилиши, шакли ҳам фельетонга яқин туради. Аммо унинг фельетондан фарқи шундаки, памфлет ижтимоий жиҳатдан ўта муҳим ва йирик ижтимоий мавзуларга бағишланади ҳамда аёвсиз фош қилиш кучига эга бўлади. Яъни, памфлет жамиятнинг шу кунги ҳаёти, тараққиётига жиддий хавф солаётган, унга муросасиз душманлик руҳида бўлган қарашлар, воқеалар, муаммолар ёки шахс ва гуруҳларга қарши қаратилади ҳамда унда ҳажвнинг энг ўткир, энг аёвсиз воситаларидан фойдаланилади. Таъбир жойиз бўлса, фельетонни ижтимоий иллатларга қарши отилган ўқ деб фараз қилсак, памфлетни эса энг хавфли ижтимоий душман кучларга қарши отилган замбарак ўқига қиёс этиш мумкин. Фельетонда ижтимоий кулгининг пичинг, киноя, ҳазил каби турларидан фойдаланилса памфлетда эса аччиқ заҳарханда, сарказм, ғазаб ва нафрат уйғотувчи кулги кўринишлари қўлланилади.

Памфлетнинг вужудга келишида мафкура, дунёқараш муҳим ўрин тутади. Бошқача қилиб айтганда памфлет – бир-бирига муросасиз, ҳаёт-мамот жангига чиққан икки хил дунёқараш, икки хил ғоя ва ижтимоий тартибларнинг публицистикадаги тортишуви, ғоявий-ижодий жангининг кўринишидир. Шунинг учун ҳам памфлет инсоният тарихидаги маълум бир синфлар, ижтимоий табақа ва гуруҳларга хизмат қилган, яъни, бирон-бир синф ёки ижтимоий гуруҳнинг ўзига қарама-қарши бўлган синф ва гуруҳларга қарши ғоявий ҳужум қуроли сифатида вужудга келган. Памфлетнинг тарихи узоқ қадимги даврларга бориб тақалади, эрамиздан олдинги даврларда бу жанр оғзаки нутқ шаклида мавжуд бўлиб, ўша даврларнинг машҳур нотиқлари – Демосфен, Цицерон ва бошқалар ғоявий мухолифларга қарши курашда нутқий памфлетдан кенг фойдаланганлар. Европада ўрта асрларда ҳам памфлет анча ривожланган эди. Итальян мутафаккир адиби Данте Алигьери, француз Уйғониш даври вакили Франсуа Рабле, шу давр инглиз драматурги Вильям Шекспир, ХУ11 аср инглиз адиби Жон Мильтон ва бошқаларнинг асарларида памфлетга хос бўлган кучли фош этиш руҳи ўз ифодасини топган эди. Мазкур жанр буюк ижтимоий воқелар даври – Европадаги буржуа инқилоблари пайтида юқори чўққига кўтарилди. Француз публицист-адиблари Жан Поль Марат, Камил Дюлен ва бошқалар ўз памфлетларида феодал якка ҳукмронлигини аёвсиз фош этдилар. Кейинчалик, Х1Х асрга келиб ижтимоий майдонга чиққан коммунистик ғоя тарафдорлари ҳам буржуазия тартибларини фош этишда памфлетдан кенг фойдаландилар. Аммо мазкур памфлетлар коммунистик якка ғоя нуқтаи назаридан ёзилган ва ижтимоий ҳаёт воқеаларига шу нуқтаи назардан ёндашилган эди. Шўролар даврида ёзилган ва матбуот нашрларида босилган бошқа памфлетларда ҳам ана шундай ғоявий-сиёсий бир ёқламалик, чекланганлик мавжуд эди.

Ўзбек адабиёти тарихида ҳам памфлет жанрининг узоқ даврларга бориб тақалишини кўриш мумкин. Миллий ёзма адабиётимизда бунга мисоллар кўп. Гарчи бу асарлар бевосита мазкур жанрда ёзилмаган бўлса-да, уларда кўтарилган ижтимоий фош этиш руҳи памфлетга яқин турарди. Жумладан, ХУ11 асрда яшаб ижод этган шоир Турди Фароғийнинг «Субҳонқулихон ва унинг амир-амалдорлари ҳажви» асарида ўша давр ҳукмдорларининг сиёсати халқпарварлик нуқтаи назаридан кескин фош этилган эди. Шоир ўша даврдаги Бухоро ҳукмдори бўлмиш Субҳонқулихон ва унинг аъёнларини қуйидагича заҳарханда билан фош этади:

 

Едингиз барчангиз итдек фуқаронинг этини,

Ғасб ила молин олиб, қўймадингиз битини,

Қамчилар доғ солиб бўюнға, тилиб бетини,

Ёрдингиз заҳрасини, ичидан олиб ўтини,

Бўлмади кам бу раият бошидан ҳеч таёқ.

 

Шу даврда яшаган иккинчи бир оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг ўткир шеърларида ҳам памфлетона фош этиш кучи мужассам эди. Шоир «Дили тиғи ситамдан пора бўлган» меҳнаткаш халқ аҳволига қайғурди, ижтимоий ҳаётдаги зулм ва адолатсизликка кескин қарши чиқди. Масалан, унинг «Дастингдан» радифли муҳаммасининг ҳар бандида:

 

Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдан,

Ки мен ҳар қайга борсам дод этарман, дод дастингдан,

 

деб такрорланиб келувчи сатрлар халқнинг мавжуд тузумдан норозилигининг кескин ифодаси эди.

Замондан шикоят, ижтимоий иллатларни, зулму залолат ва адолатсизликни кескин фош этиш ХУ111 асрнинг охири Х1Х асрнинг бошларида яшаб, ижод этган халқпарвар шоир Махмур асарларининг ҳам бош йўналиши бўлди. Шоирнинг «Ҳапалак» ва бошқа ҳажвий шеърларида ўша давр ҳаёти, оддий халқ бошига бало бўлаётган ижтимоий тартиблар кескин, заҳарханда билан фош этилди. Шоирнинг қатор ҳажвий шеърларида ижтимоий тенгсизлик, ҳақ-ҳуқуқсизлик, зулм ва зўровонликка қарши қаратилган «бизга чексиз зулминг қачонгача? Ростгўйларнинг бошида қилич қачонгача ўйнайди? Қачонгача бир аламимизни юз алам қиласан? Ахир, юраклар таҳ-батаҳ қон бўлиб кетлди-ку!» деган ижтимоий хитоблар мавжуддир. Бу фикрларда памфлетнинг кучли фош этиш руҳини кўриш мумкин.

Юқоридаги халқпарвар шоирлар ижодининг ғоявий-ижодий давомчилари бўлган шоирлар Зокиржон Фурқат, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Убайдулла Завқийлар ижодида ҳам памфлетга хос бўлган фош этиш руҳи кучли эди. Жумладан, шоир Муқимийнинг «Танобчилар», «Додҳоҳим» каби ҳажвий шеърларида халқ учун оғир ситамлар олиб келувчи ижтимоий тартиблар устидан кескин заҳарханда билан кулинади. Шоир Завқий ўзининг «Ҳажви аҳли раста» асарида ўша даврнинг «замона зўрлари» бўлган бойлар, савдогарларнинг бир гуруҳини ўткир кинояли кулги билан фош этган эди. Мазкур асарларни ўлкамиздаги илк ёзма памфлетлар эди, дейишимиз мумкин.

Памфлет бевосита жанр сифатида ўзбек матбуотида йигирманчи йилларга келиб шакллана бошлади. У аввало фельетоннинг бир тури сифатида вужудга келди. Ўша даврда вақтли матбуот нашрларида босилган айрим фельетонларда памфлетлик хусусиятлари пайдо бўла бошлади. Масалан. А. Қодирийнинг «Муштум» журналининг 1923 йил, 2-сонида босилган «Сиёсат майдонида» сарлавҳали халқаро мавзудаги фельетон-шарҳида чет эл ҳукмдорларининг босқинчилик сиёсатлари памфлетга хос ўткир заҳарханда билан танқид қилинади. Ёзувчининг «Шўх байтал» фельетонида ҳам шу хусусиятни кўриш мумкин. Унда ўша замон ғарб дунёсининг айёрона сиёсати, чиркин фаҳш ахлоқи кескин заҳархандали пичинг билан қуйидагича фош этилади:

«Инглиз сиёсатдонлари Лондон шўх байталларини шарқ амир-шоҳларини ёввошлаштириш учун Арабистон, Эрон ва Ҳиндистонга йўллар эканлар. Лорд Керзон ўз сиёсатини Шарқда амалга ошириш учун қизчасини Эрон ҳукмдори Аҳмадшоҳга назир тортқон, деб ҳам сўзлайдилар».

Йигирманчи йиллар ўзбек матбуотининг таниқли намояндаси бўлган Назир Тўрақуловнинг «Учқун» журналида босилган «Мирза Керзонга мактуб» сарлавҳали ҳажвий-публицистик асарини ҳам дастлабки ўзбек памфлетларидан бири дейиш мумкин. Муайян синфий-партиявий нуқтаи назардан ёзилган бу асарда ўша даврдаги ички ва ташқи мухолифларнинг кирдикорлари ўткир сатира билан фош этилган эди. Зиё Саид ва Носир Саидларнинг «Муштум» журнали саҳифаларида босилган «Охират мактублари» деб номланувчи фельетонлар туркуми ҳамда Носир Саиднинг шу даврда ёзилган «Бир ракаатлик номоз» сарлавҳали ҳажвий-публицистик асарида ҳам памфлетлик хусусиятлари мавжуд эди. Мазкур асарларда ҳам ўша даврдаги мухолиф кучлар аёвсиз сатира остига олинган эди.

Бундан кейинги даврларда ҳам ўзбек матбуотида памфлет жанри гоҳ-гоҳ ўрин олиб турди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва бошқалар бу жанрнинг ривожига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Улар яратган памфлетларда даврга мухолифатда бўлган ташқи кучлар ўткир ҳажв остига олинди. Бу даврда яратилган қатор памфлетларда фашизм ва унинг инсониятга душман бўлган ғоялари аёвсиз фош этилди. Бундай памфлетлар орасида А. Қаҳҳорнинг «Бос тепкини!» фельетон-памфлети алоҳида ажралиб туради. Бу даврда яратилган бошқа памфлетлар, юқорироқда айтганимиздек, коммунистик ғоя ва синфий-партиявий манфаатлар нуқтаи назаридан ёзилганлиги боисидан ўзида бир ёқламалик, чекланганлик хусусиятига эга бўлдилар.

Мамлакатимиз ўз миллий мустақиллигига эришгач мазкур жанрнинг янада ривожи учун кенг йўллар очилди. Халқаро терроризм, мустақиллигимизга қарши бўлган ташқи ва ички кучларнинг кирдикорлари ва бошқа ижтимоий иллатлар памфлет учун мавзу бўлиб хизмат қилиши лозим.

Юқоридаги тарихий кузатишдан кўриниб турибдики, памфлет ҳам ҳажвий публицистиканинг муҳим, долзарб ва жанговар жанри ҳисобланади. Мазкур жанр ҳам худди фельетон сингари ижтимоий кулгига асосланади ҳамда ўзида бу кулгининг энг кучли, таъсирчан воситаларидан фойдаланади. Худди фельетондаги каби памфлетда ҳам образ ва образлилик муҳим аҳамиятга эга бўлади. Памфлетда ҳам образ – муайян шахс, гуруҳ ёки табақа бўлиши мумкин. Яъни, унда шу кунги ижтимоий ҳаётда тараққиётга тўсиқ бўлаётган, душманчилик қилаётган мухолиф кучлар, уларнинг вакиллари фош этилиши лозим. Шу билан бирликда памфлет учун бирор ижтимоий муаммо, чунончи, мухолиф кучларнинг мафкураси ёхуд порахўрлик каби ижтимоий иллатлар ҳам умумлашган образ бўлиб хизмат қилиши мумкин. Памфлетда образ яратишда фельетонга қараганда муҳим ва йирикроқ фактлар, воқеалардан фойдаланилади. Ижтимоий кулгининг эса олинган мавзуга мос келувчи энг таъсирчан кўринишлари, ғазаб ва нафрат уйғотувчи турлари қўлланилади. Памфлет ҳам худди фельетон сингари турли шаклларда намоён бўлади. У, жумладан, мақола, ҳикоя, хат ва бошқа шаклларда ифода этилиши мумкин. Памфлетнинг шакли, образлари ва ундаги ижтимоий кулги турлари олинган мавзунинг тўла очиб берилиши ҳамда публицистик таъсирчанликка эришишга хизмат қилиши лозим.

Бошқа бадиий-публицистик асарлар сингари памфлетда ҳам сюжет ва композиция пухта ўйланган бўлиши, олинган мавзуни очиб бериши ва кўзланган публицистик мақсадга хизмат қилиши керак. Унинг тили ва услуби ҳам худди ана шу мақсаддан келиб чиқади. Фельетондан фарқли ўлароқ памфлетнинг тили янада ўткир, кескин ва мўлжалга аниқ бориб тегадиган бўлиши талаб этилади. Унда керакли ўринларда заҳархандали киноя, масхараомиз тасвир ва бошқалардан ҳамда муболаға, гротеск каби кучайтирувчи воситалардан фойдаланиш мумкин. Аммо бу воситалар ўз ўрнида бўлиши ҳамда қаламга олинаётган мавзунинг моҳиятини очиб ташлаш, памфлет «қаҳрамон»ларининг қиёфаси ва кирдикорларини кучли кулги остига олишга хизмат қилиши керак. «Ўзбекистон овози» газетасининг 2005 йил 9 август сонида сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматовнинг «Тўғри гапнинг тўқмоғи» сарлавҳали памфлети босилган. Унда ҳозирги замоннинг муҳим ижтимоий–сиёсий масалалари, жумладан Туркистон халқларининг ўртасига раҳна солишга уринган ташқи кучлар ва уларга хизмат қилувчи айрим сиёсатчилар ҳақида гап боради.

«Туркистон халқлари ўртасига раҳна солиш ниятида ғаламислик қилувчилар ўтмишда ҳамиша бўлганлар, улар ҳозирда ҳам бор,– деб ёзади памфлет муаллифи. – Туркистон халқларига ҳукмронлик қилиш ғояси негизида уларни бўлиб юбориш мақсади ётади. Бу ғоядан илгари коммунистлар қандай усталик билан фойдаланишган бўлишса ҳозир Ғарб худи шундай устамонлик билан фойдаланмоқда. Фақат ўртадаги фарқ шундаки, империяпарастлар ҳудудий жиҳатдан бўлиб юбориб ҳукмронлик қилишган бўлса замона зўрлари демократия ниқоби остида тазйиқ ўтказиб, ўз ҳукмини юритишни мақсад қилганлар. Одатда, бундай тазийқларга қарши қатъиятлик кўрсатадиган давлат, раҳбар ва халқ ютади. Аксинча, иродасиз, бировнинг ноғорасига ўйнайдиган раҳбар ҳам, халқ ҳам панд ейди».

Кўриниб турибдики, муаллиф шу куннинг муҳим ижтимоий–сиёсий мавзусини кузатиб, ундаги салбий ҳолатларни илғаб олган ва памфлетга хос бўлган кинояли, айрим ўринларда заҳархандали ҳажвий–публицистик таҳлил билан мазкур масалага нисбатан жамоатчилик фикрини уйғотишга эриша олган.

Хулоса қилиб айтганда, памфлет ҳажвий публицистиканинг энг аҳамиятли ва қудратли жанрларидан бири бўлиб, у умуминсонийлик, халқчиллик хусусиятларига эга бўлиши, кишилик жамиятининг ҳар хил иллатлардан халос бўлиб, олға тараққий этишига хизмат қилиши лозим.

Маълумки, ҳажвий публицистика ҳаётни акс эттиришда ва ундаги ижтимоий иллатларга қарши курашда ўзига хос восита – ижтимоий кулгидан кенг фойдаланади ва у жамият ҳаётининг барча томонларини қамраб олади. Ҳажвий публицистиканинг асосий жанрлари фельетон ва памфлет бўлиб, улар жуда муҳим ижтимоий функцияларни адо этадилар. Аммо ҳажвий публицистика мазкур жанрлар билан чекланиб қолмайди, у ҳаётни ёритишда яна бошқа жанрлардан ҳам фойдаланади. Шу пайтгача ҳажвий публицистикага оид илмий асарлар ва дарсликларда масал, пародия, эпиграмма каби жанрларни ҳам ҳажвий публицистика таркибига киради, деган фикр олға суриб келинарди. Аммо бу жанрлар ижтимоий танқид руҳига эга бўлсалар-да, уларни публицистика жанри дейиш илмий жиҳатдан тўғри бўлмайди, чунки уларнинг адабиёт жанрлари эканлиги шундоқ кўриниб турибди. Адабиётнинг юқоридаги ва ҳажвий шеър, ҳажвий ҳикоя каби жанрлари ҳам ҳажвий публицистикага яқин туради, ҳажвий матбуот саҳифаларидан жой олиб, уни тўлдириб келади. Бу – сўз санъати бўлган адабиёт билан сўз сиёсати бўлмиш публицистиканинг ўзаро муштараклигини кўрсатади. Бу фикр ҳажвий публицистиканинг жанрлари фельетон ва памфлет билан чегараланар экан-да, деган маънони билдирмайди. Яъни, ҳажвий публицистика ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борар экан ўз навбатида публицистиканинг бошқа турли жанрларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Жумладан, у публицистиканинг ахборий ва таҳлилий кўринишларига оид бўлган хабар, лавҳа, репортаж, ҳисобот, суҳбат, мақола каби жанрларидан ҳам ўз ўрнида фойдаланиши мумкин. Аммо бунда жиддий публицистикадан фарқли равишда бу жанрларда тасвир этилаётган ҳаёт фактлари, воқеа ва ҳодисалари сатира ва юмор қонуниятлари асосида, яъни ижтимоий кулги билан йўғрилган ҳолда акс эттирилиши шарт. Демак, ҳажвий публицистиканинг фельетон ва памфлетдан ташқари «кичик жанрлари» ҳам мавжуд бўлиб, булар – ҳажвий хабар, ҳажвий лавҳа, ҳажвий репортаж, ҳажвий ҳисобот, ҳажвий суҳбат, ҳажвий мақола ва бошқалардан иборатдир. Бу ҳол ҳажвий публицистикани янада тўлдиради, унинг имкониятларини кенгайтиради. Шу билан бирликда ҳажвий публицистикада халқ оғзаки ижодига мансуб бўлган латифа, мақол ва маталлар, топишмоқлар, чўпчаклар, лофлар, аския кабилардан ҳам кенг фойдаланиши мумкин. Шунингдек, ҳажвий публицистика материалларида ҳажвий кундалик, ҳажвий маълумотнома, ҳажвий мактублар, ҳажвий диалог ва бошқа шакллар ҳам қўлланилиши мумкин. Бу – «Ҳажв шакл танламайди» деган машҳур ҳикматли сўзни исботлайди ва бу ўзига хос жанрлар ва воситалар ҳажвий публицистикани янада бойитади. Юқоридаги турли кичик жанрларда ҳам ижтимоий кулгидан фойдаланиш, имкон даражасида ҳажвий образ ва образлиликка эришиш талаб этилади.

Ҳажвий публицистика шу билан бирликда санъатнинг адабиётдан бошқа турлари билан ҳам ижодий алоқада бўлади ва уларнинг ҳам имкониятларидан ўзига хос равишда фойдаланиб келади. Жумладан, у тасвирий санъатнинг жанговар, ҳозиржавоб тармоғи бўлмиш ҳажвий суратчилик – карикатурадан ҳам кенг фойдаланади. Асосий хусусияти бирор шахс, воқеа ёки ҳодисага тегишли салбий томонларини масхара қилиш мақсадида кулгили тасвир этишдан иборат бўлган карикатура ҳам ҳажвий матбуотдан жой олиб, уни тўлдиради ҳамда ҳажвий публицистиканинг ажралмас таркибий қисмига айланади. Карикатура ўз навбатида ҳажвий портрет, ҳажвий манзара, шарж – ҳазил ва бошқа ички жанрларга бўлинади. Карикатура жаҳон ҳажвий журналистикасининг ажралмас қисми сифатида у билан бир вақтда вужудга келган ва тараққий этган. Европада нашр этилган дастлабки ҳажвий нашрлардан ўрин олган карикатура асарларида ўша даврнинг энг муҳим масалалари акс этган, тараққийпарвар ҳажвчилар карикатура орқали ҳаётдаги зулм ва зўровонликка, қолоқлик ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши курашган эдилар.

Ҳажвий публицистика шу билан бирликда санъатнинг бошқа соҳаларида ҳам иш кўриши мумкин. У театр, кино, музика сингари санъат соҳаларида ҳам ўз ифодасини топиб келмоқда. Эстрада қизиқчилиги, ҳажвий киножурналлар, ҳажвий музика ва қўшиқлар шулар жумласидандир.

 1

[1] Тошкент, «Ўзбекистон», 1998, 176­бет.

 

[2]  А.Қодирий. 26-йилда кулдирувчиларимиз. Кичик асарлар. Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти. Тошкент, 1969. 184-бет.

You may also like...

1 Response

  1. Ustoz, bu ma’ruzangiz orqali ko’plab nazariy ma’lumotlarga ega bo’ldik. Ayniqsa, pamflet, ocherk, felyeton kabi janrlarni yanayam yaxshiroq tushunib oldim. Sizga rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>