Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг миллий қадриятларимизни тиклашдаги матонати

Тошкент Маданият коллежида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этдилар.

ко4 ко1 ко2 ко3

“Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг миллий қадриятларимизни тиклашдаги матонати” мавзуига бағишланган тадбирда Олмазор туман Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ва ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганини, унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоконференция алоқа тизими орқали вилоят ҳокимлари, олий ўқув юртлари ректорлари, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда фаоллари иштирок этганини, шу йил 30 январь куни мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланишини алоҳида таъкидлади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таржимаи ҳоли ва у улуғ сиймо фаолият кўрсатган давр ҳақида сўз юритар экан, жумладан шундай деди:

– Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, муқаддас динимиз, азалий анъаналаримиз қудратли СССР давлати сиёсати даражасида аёвсиз топталган собиқ мустабид тузум даврида бу ҳақда очиқ-ошкора гапириш – энг катта маънавий жасорат эди. Мустамлакачилик, мустабид тузум энг аввало миллий қадриятларимизга тажовуз қилгани ҳақида кўп мақолаларда, илмий-оммабоп китоблар, бадиий асарларда армон билан ёритилган. Қачонлардир Ўзбекистон мустақилликка эришса, биринчи галда ана шу бебаҳо миллий қадриятлар тикланса керак, деган умидлар ҳам одамлар кўнглининг туб-тубида эди. Бу ҳақда очиқ-ойдин гапириш – давлат сиёсатига қарши иш қилиш деб қаралар ва бундай кишилар шафқатсиз жазога тортилар эди… Ҳар лаҳзада даҳшат солиб турадиган “қизил тузум” даврида бу ҳақда юрак ютиб гапирадиган мард топилиши амри маҳол эди… Баъзи бадиий асар ва бошқа китоблардаги миллий анъаналарга қилинадиган имо-ишоралар давр сиёсати олдида урвоқ ҳам бўла олмай қоларди…

Ана шундай мураккаб ва қалтис замонда Ўзбекистонда туб бурилишлар даври бошланди. 1989 йил 24 июнь куни Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов илк бора республика минбаридан ўзбек тилида маъруза қилди!

Бу том маънода миллий истиқлол сари илк ва дадил қадам эди!

Маъруза сарлавҳасиданоқ унинг замирида истиқлол руҳи акс этганини англаш мумкин: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”. Бу – миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, она тилимиз, муқаддас динимизни аёвсиз топтаган мустабид тузум эскирди, энди бундай шароитда яшай олмаймиз, деган улуғ мақсадлар ифодаси эди!

Республика етакчисининг маърузаси замирида ўша даврдаги жуда кўп муаммолар ва уларнинг ечимини ҳал этиш асносида миллатимизнинг азалий анъаналари ҳамда уларни тиклаш учун ҳам маънавий йўл очилаётганини ҳис этиш мумкин эди.

Азалий анъаналаримиз бу қадар топталишига шўро даврида бошқа минтақалардан жўнатилган баъзи кадрларнинг ўзбошимчалик билан амалга оширган ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари ҳам сабаб бўлганди. Ўзбекистон Компартиясининг 1990 йил 4 июнь куни бўлиб ўтган XXII съездида Ислом Каримов “Ўтмишдан сабоқ чиқариб, келажакка ишонч билан” сарлавҳали маърузасида бу мудҳиш ҳолат юзасидан шундай деган эди:

“Халқнинг жуда бой тарихи ва маданиятини, ўлканинг ўзига хос ноёб хусусиятларини билмаган ва билишни ҳам истамаган бу одамлар республика ҳаётини босиб-янчиб, қинғир ўзанга солишга киришдилар.

Халқнинг кўп асрлик анъаналари, маданияти, урф-одатлари ва маънавий қадриятларини менсимаслик элни жуда ранжитди.

Айрим маҳаллий раҳбарлар ҳам амал пиллапоясидан кўтарилишга ҳаракат қилиб, ўзларини аждодларини унутган манқуртлар деб шоша-пиша эълон қилдилар. Халқнинг урф-одатлари, анъаналари, маданияти обдан оёқ ости қилинди, она тилининг қўлланиш соҳаси сунъий тарзда чеклаб қўйилди. Ҳатто, шундоқ ҳам миллий анъаналардан анча олисда бўлган айрим санъат турлари ҳам кимларгадир мақбул бўлмай қолди ва уларни янгилашга уриндилар. Ҳатто миллий либос ҳам қораланди.

Кези келганда одамлар миллий анъаналар бўйича тўй қилиш, қариндош-уруғларни дафн этишга ҳам чўчиб қолган эдилар.

Буни байналмилалчилик шиорлари билан ниқоблашга беўхшов уринишларининг чинакам байналмилалчиликка мутлақо алоқаси йўқ эди. Республика ҳудудида ўзбек тилининг давлат тили сифатида эътироф этилиши тўғрисидаги қонун, даставвал қай йўсинда тайёрланганини эслаб ўтиш кифоя. Худди шу йўсинда икки тиллик ҳақидаги қонун лойиҳасини ўтказиш учун анча ҳаракатлар қилинди.

Одамлар, ҳатто бир умр қишлоқда яшаб, она тилида сўзлаб келган, тил боисидан сира қийинчиликка учрамаган кишилар ҳам бу лойиҳани қабул қилмади.

Такрор айтаманки, бу ишларнинг ҳаммаси амалга интилган, «об-ҳаво»га қараб иш юритган кишиларнинг қилмиши эди. Аммо қилғилиқни қилиб қўйган ана шу арбоблар энг асосий нарсани – халқни унутиб қўйишди. Халқ эса ҳеч қачон миллий ўзига хослик йўқолиб кетишига рози бўлмайди”.

Собиқ шўро мафкураси чуқур илдиз отган сиёсий муҳитда фаолиятини бошлаган биринчи раҳбаримизнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир чиқишида ўз халқининг тарихи ва маданиятига, ўз она заминига, миллий қадриятларига, азалий анъаналарига улкан мухаббат туйғуси ёрқин сезилиб туради.

Ўзбек халқининг тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналари, миллий қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мустабид тузум даврида тақиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, динга ҳурмат билан муносабатда бўлишни қарор топтириш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа азиз-авлиёларимиз, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур сингари улуғ аждодларимиз хотирасига нисбатан тарихий адолатни тиклаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, қарор ва фармонлари Ислом Каримовнинг қанчалик миллатпарвар, маънавий жасоратли инсон эканлигини кўрсатади.

Республикамиз раҳбари коммунистик мафкура ҳукмрон бўлган мураккаб даврда бутун жамиятимиз маънавий муҳитига таъсир қиладиган бу ўта нозик ишга ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан киришган эди. Бу ишни аввало шунга лаёқатли миллий кадрларни жалб этишдан бошлаганини 1989 йил 19 август куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пленумида сўзланган “Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур” сарлавҳали нутқида ҳам ўз ифодасини топган.

“Республикадаги вазиятни, урф-одатларни ва халқ анъаналарини яхши биладиган ёш, истиқболли маҳаллий кадрларни лавозимларга кўтаришни тўғри изга солиш ғоят муҳимдир,– деб таъкидлади Ислом Каримов.– Бундай кадрларни кенг кўламда, истиқболни кўзлаб тайёрлаш керак. Айни вақтда кадрлар давомийлигини таъминлаш, фаол раҳбарлар рўйхатидан адолатсиз равишда ўчирилган кишиларни ва бугунги кунда аҳоли орасида обрў-эътибор ва ҳурмат қозонган кишиларни фаол ишга қайтариш даркор. Мана шу ишончнинг ўзи уларнинг руҳини кўтаради ва аминманки, улар ўзларига қайтарилган ишончни оқлаш учун янада зўр ғайрат билан, ҳеч нарсадан чўчимай, виждонан меҳнат қиладилар”.

Ваҳоланки, ўша даврда Ўзбекистонда кадрлар масаласи асосан иттифоқ маркази ҳисобланган Москвада ҳал этиларди. У ердан юбориладиган ёки Ўзбекистондан бориб “чиғириқ”дан ўтган кадрлар комфирқанинг бизнинг миллийлигимиздан йироқ бўлган ғайришуурий ғояларига, ўша даврда урф бўла бошлаган “совет турмуш тарзи”га хизмат қиладиган бўлиши лозим эди.

Собиқ мустабид тузум даврида республикамиз раҳбарлари асосан рус тилида нутқ сўзлаши талаб этиларди. Ҳозирги катта ёшга мансуб авлодлар республикага узоқ йиллар раҳбарлик қилган ўзбек ёзувчиси ва публицисти Шароф Рашидовнинг асосан русча нутқларини эшитиб улғайганини эслаб юришади.

1989 йил 23 июнь куни ўз фаолиятини она тилимизда бошлаган Ислом Каримов кўп ўтмай – 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинишида ҳам бош-қош бўлди. Бундай қонун қабул қилиниши ўша даврда иттифоқнинг руслаштириш сиёсатига қарши сиёсий курашнинг ўзига хос ифодаси эди!

Бу нозик масалада ўта сиёсий ҳушёрлик ва вазминлик билан иш юритган Ислом Каримов 1989 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ўн биринчи сессиясида сўзланган “Тил элни бирлаштириши лозим” сарлавҳали нутқида шундай жумлаларни ўқиш инсонни маънавий камолотга чорлайди:

“Ўзбек халқининг яхши ҳикматлари борки, қайси оилада бир кун жанжал бўлса, қирқ кун баракаси қочади, дейилади. Тўғри эмасми? Мана, қаранг, менимча, кейинги йилларда биздан барака қоча бошладики, бу баракани энди қачон оилаларимизга киритамиз?”

“…ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади”.

“…агар рус миллатига мансуб киши ўзбек тилини билса, ўзбек эса рус тилини билса, бунинг устига ҳозирги ёшларимиз яна учинчи тилни ҳам билсалар, нур устига аъло нур бўлмасмиди?”

Шунингдек, “Илм-фан имкониятларидан тўлароқ фойдаланайлик” сарлавҳали нутқида баён этилган қуйидаги фикрларга эътибор беринг:

“Аввало, ўзбек тилининг софлиги ва сўз бойлиги масаласи бор. Бу ўринда гап ўзбек тилининг бундан буёнги тараққиётига оид илмий ечимлар ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, айниқса, техника билан боғлиқ ихтисослар бўйича атама луғатлари ва замонавий дарсликлар, ўқув қўлланмаларининг йўқлиги халқ хўжалиги учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлашга муайян даражада халал бермоқда.

Биз ўзбек тилини ўқитишнинг энг янги, самарали методикасини тайёрлаш, давлат тилини жадал ўрганишнинг курсларини ишлаб чиқишда тилшунос олимларнинг мададига эҳтиёж сезиб турибмиз. Халқнинг кўп асрлик маданиятини ўрганиш учун дастур бўладиган эски ўзбек ёзувини ўрганиш муаммоси ҳам кун тартибида турибди”.

Бу бетакрор фикрлар бугун учун ҳам ғоят қадрли, бинобарин, келгусида ҳам у ҳеч қачон ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаслигига аминмиз.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ҳақиқатан ҳам шиддатли бир давр эди. Қўрқинчли аждарҳо талвасага тушаётгандек етмиш йил одамларни абгор қилган мустабид тузум ҳам жон таслим қила бошлаётгани сезилиб турарди. Шундай паллада миллатимиз, халқимизнинг азалий миллий қадриятларини тиклаш ҳамда уларга маънан таянган ҳолда иш кўриш учун раҳбарда шунга яраша билим, матонат, журъат ва фидойилик керак эди. Ана шу фазилатлари билан эл меҳрини қозонаётган Ислом Каримов Тошкентда СССР, Ўзбекистон ССР, маҳаллий советларнинг халқ депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида 1990 йил 24 февраль куни бўлиб ўтган кенгашда сўзланган “Одамлар биздан амалий ишлар, аниқ натижаларни кутмоқда” сарлавҳали маърузасида ўзининг бу борадаги позициясини яна бир бора намоён этиб, бошқа мутасаддиларни ҳам ана шундай миллатпарварликка даъват этганди.

“Миллатлараро муносабатларни ривожлантиришда биз ўз халқига ҳурмат билан бир қаторда бошқа миллат ва халқларга нисбатан ҳам чуқур ҳурмат-эътибор, яхши қўшничилик ва уларнинг ҳам миллий ғурурлари борлигини ҳисобга олиб, ҳаракат қилишимиз керак. Миллий анъаналар халқнинг энг нозик, энг ҳурматталаб фазилатларидир,– деб таъкидлаган эди республика раҳбари.– Афсуски, четдан келган баъзи бир одамлар ана шy нарса билан ҳисоблашмаган пайтлар бўлди. Ҳатто ўзимиздан чиққан айрим раҳбарлар Наврўз байрамига, миллий кийим-кечакка қарши чиқди. Шу даражага бориб етдикки, қариндошини кўмиш маросимида қатнашишга ҳам эскилик сарқити, деб қаралди, бундай одамларга, айниқса, раҳбарларга нисбатан тазйиқ ўтказилди. Диндорлар билан мулоқотда бўлиш, улар билан бамаслаҳат иш юритиш масалаларини қўяверинг. Хуллас, бўлганича бўлди. Шунинг учун бугун бу ишларни қаттиқ қоралашимизни, халқ анъаналарига, унинг меросига, одамларнинг диний эътиқодларига қатъий ҳурмат ва эътибор билан қараш кераклигини яна бир бор уқтириб ўтмоқчиман”.

Давлат раҳбари ўша кенгашда депутатлар, турли лавозимдаги масъул шахсларга қарата ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги Қонунни ҳаётга тўла татбиқ қилишдаги сусткашликни кескин танқид қилар экан, аниқ мисолларга мурожаат қилади:

“Оддий мисол: кўчаларимиз, ҳар хил идоралар, савдо тармоқлари, хуллас, ҳамма жойда кўзга ташланиб турадиган ёзувларимизни олайлик. Юз фоиз маҳаллий аҳоли яшаётган жойларда ҳали ҳам бу ёзувлар русча эканлигига нима дейиш мумкин? Ёки бунга ҳам юқоридан буйруқ бериб мажбур қиляптими? Ахир, бу кулгили ҳол-ку. Лекин бу кулгининг таги зил. Чунки бу маҳаллий аҳолининг миллий ғурури билан ҳисоблашмаслик демакдир. Натижада халқда норозилик туғилиши табиий. Тил ҳақидаги Қонунни изчиллик ва зудлик билан амалга ошириш ҳам депутатларнинг муҳим ишларидан биридир. Хуллас, ўртоқлар, ҳаммамиз миллий-маданий масалаларни ҳал этишга кўпроқ эътибор беришимиз лозим”.

Миллий ва азалий анъаналар бир-икки кишининг саъй-ҳаракати билан бир томонга ўзгариб қолмайди. Собиқ мустабид тузум мафкурасининг ўткир “тиғ”лари халқимизни миллий ўзлигидан жудо қилишга ва қандайдир “янги совет кишиси”га айлантиришга ҳам қаратилганди. Бунинг учун мафкура ва таълим-тарбия асосан шунга қаратилганди. Ўзбекона урф-одатлар ва миллий анъаналаримизни “эскилик сарқити” деб талқин қилиш, мактабда дарсларда, матбуотда ора чаплаш кенг тус олганди. Мактабда ҳатто оналар алласини ҳам ерпарчин қилиб, “алла” сўзи “Аллоҳ”дан олинган. Аллоҳ эса йўқ нарса, унга ишонганларнинг онги паст бўлади, деган гаплар бот-бот такрорланаверарди. Айниқса, мактабда ёш авлод қулоғига қуйилаверадиган бундай “тарбия”лар йиллар мобайнида ўз аксини кўрсатмасдан қолмасди. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида, айниқса, саксонинчи йилларда камолот ёшига етганларнинг онги ана шундай ғайришуурий ғоялар таъсирида ҳам шаклланганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Худога ишонмай қўйган кимсани бу илоҳга ишонтиришнинг ўзи бўлмайди. Аллани “сарқит” деб улғайган ёш она пайти келиб чақалоғига алла айтишга тили бормай қолади… Туғилганида қулоғига алла кирмаган болакай қанақа дунёқараш билан уйлғайганини ҳам кўплаб оилалар мисолида кўрдик. Бола онгини азалий анъаналарга асосланган миллий тарбиямиз, аввало она алласи заби этмаса, уни аста-секин бошқа ғоялар зарпечакдек қамраб олиши мумкинлигини ҳам ҳаёт аллақачон исботлаган.

Миллатимизни ана шундай зарарли иллатлар, маънавиятсизлик ботқоғи ва турфа тубанликликлардан халос этиш учун азалий миллий анъаналарни тиклаш шарт эди. Бу борада Ислом Каримов 1989 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар академиясида бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган “Илм-фан имкониятларидан тўлароқ фойдаланайлик” сарлавҳали нутқида шундай деган эди:

“Биз халқнинг миллий ўзлигини англаш жараёни ниҳоятда жўшқин равишда кучайиб бораётганлигининг гувоҳимиз. Умуман бу, шубҳасиз, ижобий жараёндир, лекин ана шу жараён билан бир вақтда салбий ҳодисалар ҳам юз бермоқда. Биз буни ҳам кўриб турибмиз. Миллий ўзликни англашда бузилишларга олиб келаётган сабабларни, омилларни аниқлаб олишимиз, ана шу жараёнларга ижобий таъсир ўтказиш йўлларини белгилашимиз, миллийлик ва байналмилаллик уйғун бўлишига эришишимиз керак.

Жумладан, биз тарихий халқ анъаналари, урф-одатлари ва маросимлари асосида одамлар онгини шакллантириш омилларини кучайтиришимиз зарур. Яширишга ҳожат йўқ, биз шубҳали шиорларга берилиб, маънавий маданиятимизни озиқлантириб турган илдизларни қирқиб ташлашга ўнлаб йилларни сарфладик. Ҳозир бунинг оқибатларини сезиб турибмиз. Маданият манбаларига қайтиш ғоят қийин кечмоқда, одамларнинг бу жараёнга муносабати ўткир бўлмоқда”.

Азалий анъаналаримиз – урф-одатларимиз, миллий байрамлар ва бошқа қадриятларимиз билан боғлиқ маънавий бойликларимиздир. Мустабид тузум даврида давлат сиёсати даражадасидаги хатти-ҳаракатлар билан йўқотилган бу анъаналарни қайта тиклаш учун яна худди шундай куч керак эди. Ислом Каримовнинг матонатли ишларидан яни бири – Наврўз байрамини тиклашда бош-қош бўлди.

“Биз яқинда бўлажак Наврўз байрамини анъанавий байрам сифатида нишонлаш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдик. Ҳар жиҳатдан диққат-эътибор билан муҳокама қилдик, «қош қўяман деб, кўз чиқарилган», ўзбошимчалик билан зарарли, халққа бегона қарорлар қабул қилинган, анъаналаримиз, урф-одатларимизнинг асрий негизлари оёқ ости қилинган ўтмиш давр сабоқларини ҳисобга олдик,– деди 1990 йил 20 январь куни Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида сўзлаган “Тошкентни юксак тараққиёт ва маданият шаҳрига айлантиришимиз керак” сарлавҳали нутқида.– Аввало, одамларнинг, бутун халқимизнинг кўпдан-кўп истак ва талабларини ҳисобга олиб, биз бу йил Наврўзни янгичасига, катта умумхалқ байрами сифатида тантана билан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилдик”.

Дарҳақиқат, Биринчи Президентимизнинг 1991 иил 12 февралда қабул қилинган “Республикада наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш хақида”ги Фармони азалий анъаналаримизни тиклашда муҳим қадам бўлди. Фармон аввалида, “Республикада инсоний қадриятларни янада камол топтириш, ўз-ўзига ишонч руҳи ва миллий ғурурни мустаҳкамлаш, дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқатни улуғлаш, маданий ва тарихий анъаналарни давом эттириш ҳамда ривожлантириш, асрлар давомида шаклланган урф-одатлар ва удумларни эъзозлаш” масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур Фармонга биноан ҳар йили 21 март умумхалқ байрами – дам олиш куни, деб эълон қилинди. Ўшандан буён жонажон юртимизда бу байрамга шаҳар-у қишлоқларда, маҳалла-ю турли жамоаларида кенг миқёсда ҳозирлик кўриш ва уни ўтказиш асносида азалий анъаналаримиз қанчалик қадр топиб, маънавий оламимизни бойитаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Азалий анъаналар ҳақида сўз кетганда Ислом Каримовнинг ўша нутқида баён этилган қуйидаги сўзлари замирида унинг мазмун-моҳиятига берилган таъриф ҳам ўз аксини топгандек:

“Яхши қўшничилик, иззат-икром, ўзаро ёрдам халқимизнинг жуда муқаддас анъаналаридан биридир. Муқаддас сўзини тилга олиб турганимиз маъқул. Биз ҳозир маҳалла ҳаётида, маҳалла жамоатчилигининг, гарчи баъзан кўзга чалинмаса-да, аммо қунт билан қилаётган жуда зарур ва муҳим фаолиятда тўла мужассам бўлаётган халқ анъаналарини асрашимиз ва кўпайтиришимиз керак.

Маҳалла аҳли ўз даҳалари ва районларини обод қилиб, муштарак эҳтиёжлар учун одамларни жипслаштириб, шодлик кунларида ҳам, ғам-ғуссада ҳам бир-бирига мадад беришдек анъаналарни қўллаб-қувватлаб, оиладаги жанжаллар ва бошқа можароларни бартараф этиб, ёшларни катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаб, миллий ва умуминсоний қадриятларни маънавий, руҳий жиҳатдан асраб-авайлашдек жуда муҳим ишни кўз-кўз қилмай, аммо кун сайин қунт ва чидам билан амалга оширмоқда. Барча оқсоқолларимизга, маҳаллаларнинг фаолларига катта раҳмат, ҳимматлари учун таъзим бажо этамиз. Улар она шаҳримизни яна обод ва кўркам қилишдек ишда фаол қатнашишларига аминмиз”.

Мустақиллиги чорак асрдан ошган жонажон Ўзбекистонимизда истаган эзгу ишларимизни амалга оширишимиз учун чексиз имкониятлар мавжуд. Бугун миллий қадриятларимиз, азалий анъаналаримиз ҳақида хоҳлаганча сўз юритишимиз, бу борада қалбимиз буюрганини қилишимиз мумкин. Биринчи Президентимизнинг энг катта маънавий жасорати – ана шу улуғвор ишларни собиқ мустабид тузум исканжасида туриб мардона оширгани эди!

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 4 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари IX сессиясидаги “Ўзбекистон дунё харитасида ўзига муносиб жой олди” сарлавҳали маърузасида таъкидлаган қуйидаги оташин сўзларга эътибор беринг:

“Биринчи. Маънавий ҳаётимизда уйғониш юз берди. Тарихни тикладик. Она тилимизни англадик. Улуғ боболаримиз руҳини шод этдик. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир сингари халқ жигарбандларининг номи, иззат-икроми, ҳурмати ўз жойига қўйилди.

Удумларимиз, қадриятларимизга қайтдик. Юртимизга Наврўз кириб келди. Рамазон, Қурбон ҳайитларига етдик.

Динга муносабатимиз ўзгарди. Ўртадаги тушунмовчилик, қарама-қаршилик йўқолди. Бунинг ўрнига ҳамкорлик, ҳамжиҳатликка ўтдик.

Ошкоралик, демократия йўлида биринчи, лекин дадил қадамлар қўйдик.

Бир сўз билан айтганда, ўзлигимизни англадик. Аниқроқ қилиб айтсам, ўзлигимизга қайтдик. Халқимизда миллий ғурур учун белни боғлаб, дўппини дол қўйиб юриш учун замин яратдик.

Иккинчи. Сиёсий йўлда бурилиш бўлди. Неча йиллик орзу-умидларимиз рўёбга чикди. Мана шу ерда сизлар билан Мустақиллик декларациясини қабул қилдик. Кейин Мустақиллик қонунини эълон этдик. Ўшанда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ифода қилинганини 29 декабрда ўтказилган референдум исботлаб берди.

Мустақиллик бизга нима беришини билардик. Ўз тақдиримиз, фарзандларимиз келажагини ўзимиз ҳал этиш имконига эга бўлдик. Ўз еримиз, бойликларимизга соҳиблик қила бошладик. Қисқа вақт ичида мустақилликнинг неъматларини татиб кўрдик.

Мустақиллик туфайли дунёга, жаҳонга чиқдик. Қарийб юз йилдан бери ёпиб қўйилган чегаралар очилди, ватандошларимиз билан юз кўришдик.

Қисқа қилиб айтганда, жаҳон жамоаси Ўзбекистонни, бизнинг Ватанимизни қучоқ очиб қабул қилди.

Дунё харитасида энди катта ҳарфлар билан «ЎЗБЕКИСТОН» деб ёзиб қўйиладиган бўлди”.

Мустақиллик – улуғ неъмат! Истиқлол байроғини баланд кўтарган она Ватандагина ўзликни англаш мумкин. Бундай юртда инсоний, миллий қадриятлар, азалий анъаналар қадр топади! Она табиат ато этган ероси ва ер усти бойликларига эгалик ҳуқуқини ҳам фақат мустақиллик ато эта олади! Ана шундай беқиёс бахтга эришган Ўзбекистонимизда азалий анъаналаримиз аллақачон ҳаёт воқелигига айланиб кетганидан бахтиёрмиз.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мустақиллик йилларида бу борада амалга оширган ишлари беқиёс. Буни биргина “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида битилган мавзулар мисолида ҳам ўқишимиз мумкин.

Биз Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар кўрсатган жасорати-ю матонати ҳақида сўз юритдик, холос.

Зеро, ўша суронли йилларда қўйилган пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлганини йиллар мобайнида – ўз ҳаётимизда кўриб турибмиз. Озод ва обод Ватан ана шу азалий анъанларимиз, миллий қадриятларимиз билан нақадар файзли эканидан халқимиз жуда бахтиёрдир.

Маъруза юзасидан коллеж “Ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик” бўлими бошлиғи Феруза Ҳасанова, аълочи ўқувчилардан Шаҳодат Раҳимова, Жаҳонгир Акбаров, Нигина Саидова, Комрон Турғунов, Лобар Исмоиловалар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 Азиза УСМОНОВА,

Тадқиқотчи журналист

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>