Бобур зиёси

ЎзМУ талабаси ижодидан

ж1

Ўзбек мумтоз шеърияти ўз жозибаси билан асрлар оша ижод ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олиб келган. Унда кўплаб сиймолар  ҳавас қилгулик даражада қалам тебратганлар. Ана шундай зотлардан бири шоҳ ва  шоир Захириддин Муҳаммад Бобур.

Бобур беназир адиб, олим, шоир ҳамда моҳир саркарда сифатида тарихда ўз ўрнига эга. У Ўрта Осиёдаги икки машҳур сулола авлоди эди, яъни Бобур ота томондан темурийлар, она томондан эса Чингизларга мансуб бўлган. Отаси Умаршайх Мирзо бевақт ўлими сабаб тахтга ўтирган ёш Бобур мураккаб ва зиддиятларга тўла ҳаёт кечирди. Ўз юртини тарк этиши, янги эллардаги машаққатли турмуш шоир лирикасига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма, ондин яхшилиғ!

Гар замонни найф қилсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ!

Қийинчиликларга қарамай унинг ижоди билан танишар эканмиз, Бобур лирик қаҳрамони ҳаётни севишини, унинг ҳар бир онини ғанимат деб билганига амин бўламиз. Балки, шу сабабдан у ҳеч дам изланишдан, интилишдан тўхтамади. Фарзандлари, келгуси авлодларига ўзидан маънавий мерос қолиши учун ижод қилди.

Ғофил ўлма давлатта, ўзни солма меҳнатда,

Тангри берур албатта, давлат иста, ҳиммат тут!

Ҳақиқий маънодаги асар яратилиши учун ижодкор унга бор дарди, меҳру-муҳаббатини бағишлайди. Қофиядош сўзларнинг ўзи билан мукаммал шеър яратиб бўлмаганидек, умуминсоний ғоялар билан йўғрилмаган асар ҳам шуҳрат қозонмайди. Бу ўринда Бобур рубоийлари айниқса, аҳамиятлидир.

Кин ёр анга илм, толиби илм керак,

Ўргангали илм толиби илм керак,

Мен толиби илму толиби илме йўқ

Мен бормен илм толиби илм керак.

Юқоридаги рубоийнинг ҳар бир мисрасини қисқача таҳлил қилиб ўтадиган бўлсак, аввало унинг биринчи мисрасида икки хил маъно англашилади. Дастлабки маъно кимки илмга қизиқса, унинг учун илмий муҳит кераклиги, кейинги маънода эса Аллоҳга илм орқали етишиш назарда тутилади. Иккинчи мисрада илмни эгаллаш учун устоз зарурлиги айтиб ўтилса, 3-мисрада Бобур ўз қисматидан нолиб, камтарлик билан илм олишга уқуви йўқлигидан шикоят қилади. Рубоийнинг якуний мисраси  шоир кайфиятида умиддан дарак беради, яъни ўзи севган илмий муҳитни ахтаришга, ҳаёт илмларини ўргатувчи устоз топишга интилишини айтиб ўтади.

Кўҳна Шарқ адабиётида насрда қалам тебратиш фавқулотда ҳодиса эди. Асарлар асосан, назмда яратилган. “Бобурнома” асари билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур насрнинг имкониятларини юксакликка кўтарди. Ундаги  воқеалар баёни аниқ ва лўнда, таъсирчан, муҳими тарихга мувофиқлиги билан эътиборлидир. “Бобурнома” бадиий ҳамда илмий асар. Бадиийлиги шундаки, унда нима ҳақида сўз юритилса, Бобур бадиий ифодалардан фойдаланган ҳамда уларни илмий жиҳатдан асосланган.

“…Рубъи маскунда Самарқанча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдиндур… Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар. Ҳеч йоғий қаҳр ва ғалаба ила мунга даст топмағон учун балдайи маҳфуза дерлар”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимиз номини дунёга танитган шахслардан бири бўлди. Ундан қолган йирик ижодий мерос эса ўзбек ҳамда ҳинд халқларининг эзгу орзу-ўйлари, муштарак мақсадларини ўзида мужассам этган. Бу бебаҳо бойликларни асраш, ўрганиш, келгуси авлодларга ҳам борича етказиш барчамиз учун фарздир.

 Хумора ПЎЛАТОВА,

ЎзМУ Журналистика факультети талабаси

You may also like...

2 Responses

  1. «Bobur dilbar shaxs» degan edi Javoharla’l Neru. Ajdodimiz bizga yuksak inson namunasi sanaladi.

  2. Sezarga qaraganda ko’proq sevishga arzigulik shaxs deya tariflangan Z.M. Bobur, o’zining nasri va nazmi bilan badiiy ijod ahliga yo’lchi yulduz vazifasini o’taydi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>