Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 


Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди.

Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.

Атоқли адиб ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунасидир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолият кўрсатмоқда.

Ўзининг ноёб истеъдоди ва жўшқин ижтимоий фаолияти билан халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни, адабий-маданий алоқаларимизни ривожлантириш ишига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 90 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакилларининг буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ушбу чора-тадбирлар режасида:

“Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш;

Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш;

Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюстини ўрнатиш;

Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;

2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.Мирзиёев 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 2 апрель

http://uza.uz/oz/documents/buyuk-adib-va-zhamoat-arbobi-chingiz-aytmatov-tavalludining—02-04-2018

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>