Буюк адиб ижодида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси

Буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Абдулла Қодирий ижодида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси” мавзуида адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Унда ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, тарихчи олим Аброр Хидиров, “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Ўзбекистон тарихчилар жамияти раиси, профессор Бахтиёр Ҳасанов, Миллий гвардия ҳарбий-техник институти доценти Тўлқин Сайдалиев, улуғ адибнинг набираси Хондамир Қодирий ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий ижодининг улкан аҳамиятини инобатга олиб, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, аждодларимизнинг маънавий мероси билан фахрланиш ва ифтихор туйғуларини юксалтириш ҳамда ёзувчи таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори моҳиятан талаба-ёшларнинг маънан камол топишида қанчалик муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

а1 а2 а3

Адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган маърузаларда унинг ибратли ҳаёт йўли ва бетакрор ижоди ҳақида мухтасар фикрлар юритилди. Маълумки, ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирган Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг илк ижоди 1913-1914 йилларда шеърлар ёзишдан бошланган ва «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй» (1914-1915) каби шеърлари «Оина» жаридасида ёритиган. У ўз миллатини маърифатга чақиради, маърифатпарвар шоир ва адиб сифатида майдонга чиқади. «Бахтсиз куёв» (1915) фожеаси, «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ҳам ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб, Журналистлар институтида таҳсил олди ва Тошкентга қайтиб «Муштум» журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг «Тошпўлат тажанг нима дейди?» ва «Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан» туркумидаги сатирик ҳикоялари ана шу журналда чоп этилди.

Истеъдодли адиб 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди ва 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошланди. 1925-1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб» бўлиб нашр этилди.

1928 йил ёзувчининг иккинчи тарихий романи «Меҳробдан чаён» нашрдан чиқди. 1934 йилга келиб Абдулла Қодирий қишлоқ хўжалиги мавзуига бағишланган «Обид кетмон» қиссасини яратди. Ундан ташқари у Гоголнинг «Уйланиш», Чеховнинг «Олчазор» ва бошқа ғарб ёзувчиларининг сатирик ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди.

1934 йилда бўлиб ўтган Москвадаги Бутуниттифоқ Ёзувчиларининг биринчи қурултойида қатнашган Абдулла Қодирийнинг орзулари оламча эди. У «Амир Умархоннинг канизи», «Намоз ўғри», «Даҳшат» каби романлар яратиш орзусида бўлгани ҳақида ўз хотираларида баён этган. Аммо қатағон қурбонига айланган адибнинг бу орзулари армонга айланиб қолди…

Табиатан камтар адиб хотиралари унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги энг имшончли манба ҳисобланади. «Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада … туғилғонман,– деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида.– Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейин вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабга юборди… 1912 йилда манфактур била савдо қилувчи бир кишига йилига 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим…

Шу миёналардан бозор воситаси билан татарлардан чиқадирғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим. 1913 йилда ўзбекча «Садои Туркистон», «Самарқанд», «Оина» газеталари чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди. 1913 йилда чиққан «Падаркуш» таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 йилда). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан «Жувонбоз» отлиқ ҳикоячани ёзиб ношир топилмағонидан, ўзим нашр қилиб юбордим. Николай тахтдан йиқилғондан кейин оддий халқ милитсиясига кўнгилли бўлиб ёзилдим…

1918 йил бошларида эски шаҳар озиқ комитети бойлар қўлидан олиниб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайин қилинғон эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблигига кирдим. 1919 йилнинг аввалларида озиқ комитетининг исмидан чиқарилмоқчи бўлғон «Озиқ ишлари» газетасига муҳаррир бўлиб тайинландим…

Шу кунгача Шўро идораларида қилгон хизматларимни бирма-бир санаб ўлтиришим узоққа чўзиладурғон бўлғонликдин мундан кейин муассаса исмларинигина аташ билан кифояланаман: «Рўсто» деворий газетасига мухбир бўлиб, «Иштирокиюн» ва «Қизил байроқ» газеталарида сотрудник… «Муштум» журналининг муанниси ва таҳририят аъзоси бўлиб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Шу ўтган етти йил орасида Шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбеҳ олмадим. Хулоса – бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…»

Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрида қамоққа олинди. «Менга қўйилган айбларни бошдан оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсалар, кўкрагимни кериб тураман…»

Мустабид тузум миллат фидойисига асло шафқат қилмади. 1938 йил 4 октябрь куни буюк ўзбек адиби шафқатсизларча Тошкентда отилди…

Абдулла Қодирий асарлари 1956 йилдан бошлаб янгидан нашр этила борди. 1990 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Фармони билан Абдулла Қодирий номидаги республика Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йилда Абдулла Қодирийга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. Мамлакатимизда 1994 йилда таъсис этилган “Мустақиллик” ордени биринчи бўлиб буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийга берилгани замирида оламча маъно мужассам.

Ҳар бир давр мафкурасига яраша одамлар фикрлаши, ўз дунёқараши бўлади. Ўтган асрнинг биринчи чорагида яратилган асарларнинг мухлислари билан бугунги давр китобхонлари орасида қанчалик улкан фарқ борлигини қиёсий таҳлил қилиш ғоят мушкул. Узоққа бормайлик, биз тенггилар ўтган асрнинг 70-80 йилларида мактабда ўқиган эдик. Ўша даврнинг ҳавоси, суви ва ҳатто нон-тузлари ҳам бошқача эди наздимизда. Демоқчиманки, биз ўша давр билан 1990, 2000, 2010 ва яқинлашиб келаётган 2020 йиллар сиёсатини ҳам, тараққиёт босқичларига яраша мафкурасини ҳам қиёсий таҳлил эта оламиз. Энг муҳими, шунга яраша одамлар онги ва дунёқарашидаги ўзгаришлар, тафаккурдаги эврилишларгача холис баҳолашимиз мумкин. Яширишга ҳожат йўқ, ўтган асрда собиқ мустабид тузум мафкурасигагина хизмат қиладиган кўплаб «асар»лар ўз-ўзидан чиппакка чиқиб кетди… Уларни энди эслашнинг ўзи кулгили ё ғалати туюлиши бор гап.

Олий ҳакам саналмиш – Вақт синовларидан асл ҳолича ўтиб келаётган асарлар эса ҳамон маънавиятимиз осмонида мангу нур таратмоқда. Улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи қарийб бир аср аввал китобхонлар қалбини қандоқ забт этган бўлса, у бугунги мухлислари учун ҳам шундоқ эъзозлидир. Мазкур романнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ҳақида турли даврларда кўплаб мақола, рисола ва китоблар ёзилган. Адиб ҳаёти ва ижоди мактаб дарсликларидан муносиб ўрин олган.

«Ўткан кунлар» романи ҳар бир давр авлодлари учун бирдек қадрли эканлигини академик Наим Каримовнинг қуйидаги битикларидан ҳам англаш мумкин: “Абдулла Қодирий ўз романи билан келажакда ҳам такрорланиши мумкин бўлган хунрезликларга чек қўйиш, бу жаҳолат дарахтининг заҳарли илдизига болта уриш лозимлигини ҳам айтмоқчи бўлган. Юсуфбек ҳожининг: “Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ, яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар…” деган сўзларидан адибнинг келажакда ҳам огоҳ бўлиб яшаш ҳақидаги ўтинчи замзама қилиб турибди”. Бундан шундай хулоса келиб чиқади: бугунги глобаллашув даврида ва дунёнинг турли бурчакларида таҳликали воқеалар содир бўлиб турган бир пайтда ён-атрофимизга бефарқ, лоқайд қараб бўлмайди. Она Ватанимиз, муқаддас миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш учун кураш ҳар қачонгидан долзарброқ аҳамият касб этмоқда. Шундай экан, бугунги авлод «Ўткан кунлар»ни қунт билан ўқиши – мозийга қараб иш тутишига маънавий замин яратади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бундан 50 ёки 30 йил олдинги китобхонлар билан бугунги ёш авлод дунёқараши, фикрлашлари ўртасида анчагина фарқ мавжуд. Асарнинг мазкур нашрида бу масалага жиддий эътибор қаратилди. Яъни, бугунги ёш китобхонларга айрим сўз ҳамда иборалар янада тушунарли бўлмоғи учун тегишли ва зарур изоҳлар ҳам берилган.

Маънавий ҳаётимизда китобхонлик маданияти муҳим ижтимоий воқеликка айланаётган бугунги даврда «Ўткан кунлар» романининг мазкур нашри ҳам мозий ва келажак ўртасида ҳаётбахш ёғду таратишига ишонамиз.

Адабий-бадиий кечада намойиш этилган “Абдулла Қодирий” ҳужжатли фильми талабаларда катта таассурот қолдирди.

 

Маҳлиё Мирсоатова,

Тўлқин Эшбек,

филология фанлари номзодлари

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>