Буюк йўлбошчи

Талабалик йиллари Журфакда ноёб истеъдоди билан ажралиб турган Бекзод Шукуровни бугун «Жамият» газетаси Бош муҳаррири ва фаол ижодкор сифатида ёш қаламкашларга ибрат сифатида кўрсатгимиз келади, дейди Дониш домла.

Фото Бекзода Шукурова.
Унинг номи абадиятга мангу муҳрлангай

Айрим одамларни ҳатто ўз оиласи ҳурмат қилмайди. Баъзилар бор, элдан чиққан, уйига на қариндош-уруғ, на қўни-қўшни кириб-чиқади. Айрим оилаларда эса кунда, кунора жанжал.
Бир рўзғорга рисоладагидек бош бўлиш, икки-учта одамнинг бошини қовуштириб, уларга раҳбарлик қилиш осон эмас.
Одамлар турфа, тақдирлар турфа. Таниган-билган қанча кўп бўлса, дўст ҳам, душман ҳам шунга яраша бўлади. Ҳамманинг кўнглини бирваракайига олиб, ҳаммага баробар ёқиб бўлмайди. Бунинг сира иложи йўқ.
Лекин шундай шахслар борки, миллион-миллион одамларнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлади, меҳрини қозонади, юрагидан жой олади, уларга ўз отаси, ўз онаси, жигари каби яқин, тоғдек суянч ва таянч бўлади. Чунки Яратганнинг ўзи уларга шундай буюк хислат ато этади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ана шундай буюк шахс, ўттиз икки миллионлик кўп миллатли, кўп конфессияли халқнинг меҳрини қозонган, қалб гавҳарига айланган ҳақиқий инсон эди.

Бугун бутун Ўзбекистон чуқур қайғуда. Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов шу йил 2 сентябрь куни оғир касалликдан сўнг вафот этди.
Жаҳон харитасида Мустақил Ўзбекистон давлати пайдо бўлгани, ўзбек халқи букилган қаддини кўтаргани, тенглар ичра тенг бўлгани, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, дунёнинг энг тараққий топган давлатларидан бирига айланиб бораётгани… — буларнинг барчаси улуғ Йўлбошчи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ватанни қандай севиш кераклигини ҳаммамизга ўргатиб кетган, Ўзбекистонга умрини, жонини фидо қилган беназир Инсон Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг июнида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланган. 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон ССР Президенти этиб, 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди. 25 йил давомида мустақил Ўзбекистонни бошқарди.
Хўш, бу давр ичида мамлакатда нималар бўлди, қандай ўзгаришлар юз берди, ўзбек халқи ўшанда ким эди, ҳозир ким бўлди?
Ўша пайтда эс-хушини таниган одамлар яхши эслайди, Республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган эди. Худди шунга ўхшаш воқеалар қўшни мамлакатларда содир этилди ҳам. Қанча-қанча одамлар ўз уйларини ташлаб Ўзбекистонга келганига гувоҳмиз. Мамлакатимизда ўта танг ва таранг ижтимоий вазият юзага келган.
Бу ҳақда Ислом Каримов 1992 йил 2-3 июль кунлари бўлиб ўтган XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида сўзлаган нутқида вазиятга шундай баҳо берган эди: «74 йил мобайнида Ўзбекистон тақдири ва таъминоти собиқ Иттифоқ қўлида эди. Собиқ Иттифоқ бу ердан маҳсулот ва хом ашёни олиб кетиб, бизга сув ва ҳаводай зарур нарсаларни ўз кўрсатмаси билан келтириб берарди. Содда қилиб айтганда, пахта ва бошқа бойликларимиз олиб кетиларди, дон, шакар, ёнилғи ва бошқа халқ истеъмоли моллари, умуман, ҳаётимизга, иқтисодиётимизга ва халқ хўжалигимизга зарур бўлган маҳсулотлар олиб келинарди. Мана, биргина мисол. Собиқ СССР Канада ва Америкадан ҳар йили 40-50 миллион тонна ғалла сотиб оларди. Шунинг ҳисобидан Ўзбекистонга ҳам улуш берарди. Иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин биз йиллик эҳтиёжимизга етарли 6 миллион тонна ғаллани қаёқдан олиб келишни, қаёқдан валюта топишни ўйлаб роса сарсон-саргардон бўлдик.
Бугун очиқ айтаверсак ҳам бўлади: 1991 йилнинг охири ва 1992 йилнинг бошида кўп нарсаларда узилиш бўлиб, жуда оғир аҳволга тушиб, нақ очарчилик остонасида турар эдик.
Бизнинг олдимизда йигирма бир миллион нафар катта бир халқни боқиш вазифаси кўндаланг бўлиб турарди. Айниқса, пул-валюта топиш масаласи ўта қийин муаммога айланди. Халқимизни, иқтисодиётимизни таъминлаш масаласида жуда катта хавф туғилди».
Саксонинчи йилларнинг охирида собиқ иттифоқда юзага келган ижтимоий танг вазият халқни ниҳоятда қийин, ночор аҳволга солиб қўйган бир пайтда бундай оғир вазият одамлар ҳаётига таъсир этмай қолмади, албатта.
1991 йилни яхши эслайман. Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақил, деб эълон қилганини бобомнинг ёнида ўтириб, телевизорда кўрганман. Биз бобомнинг ҳовлисида тўртта оила, 17 жон яшар эдик. Бобом ўша йили «мана Ўзбекистон мустақил бўлди, энди сизлар ҳам мустақил бўлиб, ўз уйларингга кўчинглар», деб бизни янги уйга кўчириб ўтказди.
Энди ўйласам, ҳали собиқ тузум давридаёқ мамлакатимиз раҳбари одамларга экин-тикин қилиш, уй-жой қуриш учун берган томорқа, ер участкаларидан бизга ҳам насиб этган экан.
Мен ўшанда 9 ёш эдим. Ота-онам, икки укам ва икки синглим — жўжа бирдай жонмиз. Ҳаммамиз ейман-ичаман, деб турган вақтимиз. Отамнинг топиш-тутиши ёмон эмас. Уйда доим пул бўларди. Лекин харид қилай десак, қишлоғимиздаги биттаю битта магазин бўм-бўш. Янги уйимизни «Қутлуғ бўлсин» қилиш учун меҳмонлар келарди. Дастурхонда эса нон ё бўларди, ё кўпинча у ҳам топилмай қоларди. Ўзимиздан чиққан ёнғоқ ва майиз, меҳмонларнинг ўзлари олиб келган нон билан уларни кузатардик.
Отам иш билан баъзан икки-уч кунлаб уйга келмасди. Оиланинг катта фарзанди бўлганим учун кўпгина юмушлар менинг зиммамда эди. Магазинда, бозорда ун йўқ. Келса ҳам узун навбат, урҳо-ур бўларди. Менга баъзан навбат тегарди, баъзан тегмасди, навбат етганида ун тугаб қоларди. Мен деярли ҳар куни елкамга сумка осиб нон излаб чиқиб кетардим. Туманимизнинг қаерида нон сотадиган жой бор, қаерида новвойхона бор, «бўлка» чиқарадиган цех бор, деярли ҳаммасини билардим. Куним нон излаш билан ўтиб кетган вақтлар қанча бўлган.
Бир кун шом аралаш уйга келдим. Мени кўриб онамнинг кўзи жиққа ёшга тўлди ва «келдингми болам?» деб оғир хўрсинди.
— Уканг эрталабдан бери нон сўрайди. Бирор бир қўшниникидан ҳам тополмадик. Туршак бердим кўнмади, майиз бердим кўнмади, ёнғоқ ҳам емади. Фақат нон сўраяпти…
Кичик укам икки ёш эди ўшанда. Афсуски мен кун бўйи изғиб, битта ҳам нон тополмасдан уйга қайтгандим…
Тамаки экиладиган ерларига кимдир арпа, кимдир буғдой экди. Лекин негадир колхоз ҳеч кимга қаршилик қилмади. Илгари буғдой экиш тугул рухсатсиз қадам босиб бўлмасди колхознинг ерига. «Тепадан «одамларга индаманглар, ўз кунини ўзи кўрсин» деган кўрсатма келган», деган гаплар ҳам тарқади эл орасида. Май ойиданоқ одамлар ҳар куни далага қатнай бошлади. Ҳали сут бўлган буғдой бошоғини очиб кўрар, қачон пишар экан, деб бетоқат бўларди. Мол-қўй боқиш учун чиққан болалар сут буғдойни еб юрардик. Июнь ойининг бошларида буғдой ҳали тўла пишиб етилмасдан одамлар бошоқларни юлиб, уни калтаклаб, шамолда совуриб дони билан сомонини ажратар ва офтобда қуритиб, кимдир 10 кило, кимдир 15 кило буғдойни тегирмонга олиб борарди. Айримлар ҳали яхши қуримаган буғдойни тегирмонга солдиргани учун тегирмон ун ўрнига хамир чиқарганини ўзим кўрганман. Буғдой эколмаганлар арпа унидан нон ёпарди. Арпа нони оғизни уриб ташларди. Маккажўхори, тариқ, ҳатто супурги донини торттириб ейишга мажбур бўлди, баъзи оилалар…
Ҳозир шу кунларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Мустақиллик арафасида ва ундан кейин туғилган ёшларга айт¬сангиз асло ишонмайди, бу гапларга. «Иккинчи жаҳон уриши йилларини гапиряпсизми», деб киноя ҳам қилади. Улар бугунги фаровон кунларни табиий деб ўйлайди. Майли, шундай бўлгани ҳам яхши. Ундай кунлар қайтиб келмасин, асло.
«Дунёга келган чақалоқ аввал эмаклаб, кейин тетапоя бўлади. Вазият шундай келдики, Мустақил Ўзбекистон туғилган куниёқ оёққа туришга, ўзи юришга мажбур бўлди — деган эди ўша сессияда Ислом Каримов. — Хорижий дунё бозори билан, дунё банклари билан, тижоратчи фирмалар билан алоқа боғладик. Бу жуда нозик масала. Қайси давлат бизга қанча ва қандай шарт билан сармоя ва қарз беради? Қарз берган давлатларнинг сиёсий шартлари бўлмайдими? Бировдан қарз олиб, кейин унинг илмоғига тушиб қолмаймизми? Улар бизга тазйиқ ўтказмайдими? Олган қарз-кредитларимиз бўйнимизда оғир юк бўлиб қолиб кетмайдими?
Минглаб шундай саволларга жавоб излашга ва топишга тўғри келди.
Қарз олиш осон, бу ҳаммамизга маълум, лекин уни бир кун келиб тўлаш ҳам керак. Биз фақатгина бугунги кунни эмас, балки эртамизни, келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз керак. Бугун биз хато қилиб қўйсак, фарзандларимиз келажакда қоқилиб қолишини ҳисобга олмасак, бу — катта гуноҳ бўлади.
Озодлигимизни, иқтисодий мустақиллигимизни йўқотмасдан, ким билан, қайси давлат билан муносабат ўрнатмайлик, халқимизнинг иззатини жойига қўядиган, унинг тенглигини таъминлайдиган йўлни танлашимиз керак бўлади».
Эътибор беринг, Ислом Каримов ўша пайтда қандай масалаларни кун тартибига қўйди. Вақтинча қийинчиликдан бир амаллаб чиқиб кетишни эмас, келажакни ўйлади. Бунинг устига ўша пайтлари мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам «Ўзбекистон мустақил бўлиб яшай оладими, йўқми?» деган савол муҳокама этиларди. Очиғи, кўпчилик бугунгидек фаровон кунлар келишига шубҳа билан қарарди.
«Иқтисодий танглик даврида низо чиқариш жуда осон, — деди улуғ Йўлбошчи. — Гугурт чақилса бас — ҳўлу қуруқ баравар ёниб кетиши мумкин…
Фуқаролар тўқнашуви бўлаётган минтақаларда одамлар нобуд бўляпти, қон тўкиляпти, халқ хўжалиги юз миллионлаб сўм зарар кўрмоқда, мол-ҳол қаровсиз, далалар экинсиз қолиб кетмоқда. Отишмалар етмагандай, дўл, сел, зилзила каби балои офатлар ҳам халқнинг тинкасини қуритмоқда.
Ўзбекистоннинг йўли шуки, биз тинчлик ва осойишталикни сақлаб, бозор иқтисодиётига ўтишни шошмасдан, аҳолининг ночор қисмини асраб-авайлаб, уларга етарли шарт-шароитларни яратиб бериб, ана ундан кейин амалга оширишга бел боғладик.
Энг аввало, иқтисодиётнинг фақат хом ашё етиштиришдек самарасиз йўналишидан қутулиш керак. Унутмаслик керакки, ҳозирги даврда иқтисодиётимизнинг энг заиф томони — тайёр маҳсулотларнинг етишмаслиги. Тахминан 55-60 фоиз халқ истеъмол молларини четдан олиб келишга мажбурмиз».
Мамлакатда ўшанда қандай ижтимоий танг аҳвол юзага келганини тасаввур қилиш қийин. Ана шундай ўта оғир даврда ¬Ислом Каримов кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни шундай ачинарли қисматдан сақлаб қолди. Унинг узоқни кўра билиш қобилияти, қанча машаққат бўлмасин, одамларни ўз ортидан эргаштира олгани, энг муҳими, тўғри йўлни танлагани сабабли бугун шу кунларга эришдик.
Аммо бугун ҳам узундан узоқ навбатлар бор. Аммо бу навбатлар нонга, озиқ-овқатга эмас. Ҳар қадамда тўйхона бўлса-да, одамлар тўй қилиш учун икки-уч ойлаб олдин навбатга ёзилмоқда. Ҳаж зиёратига бориш учун навбатда турмоқда, машина сотиб олиш учун салонларга олдиндан пул тўлаб қўймоқда.
Қаранг, бу навбатлар аслида бахтли ҳаётимиздан далолат эмасми?
Биз бунга осонгина эришдикми? Осмондан тушдими бу бахтли ҳаёт? Ҳаммаси Яратганнинг ўзи халқимиз бошига юборган Улуғ Инсоннинг танлаган йўли, тутган сиёсати, метиндек иродаси, ўз йўлидан асло қайтмаслиги, танлаган йўли тўғрилигига аввало ўзи қатъий ишониб, одамларни ҳам шунга ишонтиргани ва ортидан дадил етаклагани натижаси эмасми бу?
Ислом Каримов ҳар доим маррани баланд олган, бошқаларни ҳам, айниқса ёшларни шунга даъват этган, улуғ мақсадларни кўзлаб яшаган ҳақиқий фидойи инсон бўлиб қалбимизда абадий қолади. Бундай фидойиликни муносиб давом эттириш, Ватанни севиб, улуғлаб яшаш, Ватан манфаати йўлида янада бирлашиш, жипслашиш, муқаддас заминимизни ҳар қандай бало-қазодан асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бугун нафақат ўзбек халқи, балки бутун минтақамиз, ёруғ жаҳон оғир жудоликка учради. Чунки Ислом Каримов нафақат Ўзбекистонда тинчликни сақлади, уни равон тараққиёт йўлига олиб чиқди, балки Марказий Осиё минтақаси ва бутун дунёда тинч-осуда ҳаёт учун курашди. У минтақада, жаҳонда соғлом ижтимоий-сиёсий муҳитни сақлаб туришга катта таъсир кўрсата оладиган шахс эди.
Ислом Каримов номи шак-шубҳасиз абадиятга муҳрлангай. Унинг ётган жойи табаррук қадамжога айлангай. Биз унинг мардлиги ва жасорати, ватанпарварлиги ва пок қалби, юртга садоқати ва мустаҳкам иродаси, тенгсиз ақл-заковати ва доно сиёсати, раҳбарлик салоҳияти ва бошқарув санъати ҳамда кўп-кўп инсоний фазилатлари ҳақида келгуси авлодларга сўзлаб бергаймиз.
Ислом Каримов вафот этгани ҳақида хабарни эшитиб, кўз ёшимни тиёлмай телевизорга тикилиб ўтирибман.
— Ҳа ота, нима бўлди, — деб катта ўғлим ёнимга келди. Мен уни бағримга босиб, «Ислом Каримов бизни ташлаб кетди, болам…» дедим.
4 сентябрь, куни у биринчи синфга чиқди. Кечқурун ишдан борсам, хурсанд бўлиб ёнимга югурди.
— Сиз мени алдаган экансиз, Президент ўлмаган экан ота! Мана бизга унинг совғаларини беришди!
У шундай деб чиройли сумка, китоб-дафтарларини мақтай бошлади.
— Тўғри, Ислом Каримов ўлмаган, ўғлим, — дедим мен. — Ҳали у кишининг сенга аталган совғалари жуда кўп…
Халқи учун жонини фидо қилганлар асло ўлмайди. Ислом Каримов очган, қурдирган йўллардан тараққиёт оқиб келаверади. У киши барпо этган уйларда, таълим даргоҳларида баркамол авлод вояга етаверади. Янгидан бунёд этилган шаҳарлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ким бўлганидан, мамлакатимизнинг куч-қудратидан сўзлайверади. Ислом Каримов болалари дунёни лол қолдираверади, ғоялари халқимизни баланд-баланд чўққиларга бошлайверади.

Бекзод ШУКУРОВ

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>