Бўлғуси зиёлиларга адаб илми зарур

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 24 май куни Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университетида бир гуруҳ олимлар ва талабалар билан суҳбати барча зиёлиларда катта қизиқиш уйғотди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари зиммасига қатор масъулиятли вазифаларни юклади. Яъни, талабаларнинг пухта билим олиши, амалиёт сирларини мукаммал ўрганиши учун зарур шароитлар яратиш, шу аснода етук кадрлар тайёрлаш, ёшларни чинакам ватанпарвар қилиб камолга етказиш давр тақозосидир.

Шу муносабат билан ЎзМУда Ўзбекистон Фанлар Академияси масъул ходимлари, қатор олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

1

Суҳбатда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бир оғриқли муаммо ҳақида шундай мазмунда гапирди:

– Ўзбек филологияси факультети талабаларининг ярми иншо ёза олмайди, бошқа йўналишда таҳсил олаётганлар умуман тўғри ёзишни билмайди…

Унга бир мутасадди шундай қўшимча қилди:

– Мактабларда таълим сифати жуда пасайиб кетган, мукаммал ёзишни аввало мактабда чуқур ўргатиш зарур.

Менимча, ҳамма айбни мактабга тўнкаш ноўрин. Гап шундаки, ҳар бир синфда иқтидорли, қобилиятли, чинакам билим олишга интилган ўқувчилар саноқлигина бўлади. 1970-1980 йилларда биз таълим олган синфда 24 нафар ўқувчининг атиги 5 нафари аълочи эдик. Қолганлари ўртача ва ундан пастроқ савиядагиларни ташкил этарди. 6-7 синфда ўқиётган кезларимиздаёқ биз иншони бехато ва равон ёзиб, туман олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаган эдик.

Кейинчалик бошқа ўнлаб мактабларда ўқувчиларни кузатганман. Ҳар 10 ўқувчидан атиги 2-3 нафари зукко, билимга интилади. Қолганлари илмга қизиқмаса-да турли касб-ҳунарларга иштиёқи юқори бўлади. Улар чиройли иншо ёзолмаса-да ўз ишини қойиллатиб, шунга яраша фаровон яшайверади.

Демак, ҳаёт қонунияти, бўларимиз шу… Ҳаётга реал қараш керак!

Олий таълим муассасаларига фақат ўша аълочи ўқувчиларнигина қабул қила олганимизда шунақа “аянчли” бўлиб кўринган муаммоларга дуч келмас эдик. Очиғини айтиш керак, олий даргоҳларга киришга муваффақ бўлган аълочилар нималарга қодирлигини кўрсатишмоқда! Халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, ҳозирданоқ инновациялар, тадқиқотлар билан шуғулланаётган иқтидорли ёшлар билан ҳақли равишда фахрланаяпмиз.

СамДУ ректори таассуф билан айтган нўноқ, савияси ҳаминқадар талабалар мактабида ҳам ёлчитиб китоб ўқимаган, ёзишни истамаган, ручкани тузукроқ ушлашга уқуви бўлмаган аслида. Бироқ, бақувват ота-оналари турли йўллар билан шундоқ даргоҳларга жойлашнинг уддасидан чиққанлар. Минг афсуски, улар университетни битириб ҳам зиёли бўлмоқчи эмас… Дипломини сандиққа ташлаб, ўзига яраша иш излаб юрганлар камми? Бугун олий даргоҳларда минг яхши дарс берилмасин, ёлчитиб ўқимаётган, аниқроғи, ўқий олмаётганларнинг ҳам эртанги қисмати шу…

Энди бунинг учун кимдандир гина қилишдан фойда йўқ.

Бироқ, шундоқ экан, деб қўл қовуштириб ўтиришнинг ҳам мавриди эмас. Шунча ўринни (квотага ажратилган жойни) эгаллаб ўтирган ёшларни ҳам саводли, билимли, ҳақиқий зиёли қилиш учун қайғуриш лозим.

Бунинг ёрқин йўли – барча олий таълим муассасаларида адабиёт дарси ўтилишини йўлга қўйиш шарт! Худди математика фани барча гуруҳларда ўтилгани каби адабиёт ҳам ўқув режаларида биринчи блок фанлари қаторига киритилиши лозим.

Қайси йўналишда таҳсил олишидан қатъи назар талаба адабиёт фанини олий таълим даражасида ўрганмас экан, у адаб илмидан ва одобдан йироқ бўлиб қолади. Зиёлига хос сўзлаш, маънавий фикрлаш каби фазилатларга эга бўлолмайди. Алишер Навоийдан Қодирийгача ва бугунги адабиёт дурдоналаригача мукаммал ва муфассал ўқимаган талаба чинакам комил инсон, ҳақиқий зиёли бўлиши жуда мушкулдир.

Адабиёт – она тилимиз жилолари, саводли ёзиш, одоб, муомала маданиятини ўргатиш баробарида Ватанпарварлик туйғусини қалбга жо этади. Инсон тафаккури, дунёқараши ва савиясини асосан адабиёт шакллантиради. Буни тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино, буюк математик Умар Хайём, фалакшунос Мирзо Улуғбек каби аниқ фанлар фидойиси бўлган алломаларнинг ашъорлар битгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Давра суҳбатида Туркиядаги университетларда дарс бериб келган бир профессор бу борада мухтасар фикрини билдирди:

– Туркиядаги университетларида биринчи курсдан бошлаб аввало турк тили ва адабиёти, Ватан тарихи ҳамда маданияти мукаммал-у муфассал ўргатилади.

Бундай тажриба Россия ва бошқа давлатлар университетларида ҳам кенг қулоч ёйгани яхши маълум.

Демак, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида адабиётни медиатаълим фани билан вобаста қилиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, талабаларга адабиёт илмини ўргатиш баробарида ижод қилиш сирларидан баҳраманд қилиб, компьютерда саводли, бехато ёзиш маҳоратидан ҳам сабоқ бермоғимиз зарур. Адабиётни севган, унинг моҳиятини теран англаган, кўп бадиий китоблар ўқиб, юксак савияда ёза оладиган талаба келгусида етук иқтисодчи, сиёсатчи, шифокор, биолог, архитектор, муҳандис, физик, кимёгар ва бошқа соҳа соҳибларига айланиши шубҳасиздир!

Бу фанни – “Адабиёт ва медиатаълим” деб номлаш мақсадга мувофиқдир.

Кўп нарса иқтисодга бориб тақаладиган замонда мутасаддилар: “шунча талабага бунча маблағни қайдан топамиз” деб ўйланишларига асло ҳожат йўқ. 2006 йилдан буён мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари 1-4 босқич талабаларига ҳар ҳафта 2 соатдан “Ахборот ва мураббийлик соати” деган машғулот ўтилиши дарс жадвалига киритилган. Афсуски, бу машғулот бирорта олий ўқув юртида деярли ёлчитиб ўтилмайди. Сабаби, бошқа соҳа мутахассислари чет тилидан ё бошқа ўзи билмайдиган фандан дарс ўтолмагани каби “Ахборот”дан ҳам ҳар қанақа ўқитувчи қойилмақом қилиб сабоқ беришга ожизлик қилади. Шу тариқа “Ахборот ва мураббийлик соати” хўжакўрсинга “ўтилаётгани”ни ҳамма – домласидан тортиб талабаларгача жуда яхши биладилар.

Юқоридаги муаммоларни ижобий ва самарали ҳал этиш юзасидан қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчимиз:

  1. Ҳар бир олий таълим муассасасида факультетлараро “Адабиёт ва медиатаълим” кафедраси ташкил этилиши лозим.
  2. Мазкур кафедрага айнан адабиёт ва медиатаълим бўйича етук мутахассис бўлган профессор-ўқитувчилар жалб этилиши керак.
  3. Бугунги замонавий шароитга мос “Адабиёт ва медиатаълим”га оид дарслик ва ўқув қўлланмаларни янги ўқув йилига қадар тайёрлаб, етарли миқдорда чоп этилишини таъминлаш зарур.

Янги ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларида “Адабиёт ва медиатаълим” дарслари пухта ўргатила бошланса, бунинг самараси шунга яраша бўлиши ва ҳақиқий ватанпарвар зиёлиларни камолга етказишимиз мумкин.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти

http://xs.uz/uzkr/post/bolgusi-ziyolilarga-adab-ilmi-zarur

You may also like...

5 Responses

  1. Фикрингизга мутлақо қўшиламан Домла! Зиёлиларга хос фикрлаш, сўзлаш учун, бундан ташқари маънавий қашшоқлик юзага келмаслиги учун ҳам барча олий таълим муассасаларида адабиёт дарси ўтилишини йўлга қўйиш шарт!

  2. Yuqoridagi fikrlarga qo’shilaman. Oliy o’quv yurtlarida taxsil olayotgan talabalarga havftada bir marta ikki soat qo’yiladigan «Axborot va murabbiylik soati» deyarli o’tilmaydi. Shunday ekan «Adabiyot va mediata’lim» deb nomlangan fan o’tilsa, maqsadga muvofiq bo’lar edi.

  3. Sitora Samadjonova:

    Sizning gapingiz haqiqat ustoz.Bizning ona tilimiz bu bizning g’ururimiz.Haftada bir marta emas,balki ikki marta o’tilsa ham maqsadga muvofiq bo’lar edi.Biz adabiyotimizni, ona tilimizni qanday boy ekanligini bilishimiz shart va zarur.

  4. Ustoz o’zingiz darsimiz davomida aytib o’tganingizdek, maktab va litseylardan boshlab «filologiga» fanini o’quv rejasiga kiritish kerak. Shundagina o’sib kelayotgan yosh-avlod yoshligidan ilmga chanqoq va ilmli bo’lib yetishadi.

  5. Ustoz gaplariz juda tõği xar bir soha egasi avvalo chiroyli bexato yozishni õrganishi kerak. xox u matematik xox u giyolig bõlsin . Oliy malumotli bõlaturib imloviy uslubiy xatoliklar qilsa bu fojiya .

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>