Гўзаллик байрами

Мода индустриясини тарғиб қилувчи мутахассис журналистлар тайёрлаш зарур экан.

Бусиз тараққиёт бўлмайди. Ҳамма мамлакатларда ана шундай журналистлар тайёрланади. Россиядаги «Модный приговор» кўрсатувини мода бўйича илмий мутахассис журналистлар тайёрлайди. «МЕҲМОННОМА» таомларни тайёрлаш технологияси ва тақдим этиш услуби бўлса,  қуйида тақдим этилаётган мақола либослар дизайни ва технологияси мутахассисларига қаратилади. Бу ҳам умидбахш ғояларнинг бир қисмидир. Барчаси жамиятимиз иқтисодиётини ва  одамларимиз ҳаётини яхшилашга хизмат қилади. Иқтисодиётни ривожлантирувчи таҳлилчи журналистлар тайёрлаш имконини беради, дейди ишонч билан Дониш домла.

тв1

 Гўзаллик байрами

Мамлакатимизнинг азим пойтахтида ўтказилган Тошкент мода ҳафталиги ҳақиқий гўзаллик байрамига айланди. Ёшлар ижод саройи мода ихлосмандлари билан тўлди. Гул болига интилаётган асалари мисоли ёшлар бугунги кун дизайн анъаналари билан танишиш, ўзларининг эстетик қарашини бойитиш ҳамда дунё модаси билан тенг қадам ташлаш ниятида бу ерга ташриф буюришган. Ёқимли ва шиддаткор мусиқа садолари остида италиялик машҳур дизайнер Сабрина Персичинонинг муаллифлик либослари намойиши бошланди.

Давлатимизнинг бевосита кўмаги ҳамда «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ассоциацияси томонидан ўтказилаётган «Тошкент мода ҳафталиги – 2018″ тадбири мода саноати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва мустаҳкамлашни асосий мақсад қилиб белгилаган. Тадбир бошланишида қисқа фикр билан мухлисларга юзланган ”Осиё рамзи” дизайнерлар ташкилоти раҳбари Ҳолида Комилованинг ҳаяжони, Италия элчихонасидан ташриф буюрган меҳмонларнинг маъсулияти ва мухбирлар сафида турган каминанинг ҳайрати шундан. Бу анжуманнинг ҳар бир саҳнасини қандай ташкил этиш ҳамда уни мухлисларга тақдим этиш осон иш эмас.Чунки бу соҳада тажрибамиз анча кам.

Элчихона вакилларига сўз қистириб, савол ташлайман.

– Дизайнер Сабрина Персичино либосларининг ғояси ўта жиддий, самимий ва салобатли.Бугунги кун либос модаси ишқибозларига муносиб, менимча улар ўзбек миллий анъаналари билан замонавий футуристик услублар қоришмасига ўхшайди?

– Жуда жиддий ва нафис, нозик ва маълум монотон ранглардан моҳирона фойдаланиш. Дизайнер айнан тошкентлик мода ишқибозларининг руҳиятини англай олган,–деди элчихона вакилларидан бири.

– Албатта, биз Сабрина Персичинони анжуманга таклиф этганимизда ундан миллий ўзигахос қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда либослар жамламаси тайёрлашни илтимос қилган эдик. Ўта иқтидорли ва дидли дизайнер, – дея жавоб берди Ҳолида Комилова.– Бадиий конструкциялаш (лойиҳалаш) объектлари бифункциональ структурага эга бўлиб, ўзида икки функцияни: манфаатли фойда келтирувчи ва бадиий хусусиятларни жамлаган. Шу боис, унинг шакли ва конструкцияси алоҳида алоҳида лойиҳалаштирилади. Бундай объектларни яратишда бир бутун буюм сифатида талаблар қўйилади, шу билан биргаликда шакли ва конструкцияси учун ҳам алоҳида-алоҳида меъёрлар белгиланади.Бугунги кунда технология сифатида ҳар икки жиҳат бирлаштириляпти.

Унинг тақдим этаётган либослари дизайн талабларига жавоб беради. Уларда самарадорлик, эрганомика, тежамкорлик, технологик мослик, конструктивлик ҳамда бадиий шаклларида эса образлилик, коммуникативлик, шакл моҳияти, техникага мослиги, тектониклик каби дизайн белгиларига амал қилинган. Буюмнинг манфаатли фойда келтирувчи функцияси конструкциясига нисбатан талаблар юкининг ошишига олиб келади, дизайн маҳсулотлари техника буюмларига яқинлашади. Бу функциялардан бири етишмаган тақдирда буюмнинг дизайн маҳсулоти дейиш мумкин бўлмайди, у техник буюмга ёки оддий безак нарсага айланади. Италиялик дизайнернинг барча ишларида пахтадан тайёрланган газламалар қўлланилган. Уларни бизнинг енгил саноатимизда ҳам ишлаб чиқариш мумкин.

Дархақиқат, асосий касби архитектор бўлган Сабрина Персичино уй ва биноларга қўлланиладиган услубларда кийимлар конструкциясини яратади ва ҳаррир қаҳрабо рангларини кенг қўллади. Архитектурада ишлатиладиган ва такрорланиб келадиган тўғри чизиқлар, геометрик шаклларни маҳорат билан уйғунлаштиради. Ранглар эса оч сариқ, оч яшил, жигарранг,оқ ва қора ранглардир. Дизайнер Римда ўтказилган “AltaRoma-2018” либослар танловида “Elektron” ва “Palazzo delle Esposizioni” кўрик танловида эса Оptical деб номланган футуристик услубда яратилган либосларини намойиш қилган эди. Либосларни безашда вектор графикаси ва лазер ёрдамида бажариладиган ўйма нақшларни ишлатиш дизайнернинг рамзий хусусиятидир. Бир сўз билан бу дизайнернинг инновацион либослар коллекцияси Тошкент мода хафталигида иштирок этаётган мутахассисларни ҳам, томошабинларни ҳам мафтун этди.

– Юксак эстетик талабларга эга бўлган Тошкентлик мода ишқибозлари менинг жамламаларимни яхши қабул қилишди,– дейди Сабрина Персикино,– Сизлар билан ҳамкорлик қилишдан мамнунман.

Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан келган дизайнерлар соҳа бўйича ўқув машғулотлари ўтказишди, ўз ишламалари билан танловларда иштирок этишди, хамкорлик юзасидан маслаҳатлар ўтказишди.

Азиз меҳмонларимиз орасида Риту Бери – Нью-Делидан бўлган дунёга машҳур ҳинд дизайнери ҳам бор. У Scherrer француз брендига раҳбар этиб тайинланган биринчи Осиёлик дизайнер саналади. Риту Бери Мода технологиялари миллий институтини томомлаган.Риту Acustyl журнали саҳифаларда ўз илмий мақолалари билан дунё модаси анъаналарини шархлаган ягона ҳинд модельеридир.Унинг қаламига мансуб ”Ораста кўринишнинг 101 усули” номли китоби мода ишқибозлари орасида кенг ёйилган.Мода технологиялари миллий институти бошқарув кенгаши аъзоси, Savera Association ҳайрия ташкилотининг фаҳрий раҳбари сифатида ҳинд хотин-қизлари ҳаётини яхшилаш борасида жамоатчилик ишларини олиб боради. Риту Бери – мижозлари орасида собиқ америка президенти Билл Клинтон, Шаҳзода Чарльз, Николь Кидман, Энди Мак Дауэлл, Летиция Каста ва бошқалар бор. У намойиш этган коллекцияларда миллийлик ва замонавийлик ўзини кўрсатиб туради.

Тошкент мода ҳафталиги тадбирларида Ўзбекистон дизайнерлари ўзларининг ижодий маҳоратларини намойиш қилишди.Либослар жамламасини мухлислар эътиборига ҳавола этдилар. Улар орасида таниқли дизайнер Лола Сайфий, Дилноза Эркинова ва Дилдора Қосимоваларнинг ишлари ҳам кўпчилик мухлисларни мамнун қилди. Бошқа мутахассисларимизнинг муаллифлик ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Буларнинг барчаси кейинги пайтларда Мамлакатимизда олиб борилаётган туб иқтисодий ислоҳатлар натижасидир.

Тошкент мода ҳафталиги нафақат гўзаллик ва нафосат анжумани, балки иқтисодий ўсиш кўрсатғичи ҳисобланади.Жамиятнинг маданий ва иқтисодий ривожига омил яратади. Шу ўринда мода ҳафталиги билан боғлиқ баъзи мулоҳазаларни ва ўй-фикрларни тилга олишга тўғри келади.

Ташкилий жиҳатдан либослар дизайни мавсумий хусусият касб этади. Демак, либослар куз ва қиш мавсуми учун мўлжаллаб танланади. Жанубий мамлакатлар ҳам шу қоидага амал қилади. Баъзи дизайнерларимиз жамламаларини бир оз янгилаган бўлса ҳам, ўтган йилги мода ҳафталигида намойиш қилган либослар кўрсатилди.Ундан ташқари ранго ранг баҳор-ёз ҳамда фақат бадиийликни акс эттирувчи, саноатда ишлаб чиқариш кўзда тутилмаган либослар ва уларнинг безаклари намойиш қилинди. Уларнинг баъзиларини санъат асари намунаси деб аташ ҳам мумкин, аммо дизайн маҳсулоти эмас.

Ёшлар ижод уйи фоесида ташкил этилган миллий брендларнинг кўргазмалари дизайни ҳам ўта ибтидоий даражада эди. Марғилонлик тўқувчи тадбиркорларнинг атлас ва адрас матолари зарур даражада намойиш қилинмаган. Табиий шойи – юпқа, эгилувчан, яхши драпирацияланадиган мато бўлгани билан уни қайта ишлаш ва ундан фойдаланишда муаммолар ҳам йўқ эмас. Бундай матога алоҳида ёндашув зарур. Ундан кундалик кийимлар тайёрлашда камроқ фойдаланган афзал. Аммо тантанали кунларда ипак матодан тайёрланган либос ниҳоятда нафис ва гўзаллик бахш этади. Аммо бу матоларни ҳамма жойда ишлатиш мумкин эмас. Баъзан турли санъат дасталари, болалар дасталари учун ҳатто ўғил болалар, эркак кишиларга ҳам шоҳи атлас, адрасдан камзул ва тўн кийдирадилар. Бу аёлларимиз учун ота боболаримиз яратган мато, у ҳатто турли безакларга ҳам муҳтож эмас. Қани энди олимларимиз, тўқимачиларимиз бу газламаларни пишиқ, ғижимланмайдиган ва аёллар костюми боп замонавий калавалар билан таъминлай олганларида атласнинг бозори чаққон бўлиб,улардан бутун дунё дизайнерлари ҳам ўз либосларини яратишда фойдаланган бўлар эдилар,– дейди ҳафталик қатнашчиси Абромиддин Мухсинов.

“Bukhara Brillant Silk” корхонаси ишлаб чиқарган соф ипак газламалари сифати анча баланд. Крепдешин, Шифон, Атлас, КрепЖоржет, КрепШифон Ипак рўмол ва шарфлар дунёнинг бир қатор мамлакатларида ўз ҳаридорларини топган. Корхона 2000 турдан ортиқроқ номдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

– Корхонамизда пилладан ип йигиришдан тортиб, то мато тўқиш, тайёр кийим кечак тайёрлашгача бўлган барча жараёнлар бажарилади.Технология ва дизайн – конструкциялаш босқичлари бир бирини тўлдиради,– дейди ёш дизайнер Сурайё Назруллаева.– Мен Бухоро технология институтининг компьютер дастурлаш мутахассислиги бўйича тугатганман. Ҳамкасбим Гулноза Саидова эса шу институтнинг мўйна ва терига ишлов бериш факультетини тамомлаган. Албатта, маҳоратимни ошириб бориб, ўз брендимни яратишни орзу қиламан.

Орзуга айб йўқ дейдилар. Агар “Bukhara Brillant Silk” компаниясининг сийдом ва ёрқин ранглардаги, ғижим бўлмас, экологик тоза газламалари билан Ҳиндистонлик машҳур дизайнер Риту Бери танишганида эди, юз миллионлаб ҳинд аёллари ғижимланмайдиган сарини ҳарид қилган бўлар эди.

“Қоракўл лидер” оилавий корхонаси яратган қоракўл терисидан тайёрланган маҳсулотлар,қишки ва бош кийимлари диққатимизни тортди.

– Оилавий корхонамизда 200 турдаги либос ва бошқа буюмларни тайёрлаймиз. Бу жуда сердаромад соҳа. Дунёда Қоракўл қўйлари етиштиришда, сифати жиҳатидан Ўзбекистон хеч кимдан қолишмайди. Африкада, Намибияда, Афғонистонда бу соҳа кенг тараққий этган. Дунёдаги ўнлаб мамлакатлар қоракўл терисидан кийим кечак тикиш билан шуғулланади. Алоҳида қоракўлчилик либослари модаси фестивали ўтказилса, биз ҳам ўзимизни кўрсатиш, дунё тажрибасини ўрганиш имконига эга бўлар эдик,– дейди оилавий корхона раҳбари Ботир Исанов.

“Бухоро вилоятида қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида ҳамда “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорларида жаҳон бозорида қоракўлчилик маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифни ўрганиш, қоракўл жуни ва терисини қайта ишлаш, экспорт учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва ресурс тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилишга кўмаклашиш, яйловлар унумдорлигини ошириш ҳамда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйишга илмий, амалий ва методик ёрдам кўрсатиш каби муҳим тадбирлар белгиланган.

Мамлакатимиз ҳукумати иқтисодиёт тармоқларини замонавий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитларини кўтариш, халқимиз бунёдкорлигини юксалтириш борасида алоҳида ғамҳурлик кўрсатяпти. «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ассоциацияси томонидан ташкил этилган «Тошкент мода ҳафталиги – 2018″ тадбирининг муваффақиятли ўтиши бундан далолат бериб турибди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори, тадбир ташкилотчиларидан бири Ҳолида Комилова биз билан суҳбатда “Тошкент мода хафталиги”, гўзаллик байрамини кенг ва яхши ёритиб беришимизни илтимос қилдилар. Аммо ОАВ журналистлари янгилик тариқасидаги хабарлар етказиш, фотомухбирлар эса ранглар жилосини кўз-кўз қилишдан нарига ўта олмадилар. Бунинг сабабларидан бири ҳам мамлакатимизда Дизайн таълими, илмий изланишлар олиб борадиган, мода тарғиботи ва моҳиятини назарий жиҳатдан тушунтира оладиган билимларнинг етишмаслиги эканлигини таъкидлашга тўғри келади.Мамлакатимиздаги на Санъат ва маданият институтида, на Рассомчилик ва дизайн институтида Мода индустрияси учун мутахассис журналистлар тайёрланмайди. Илмий мутахассислар ҳам бармоқ билан саноқли. Камина ҳам фикри ожизимча мазкур тадбирни ёритдим. Аммо олдинда катта вазифалар турганини хис этдим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир фикрни алоҳида таъкидлайди: “Биз ишлаб чиқариш соҳасида кўп нарсаларни янгидан ташкил қилишга ҳаракат қиламиз, бу яхши. Лекин мавжуд, даромад топса бўладиган тармоқларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳам асосий эътиборимизда бўлмоғи лозим”. Либослар танлови одамларни бир бири билан боғлайдиган, келажакка чорлайдиган, яратувчиликка ундайдиган, одамларга наф келтирадиган, ҳамкорлик ва тинчлик риштаси, нафосат ва гўзаллик байрамидир.Минглаб сайёҳларни чорловчи иқтисодий тадбир, жараёнлар дизайни туридир. У мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига ҳизмат қилади.

 Дадахон Ёқубов, Ўзбекистон санъат арбоби.

Дилноза Зупарова, ТДПУ доценти

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>