Дақиқлик жозибаси

Журналистикада “Яхши сарлавҳа – мақоланинг ярми!” деган тушунча бор.

Бу гап фақат журналистика учунгина оид эмас. Одам боласи учун ҳам яхши исм – ярим тақдир, ярим давлат. Шунинг учун ўтмишда камбағаллар боласига кўпроқ Давлат, Олтин, Кумуш дея исм қўйишган. Хону амирлар оиласига эса кўпроқ арконий исмлар – Низомумулк, Комрон, Ҳумоюн, Шоҳжаҳон, Аврангзеб, Баҳром, Жамшедлар хос. Ўтмишда бундай исм танлаш ирерахиясига амал қилишарди, яъни кўрпага қараб оёқ узатишга.

1 2

          Ҳозир болага исм танлашда демократия. Уйда чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир, деганларидай, қўл учида кун кўрадиганлар ҳам боласига Шоҳжаҳон, Ҳумоюн, Комрон каби дабдабали исм қўяверишади: яхши – ният ярим мол-да.

…Бир пайтлар, ўттиз беш йиллар муқаддам шоира Замира Эгамбердиева каминага айтиб қолганди: “Оллоёр, бугунги қизларнинг исмини эшитиб, ҳайрон қоламан. Қиз болага исм қўяётганда, шу кунларнимас, келажакни ҳам ўйлаб от қўйиш керак. Бугунги Шаҳнозахон бир неча йилдан кейин қарийди, неварали бўлади – унга “хола” ёки “буви” деган қўшимча қўшилади. Исм шундай бўлсинки, ёшлигида ҳам ярашсин, қариганида ҳам ёнига буви, хола деган қўшимча қўшилганида ҳам қулоққа эришдек туюлмасин. Шаҳнозахонни бир куни бориб “Шаҳноза хола, Шаҳноза буви” дейиш унчалик ярашмайдигандек…”

Албатта, бу ўта субъектив фикр. Аммо, жамият фикри ана шундай субъектив фикрлардан шаклланади. Ҳозир қаерлардадир исм оригинал бўлиши учун рақамлардан, масалан “777” – уч етти ёки ҳарфу рақамлар – Б32 каби исмларни талаб қилишаётганлар, ФҲДЁ билан бу хусусда судлашишгача бораётган ота-оналар учраб туради.

Журналист Ғайрат Шералиевнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйида чоп этилган “Дақиқ дақиқалар” деган ажиб номдаги китобини очмасимдан мана шундай хаёллар ҳаёлимдан “лип” этиб ўтди. Бу “лип”га қирқ йиллар аввал илк китобларимизга ном қидирган ёшлик йилларимиз ҳам жо бўлганди…

Ўзбек совет адабиёти энди шаклланаётган йиллари прозада китобга ном танлаш анча илғорлашиб кетганди – “Кеча ва кундуз”, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Сароб”, “Олтин зангламас”, “Қуёш қораймас”, “Жаннат қидирганлар”, “Уч илдиз”, “Биллур қандиллар”…

Шеъриятда эса аҳвол танг эди. Шоирлар ўз тўпламига ном топа олишмасди: “Шеърлар”, “Яна шеърлар”, “Янги шеърлар”, “Ўн йил шеърлари”, “Йигирма йил шеърлари”, “Қорақалпоқ дафтари”, “Сурхон дафтари”, “Қизилқия дафтари”, “Кўнгил дафтари”, “Бахт ҳақида», “Яна бахт ҳақида”…

Абдулла Орипов мана шу бир хилликка исён билан чиқди: “Митти юлдуз”! Рауф Парфи бу улоқни илиб кетди: “Тасвир”, “Хотирот”, “Сабр дарахти”… Омон Матжоннинг диди яна-да юксак эди: “Ёруғ деразалар”, “Ҳаққуш қичқириғи”, “Сени яхши кўраман”… Бу борада Эркин Воҳидовга етадигани топилмади: “Тирик сайёралар”, “Руҳлар исёни”.

Саксонинчи йиллар авлоди (Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Қутлибека Раҳимбоева) китобларга ном танлашни янада халқчиллаштиришди: “Юрагимда кўрганларим”, “Инсонни тушиниш”, “Юрак манзаралари”, “Бешинчи фасл”, “Очиқ кунлар”…

Ўшанда бизлар, йигирма уч, йигирма беш ёшлардаги бўйдоқлар ҳали боламизга исм танлашдан кўра кўпроқ биринчи шерий тўпламларимизга ном излаб юрардик. Равшан Файз раҳматли, ҳар ҳафта китобига ном ўзгартирарди ва охири “Тараддуд”да тўхтади. Рауф Субҳон эса ўнтача номдан бири – “Тадриж”ни танлади ва нима учун айнан шу номни танлаганини ярим соатча изоҳлади.

Тўқсонинчи йиллар охирроғида, таниқли журналист, истеъдодли суҳандон Фарҳод Бобожоновни жуда оғир ўй босиб қолганди. Салом берсанг ҳам пайқамайди. “Фарҳод ака, сизга нима бўлди? Бунча паришонсиз…” “Укажон, бир ойдан бери ўйланаман. На еганим татийди, на уйқумда халоват… Янги кўрсатувимга ном тополмаяпман. “Дунё” десам, жуда оддий, сийқа. Бу ном билан боғлиқ кўрсатувлар тиқилиб ётибди. Ёрдам берворинг…” Шуям ташвиш-да энди, дея у кишидан узоқлашаман, иши йўқ итини суғорган экан…

Бир ҳафталардан кейин Фарҳод аканинг юзидан нур ёғилган ҳолда шошганча кетаётганда учратиб қолдим: “Укажон, топдим! Охири топдим-а! “ “Нимани топдингиз? Бирор нарсангизни йўқотиб қўйганмидингиз?” “Йў-ўқ, кўрсатувимга ном топдим! Ўзбек тили изоҳли луғатини титкилаётиб, “очун” деган сўзга дуч келиб қолдим. “Очун” дегани форсча “дунё” сўзидан ҳам қадимий, туркий ислоҳи экан!

Мен ўз студияси сари “очун”даги турли товушларга урғу берганча югуриб кетаётган устоз суҳандон ортидан ажабланганча қараб қоламан: Хурсанд бўлишини қаранг, худди пул тўла ҳамён топиб олгандай!

Ғайрат китобига ном топишда ана шундай машаққатларни бошидан ўтказганини ҳис қиламан. Дақиқалар “қадрли”, “қайтмас”, “унутилмас”, “узок кутилган” ва “кутилмаган” бўлиши мумкин. Аммо, “дақиқ” бўлиши… Хаёлимга дастлаб шоирона тахаллус “Дақиқий” келди. Кейин “дақиқ” сўзининг ислоҳи – “нозик”, “ихчам”, “нафис” сўзлари…

Бадиий адабиётнинг хамиртуриши – туйғулардир. Улар воқеаларга тот, кўлам, таъсирчанлик беради. Туйғулар эса жуда ўткинчидир. Уни ушлаб қолиш мушкул. Айниқса, ғалаба туйғуси, бахт туйғусини. Тушкунликни ушлаб туришга ҳаракат қилмасангиз ҳам бўлади. Одам боласининг “хамиртуриши”га тушкунлик азалдан жо қилинган. Жаннатдек боғи ризвондан қувғин қилинган Одам Атонинг зурриётларини мана шу соғинч – Беҳишт соғинчи тушукунликка солиб туради. Ноумид шайтондир. Ана шу шайтонга ҳай бериш учун бахт туйғуси, ғалаба туйғусига иш тиқилиб ётибди. Афсуски, бу туйғулар дангаса, ишдан қочиб юради, тутқич бермайди. Бу туйғуларни ахтариб, ҳар томонга аланглайсиз, чақирасиз. Улар эса қорасини кўрсатмайди…

Ана шунда улар ҳамиша қочиб кетадиган жой – хотира чангалзорига юз бурасиз. Мана улар – сизга тутқич бермай, болалигингиз қолиб кетган кўчаларда, пана-пастқамларда ўз ўйинига овора ҳолда ёки ухлаб ётибди. Уларни бугунги кунга қайтариб келиш эса осонмас.

Китобдаги “Турғун Алиматовнинг адолати” лавҳасида эса нафақат бахту ғалаба туйғусини, шу билан бирга адолат туйғусини ҳам шу кунларга қайтариб келиш соғинчи уфуриб туради. Соҳибқирон Амир Темурнинг шиори: “Куч – адолатдадир” бугун ишсиз қолгандай. Адолатни ишга солайлик. Муҳтарам Президентимизнинг ўзигагина қолмасин бу иш. Адолат наинки шоҳ саройининг атрибути бўлса. Маҳаллий қозихоналар, маҳкамаларнинг деворида осиқ ҳолдагинамас, мутассадиларнинг онгида ёзилмоғи керак. “Куч — адолатдадир” шиорини мазкур маҳкамаларга оёқни артиб кирадиган латтага айлантирманг, ҳоким тўралар!

Адолат туйғусини эслаганда яна анчадан бери камнамо бўлиб кетган камтарлик, эркакча лафз, ҳамият, ҳиммат, муҳаббат, рашк деган тушунчалар эсимга тушиб кетди. Ҳа, энди уларни ҳар-ҳар замонда эслаб қоладиган бўлиб қолдик: бир замонлар эди, қачонлиги ёдимда йўқ…

…Иттифоқо, Дамашқ шаҳар ҳокимига шоирлардан бирининг аризасини олиб киришди. Аризада шоир аҳволи танглашгани учун ё бир тўн, ёки бўлмаса, бир қоп ун, ёки бир саноч ёғ, жуда бўлмаса, битта қўй берилиши илтимос қилинган экан. Ҳокимнинг бундан жаҳли чиқди: шоир Фалоний бизни шунчалар ҳиммати паст деб ўйлаяптими: ё уни, ё буни, деб сўрайдир. Бу ерда айтилганларнинг бари берилсин!..

Куррамиз – Заминни ўраб турган атмосфера аста-секин бўшлиқ сари учиб кетаверса ердаги ҳаётга таҳдид соларкан. Бу жуда секинлик билан, миллион-миллион йиллар давомида содир бўларкан. Аммо, заминдаги кишиларнинг юрагида яшаётган “тирик сайёра”ни (Эркин Воҳидов) “олий туйғулар” ташлаб кетса-чи? Бу жуда ҳам тез, бир-иккита башар авлоди алмашмасидан бурунроқ содир бўлиши ҳам мумкин. Ҳатто, бир неча ўн йилда.

“Муқаддас жой” эса бўш турмайди. “Табиат бўшлиқдан қўрқади” (И. Гёте). Камтарлик, ҳиммат, инсофнинг бўшаб қолган ўрнини кибру-ҳаво, қаноатсизлик, адолатсизлик, нафси аммора эгаллаб оладики, уларни қалбдан кўчага ҳайдаб чиқариш “шайтоннни дўзахга ҳайдаб киритишдан” (Бокаччо) кўра минг бора қийинроқ.

Манманлик балоси ёшларнинг кўпчилигини қамраб олган. Худди “кавер” услубида камтарликни даражаларга бўлиб ташлаш юз бермоқда. Беш юз минглик телефони бор талаба икки миллионлик айфонга эга талабадан кўра камтарроқ. Камтарлик ташқи томонга, шаклга уриб кетди. Бундай камтарликдан уяладиган бўлиб қолишди. Худди бўш папкага ўхшаб. “Камтарлик” папкасини очасиз, афсуски у бўм-бўш бўлиб чиқади. Унинг ичидагилар қани? Вирус тушиб, еб қўйган – манманлик вируси…

Китобдаги “Кичкина овозларнинг катта даъвоси” лавҳасида ижтимоий тармоқлардаги айрим чиқишларга ишора қилинган. Ижтимоий тармоқлардаги бундай постларни “норозиликлар, норозиликларга қарши норозиликлар, норозиликларга қарши билдирилган норозиликларга қарши норозиликлар” деб ҳам аташ мумкин.

Ана шундай постлар муаллифларига “Яшанг!” дейиш билан бирга, бирор беш йиллар аввал бу гапларни айтиш учун “қудуқ излаб юрганларимизни” ҳам хотирдан хориж қилмасликни маслаҳат берардим (Зеро тили қичиганга ҳамиша гап, муаммо топилади, гап фақат уни айтиш учун эшитадиган қулоқ топишда. Қулоқлар эса ҳар хил бўлади – энг хавфсизи эса – қудуқдир, агар бир куни ундан қамиш ўсиб чиқмаса).

Ғайрат Шералиевнинг “Дақиқ дақиқалар” китобидан ўрин олган ўнлаб ибратли лавҳаларни ўқинг. Ўқиш нима, ўзингиз ҳам ёзинг. Хотиралар ёзиш ҳамма ёшдаги, жинсдаги кишиларнинг қурби етадиган оммавий жанрдир. Иқтидор, сўзга заргарлик ҳам талаб қилинмайди. Ҳеч бўлмаса ўзингиз учун. Кундаликлар тутиш, хотиралар ёзиш керак. Бу борада япон адабиёти улоқни биринчилардан бўлиб олиб кетган. Улар бу жанрни мактаб таълим дастурига ҳам киритишган. Ўқувчиларга кундалик тутиш (баҳо қўйиладиган табель-рейтинг дафтаримас), уни мунтазаам юритиш, фақат фактлар биланмас, кўнглида уйғонган туйғуларни ҳам сўзда ифодалаш (кун бўйи воқеалар кўп бўлмаслиги мумкин, аммо одам бир куннинг турли даврида турлича ҳиссиётларга учраши мумкин) кишининг оғзаки нутқи ривожланишига, ботиний маданияти шаклланишига ҳам ижобий таъсир қилади.

Адабиётнинг энг яхши жанри, ҳаммага, ёши ва тажрибасидан қатъий назар, нойил бўладигани – хотиралар, кундаликлар, “тундаликлар” (Асқад Мухтор) ва “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”дир (Ўткир Ҳошимов). Бу йўлнинг яна битта классик намунаси – ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китоби. Ғайрат жуда оширворибсиз, деса ҳам айтаман — шу қаторга яхши ният билан “Дақиқ дақиқалар” ҳам қўшилди. Анъана эса давомли бўлиши керак…

Ёш адиб Ғайрат Шералиевнинг “Дақиқ дақиқалар” китобига оид фикрларимни мазкур китобга сўзбоши ёзган атоқли публицист Аҳмаджон Мелибоевнинг сўзлари билан якунлайман. Зотан, бу илк қадамга билдирилган муносиб баҳо ўрнидадир:

Ортимиздан янги, навқирон авлод келяпти. Унга пешвоз чиқишга тайёр бўлайлик…

Оллоёр БЕГАЛИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>