“Демократия йўқ” деганнинг эси йўқ…

Эси йўқ одамгина бор нарсани йўқ дейди.

Маҳалламиз чойхонасида гурунгни қизитадиган баъзи кишиларни Эркин Воҳидов ёзган “Донишқишлоқ” одамларига ўхшатаман. Улардан биттаси ўзича жиғибийрон бўлиб, нима дейди, денг:

– Бизда демократия йўқ, ҳеч қачон бўлишига ҳам ишонмайман!

Унга ётиғи билан савол бердим:

– Демократия деганда нимани тушунасиз ўзи?

– Ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиш, сўз эркинлиги – “демократия” эканлигини билмайсизми?– Тўғри саволимга хато иддао билан жавоб қайтарди у.– Мен ҳеч қачон демократия бўлишига ишонмайман…

Ўқимаган, билмаган кимсаларнинг тор тушунчалари шунақа бўлиши яхши маълум. Ўтмишда ҳам шул тоифадаги кимсалар бўлган ва бўлаверар экан-да… Китоб ўқимасдан, ўқиса ҳам маъносини уқмасдан гапирадиганлар бугун ҳам кам эмас. Қайсидир йили ўқишни тамомлаётган талабанинг Битирув-малакавий ишига оппонент бўлиб келган бир адиб нима дейди денг:

– Ўзи оппонент – адвокат, дегани. Мен бу талабанинг адвокати сифатида айтишим мумкинки…

Китоб чиқариб юрган адибнинг ўйламай-нетмай айтаётган хато гапига ҳеч ким эътибор бермади, мағзини ҳам чақмади. (Демак, бу даврада ўтирганлар ҳам “оппонент” сўзининг маъносини билмайди ё андиша қилишди…)

Ваҳоланки, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да бу атаманинг мазмун-моҳияти теран ёзиб қўйилган. Яъни, “Оппонент (лотинча opponens – эътироз билдирувчи) – 1) баҳсда қарши тараф; 2) илмий маъруза ёки ҳимоя қилинадиган диссертацияни танқидий тахлил қила оладиган, баҳолай биладиган, маърузачи ёки диссертантга эътироз билдира оладиган шахс”.

Энди, “оппонент” билан “адвокат”нинг фарқига бормайдиган одам бир ёш тадқиқотчининг ишига баҳо беришга маънавий ҳаққи бормикин? (Унга хатосини тушунтириб қўйганимни ёзсам мақтанчоқликка йўйманг. Хато гапни эшитганда жим ўтириш – унга шерик бўлиш демакдир…)

Худди шундай демократия ҳақида гапирганда аввало унинг маъносини тўғри англаб олмоқ лозим. Унинг мухтасаргина маъноси “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да шундай баён этилган:

“Демократия (юноноча demos – халқ ва …кратия) – фукаролар эркинлиги ва тенглиги қонунларда мустаҳкамланган, халқ ҳокимиятчилигининг восита ва шакллари амалда ўрнатилган ва юзага чиқарилган сиёсий тузум. Демократия давлат билан инсон муносабатларини белгилайди. Демократиянинг асосий талаблари: кўпчилик ҳокимияти, фуқаролар тенг ҳуқуқлиги, улар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояланганлиги, конституция ва қонунларнинг устуворлиги, ҳокимиятнинг бўлиниши, давлат бошлиғи ва ваколатли органларнинг сайлаб қўйилиши. Демократиянинг бевосита демократия (асосий қарорлар йиғилишларда бевосита барча фуқаролар томонидан ёки референдумлар йўли билан қабул қилинади) ва вакиллик демократияси (қарорлар сайлаб қўйиладиган органлар томонидан қабул қилинади) шакллари бор. Кишилик жамияти пайдо бўлганданоқ, демократиянинг куртаклари бор эди ва у ҳозир энг тараққий этган мамлакатларда ҳам ўзининг сўнгги чўққисига эришганича йўқ. Давлат билан бирга вужудга келган демократия инсоният тарихи давомида турли миллий-маданий шарт-шароитларга мослаша борган. Ҳар бир давлатда, миллатда ўзига хос қадриятлар, менталитет, анъаналар мавжуддир. Улар жамиятдаги демократик жараёнларга катта таъсир кўрсатади, бинобарин демократик муассасаларни шакллантиришда мазкур омиллар, албатта, ҳисобга олинади. Демократик давлатда инсон манфаати, қадр-қиммати, ҳаёти ҳар нарсадан юқори туради. Бундай давлат ўзини ўзи бошқариш, кўппартиялилик, оммавий ахборот воситаларининг эркин бўлиши, фикрлар хилма-хиллигига шароит яратади. Бироқ демократия ҳамма нарсада хоҳлаганча эркинлик эмас, қонунга асосланган эркинликдир. Демократиянинг ажралмас қисми интизом, қонунларни ҳурмат қилиш, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишдир. Демократия тартиботлари ҳуқуқий давлатда мукаммал ривожланиб боради.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, демократик ҳуқуқий давлат ва бозор иқтисодиётини қарор топтириш йўлида катта қадам қўйди. Демократик тартиботларни ҳаётга олиб кирувчи, демократик сиёсий тизим таркибий тузилмаларини ҳамда фуқаролик жамияти бўғинларини вужудга келтирувчи, инсон ҳуқуқлари кафолатлари тизимини қарор топтирувчи қонунлар қабул қилиниб, амалда ишлай бошлади”.

Демократия билан сўз эркинлигини қориштириб юбормаслик керак.

Кези келганда сўз эркинлиги нималигини билиб олинг. Ўша “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да унга шундай таъриф берилган:

“Сўз эркинлиги – инсоннинг асосий шахсий ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқукларидан бири; ҳозиги даврда аксарият мамлакатларда «ахборот эркинлиги» деб аталадиган умумий ҳуқуқнинг таркибий қисми. Ўз фикрини оммавий тарзда (оғзаки ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзма) баён этиш имкониятини билдиради. Сўз эркинлигига демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Ўзбекистонда сўз эркинлиги Ўзбекистан Республикаси Конституциясида назарда тутилган. Конституцияга кўра, «ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга» (29-модда). Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бўйича ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига ҳам эга. Бироқ амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллукли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги Конституцияда ўз ифодасини топган. Ўзбекистан Республикасининг «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонунида давлат сирлари тоифалари аниқланган ва улар ҳақидаги маълумотларни олиш ва тарқатиш чегараланган.

Демократик мамлакатларда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти сўз эркинлигига асосланган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам алоҳида моддада ана шу қоида алоҳида таъкидлаб ўтилган. Унга кўра, «оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди… Цензурага йўл қўйилмайди» (67-модда). Фуқаролар оммавий ахборот воситаларида, жумладан, телевидение ва радио, матбуотда ўз фикрларини эркин баён қилиши, сўзлаши мумкин.

Эркин фуқаролик жамиятининг қонунчилик ва суд амалиёти сўз эркинлиги суистеъмол қилинишининг олдини олиш мақсадида унга нисбатан муайян чеклашлар тизимини ишлаб чиққан. Хусусан, жаҳоннинг кўпчилик давлатларида сўз эркинлигидан қонуний давлат ҳокимиятини зўрлик билан ағдариш, давлат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ошкор қилиш, жиноятлар содир этишга ундаш, миллий, ирқий, диний ва бошқа адоватни келтириб чиқариш, бошқа шахсларни ҳақоратлаш ва туҳмат қилиш, жамоат ахлоқи ва одобни бузиш мақсадида фойдаланиш ман қилинади. Бу ҳақда қонунчиликда тегишли юридик жавобгарлик белгиланади. Фавқулодда режим ва ҳарбий ҳолат амал қилаётган даврда сўз эркинлигини чеклашлар ортиши мумкин.

Ўзбекистонда сўз эркинлигига оид конституциявий қоидалар қуйидаги қонунларда аниқлаштирилган ва ривожлантирилган: «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида» (1997), «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» (1997), «Журналистлик фаолиятини ҳимоя килиш тўғрисида» (1997), «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳукуклар тўғрисида» (1996), «Ноширлик фаолияти тўғрисида» (1996), «Реклама тўғрисида» (1998), «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида» (2002). Ушбу қонунларнинг асосий мақсади Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш кафолатларига, ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилгандир”.

Демак, демократия ва сўз эркинлиги битта нарса эмас, ҳатто синоним деб ҳам бўлмайди. Ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётимизда иккала тушунчанинг ҳам ўз ўрни бор.

Демократияни истаган одам аввало унинг мазмун-моҳиятини, бинобарин, қонунларни билиши керак. Маҳалладошимга демократия аслида нималигини тушунтириш мақсадида яна ётиғи билан савол бердим:

– Ўзингиз қайси қонунларни ўқиб чиққансиз?

Бунга жавобан у кўзини лўқ қилганча:

– Умримда бирорта қонунни ўқимаганман, ўқишимдан фойдаям йўқ,– деса бўладими…

– Нон-ош ейишдан-чи? Фойда борми-йўқми?– Қитмирона савол бердим.

– Жуда катта фойда бор-да,– деди у худди ошхонага киргандек тамшаниб қўяркан.– Есам, қорним тўяди, кучга тўламан!

– Қонунларни ўқисангиз маънан тўлишиб, ундан ҳам кучлироқ бўласиз,– дедим мақсадга кўчиб.– Қонунни ўқиган-билганлар депутатлар орқали давлатни бошқаришда ҳам иштирок этиши мумкин! Демократиянинг асл моҳияти ҳам шу. Депутатлар орқали қонунларни замонга мос равишда такомиллаштириб бориш ва ижроси устидан назорат қилишда мунтазам иштирок этишингиз мумкин. Ана шу жараён ўз номи билан – халқ ҳокимиятига айланади.

– Депутат деганларини танимаймиз-у…

– Нега танимайсиз? Ўзингиз сайлангансиз-ку! Қолаверса, депутатлар доим сиз билан ҳамроҳ-ку!

– Қанақасига депутат менга ҳамроҳ бўлади? Уйимни билишмайди-ку…

– Улар уйингизда ўтиришибди,– дедим ётиғи билан тушунтириб.– Уйда компьютер борми?

– Бир эмас, учта! Депутат қайси бирида бор экан?

– Интернетга кириб, parliament.gov.uz деган сайтга кирсангиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ошно бўласиз. Депутатга хоҳлаган мавзуингида мурожаат қилишингиз мумкин! Бунинг учун қонунларни мукаммал билишингиз, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўрганишингиз лозим.

– Сиз айтгандек қонунни билган ва депутатлар билан ошно бўлаётганлар борми ўзи?– Ўзича нишонга урди ҳалиги кимса.

– Атрофингизга бир боқинг, қанча замондошимиз бой-бадавлат яшаяпти, қўша-қўша уйлар қураяпти, чет элларга мазза қилиб бориб-келаяпти ва қўшма корхоналар барпо этаяпти! Ана шу инсонлар қонунларни ўқиб, демократияга эришганлардир!

Ҳамсуҳбатим ҳам бўш келмай шартта қўлидаги сўнгги русумдаги мобил телефонини очиб кўрди. Мен айтган сайтдан ўзи сайлаган депутатини зумда топди. Сайт маълумотлари билан обдан танишгач, хулосаси қизиқ бўлди:

– Энди билдим, эси йўқ одамгина бор нарсани йўқ дер экан. “Демократия йўқ” деганларнинг ўзларида фаҳм-фаросат етишмаскан. Бугундан чойхонаю-майхонани йиғиштириб, китоб ўқийман, қонунларни ўрганаман. Депутатларимиз виртуал оламда шунчалик имкониятлар яратиб, қучоқ очиб туришган экан, энди шунга яраша бўлишимиз лозимлигини тушундим.– У негадир климсираб менга юзланди.– Журналистлигингизни биламан. Бу ҳангомани ҳам ёзасизми?

– Ёзайми? Сиз нима десангиз шу,– дедим айтай гап олиш учун.– Хўш, нима деб сарлавҳа қўяй?

– “Демократия йўқ” деганнинг эси йўқ, деб ёзинг! Ҳа, ҳа, эсипастларгина шунақа дер экан. Энди бу сафда мени кўрмайсиз!

Гурунгимиз гулдурос кулги билан тугади.

Суҳбатдошим айтган сарлавҳа тўмтоқроқ, антиқароқ туюлса-да шундай ёзиш маъқул кўринди. Эҳтимол, унинг ўзига ўхшаганларга ўша сарлавҳа остида ёритилган мақола мазмуни тушунарлироқ бўлар, онгига теранроқ етиб борар!

Хуллас, у демократия нималигини тушунганидан, мен эса тўғри тушунтира олганимдан енгил тортиб, самимий хайрлашдик.

Хўш, ушбу сатрларни гоҳ мийиғида кулиб, гоҳо пешонаси тиришиб ўқиган азиз ўқувчим, сиз демократияни қай даражада тушундингиз?

Сиртки2

 Дониш домла

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>