ДОНИШ ДОМЛА ДАФТАРИДАН

Не ҳолки, бефаросатлар ҳам ҳаёт қонунига биноан вақти келиб ота-она бўладилар. Бу фожиани тушунса бўлади. Уларнинг болаларини жилла қуриса таълим муассасаларида, маҳалла-кўйда тарбиялаш мумкин.

Бироқ, ёш авлодга тарбия бериши керак бўлган мураббийнинг бефаросат бўлиши кечирилмас фожиадир…

 

* * *

Билимсиз домла талабани қийнашдан бошқасига ярамайди…

 

* * *

Ўзи тушунмайдиган нарсани тушунтиришга чиранаётган “домла” аслида тинговчилар вақтига (таъбир жоиз бўлса – умрига!) зомин бўлаётганини кошки тушунса…

 

* * *

Худога шукрки, ҳақиқат бор! Адолатли қонунларимиз биз учун қалқон!!

Билъакс, муассасамиз гулзорини бир бузғунчи беаёв вайрон қилиши ҳеч гап эмаскан… Ўзини “шер” чоғлаб юрган номард баъзи юқори идоралардаги таниш-билишларини ишга солиб, “текширувчи” қиёфасида уюштириб келишини билиб қолгач, шунчалик устамонлигидан ҳайратда қотдик…

Унинг нағорасига ўйнаган ўша “текширувчи”лар ваҳима солиб келишди, обдан текширдилар, тирноқ орасидан кир ахтардилар, оқни қора дейишга, яхши ишларимизни чиппакка чиқаришга роса чирандилар, қора ниятига етолмагач, қовоқларини осилтирганча даф бўлдилар. (Озроқ фаросатлари бўлганида, жамоадан узр сўраб, овора қилган ўша малъуннинг юзига туфлаб кетиши керак эди-да…)

Иши заҳар солмоқ чаённинг иши, деганларидек, ўзини “шер” чоғлаб юрган номард эса ҳамон гўнг титаётган ҳашоратдек ивирсиб юрибди…

 

Дониш ДОМЛА

You may also like...

6 Responses

  1. Тўлқин ака, бир ёмонликнинг бир яхшилиги бўлишини унутиб қўйдингизми? Ҳар қандай ёмонликни ҳам яхшилик томонга буриб юбориш мумкинлигини ўзингиз бошқаларга ўргатиб юрасиз-ку. Ўзини “шер” билган ҳамкасбингиз шунчалик номардлик қилаётган бўлса, сизлар мард бўлинглар. Бундан тўғри хулоса чиқарингизлар. Унга ҳам, “текширувчилар”га ҳам повод бериб қўймангизлар, вассалом. Бунинг учун ишларингизни жойига қўйиб қўйинг, зиммадаги вазифаларни юз фоиз бажариб қўйсангиз ким нима дея оларди! Агар ўша номард бўлмаганида бепарво, лоқайд бўлиб юрармидингиз… Демак, унга раҳмат айтса арзийди. Нима дедингиз?

    • Ҳурматли Эсонгул домла! Ижодий машқларимизни шунчалик синчковлик билан кузатиб бораётганингиз ва билдираётган муносабатларингиз учун катта раҳмат. Сизга ва муҳтарам ўқувчиларимизга шуни айтмоқчиманки, бу ёзганларим ҳеч кимга қаратилмаган. Бизнинг журналистика факультетимизда эса унақа ичиқора номардлар йўқ ҳисоби. Такрор айтаман, “Дониш домла дафтаридан” деб ёзганларимизнинг ишхонамизга алоқаси йўқ. Иккинчидан, бу сатрларни ёзганимга ўн йилдан ошди-ёв! Қанча нашрларда чиқиб ҳам кетганини кўп мухлисларимиз кузатган ва самимий фикрлар билдиришган! “Дониш домла” деб мен ўзимни асло назарда тутмайман. Бир пайтлар “Муштум” журналига ёзган танқидий мақолаларим тагига “Муштум” тоғанинг жияни” деб имзо қўярдим. “Дониш домла” деб ёзаётганларим ҳам шунга ўхшаш-де…
      Яна бир муҳим гап: буюк адиб Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, мўътабар сўз қуролини асло ўтин ёришга ишлатмайман! Кимнидир танқид қиладиган бўлсам, бунинг учун ҳеч қачон беғубор сайтимиз кучидан фойдаланмайман. Бунинг учун тегишли газеталаримиз биз учун камарбаста!

  2. “Дониш домла”нинг ҳар бир битигини зўр қизиқиш билан ўқиб бораман. Бу галгиси чиндан ҳам ҳаётий чиқибди.

  3. Sizdek fozil-u donolar mo’l bo’lsin, donish domla!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!

  4. Hayot davom etar ekan bunday holatlar borgan sayin tabiy holga aylanib bormoqda o’tayotgan vaqtni esa qadrlash lozimligi esa hayoliga ham kelmasa kerak.

  5. Hayotda har xil toifa shaxslar bo’adi.To’rt yillik ta’lim davomida yuqorida ta’kidlangan toifadagi ustozlarning turlicha namoyishlariga guvoh bo’lib kelmoqdamiz.Nima bo’lsada shunday ustozlarga olloh insof bersin.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>