Дониш домла дил дафтаридан

«Ён дафтар»даги битикларимизга ошно бўлинг.

5

Хатосини айтсанг гар,
Хуноб қилар дилингни.
Букрини гўр тузатар,
Тийиб юргил тилингни…

***

Барвақт гуллаган ўрик,
Қор остида ҳоли вой…
Шошқалоқнинг қисмати,
Шундоқ бўлар ҳойнаҳой.

***

Ўйлаб гапирган одам,
Етар мудом ниятга.
Ўйламасдан сўйлаган,
Қолиб кетар уятга…

***

Ўткир бўлса қаламинг,
Барҳам топар аламинг!
Авайлагил ўзингни,
Шувит қилма юзингни.

***

Ёмонга берилган энг катта жазо — ўша ёмон феъли. У умри бўйи шу бўлмағур феълининг жабрини тортиб яшашга маҳкумдир…

***

Яхши дўстларим ҳақида ўйлаганим сари дилим яйраб, кўнглим ёришиб кетаверади. Омон бўлинг бири-биридан яхши дўстларим!

***

Mardga mard bo’l, nomardga nomardlik qilma. Aks holda, sen ham nomard bo’lib qolasan.

***

Ақлли одам ҳар нарсадан фожиа ясамайди, билъакс, баъзи фожиаларнинг ўзанини ҳам яхшилик сари буриб юбориш йўлини топади!

***

Гапингиз суҳбатдошингизга қандоқ таъсир этиши мумкинлигини ўйламасдан сўйласангиз, у сиз ҳақингизда бошқача ўйлаб қолади…

***

Халқ тақдири билан ўйнашиб, хатарли йўлларга бошлаётганлардан эҳтиёт бўлмоқ керак. Йўлдан адашган карвон йўлини тополмай қолади…

***

Сўнгги 80 йил ичида дунё бўйича ишлаб чиқилган қурол ва бомбаларга кетган харажатлар бунёдкорликка сарфланганида ҳаёт қандоқ бўларди?

***

Ҳар ким ўзига ярашадиган гапни (ёзади) айтади. Сўзига қараб ўзини билиб олаверасиз…

***

Бир банданинг умри ўз хатоларини тўғрилаш, ножўя гапириб қўйиб, уларни тузатиш билан ўтмоқда… Афсуски, хатосиз иши ёки тўғри айтган гапи ҳам йўқ…
Эсиз умр…

***

Қизлардан қизиқчи чиқмагани маъқул экан. Биттаси кулдириш учун айтганларини кузатиб, ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган қилиқларидан ор қилдим…

***

Майдалашма! Майдалашаверсанг майдаланиб кетасан… Майдадан бутун булмайди…

***

Ҳамма бир-бирини яхши кўрса, меҳрли бўлса, бирор инсонни ҳеч ким ёмон кўрмаса, ҳаёт моҳияти қандоқ бўларди?

***

Йўлимга ғов бўлишдек қора ниятда юрган айрим газандаларнинг ёмонлиги менга етиб келгунича ЯХШИЛИКка айланиб қолади! Бу не иноят?

***

Ғийбат ва иғвога қулоқ тутган одам унга шерикка айланиб қолади….

***

Бир профессор, ҳақиқий илм соҳибини мақтаб, бошим балога қолиб кетди…
Илмсиз устамонни ёлғондан мақтаганим сари мени олқишлайдилар…
Нега шундай?

***

Ақллилар жониворлар билан ҳам келишиб, яйраб яшайди.
Ақлсиз банда яхши Инсонлар билан ҳам муроса қила олмай жавраб кун ўтказади…

***

Юраги тоза Инсоннинг сўзи, юзи, ўзи ҳам тоза!
Ичи кирнинг гапи ғийбатдан бошланиб, ҳаёти ғурбат билан тугайди…

***

Сизни кимдир ёмонлаяптими? Демак, энг яхши Инсонсиз!
Ёмонни ҳеч ким ёмонламайди…

***

Адабиёт — илм, журналистика — ижод. Улар бир-бирига пайваста бўлганда ҳақиқий салмоқли асарлар яратишга пойдевор яралади.

***

Илмлилар ҳамиша ғолиб бўлса-да камтар юрадилар. Илмсизлар мағлублик билан ғолибликнинг фарқига бормай ўкириб ўтиб кетадилар…

***

Журналистика ва адабиёт — маънавиятнинг икки қаноти, сиёсат бошидаги нозик тожи!

***

Кимдир ёмонлагани билан обрўйинг тўкилиб қолмайди, мақтаса ошиб кетмайди. 60 ёш остонасидаги имиж шундоқ бўлар экан…

***

Бир муҳаррир асаларига ўхшайди. Сўзлари бол, «ниши» фойдали. Танқидий таҳлилига тасанно.

***

Меҳр ҳар қандай чигал муносабатларни ижобий ҳал этади. Қаҳр борингизни барбод этади.

***

Замбаракнинг ўқи қиммат туради. Уни сассиқ қўнғизга сарфлаш ҳайф…

***

Бўйи етган бир қизнинг отасига, ўзингизга ўхшаган куёв насиб этсин, десам, у: ‘Худо кўрсатмасин» дейди… Ўзининг аблах куёв эканлигини биларкан, қойил…

***

Ўтмишдан ҳам, бугундан ҳам, келажакдан ҳам норози бўлиб юрадиган одам асли норизоликдан туғилган бўлади…

***

Кока-кола нақадар ёқимли, ичсанг, ичингни адойи тамом қилади. Бир дўстимнинг гап-сўзлари ўша кока-колага ўхшайди… Эшитиш мазза… уёғи бемазза…

***

Адабиётдан нур олган журналистикагина ҳақиқий ижод бўла олади. Билъакс, қуруқ сафсата бўлиб қолади…

***

Маънавиятдан лаззатлироқ ҳаёт неъматини топмадим.

***

Ҳаёт кемасини қалқитишга чиранадиганлардан хавлироқ кимсалар бўлмайди…

***

Одамларни чалғитадиган кимса то абад ўзи чалғиб, телба бўлиб, саргардон юради.

***

Кимларнидир руҳан эзишдан ҳузур қиладиган тубанлар ҳам бор. Унақалар яхши ишга ярамайди унақалар…

***

Кўтаринки кайфият жамиятни маънан юксаклик сари кўтаради. Кўтаринки руҳ учун олға, азизлар!

***

Хатони тан олиш марднинг иши. Афсуски шунақа мардлар жудаям камайиб кетмоқда…

***

Хатоларини ҳақиқат деб, тирхишлик қилаётган кимса соҳага раҳбар бўлиб қолса борми?.. Худо ургани шу бўлса керак…

***

Ёмон одамга берилган энг катта жазо — ўша ёмон феъл-атворидир. Унинг жабрини ўзи тортиб яшайди…

***

Ёши улуғ Устозлар кенгфеълликда уммон эдилар. Биз ҳозир Устозлик мақомига эга зотлар негадир жилғаликдан нарига ўтолмай, дарё ҳам бўла олмаяпмиз…

***

Байрамга шоду хуррамликлар ярашади. Гина, андуҳ, нолаларни бир четга улоқтириб, қувнаб юринг! Қувонч ғамни даф этади!

***

Ёмонликларга қарши курашавериб ўзи ёмонотлиқ бўлиб қолган Инсон асли фариштадир!

***

Бировларнинг кўнглини ранжитиб юрган кимсанинг қалби қанақа бўлар экан? Ўзи тинч яшай олармикин?

***

Ёшлигидан ҳар бир инсон яхши одам бўлишга интилади, деб ўйлайман. У ҳолда, ёмонлар қайдан пайдо бўлади?

***

Янги мақол:
Қарз берсанг кечиб бер.
Маъноси: кечиб юбора оладиган даражада бер. Қайтиб ололмасанг, адойи тамом бўлма…

***

Ёши каттароқ бир фикрибузуқни тўғри йўлга сололмадим. У мени тўғри йўлдан адаштира олмади. Хисоб 0:0.

***

Қуш шайдоси бўлиб қолган ўғлига отаси шундай депти:
— Менгаям шунчалик меҳр кўрсатсанг, қушингдан чиройлироқ сайраб берардим…

***

Кеккайганга кеккайгил, бошинг кўкка етгунча. Эгилганга эгилгин, бошинг ерга теккунча, мақолига амал қилишим қийинроқ кечаяпти…

***

Энди бу ёғига вирус балосини тамомила йўқотиб ташлаш ўзимизга боғлиқ. Юқтирмаган ютиб яшайверади!

***

Суперконтракка кирган талабалар супер кадр бўлиб етишар экан! Истеъдодлар увол бўлмасин!..

***

Кўриниши фаришта,
Гап-сўзлари саришта.
Ичи коронавирус…
Панд беради ҳар ишда.

***

Жанжалкашликда донг таратган одамни “Яраштирув комиссияси”га раҳбар этиб тайинласа қандоқ бўларкин?

***

Ўйламасдан қилинган ишлар кейин кўп ўйлантиради…

***

Ҳазил нақл пайдо бўлди:
Табиб касал бўлса, дўхтирга чопар.
Дўхтир тузалмаса, табибни топар…

***

Ўқиганлар отдек бўлар,
Сўнг донишманд зотдек бўлар.
Ҳар бир сатрим бўлар асал,
Ҳақиқатдан ёзсам масал.

***

Ўзи яхши инсон ёмонни ҳам ёмонламайди.
Бировларни ёмонлаб юрган одамнинг ўзи ҳеч қачон яхши бўлмайди…

***

Биттаси: ўзимни ўзим севиб қолганман, деса бўладими.
Унда муаммо йўқ экан-ку, севганингга бемалол эришибсан, деб қўя қолдим.

***

40 ёшгача ҳаётдан етарлича сабоқ, тарбия ололмаган одам яхшиликка ярамайди…

***

Бедананинг уйи йўқ,
Қайга борса питбилдиқ.
Биттасининг илми йўқ,
Ҳамма жойда «питбилдиқ»…

***

Жанжалкашни ўзига ўхшаган бетайин билан жанжаллаштириб қўйсангиз, икковидан ҳам қутуласиз. Унақаларнинг умри фақат жанжал билан ўтади…

***

Савияси паст одам ҳеч қачон юксакроқ даражада фикрлай олмайди. Ўзиям, сўзиям пастлигича ўтиб кетади

***

Сиз қилган хато иш учун жабрини нега бошқалар тортиши керак? Орқасини ўзи тозалаб юрмаган одамни нима дейиш мумкин?
Ҳадисда баён этилганидек, тилингиздан ҳам, қўлингиздан ҳам ҳеч ким озор чекмасин…
Акс ҳолда, умрингиз озору азиятда ўтиши ҳеч гапмас…
***
Ким ҳақида ёмон фикр ўйлайверанг, у ҳам худди шундай хаёлда юраверади. Сен тўхтатган пайтда уям тинчийди…

***

Ўзи бирорта қўлланма ёзолмаган бир домла 30 йилдан буён 30 дан ортиқ «тадқиқотчи»ни шилиб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юрибди…

***

Яхшиларнинг қадрига яхшилар етар.

***

Ижодкордан таҳририят мақола сўраши — ҳол-аҳвол, кўнгил сўрашдек ёқимли ҳолдир. Шундай Бош муҳаррирлар омон бўлсинлар!

***

Устозларим — суянган тоғим!
Шогирдларим — умидли боғим!

Улар ҳақда бир асар ёзиш,

Айни кези келган бул чоғим.

***

Сиз ўзига билдирмай яхшилик қилаверинг. Бир кун билиб олади! (Билдирмай қилган ёмонликни ҳам билади). Шунга яраша кўраверасиз…

***

Фикри «қийшиқ» одамни мисоли ўқловдек тўғри «ўқ», ишда «чўғ» қилиб тарбиялай олган Инсон ҳақиқий Устоз ҳисобланади.

***

Жим юраверсанг — «тош отаётган»лар ўзи жим бўлади. Бу катта ғалаба! Беҳуда асабийлашиб йиқилиш — мағлубият ва фожеадир…

***

Ҳамиша юксакликка интилган инсон ҳаёти юксак даражада бўлади.
Ҳеч қачон пасткашларга қараб тўн бичманг.

 

 Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 1***

ДУРДОНА ФИКРЛАР

Шоир дўстим Неъматжон Душаев ажойибу ғаройиб шеър ёзибди. Қойил. Кутилмаган совға деб қабул қилдим. Марҳамат, Сиз ҳам ошно бўлинг.
Дониш домла, Дониш домла,
Гоҳ маҳзун, шод, хониш домла.
Бу минбарда гар сўз олса
Айтмайдилар янглиш, домла.
Деманг сўзи атирлидир,
Ҳар сўзлари татирлидир,
Барчамизна қадрлидир,
Барчамизна таниш домла.
Қирқ-элликлар ортда қолди,
Кўп ишингиз ёдда қолди,
Эҳ, шижоат қатта қолди?
Белга боғланг қамиш, домла.
Ҳа, деб туринг, кўнгил тўқлаб,
Туринг, майли, баъзан «дўқ»лаб,
Боражакман сизни йўқлаб,
Ҳали кўпдир ёниш, домла.
Неъматжон Душаев

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>