Дунёни титратган офат

Устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг “Маҳорат мактаби”дан

1

Инсоният тарихи ҳозиргача ҳам, амин бўлайликки, бундан кейин ҳам узлуксиз, бири иккинчисидан муҳим ва оғир, сирли-синоатли имтиҳонлардан иборат бўлади. Вақт тушунчасидан бошқа жамики мавжудлик – ер, сув, олов ва ҳаво, тун ва кун, ёмғир ва шамол, баҳору қиш одамларсиз ҳам ўз хизматида давом этаверади. Инсон эса туғилмасидан аввал яхши яшаш учун муттасил курашга, гоҳ ғолиб, гоҳ мағлуб бўлишга маҳкум. Ҳар икки ҳолатда ҳам у ўзи, оиласи, зурриётлари, жамият, давр манфатларига мос хулосаларга келиши, турмуш тарзида, ўй-қарашларида, ақлу идрокида нималарнидир ўзгартириши ёхуд нималардандир воз кечиши, ихтиролар қилиши, яратиши ва ҳаётига татбиқ этиши зарур бўлади. Бусиз яшаб бўлмайди. Ҳаёт давом этгани сари, инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжлари ҳам ошиб боради.

Коронавирус пандемияси дунёни ўнгсиз аҳволга солиб қўйди. Бир қарашда, бу қадар кенг кўламли муаммо бошида тожи билан текис жойда, ҳаёт ўз ўзанида бир маромда давом этаётган, тинчлик-тотувликдан баҳраманд одамлар уй қураётган, тўй қилаётган, болалари билан саёҳатга чиқаётган, даласига уруғ қадаётган пайтда юзага чиқди. Оддий иситма ва йўтал бундай даҳшатли оқибатларга олиб келишини ҳеч ким кутмаган эди. Оғир зарба бўлди бу пандемия.

Таниқли вирусолог Карин Мёллингнинг 2018 йили “Альпино Паблишер” нашриётида чоп этилган “Душманлигидан кўра дўстлиги кўп вирус” номли китобини варақлар эканман, гарчи инсон организмида фойдали вирус ва бактериялар мавжудлигини, улар худди ишчи асаларилардай тиним билмай меҳнат қилишларини билсам-да, муаллифнинг айрим фикрлари эътиборимни ўзига тортди. “Вирусология соҳасида кўп ишладим, изландим, машҳур олимларнинг тадқиқотлари билан танишдим, фикрларини тингладим,– деб ёзади муаллиф.– Биз узоқ вақт вирусларни ўта хавфли, бузғунчи, тоқат қилиб бўлмайдиган даражадаги яратиқлар, деб ўйлаганмиз. Аммо, тан олишимиз керакки, аслида улар бундай эмас. Вируслар – генимизнинг бир қисми. Микроорганизмлар ва вирусларнинг фойдали жиҳатлари кўпинча эътиборимиздан четда қолади, уларга нисбатан салбий муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Чунки улар жуда узоқ вақт давомида муттасил ғайрат билан бизни бу даражамизгача кўтаришди”.

Олиманинг бундай нуқтаи назари билан танишгандан сўнг, китобни варақламасликнинг иложи йўқ. Баъзи хулосаларни айнан келтираман: “Вирус сўзи лотинчадан таржима қилинса шарбат, шилимшиқ чўкма (чўкинди), заҳар маъносини беради… У тўқимадан ташқарида бўлганида хавфсиз, қайсидир йўл билан тўқима ичига жойлашиб олгач, мустақил равишда кўпая бошлайди…

Вируслар ҳақидаги билимларимиз кун сайин такомиллашиб бораётир. Янги-янги ҳақиқатлар ошкор бўлмоқда. Улар ҳаёт, тириклик мавжуд бўлган ҳамма жойда мавжуд экан, генларга ёпишиб, мутация жараёнига туртки бериш, шакл-шамойилини ўзгартириш, ўзларидан бошқа бир ёпишмани тўқимадан олиб ташлаш ва, ҳатто, генларни бир-бирига қўшиб юборишга ҳам қодир эканлар. Олимларнинг эътирофича, масалан, онковируслар баъзи ҳолларда зарарланган тўқимани даволашлари ҳам мумкин экан. Демакки, вируслар фақат зарарли эмас. Уларнинг “ҳаёти”, яшаш фалсафаси ғоят мураккаб, эволюцияси жуда узоқ. Баъзи функциялари фидойи табибларни эслатади. Ҳақ талаб қилмай, беминнат ишлашади, чарчоқ нималигини билишмайди. Янада муҳими, жонзотлар учун орадан ўтаётган миллион-миллион йилларнинг мутлақо аҳамияти йўқ, улар яшашда, ҳаракатда, ижобий ва салбий фаолиятда давом этаверадилар. Олимлар ҳатто ядро реакторларида ҳам вируслар яшашини аниқлашган. Берлиндаги табиатшунослик музейида сақланаётган суяк скелет бундан 15 миллион йил аввал яшаган динозаврга тегишли. У суякни емирувчи ўта хавфли вирус туфайли ўлган. Ер юзида 300 миллион йил аввал ҳам вирус бўлган. Океан сувларида шунча вақтдан бери бемалол сузиб юрган целекант балиқлари (яқин-яқингача олимлар уларни аллақачон қирилиб кетган деб ҳисоблардилар) вируслар билан “тил топишиб” яшаш мумкинлигини аллақачон исботлашган дейиш мумкин.

Тиббиёт узоқ олишувдан сўнг чечак устидан узил-кесил ғалаба қозонгани маълум. Аммо у вақти-вақти билан ўзини эслатиб туради. “Испан грипи” яшовчанликда бошқа турдошларидан қолишмайди: юз йил аввал жангда ҳалок бўлган аскарнинг суягида сақланиб қолган. Вабо бир вақтлар Европа аҳолисининг учдан бирини ҳалок қилган, 600 йил аввал шу касалликдан Рим аҳолиси бутунлай қирилган.

Демакки, вирусни вирусдан фарқлаш зарур. Бунинг учун, энг аввало, микроскоп ёрдамида кўзга ташланадиган тождор офатни яхши ва чуқур ўрганмоқ даркор. Улар ҳаётда мавжуд жамики тирик организмларнинг умумий сонидан ҳам кўп, бир-икки ҳамла билан бунча лашкарни енгиб бўлмайди. Шу боис, инсон ва вируслар ўртасидаги жанг, таниқли вирусолог Светлана Поспелованинг таъбирича, узоқ давом этадиган “самовий уруш”ларни эслатади. Вирусология фани ҳозиргача 5 минггга яқин вирус турларини илмий жиҳатдан ўрганган, аммо уларнинг сони миллиондан ортиқ. Кураш ҳали-вери тугамаслиги аён ҳақиқат. Чунки уларда шахсий тўқима йўқ, ўз ҳолича яшай олмайди, кўпаймайди ҳам. Бунинг учун у пайт пойлаб туриб, бирор тирик организм ёки бактериянинг тўқимасига чирмовуқдай ёпишиши керак. Шундай қилса, орадан кўп ўтмай, янги-янги нусхалари пайдо бўлади. Ажабланарлиси шундаки, тўқимадан чиққан вирус ҳалок бўлади, аммо янги нусхалар “ота-боболари” ишини давом эттириб, тўқималарни шитоб билан маҳв этишади. Бу иш баъзи қушларнинг маккорлигини эслатади: улар бола очиш учун ин қурмайди, аксинча, бошқа қушларнинг тайёр иссиққина инидан фойдаланишади.

Олима вирус ва бактерия бир-биридан жиддий фарқ қилишига эътиборимизни қаратади: “Гриппга чалинган ёки вирус юқтириб олган киши дарҳол аптекадан антибиотик дори сотиб олади. Бу воситалар билан вирусга қарши курашиб бўлмаслигини билмайди. Бунинг учун бевосита вирусга қарши махсус дори воситалари керак. Бактерия ва вирусларнинг ҳажмини макро ва микроорганизм сифатида Қуёш ва Ерга таққослаш мумкин”.

Бундан англашиладики, ҳозирча ҳеч бир олимга насиб этмаган вакцинани топиш ва уни амалиётга татбиқ этиш билан бирга, асосий кучни инсон иммунитетини тенгсиз “жанг”га тайёрлаш муаммосига сарфлаш керак. Бошқа йўл йўқ. Баъзи вирусшунослар одамлар қизамиқ касали каби, эртами-кечми, барибир, коронавирус билан юзма-юз келиши муқаррар, деган фикрда собит туриб, “яккама якка майдонга чиқиш” қанча эрта содир бўлса, шунча яхши” дейишмоқда. Бу икки йўлнинг қайси бири муҳимлигини вақт кўрсатади.

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида бугун коронавирусга қарши махсус вакцина яратиш устида жиддий тадқиқотлар олиб борилмоқда, очиқ, ёпиқ лабораториялар тинимсиз ишламоқда. Кимдир муваффақият остонасида яқин келиб қолган, бошқа бир олим синов тажрибаларини бошлаб юборган бўлиши мумкин. Иккинчи томондан, бу вирус табиий яратилмами ёки илмий тафаккур ҳосиласими, деган баҳс авж олмоқда. Ҳар бир томон ўзининг қарашларини исботлашга уринаётир. Улар орасида Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораторияга ишора қилиш кўпроқ: бу ерда олимлар кўршапалаклар билан ишлашаётгани матбуотда кўп бор айтилди. “Мир новостей” газетасининг шу йил 19 февраль сонида эълон қилинган мақолада Гуанчжоудаги Технология университетининг бир гуруҳ биолог олимлари томонидан тайёрланган маъруза ҳақида гап боради. Маърузада коронавирус Уҳандаги лабораториядан қочиб чиққанлиги, у ерда олимлар 155 та, Хубэй вилоятида эса 450 та кўршапалак билан ишлаётганлари, бу жониворлардан бири ходимлардан бирининг қўлини тишлаб олгани айтилади. Хитой томони эса барча айбловларни ишончли тарзда рад этмоқда.

Ушбу сатрлар қоғозга кўчаётганида Америкадан иккита хабар келди. Биринчисида мамлакат олимлари инсон тўқималаридан коронавирус деган офатни 48 соат ичида ҳайдаб чиқарадиган вакцинани топганлари айтилса, иккинчисида СNN канали худди шундай муваффақиятга эришиш арафасида турган Питсбург университети профессори Бинг Лю ўз уйида отиб ўлдирилганини хабар қилади. Бирор фикр билдириш қийин, аммо вакцинанинг бир ёки икки-уч мамлакатда ишлаб чиқарилиши муаммони тўла ҳал этмайди. Пандемия у ёки бу мамлакатга эмас, дунёга, жамики инсониятга тегишли офат. Шундай экан, вакцина атрофида бозор савдолари пайдо бўлиши яхши оқибатларга олиб келмайди. Бугунги глобал шароитда бу касалликни маълум бир ҳудудда йўқ қилиш муаммони ҳал этмайди, аксинча, ортиқча хотиржамлик, бепарволик янги муаммоларнинг эшигини очиши мумкин.

Босма ва интернет нашрларида бугун етакчилик қилаётган мавзулардан бири – пандемиядан кейинги ҳаёт, натижа ва оқибатлар ҳақида. Бу хусусда шу қадар кўп гапирилмоқдаки, коронавирус анчадан бери мудраб ётган илмий тафаккурни жонлантириб юборди, дейишдан ўзга чора йўқ. Тахмину фаразлар, эътиборсиз қолдирилган огоҳлантиришларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Пандемия боис, дунёда ҳаддан ташқари кўп вирусолог олимлар мавжудлигини билиб олдик, аммо уларнинг иш услублари, таклиф ва мулоҳазалари бир-биридан анча фарқ қилиши, ҳурмат билан айтганда, ажабланарлидир.

Машҳур Билл Гейтснинг фикрларига қулоқ тутайлик: Сайёрамиз Зика, Эбола, SARS, MERS каби кўплаб вирусларни бошдан ўтказди. Одамлар эпидемияларнинг оқибатлари нақадар даҳшатли эканлигини тушунишлари учун шуларнинг ўзи етарли дея вақтида огоҳлантирган эдим. Эпидемияларга тайёр эмаслигимиз ҳақида, балки агар илм-фанга инвестиция киритсак, уларга қарши тайёр бўла олишимиз ҳақида ҳам гапиргандим. Лекин афсуски, бунга эътибор бўлмади, керагидан анча кам иш қилинди. Вакциналар яратиш соҳасида қандайдир ютуқлар бўлгандир, аммо диагностика, вирусга қарши дори-дармон, антитаначаларни ишлаб чиқиш механизмларини ўрганиш, яъни ривожлантиришимиз зарур бўлган соҳаларга келганда, ҳеч қандай қўллаб-қувватлаш кузатилмади. Энди эса ҳаво томчилари орқали юқадиган вирусга дуч келдик. Афсуски, менинг салбий прогнозларим ўзини оқламоқда”.

Гейтс “Шундай сайт яратиш керакки, унга кириб ким эканлигингиз, ёшингиз, қон таркибингиз, қаерда ишлашингиз ҳақида тўлақонли маълумот қолдиришингиз, ўзингиздаги касаллик белгиларини тавсифлаш имконияти бўлсин. Мазкур тизим ёрдамида сизга зудлик билан тест керакми-йўқми, қаерда бу ишни қилиш мумкинлиги аниқлаб берилади. Балки орадан ярим йил ўтиб-ўтмай, тестларни уй шароитида қилиш ва орадан 24 соат ўтиб натижасини билиш имконияти яратилар. Аммо ҳозирча барча тестлар шифокорлар иштирокида лабораторияларда қилинмоқда, холос”, деган фикрни айтмоқда. Гейтснинг махсус сайт яратиш таклифи ҳозирнинг ўзидаёқ жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Уларда айтилишича, “агар шундай сайт яратилиб, унинг тўхтовсиз фаолияти йўлга қўйилса, инсоннинг наинки соғлиғини, унинг турмуш тарзи, яъни, хатти-ҳаракати, қаерга боргани, ким билан учрашгани, нималар тўғрисида бош қотираётганини ҳам назорат қилса бўлади. Бундай ноёб маълумотлардан ким қандай мақсадда фойдаланишини тасаввур қилиш қийин.

Европалик экспертларнинг фикри қуйидагича: “Дунёни қамраб олган бугунги инқироз шароитида Ўзбекистон пандемия таъсирини камайтириш учун тегишли чораларни кўрмоқда. Муҳими, бу борада давлат томонидан кенг кўламли вазифалар вақтида белгиланди. Тадбиркорларга солиқ юкини камайтириш бўйича муҳим имтиёзлар берилди. Коронавирус тарқалишини муваффақиятли ва самарали енгиб ўтиш учун Япония ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан фойдаланилмоқда. Ўз навбатида, ушбу мамлакат яқин қўшни давлатлар билан бирдамликни мустаҳкамлашга интилмоқда. Ўзбекистон бу борада бошқа давлатларга ўрнак бўлаётир. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу йўналишда ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида қўшни давлатлар раҳбарларини аниқ мақсадли ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиришга даъват этмоқда. Қирқ йилдан ортиқ давом этаётган қуролли можаролар туфайли соғлиқни сақлаш тизими заифлашган қўшни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборилиши Ўзбекистон дипломатияси ва яхши қўшничилик сиёсатини ўзида яна бир бор намоён этди”.

Профессор М. Чибанинг (Япония) фикрлари ғоят эътиборли:Коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб тарқалиши ва Ўзбекистоннинг ушбу офатга қарши кўраётган қатъий чораларини қизиқиш билан кузатмоқдаман. Ўзбекистон коронавирус талофатларини ўз бошидан ўтказган Хитой, Жанубий Корея ҳамда бошқа мамлакатларнинг тажрибасини ўз вақтида ва самарали ўрганишга муваффақ бўлди. Фуқаролар карантин даврида ҳукумат томонидан эълон қилинган барча кўрсатма ва тавсияларга амал қилишлари шарт. Ўзбекистон махсус карантин зоналарини барпо этди. Ушбу ҳолат давлат ўз халқи саломатлиги ва келажаги учун қайғураётганидан далолат беради… Мен дунё мамлакатларига Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва қўллашни маслаҳат бераман”.

Суррей университети (Англия) илмий ходими, иқтисодчи Симон Мейр пандемиядан кейин дунё иқтисодий муносабатларда турли тизимлар пайдо бўлишини тахмин қилади. Унинг фикрича, ҳозир аксарият давлатлар амалда қўллаётган давлат капитализми сиёсат шакли сифатида устуворлик қилиши мумкин. Бунда товар айирбошлаш жараёни иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий куч сифатида кўрилади, шу боис дунёнинг етакчи давлатлари савдо ва ишлаб чиқариш жараёнини тиклашга зўр беради. Бу сценарий пандемия қисқа вақт давом этганда ва уни назорат қилиш мумкин бўлиб тургандагина қўл келиши мумкин. Узоқ давом этадиган пандемия шароитида эса давлат бозорни ушлаб туриш учун тобора кўпроқ ресурс тикишига тўғри келади, аммо бунинг уддасидан чиқиш осон кечмайди.

Олимнинг фикрича, пандемия шароитида бозорни ҳимоя қилиш инструменти сифатида эмас, балки аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида ишчиларга пул тўлаш энг тўғри йўллардан биридир. Давлат иқтисодиётнинг ҳаёт учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, энергия, турар-жой соҳаларига аралашади, холос. Айни чоғда, давлат инсонларнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари бозор манфаатлари учун ўлжага айланиб қолмаслигини таъминлайди.

  Ўзаро ёрдамга асосланган тизим ҳам мавжуд. Бу йўлдан кетилганда, аҳолининг саломатлиги ҳақида қайғуриш иқтисодиётнинг устувор тамойилига айланади. Бунда давлат муҳим рол ўйнамайди – алоҳида шахслар, кичик гуруҳлар ўзлари мансуб бўлган жамиятни қўллаб-қувватлаб, унга ёрдам беришни бошлашади. Одамлар жамоаларга бирлашиб, маълум ҳудудда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича чоралар режасини ишлаб чиқиши, эҳтиёжманд аҳоли қатлами ҳақида қайғуриш норасмий гуруҳларнинг зиммасига тушиши мумкин. Бунинг учун эса кучли демократик давлат “Катта салоҳиятга эга соғлиқни сақлаш тизимини яратиши, бозор иқтисодиётининг инжиқликларига мослаша олмаган қатлам ҳимоясини таъминлаши, фуқароларга ёрдам гуруҳларини ташкил этишлари учун имкон яратиши керак. Муҳими, инқирозлар учун таъсир формалари фақатгина иқтисодий манфаатлар эмас, инсонпарварликка асосланиши зарур”.

Ижтимоий тадқиқотлар институти Кенгашининг бош эксперти Глеб Кузнецов пандемиядан сўнг юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида фикр билдирар экан, жамият давлат хизматида ишловчилар ва хусусий бизнес билан шуғулланувчиларга бўлинишини тахмин қилади: “Бизнес давлатдан ёрдам сўрайди, давлат эса расмий лавозимларда ишлайдиганлар ҳамда пандемия асоратлари билан курашаётганларга маош тўлаш учун солиқлар ўз вақтида йиғилишини талаб этади. Бу беллашувда, экспертнинг фикрича, хусусий бизнес ютқизади”.

Дунё матбуотида бошқа йўналишдаги фикрлар ҳам мавжудки, уларга ҳам эътибор бериш зарур. Айрим кузатувчиларнинг фикрича, пандемия муносабати билан оммавий ахборот воситаларида инсон руҳиятига ўта салбий таъсир кўрсатувчи мақола, шарҳ ва турфа хил тахминлар шу қадар кўпайганки, улар моҳиятига кўра, муаммонинг асл даражасидан анча кўп ва хавфли. Бу ҳам ўзига хос пандемия. Турли шов-шувлар оқибатида маълум тоифа одамларда қўрқув, умидсизлик, ишончни йўқотиш кайфияти юзага келмоқда. Бундай психологик ҳолатдан ўзларининг нохолис мақсадларида фойдаланувчилар бор. Карантин шароитида кўплар даромадининг бир қисмини йўқотади, бошқа кимлардир эса ноиложлик ҳолатига тушганлар ҳисобига мўмай пул ишлаб олади. Баъзи мамлакатларда кўпчилик карантин муддатини узайтириш тарафдори, бунинг боиси шуки, уларнинг бизнеси одамларнинг уйда қолиши билан боғлиқ. Шундай экан, карантин бекор қилинганидан кейин янги муаммолар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Бундай таклифларни яна кўплаб келтириш мумкин. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, пандемия боис одамларнинг ҳаётга, жамиятга муносабатида ижобий ўзгариш юз бериши, кундалик турмуш тарзи, орзу-ҳаваси ва ўй-хаёлларида огоҳлик, камтарлик, жамоавийлик, сабр-қаноат каби фазилатлар янада кучайишига умид қилса бўлади. Янги аср вабосининг келиши-ю кетишидан ҳар бир киши, оила, жамоа, маҳалла, жамият қандай хулоса чиқариши, ўз қарашлари, иш тутумини қандай таҳрир қилиши ғоят муҳим. Давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, “коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак”.

Мақолага нуқта қўйиш олдидан яна икки-учта хабар билан танишдим. Бундан анча йиллар аввал Нью-Йоркда осмондан ўлик кўршапалаклар ёғила бошлаган, орадан кўп ўтмай мамлакатни безгак офати қамраб олган экан. Бу воқеа шу йил 20 март куни, сўнг 6 апрелда Исроилда такрорланибди. Одамлар орасида кўршапалакларнинг ини саратон касаллигини даволаши мумкин деган миш-миш тарқалгач, баъзи сохта тадбиркорлар тунда чивин билан озуқланадиган қўлқанотли сутэмизувчиларнинг уйини бузиб, мўмай даромад топмоқчи ҳам бўлишган. Бу хусусда маҳаллий матбуотимизда ёзилди ҳам. Ухандаги лабораторияда ўтказилган тажрибалар эса дастлаб АҚШда бошланган экан.

Нима дейиш мумкин? Одамзот қилгуликни қилиб қўйиб, айбни шайтонга тўнкаши қадим-қадимлардаёқ одат тусини олган ва бу одат бугунгача давом этмоқда. Балки бу гал шайтондан ҳам хижолат тортиб, ҳаммасини қулоғи яхши эшитмайдиган, илмий ходимнинг қўлига чанг солган кўршапалакка ағдараётгандирмиз?..

а

Аҳмаджон Мелибоев

“Ҳуррият”, 2020, 3 июнь.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>