Дўрмонда Наврўз шодиёналари

Журфакда таҳсил олган ижодкорлар Дўрмонда ғоз юришларидан қувонамиз, дейди Дониш домла хушнудлик билан.

9

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод боғида Наврўз байрамига бағишланган шодиёналар ижод аҳлига туганмас илҳом бахш этди.

IMG_0115

Байрамлар ичра Наврўзнинг файзу таровати ўзгача. Барчага олам-олам завқ бахш этувчи бу байрам юртимизда бир неча кун давом этиши ҳам ўзига хос анъанага айланган. Буюк аждодимиз Мир Алишер Навоий ҳазратлари лутф қилганларидек:

Ҳар тунунг қадр ўлубон,

Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

 Истиқлол нуридан мунаввар бўлган юртимизнинг ҳар куни Наврўз, ҳар туни қадр кечаси янглиғ файзлидир. Тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган юртга мана шундай байрамлар ярашади.

Наврўзда қилинган тилаклар йилга татийди, деган гап бежиз айтилмаган. Бугун барчанинг тилаги – юртимиз тинч-осуда бўлсин, халқимиз фаровонлиги ортиб бораверсин!

“Дўрмон” ижод боғида кенг нишонланган Наврўз байрамига атоқли адиблар, шоирлар, драматурглар, танқидчилар ва бошқа меҳмонлар ташриф буюрдилар.

1

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али барчани байрам билан қутлар экан, шундай деди:

– Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида катта тантана билан нишонланган Наврўз умумхалқ байрамида таъкидлаганидек, “Наврўзи олам барчамиз учун неча минг йиллик тарихга эга, илдизлари “Авесто” даврида пайдо бўлган, қадимий, асл миллий, ҳар кандай сиёсатдан йироқ, кеча ва кундуз тенг келадиган шарқона янги йил бўлиб, эл-юртимиз табиатига, онгу тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган энг севимли, энг гўзал баҳор байрамидир”. Халқимизнинг ана шундай эзгу қадрияти, гўзал ва нафосатли баҳор байрами муносабати билан бугун “Дўрмон” ижод уйига йиғилган барча ёзувчи-шоирларимиз, ҳурматли меҳмонларимизни муборакбод этаман. Президентимиз айтганидек, фарзанларимизни баркамол қилиб тарбиялаш ва вояга етказиш, уларни тинч ва фаровон кунларимизнинг, мустақиллигимизнинг бебаҳо неъматлари қадрига етишга даъват этиш ёзувчи-шоирларимизнинг бугунги долзарб ижтимоий вазифаси ҳисобланади. Бугун мана шундай шарафли бурч ва вазифаларни сидқи-дилдан адо этаётган ижодкорларга, Тошкент шаҳри, Тошкент, Жиззах вилоятларида “Ким эдигу ким бўлдик, келажакда қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак” мавзуида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида бўлиб ўтган маънавий тарғибот тадбирларида фаол иштирок этган адибларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу тадбир барча вилоятларда йил давомида бўлиб ўтади. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига, ёшларимизнинг маънавиятини ривожлантиришга, Ватанимизнинг келажагига дахлдор бундай тадбирларда ижодкорларнинг фаол иштирок этишлари жуда зарур деб ўйлайман.

7

Бу йил давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланади. Биз ижод аҳлининг, ёзувчиларнинг олдида турган масъулиятли вазифалар кўп. Бу ишларни бирдам ва баҳамжиҳат амалга оширамиз деб ишонаман.

IMG_0090

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоҳир ва бошқалар собиқ мустабид тузум даврида Наврўз байрами йўққа чиқарилгани, давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг тенгсиз жасорати билан 1990 йилдаёқ у қайта тиклангани, юртимиз мустақиллиги йилларида миллий қадриятларимиз том маънода қадр топаётгани ҳақида атрофлича сўз юритдилар, шу қутлуғ кунга бағишланган шеърларидан ўқидилар.

2

Дарҳақиқат, Наврўз байрами юртимизда истиқлол қуёши порлаган онлардаёқ қайтадан чирой очди. У бугун ҳаётга муҳаббат рамзи сифатида ардоқланади. Баҳор чечакларини қанотида олиб келган Ҳумо қуши мисол юрт кезганида олам ўзгача мунаввар бўлганини дилдан ҳис этмаган киши топилмаса керак.

IMG_0102

Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда.

IMG_0082

Буюк аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида шундай нодир фикрлар битилган: “Наврўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди… У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар”.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахийнинг 943-944 йилларда араб тилида ёзилган “Бухоро тарихи” китобида бундан тўрт минг йиллар илгари ҳам Наврўз нишонлаётгани ҳақида сўз юритилади. Қадимий Наврўз байрами бугун ўзига хос ёшариш, она табиат уйғониши, дилларга сурур бахш этувчи байрамга айланган.

Байрам муносабати билан кекса оқсоқолларни ва ўсиб келаётган ёшларни рағбатлантириш халқимизнинг эзгу удумларидан бири. Шу одатга кўра бу йил таваллудининг 80 йиллигини нишонлаётган шоир ва таржимон Миразиз Аъзам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.

3

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига янги қабул қилинган ижодкорлар Эркин Норсафар (Эркин Маҳмадалиев), Бахтиёр Ҳайдаров, Шермурод Субхон (Шермурод Субхонов), Зуҳра Бегим (Зуҳра Эшонқулова), Шоди Отамурод (Шоди Отамуродов)ларга уюшмага аъзолик гувоҳномалари топширилди.

4

Баҳор неъматлари бўлмиш сумалак, кўк сомса ва бошқа тансиқ таомлар дастурхонга янада файз киритди.

6

Мир Алишер Навоийнинг рус тилидаги “Сакровищница мыслей” китоби меҳмонларга ажойиб байрам совғаси бўлди.

Даврада ўқилган Наврўзни тараннувчи шеърлар, дилрабо куй-қўшиқлар дилларга сурур бахш этди.

 

Улуғбек УСМОНОВ 

You may also like...

1 Response

  1. Darhaqiqat, mustaqil O’zbekistonimizga bayramlar yarashadi. Mustaqillik bizga tinchlik berdi, baxt-saodat berdi. Albatta, bu tinchlikni, baxtni asrab-avaylash har bir insonning burchi hisoblanadi. Chunki, buyuk ne’mat bo’lmish tinchlik, ozodlik barcha yurtlarda ham mavjud emas. Tinchligimizga ko’z tegmasin!!!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>